Маҳмадиёр Асадов. Фаровон ҳаёт сари… (Эмиль Золя)

Инсон учун ҳаётда бирдан-бир бахт – бу доимо олға интилишдир. Агар сиз ҳақиқатни яшириб, тупроққа кўмсангиз, у бешак униб чиқади ва шундай қудратли бир кучга айланадики, кун келиб, ўз йўлида учраган жамики нарсаларни бир четга суриб ташлайди.

Ер юзига ҳақиқат уруғини сочган атоқли француз адиби, натурализм адабиётининг йўлбошчиси, драматург, шоир ва публицист Эмиль Золя 1840 йилнинг 2 апрелида Парижда дунёга келди. Золя отаси (асл келиб чиқиши итальян миллатига мансуб қурувчи муҳандис) Франсуа Золя ҳамда онаси фаранг қизи бўлган Эмилия Оберларнинг ёлғиз фарзанди эди. У ёшлигидан адабиётга ошно бўлиб, Шекспир, Мольер, Монтен асарлари таъсирида ўсди. 1859 йили бакалаврлик имтиҳонидан йиқилган Золя илмий даражасиз қолиб, оғир моддий танг­ликни бошидан кечиради. Кўпгина қийинчиликлардан сўнг ношир Луи Ашетнинг нашриётида тўрт йил давомида котиблик қилади. Ана шу вақт оралиғида у ўзининг илк ижод намуналари ҳисобланмиш “Нинон эртак­лари” ҳикоялар тўпламини, “Клоднинг тавбаси” ва “Марсель сирлари” романларини нашр эттирди. Булар романтикларга тақлидан ёзилган асарлар эди. 1863-66 йиллар ичидада Золя турли журналларда ўзининг адабий-танқидий мақолалари, очерк­лари би­лан мунтазам чиқишлар қила бошлади. Бу пайтда у адабиёт оламида ёзувчи сифатида танилиб бўлган эди. Ёш адибда адабиётдаги янги йўналиш – натурализмга қизиқиш пайдо бўлади. Унинг “Тереза Ракен” (1867) ва “Мадлен Фера” (1868) романларини натуралистик таълимотни ўзига сингдирган дастлабки асарлар дейиш мумкин.

Натурализм XIX асрнинг 60-йилларида Европа ҳамда Америка адабиёти ва санъатида юзага келган ва реализмдан фарқи, воқеликни фақат ташқи томондан аниқ акс эттиришга аҳамият берадиган оқимдир. Натурализм тарафдорлари “инсоннинг ахлоқий қиёфаси унинг феъл-атвори, юриш-туриши, муомаласи билан эмас, балки атроф-муҳит юзага келтирган шарт-шароит туфайли қатъий белгиланади”, деган қарашни илгари сурган эдилар. Натурализмда шахсдан кўра, омма, табақа, сулола ва гуруҳлар ҳаётининг бадиий тасвирлари устуворлик қилади. Уни мутахассислар, асосан, оломон психологиясини акс эттиришга йўналтирилган тасвир усули сифатида тадқиқ этадилар.

Адиб ижодий фаолияти давомида бир нечта ҳикоялар тўплами, адабий-танқидий китоблар, публицистик кенг қамровли мақолалар, драматик асарлар яратган бўлса-да, бироқ у ўзининг улкан романлари билан катта шуҳрат қозонди. Ушбу асарларнинг аксарияти “Ругон Маккарлар” (1871-1893) номи билан аталадиган 20 жилдли туркумга киритилган. Золя эпопеяда Франция ўтмишидаги ниҳоятда оғир 1850-60 йилларга мурожаат этади. Мамлакат ҳаётида рўй берган бу жиддий воқеалар адиб ижодида ҳам туб бурилиш ясайди. Эпопеяда асосан Иккинчи империя давридаги сиёсий тузум қораланган бўлса, “Ругоннинг улғайиши” (1871), “Тор-мор” (1893), “Ўлжа” (1872), “Пул” (1891) романларида буржуа жамиятининг кирдикорлари фош этилади.

Бундан ташқари Эмиль Золя ўзининг “Тузоқ” (1877) ва “Ҳамал” (1885) романларида оддий меҳнаткашларнинг олийжаноблиги, инсоний фазилатларини ёрқин бўёқларда гавдалантиради.

Айниқса, “Ҳамал” романидаги бадиий тасвирлар ёзувчининг юксак маҳорат эгаси эканлигидан далолат беради.

Ижодда тиним билмас адиб ўз асрининг 90-йилларида, яъни империа­листик кучлар янада кес­кинлашган бир пайтда, ўзининг “Уч шаҳар” (Лурд, Рим, Париж) трилогиясини яратади. Христиан дини ва Рим папасининг кирдикорларини фош этган бу уч роман католик черкови ман этган асарлар рўйхатига киритилган.

Адибнинг сўнгги “Тўрт инжил” туркумидаги (“Серпуштлик” – 1899, “Меҳнат” – 1901, “Ҳақиқат” – 1902 ва “Адолат” (тугалланмай қолган) романлари француз ишчилар ҳаракатидаги кўтарилиш даврида юзага келган ўткир сюжетли асарлар сирасига киради.

Золя ижтимоий ҳаётда ҳам жуда фаол эди. У XIX аср охирларида Францияда жуда катта шов-шувга сабаб бўлган “Дрейфус иши” (бошқа миллат вакилларининг сохта айблов билан қамалиши) бўйича Франция Республикаси Президентига “Мен қоралайман..!” (1898) номли очиқ хат билан мурожаат қилади. Бунинг учун эса Республика ҳукумати адибга 1898 йил 23 февралда қамоқ жазоси ҳақида ҳукм чиқаради. Бироқ адиб катта жарима эвазига қамоқ жазосидан қутулиб қолади ва Англияга кетади. Бир йилдан сўнг Золя яна ўз она юртига, Парижга қайтади.

1902 йилнинг 29 сентябри… Золя ва унинг рафиқаси Алексадрина Медандан қайтишгач, хоналарида камин мўрисидан чиққан газ исидан заҳарланадилар. Исёнкор адиб ана шу тариқа тасодифий ўлим топади, рафиқаси эса омон қолади.

Унинг вафоти оламшумул мотамга айланди. Матбуотда “бутун дунёни эгаллаган қайғу” ҳақида тинимсиз ёзиб борилар, адибга бутун дунёда эҳтиром кўрсатиларди.

Эмиль Золя халқ учун театр яратишни бир умр орзу қилган эди. У ўзининг “Франциянинг олға юриши” туркумидаги драмасида мустабидлик ҳаракатларига қарши курашни мақсад қилган эди. Бироқ бу улкан мақсадни амалга оширолмади.

Золя романларида, гарчи қалтис ижтимоий зиддиятлар тасвирланган бўлса-да, у маълум сиёсий тузумга дастёрлик қилишни, маддоҳликни ўзига ор деб билган. У ҳар қандай шароитда ва ҳар қандай вазиятда ҳам ўзи танлаган тамойилга, яъни ҳаққоният тамойилига содиқ қолган. Шунинг учун ҳам унинг номи ва ёзган асарлари абадиятга муҳрланиб, келгуси авлодларнинг руҳий-маънавий оламини бойитишга хизмат қилаверади.

Маҳмадиёр Асадов тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон