Фаррух Атаев. Муштарак илдизлар (Тилимиз ҳақидаги шахсий мулоҳазалар)

Борлиқ ҳақидаги ҳозирга қадар тўпланган жамики билимлар уммон эмас, аслида, уммондан томчидир. Бу билим ганжиналарининг яратилишида аввало инсонларнинг ақли-закоси-ю мулоқот воситаси бўлмиш тил ва адабиётнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун бутун башариятнинг ўзаро ҳамкорлиги маҳсули бўлган кўпгина тушунчалару қадриятлар умумийдир. Масалан, ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган юртини, ватанини эъзозлайди. Бу барчага хос хусусият – дунёқараш десак хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам, арабча “ватан”, инглизча “native” ([нэйтив] ватан), туркий “туған-туван” сўзларининг ўзаги бир-бирига яқин бўлиб, турли ҳудудларни билдирувчи сўзлар ҳам шундай: туркий “овдон”, “овул” сўзлари инглизча “villa” ([вилэ] вилла, боғли кошона), “village” ([вилэдж] овул, қишлоқ), туркий “йўргади (ўради)” сўзи русча “городить”, “огород”, “город” сўзларига мос келади. “Ов” ўзагига қурилган бир қатор сўзлар (“овламоқ”, “овқат”, “овун”, “овул”, “(ҳ)овли” ва ҳоказо) яққол кўрсатиб турганидек, ҳар бир киши туғилган замин унинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий қиёфасини белгилайди. “Овдон” деганда фақатгина “ов қиладиган ё овқатланадиган жой”– “овул” деб эмас, балки кенгроқ маънода, яъни ризқ-рўз, насиба, ўсиб-униш, фаровон ҳаёт кечириш, аждодларнинг ишини давом эттириш, комил авлодни тарбиялаш каби хайрли ишлар назарда тутилади. Ўйлашимча, кўпгина миллатлар насабининг охиридаги “-ов”, “-ев”, “-ул” каби қўшимчалар ё ана шу “ов”, “овул” сўзлари билан, ё туркий “уй”, “эв” сўзлари билан боғлиқ бўлса, ажабмас. Зеро, туркий “ҳовли” сўзи ҳам “ов” ўзагидан ясалиб, “оила яшайдиган уй ва шу уйга қарашли ер майдони” маъносини англатади. Маълумки, “ҳ” ҳарфи бир қатор тилларда баъзида талаффуз қилинмайди. Масалан, “ҳинд”ни “инд”, “ҳўкиз”ни инглизча “ox” ([ўкс]), “Елена”ни инглизча “Helen” ([ҳелен]), “Ҳаво”ни русча “Ева”, инглизча “Eve” ([ив]), “Абдуллоҳ”ни “Абдулло” дейилади. Қолаверса, форс-тожикча “обод” сўзи ҳам “овбод”, “ов қилинадиган”, “овга яроқли”, яъни тинч-фаровон ҳаёт учун қулай, файзли маскан маъносидаги сўз бўлгандир. Луғатда лотинча “oasis” ([оуэсис] воҳа, оазис) сўзи юнон тилидан, у эса ўз навбатида қадимги Миср тилидан келиб чиққан бўлса керак, деб тахмин қилинган. Ҳойнаҳой, бу сўз ҳам “ов” ўзагидан ясалган.

Инсоннинг муқаддас ватанидан бу ватанни ёруғ-нурафшон қилган кунга эътиборни қаратайлик. Кўпгина тилларда “ёруғ (ёрқин)”, “ярақламоқ (ярқирамоқ)”, “ярта (эрта)” сўзларининг ҳам ўзаги умумий: инглизчада “ray” ([рэй] нур), “radiate” ([рэ’диэйт] нурланмоқ), русчада “рано”, “радуга”, “радость”, “рай”, “жар”, “гореть”, “горн”, арабча “нур”, “анвар”, “мунаввар”… Қадимги Мисрда қуёш маъбудини “Ра” деб аташган. “Равшан” сўзи “рав” ҳамда “шан” сўзларидан таркиб топган бўлиб, “шан” сўзи “яшнамоқ (порламоқ)” сўзининг, шунингдек, инглизча “shine” ([шайн] порламоқ, чарақламоқ) ҳамда “sun” ([сан] қуёш) сўзларининг ўзагини ташкил қилади. Шунингдек, туркий “йалт (жалт), йулт (жулт), йилт (жилт)” сўзлари маънодош бўлиб, “юлдуз (йулт)”, “олтин, алтин (йалт)”, “тилла (йилт)” сўзлари шу ўзаклардан ясалган. Қадимда “йулоқ” сўзи “чироқ, қандил” маъносини англатган. Русча “золото”, “жёлтый”, инглизча “gold” ([гоулд] олтин), “yellow” ([йеллоу] сариқ), “glitter” ([глиттер] йилтирамоқ), “glow” ([глоу] ловулламоқ, ёнмоқ, йилтирамоқ), “light” ([лайт] ёруғлик, шуъла), “lunar” ([лунэр] ой), “illuminate” ([иллюминэйт] ёритмоқ), “lustre” ([ластре] ялтираш, люстра), форсча “жило”, “жилва” сўзлари ҳам шу ўзакка қурилган. Қолаверса, туркий “аланга”, “олмос”, “лов(улламоқ)”, “ял-ял”, “ялов”, “ёлқин”, “яланг-яланғоч”, “ялин(моқ)”, “ёлвор(моқ)”, “ёлчи”, “ёлғон-алда(моқ)”, “ёлғиз”, форс-тожикча “олов”, “малла”, инглизча “love” ([лав] севги, муҳаббат), “lava” ([лава] лава), “hell” ([хелл] дўзах, олов), “lie” ([лай] ёлғон), “alone” ([элоун] ёлғиз), “lazy” ([лэйзи] ялқов), “lick” ([лик] яламоқ), русча “любовь”, “ложь-лгать”, “голый”, “лизать” сўзларининг ҳам ўзаги умумийдир. Ўйлашимча, ўзбек миллий матоси “атлас” (кейинчалик ундан андоза олиб яратилган “харита”) ҳам ўзининг ранг-баранг, сержилолиги билан “йалт, йалтиллаш, йалтиллас” сўзидан келиб чиққан. Ҳинд ҳамда Хитойда муқаддас ҳисобланган “лотос” (нилуфар) гули ҳам ял-ял ялтирайдиган қизил рангли гулдир. Туркий (баъзи бошқа халқларда ҳам) “алла” ва “ялла” қўшиқлари ҳам “йал” ўзагидан урчиган. “Алла”ни она ўз боласига меҳри товланиб, унга муҳаббатини изҳор қилиб айтса, “ялла”ни ошиқ маъшуқига ўз севгисини куйлаб айтади. Ҳар икки ҳолда ҳам қўшиқ “йал-йал” ёниб-жўшиб куйланади. Бундай мисолларни кўплаб келтирса бўлади. Халқларнинг ўйлари-ю сўзларидаги бундай ўхшашликларни кўриб, муқаддас китобларда бутун инсониятнинг келиб чиқиши ҳамда дини бир эканлиги таъкидланганига ишонч ҳосил қилади киши. Муқаддас Қуръоннинг “Шўро” сурасида Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад (барчаларига салом бўлсин) пайғамбарларга берилган дин умумий эканлиги, одамлар ўз динларини бўлаклаб, фирқаларга ажратмасликлари уқтирилади. Бинобарин, ҳозирги глобаллашув ва интеграциялашув жадал кечаётган замонда турли халқларнинг ўзаро тил топишиб, ўхшаш жиҳатларига, умумбашарий қадриятларга диққат-эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, барча инсонлар учун бир-бирлари билан саломлашиб ҳол-аҳвол сўрашиш, тинчлик-омонлик тилаш, ёрдам қўлини чўзиш каби кўплаб қадриятлар хос. Масалан, ҳам ғарб, ҳам шарқ халқларида “яхши” ва “ёмон”, “тўғри” ва “эгри”, “тинчлик” ва “уруш” тушунчалари-ю уларни англатувчи сўзлар умумий. Туркий “яхши”, “жахси”, “йаҳ” , “Йэмў? – Хўпми, ҳами”? , “ийи”, “ийа”, “ҳа”, форсча “хуш”, “хўш”, “ҳа”, русча “хорошо”, “да”, “аха”, “ага”, инглизча “yes” ([йес] яхши, ҳа), “yeah”([йэа] яхши, ҳа), ибронийча “яхве” сўзлари ўзакдош сўзлардир. Шунингдек, туркий “тўғри”, “туври”, “эват”, инг­лизча “true” ([тру] тўғри), “correct” ([коррект] тўғри), “direct” ([дайрект] тўғри), “right” ([райт] тўғри, ўнг), форсча “дуруст”, “рост”, “албатта”, русча “правда”, “правый”, “правильно” сўзларининг ўзаклари бирлиги бежизмас. “Эгри-букри” сўзи инглизча “groove” ([груув] эгрилик), “curve” ([кэрв] эгри, букри), “wrong” ([уронг] нотўғри, эгри), русча “кривой” сўзларига мос келади. Туркий “янги”, “яна”, “тағин” сўзлари билан форсча “нав”, инглизча “new” ([ню] янги”), “again” ([эгейн] яна, тағин), русча “новый” сўзларининг ҳам ўзаги бир. Туркий “ур(уш)”, русча “удар” ҳамда инглизча “war” ([уор] уруш) сўзлари умумий бўлса, арабча “салом” сўзи билан инглизча “calm” ([калм, салм] тинч) сўзлари умумийдир. Янги йил арафасида турли жойларда ёнма-ён “Янги йилингиз билан!”, “С Новым годом!”, “Happy New Year!” тилакларга кўзи тушган киши янги йилга бир қувонса, улардаги “янги” сўзининг бошқа халқларнинг сўзи билан умумийлигини англаб яна бир шодланади! Зеро, шундай халқаро сўзлар халқларни бир-бирига яқинлаштиради-да!

Энди, келинг, инсониятни едириб-ичирадиган, кийинтирадиган соҳа – деҳқончилик билан ҳунармандчиликка ялпи назар ташлайлик. Туркий “сеп(моқ)” (уруғни), русча “сеять”, инглизча “sоw” ([соу]) сўзларининг умумийлигини ўйлаб қаранг! Ана шу ўзакдан инглизча “season” ([сиизн] сезон, мавсум), “semen” ([се’мен] уруғ), русча “сезон”, “семя” сўзлари келиб чиққан. Ёхуд инглизча “ирригация”, туркий “суғориш”, русча “орошать” сўзларининг, туркий “гуруч”, русча “гречка”, “рис”, инглизча “rice” ([райс]) сўзларининг умумийлиги бежиз эмас.

Луғатларда ўзбек сўз санъати бўлган “аския” сўзининг этимологияси арабча “закий” сўзи билан боғланади. Ваҳоланки, халқнинг феълига хос бўлган “аския” санъати арабларнинг Ўрта Осиёга келишидан аввал ҳам мавжуд бўлган. Фаразимча, бу сўз икки манбага боғланади: 1) қозоқ халқида сақланиб қолган “айтис (айтишув)” санъатига, яъни “айтиски, ­айиски”; 2) инглизча “ask” ([аск] сўрамоқ), “seek” ([сиик] иска, изла) сўзига. Сабаби “аския” санъати ҳам “сўра, сўроққа тут, иска” маъносидадир. Аскияда “Фалончи, райҳонмисиз, жамбулмисиз, сунбулмисиз?” сўроғидан бошланиб, “ундай қилдингиз, бундай қилдингиз-а?” дея рақиб сўроққа тутилади. Туркий “сўзла, сўйла”ни инглиз тилида “say” [сэй], “чайна”ни “chew” [чю], “жерк”ни “jerk” [жэрк], “тингла”ни “listen” [лисн], “лўқ”ни “look” [лук], “қўмса”ни “miss” [мисс], “пуфла”ни “puff” [паф], “пурка”ни “pour” [пор], “сепалаш”ни “splash” [сплэш], “супур”ни “sweep” [свиип], “тотиш”ни “taste” [тэйст], “ювиш”ни “wash” [уош], “отиш”ни “shoot” [шуут], “сиқ, қис”ни “squeeze” [скуииз], “ажрим, айрим (ҳакам, юрист, яъни айирувчи)”ни “jury” [жюри], “тақ(моқ)”ни “tack” [тэк], “бил(моқ)”ни “believe” ([билиив] билмоқ, ишонмоқ), “тий(моқ)”ни “tame” [тэйм] ва ҳоказо сўзлари кўрсатиб турибди-ки, туркий тил билан инглиз тилида умумий сўзлар бисёр. Шунинг учун, “аския” каби туркий сўзларнинг келиб чиқишини инглиз, олмон, итальян, юнон ва бошқа қадимий халқлардан излаш мантиқан тўғрироқ бўлади. Чунки Европа халқлари билан туркий халқлар эрамиздан аввалги Хун салтанати, ҳатто ундан олдинги Шумер маданияти давридан бери алоқа қилиб келган. Бунга кўпгина олимларнинг тадқиқотларини, жумладан, қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновнинг “АЗиЯ”, рус олими Лев Гумилевнинг “Қадимги туркийлар” ва бошқа шу каби китобларни мисол қилиб келтирса бўлади.

Қадим-қадимдан алломалар оламнинг асосида тўрт унсур (ер, ҳаво, сув, олов) ётишини эътироф этишган. Муқаддас китобларда таъкидланишича, Тангри таоло бутун оламни, сўнг Одам Ато билан Момо Ҳавони яратган.Жумладан, Одам Ато тупроқдан, Момо Ҳаво эса унинг қовурғасидан яратилган. Нега айнан қовурғасидан? Шу ўринда туркий “қобирға” сўзи русча “ребро”, инглизча “rib” [риб] сўзлари билан умумийлигини таъкидлаб ўтиш керак. Маълумки, арабча “адам” сўзи билан форсча “замин”, русча “земля” сўзлари ўзаги бир бўлиб, бу туркий “ер (йер)” сўзига мос келади. Чамамда, “эр, эркак” сўзи асли бошда “йер” бўлиб, Худо “Йер”ни, сўнг у бир ўзи ёлғизланмаслиги учун ухлаб ётганида жуфти “Ҳаво”ни қовурғасидан яратган. Уларнинг илк маскани бўлган “Боғи Эрам” (русчада “Эдем”, яъни “земля” сўзи билан ўзаги бир) ҳам асли “Боғи Йерам”дир. Маҳмуд Кошғарийнинг девонида ҳам “эр” сўзи “одам” маъносида қайд қилинган. Шунинг учун ҳам, фаразимча, туркий “эр-хотин” ибораси асли “йер-йўтин” бўлиб, ҳаво (туркий “йўтал”, “(й)ўтака” сўзларининг ўзаги “йўт”) Ер куррасини ўраб – ҳимоялаб туради. Одам танасидаги қовурғанинг бош вазифаси ҳам ҳаёт учун зарур органлар (юрак, (й)ўпка (йўфка), жигар, ошқозон ва ҳоказо)ни ҳимоя қилишдир. Қолаверса, “ўт” сўзи ҳам феъл (ўтмоқ), ҳам от (олов, оташ) бўлиб, ҳар иккиси ҳаво ва сувга нисбатан қўлланади. Дарҳақиқат, ҳаводаги кислород ёки бензин, керосин каби суюқликларсиз ўт чиқмайди. Шунингдек, табиатда фақат сув уч агрегат ҳолатга эга: қаттиқ, суюқ ва газ. “Хотин-қиз” иборасидаги “қиз” сўзи “қизимоқ” феълининг буйруқ майли бўлиб, бу “хотин” сўзининг ҳам маъноси “ўт” дейишга асос бўлади. Шунингдек, арабча “аёл” сўзи ҳам туркий “йал, йол” (ёлқин) сўзи билан, русча “женщина” сўзи туркий “жан, йон” (ёнмоқ) сўзи билан ўзакдош бўлса, эҳтимол. Қолаверса, инглизча “hot” ([хот] иссиқ), “hades” ([ҳейдс] дўзах, оташ), русча “ад” сўзлари туркий “ўт” сўзига, инглизча “terra” ([терра] терра, тупроқ) сўзи туркий “турпоқ” сўзига ўзакдошдир. Шунинг учун ҳам, эркакларда ер-тупроққа хос оғир-вазминлик, чайирлик, дағаллик, қаттиқлик жиҳатлари бўлганидек, аёллар ҳаво ва сувга (ҳаво ва сув моҳиятан бир-бирига жуда яқин) хос юмшоқлик, ҳавойилик, мулойимлик сифатларига эга. Эркак ва аёллар ҳақидаги бир туркум ибора ва мақолларда ҳам ана шу хусусиятларга урғу берилади. “Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам – хотин” мақолини аслида “Йэрни расо йэр қиладиган ҳам, қаро йэр қиладиган ҳам – ўт (олов, ҳаво ва сув)” дея тушунмоқ керак. Ахир, кулол лойдан буюм ясаганда уни сувда қориб, ўтда қиздиради ё ҳавода қуритади-да. Эр-йигит уйланади, яъни бир уйга – ватанга эга бўлиб, ўзининг оиласини барпо қилади. Хотин-қизлар эса эрга тегади. Бундаги “эрга тегмоқ” ибораси ҳам асли “йэрга тегмоқ”, яъни “йэрли бўлмоқ” маъносидадир. Кўпгина халқларда “Сув оқиши ҳамда ўт ёнишига чексиз термилиш мумкин”, деган ибора бор. Дарҳақиқат, сув ҳам, ўт ҳам одамни ўзига мафтун-маҳлиё қилиб қўяди. “Сув балоси-ю ўт балосидан ўзи асрасин” деган ибора бор. Ҳар икки бало ҳам тупроқ ёрдамида даф қилинади. Бинобарин, сув тошқинини дамба қуриб, ўтни тупроқ сочиб, ҳатто қишда йўлларни қоплаган сирпанчиқ музларни ҳам тупроқ сепиб бартараф қилинади. Туркий “эркин (озод)”, “эрка” сўзлари ҳам асли “йеркин”, “йерка”, яъни “йери бор, ўзига тўқ, бировга қарам эмас” маъносидаги сўздир. Шунинг учун ҳам барча халқлар ўз ерига эга бўлишга интилиб, шундагина ўзларини чинакамига эркин-мустақил ҳис қилишларини англаганлар.

Бизгача туркий сўзларнинг маънолари-ю келиб чиқиши талқинига доир кўпгина қимматли асарлар етиб келган. Табиийки, Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Рабғузий, Навоий ва бошқа алломаларимизнинг асарларини қиёсий таҳлил қилишда давом этишимиз жуда муҳим. Шу билан бирга, бошқа манбаларга, дейлик, Хитой, Ҳинд, Юнон, Рим, Миср ва бошқа юртларда сақланаётган асарларни ўрганишга ҳам диққатни қаратиш зарур. Шу ўринда бир шахсий мулоҳазамни билдирсам. Кошғарийнинг девони ўзбекча изоҳлар билан 3 жилд ҳолида 1963 йили Ўзбекистонда русча изоҳлар билан 2005 йили Қозоғистонда нашр қилинган. Маълумки, Кошғарий ўз девон-луғатини араб тилига мослаб, иккитадан еттитагача ҳарфлардан иборат сўзларни тартиб билан қайд қилиб чиққан. Яъни, асар аввал-бошда араблар учун мослаб ёзилган. Бироқ турк тили билан араб тили тубдан фарқ қилади. Сабаби, арабчада ундошлар муҳим бўлса, туркийда унлилар муҳимроқ. Масалан, арабча уч ҳарфдан (“ҳ”, “к”, “м”) тузилган “аҳком”, “маҳкам”, “маҳкама”, “маҳкум”, “муҳокама”, “ҳакам”, “ҳаким”, “ҳикмат”, “ҳоким”, “ҳукм”, “ҳукамо”, “ҳукумат” ва ҳоказо сўзлар ўзакдош бўлиб, уларнинг маънолари бир-бирига яқин. Туркийда эса икки ундош ҳарфдан (“б” ва “л”) тузилган “бил”, “бўл”, “бел”, “бол” ва ҳоказо сўзлар бутунлай бошқа маъноларни англатади. Демак, девонни таржима қилишга ижодий ёндошиб, ҳозирги луғатшунослик қоидаларига мослаб, туркийлар учун алифбо тартибида, яъни аввало “а”, сўнг “б” ва ҳоказо ҳарфларидан бошланадиган барча сўзларни (от, феъл, сифат ва ҳоказо) қайд қилинса, самарали иш бўлади. Шунда, бир ўзакдан урчиган барча сўзларни яққол кўришга имкон туғилади. Масалан, девоннинг 1-жилдидаги “билиш” (348-бет), “билик” (367-бет), “билга” (403-бет), “биликлик киши” (466-бет), 2-жилдидаги “билди (билир, билмак)” (30-бет), “билишди (билишўр, билишмак)” (120-бет), “билинди (билинўр, билинмак)” (166-бет), “билтўрди (билтўрўр, билтўрмак)” (204-бет), “билдўзди (билдўзўр, билдўзмак)” (235-бет), “билсикти (билсикар, билсикмак)”, “билгатти (билгатур, билгатмак)” (393-бет), 3-жилдидаги “билгаланди (билгаланўр, билгаланмак)” (219-бет), “билигсади (билигсар, билигсамак)” (347-бет) сўзлари ҳамда асарда келтирилган кўпгина мақол ва шеърлардаги “бил” ўзагига қурилган сўзлар бир жойга жамланса, ўқувчига яққол тасаввур беради. Шу билан бирга, Кошғарийнинг девонида “й” ҳарфидан бошланувчи сўзлар асарнинг энг катта қисмини (3-жилд тўлиғича) ташкил қилиб, кўпгина сўзлар бизгача “й” ҳарфи тушиб ёки орттирилиб етиб келган. Буни чуқурроқ тадқиқ қилиш керак. Масалан, юқорида айтилганидек, “олтин” сўзи “йалтин” (ялтироқ), “йурак” – “урак”, “йук” – “уйук”, “ой” – “йой”, “ойоқ” – “йойоқ” (йойов сўзи шундан) бўлса мантиқийроқ бўлади. Ёки “илон” сўзи “йилан” бўлишига сабаб жониворнинг ўзига хос териси “йилт-йилт” қилишига ишорамикан? “Арслон”, “сиртлон”, “қоплон” сўзларидаги “лон” қўшимчаси “йилон (йилан)” сўзимикан ёки “қоплон” сўзи “қопловчи” маъносидаги “-ла” қўшимчасимикан? Чамаси, инглиз тилидаги “lion” ([лайн] арслон, шер), русча “лев”, “слон” сўзлари ҳам шу ўзакка боғлиқ. Шуниси ҳам борки, арабча “лаин”, “лаънат”, “малъун” сўзлари “йилан” сўзи билан ўзакдош бўлиб, диний манбаларда иблиснинг илон, аждарҳо қиёфасида тасвирланишининг сабаби шунда.

Маълумки, Хитойда “йин” ва “йенг (йанг)” (русчада “инь” ва “янь”) дуалистик фалсафаси кенг тарқалган. Туркийда “йанги” сўзини “йенги” деб ҳам талаффуз қилиш бор (Девон, 3-жилд, 379-бет).“Йин” ва “йенг” сўзлари хитой тилида мос равишда “тоғнинг қуёш тушмайдиган ва тушадиган томонлари”ни англатиб, дунёда барча нарса жуфт-жуфт (қуёш ва ой, нур ва соя, эркак ва аёл, актив ва пассив) яратилганига ишора қилади. Қиёс учун, арабча “ғарб” ва “шарқ” сўзлари “кун ботиши” ва “кун чиқиши”ни англатади. Буни қарангки, хитойча “йин” ва “йанг” сўзлари туркий “йин” ва “йан” сўзлари билан айнан маънодош. Худди туркий “айир, айри, ажра, ажриқ (йир, жир)”, “айиқ, айқаш (йиқ)”, “асра, йашир (сир)” сўзлари каби туркий “айна, айни (йин, жин)” сўзи “айниш, йўқ бўлиш, ажин тушиш”ни англатса, туркий “йан, жан” сўзи “ёнмоқ”ни англатади (Девон, 3-жилд, 72-бет). Русча “гнить” (айнимоқ, чиримоқ) сўзи ҳам “йин” ўзагига боғлиқ бўлса, русча “огонь”, ҳиндча “агни” (ҳиндларнинг қадимги веда динидаги олов маъбуди), инглизча “ignite” ([игнайт] ёндирмоқ), “agony” ([э’гони] агония, ўлим талвасаси) сўзлари ҳам “йан” сўзи билан ўзаги бир. “Январ” ойининг номи римликларнинг қуёш худоси “Янус”га нисбатан аталган. Инглизлар Шимолий Американи забт этганларида, ўзларини “янки (йанки)” деб атай бошлаган. Афсуски, тилшунос олимлар бу сўзнинг этимологиясига доир бирон аниқ маълумотга эга эмас. Фаразимча, буни икки хил тушунтириш мумкин; 1) худди Японияни “кунчиқар давлати” деганларидек, Лотин Америкасида ҳукмронлик қилган қадимги Инк (Инка) салтанати ҳам “Йинк”, яъни “кунботар давлати” маъносида бўлиб, кейинчалик инглизлар ўзларини уларга қарама-қарши қўйиб “йанки” деб атаган; 2) бу сўз “янги (йанги)” сўзидан олинган. Американи “Янги дунё” деб таърифлайдилар. Дарҳақиқат, “Нью-Йорк” шаҳри (аввал “Нью-Амстердам” деб номланган) “Янги Йўриқ” деган туркий сўзлардан тузилган. “Йўриқ” сўзи “бошқарув тизими” маъносида қўлланган. Шу ўринда, “Охиратда қуёш ғарбдан чиқади” деган машҳур ҳадисни тўғри ва мажозий маъноларда талқин қилиб, “янки (йанки)”ларга нисбат бериш мумкин. Зеро, янги кун (ҳисоб) Англиянинг пойтахти Лондондан ўтган Гринвич меридианидан бошланади. Демак, Америка қитъаси, яъни “йанки”лар куннинг бошланишини (қуёшнинг чиқишини) белгилаб турибди.

Қадимги Шумер маданияти (э. а. 3000 йил) ёзув (пона-ёзув), ғилдирак каби кўплаб кашфиётлар қилган. Дунё тўфонини тасвирловчи достонлар шумерлардан ҳам бизгача етиб келган. Шумер тилида Худонинг “Дингир” деб аталгани, ўз навбатида туркий “Тангри”, форс-тожикча “Парвар-Дигор”, скандинавия халқларида “Тор (чақмоқ, бўрон ва ҳосилдорлик худоси)”, қадимги юнон қуёш маъбуди “Атон”, ҳатто қадимдан Хитойда илоҳийлаштирилган “Дракон” (арабчаси “Аждарҳо”, инглизча “Dragon” [дрэгн], ҳарфларнинг жойи ўзгарган) ҳам шу ўзакдан келиб чиққани халқларнинг ўзаро алоқалари тўғрисида қимматли маълумотлар беради.

Кўп халқларда саломлашганда бир-бирларига “соғлиқ” тилаб айтиладиган қуйидаги сўзларнинг ўзакларига қаранг: арабча “салом”, туркий “соғлом”, французча “салют”, лотинча “salut, salus”. Қолаверса, туркий “соғинмоқ” сўзининг “тиламоқ, кўришни истамоқ” маънолари ҳам бор. Шунингдек, лотинча “sanitas, sanus” (соғлиқ) сўзидан “санитар”, “санаторий” сўзлари ясалган бўлиб, туркий “эсонмисан (эсанмисан)?” деган савол “соғмисан?” деган маънони англатади (Девон, 1-жилд, 106-бет). Буни қарангки, инглизча “book” ([бук] битик, китоб) ҳамда арабча “китоб” сўзлари туркий “битик” сўзи билан ўзаги бир. Арабча “китоб” сўзи тескарисига ўқилиши керак, зеро, арабчада ёзув ўнгдан чапга қараб ёзилади. Туркий “хўжа” сўзи туркий “эга” сўзи билан ўзаги бир бўлиб, русча “хозяин”, инглизча “hegemon” ([хегемон] гегемон, ҳукмрон), “ego” ([иго] эго) сўзлари ҳам шу ўзакка қурилган. Шумерчада “ғилдирак” сўзи қандай аталгани номаълум, бироқ туркий “ғилдирак”, “ғилай” ҳамда ­инглизча “wheel” ([уил] ғилдирак), “glide” ([глайд] ғилдира, думала), русча “вал”, “колесо” сўзларининг ўзаги “ғил” эканлиги бу тилларнинг, демакки халқларнинг яқинлигидан далолат беради.

Маълумки, қадимги юнон ва Рим мифологияси халқ оғзаки ижодининг юксак намунаси ҳисобланади. Юнонча “myth” ([мис, миф] миф, асотир, ривоят) сўзи туркий “-миш” сўзи билан ўзаги бир. Дарҳақиқат, “ундаймиш, бундаймиш, кўрганмиш, эшитганмиш” сўзларидаги “миш” қўшимчаси айни афсона-ривоятларга хос. Қолаверса, “мистика”, “сим-сим”, “тилсим” каби сўзларнинг ўзаги ҳам “мис, миш” эканлиги тушунарли, зеро, номаълум нарса ва ҳодисалар ҳақида билиб-билмай “ундаймиш, бундаймиш” деб “миш-миш” ёхуд “миср-миср” қилинади-да!

Рус эртак қаҳрамонларининг номларига эътибор беринг: “Карабас-Барабас”, “Буратино”, “Колобок”, “Иван”, “Руслан ва Людмила”… Туркий сўз ўзаклар мана-ман деб турибди: “Қорабош-Бўрибош”, “Бурунвой”, “Ғил(дира)-биқин”, “Йан, Жан”, “Арслон”. Луғатда туркий “эртак” сўзи қадимги туркий тилдаги “ўт”, “кеч” маъносини англатган “эрт” феълидан “-ак” қўшимчаси қўшиб ясалган, деб кўрсатилган. Бироқ, ўйлашимча, русча “сказка”, “рассказ” сўзлари, инглизча “tale” ([тейл] эртак), “tell” ([тел] айтмоқ), “talk” ([ток] гапирмоқ) сўзлари кўрсатиб турганидек, “эртак” сўзи асли “айтак” бўлса керак. Худди шундай, “достон” сўзи форс-тожикча деб кўрсатилган. Менимча, бу сўз лотинча “dictare, dicere” ([диктаре, дисере] сўзламоқ, айтмоқ, баён (диктовать) қилмоқ) сўзидан келиб чиқиб, у эса ўз навбатида туркий “айтиш (айтис-айдис)” сўзи билан ўзакдош. Дарҳақиқат, “тилларда достон бўлди” ибораси “тилларда айтишди (айдисти)” маъносида қўлланади.

Туркий “Алпомиш” достонининг юнон достони “Одиссея” билан умумий жиҳатларини кўплаб олимлар ўз тадқиқотларида таъкидлаганлар. XX асрда яратилган инглиз ёзувчиси Жеймс Жойснинг “Улисс” асари эса “Одиссея” достони таъсирида дунёга келган. Худди шундай, инглиз адабиётидаги илк эпик асар “Beowulf” ([Беовулф]) эрамизнинг саккизинчи асрида эски инглиз тилида яратилган. Инглизча “wolf” (эски инглиз тилида “wulf” [вулф] бўри) сўзи русчада “волк” бўлиб, туркий “увла(моқ), увлоқ” сўзига мос келади. Табиийки, ит вовуллагани каби, бўрининг увуллашига ишора-да бу. Ўйлашимча, асар номи туркий “Бойбўри” бўлиб, “Алпомиш” достонидаги қаҳрамонга алоқаси бор. “Алпомиш”дан олдин унинг отаси “Бойбўри”нинг ҳам достони бўлган.

Қадимги ҳинд муқаддас китоби “Гита” панд-насиҳат мавзуидаги дидактик асар бўлиб, ҳозирда ҳинд суд маҳкамаларида гувоҳлар шу китобга қўлини қўйиб рост гапиришга қасам ичадилар. “Гита” сўзи “панд-насиҳат”, “агитация” маъносини англатиб, бу сўз туркий “ўгит” (1, 1-жилд, 85, 292-бетлар) сўзи билан ўзакдош бўлса керак. Ҳозирда ўзбек тилида қўлланаётган “Ўр(ган, гат)” сўзи аслида “ўг(ран, рат)” (Девон, 1-жилд, 253-бет) бўлиб, усмонли турклар бу сўзни асл шаклида қўллайдилар.

Хуллас, қўлланаётган кўплаб чет эл сўзларининг ўзаги туркийлигини тушуниб, ҳам ҳайрон бўлади, ҳам чет элликлар билан муайян яқинлик ҳиссини туяди киши. “Car wash” ([кар уош] машина ювиш), “show” ([шоу] шов-шув), “abiturient” ([абитуриент] битирувчи), “boss” ([бос] бошлиқ), “taxi” ([тэкси] такси, таши), “textile” ([текстайл] текстил, тикиш), “censor” ([сенсор] цензор, синчи, синовчи)…

Хулоса ўрнида айтиш керакки, дунё халқларининг тарихи-ю қадриятлари умумийлиги келтирилган мисоллардан аниқ-равшан кўриниб турибди. Она тилимизда “тилини топиш” ибораси инсоннинг кўнглини топиш, унинг хоҳиш-истакларини қадрлашни англатса, “тил бириктириш” эса, худди илоннинг иккиланган тилига ўхшаб, инсонга нописандлик билан қараш, унга қарши иш кўришни англатади.Тил топиш, тил билиш, тилнинг ўзак маъноларини теран англаб етиш Ҳазрати Инсон учун ўзликни англаш демакдир.

Ўзликни англашда адабиётнинг ўрни ва роли беқиёслиги барчага маълум. Ўзбек адабиёти ўзини жаҳон адабиётининг узвий бир қисми сифатида ҳис қилиб, бутун башариятга хос туташ томирларни аниқроқ кўргани-билгани сайин тобора қудратлироқ бўлиб бормоқда. Адабиётнинг асосида эса тил ётади. Бинобарин, ўзбек тилининг жаҳон тиллари билан муштарак жиҳатларини қанчалик теран англаб етганимиз сайин, адабиётимиз, маънавиятимиз тобора бойиб, улкан куч-қудрат ва руҳий қувват касб этиб бораверади.

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 5-сон