Эргаш Очилов. Жаҳоний тариқат асосчиси

Мусулмон Шарқида машҳур тариқат пири, хожагон-нақшбандия силсиласининг асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг отаси Имом Абдулжамил Ҳаққа яқин киши эди. Имом Молик авлодидан бўлган бу нажиб инсон ўз даврининг улуғ донишмандларидан бўлиб, зоҳирий ва ботиний илмларда донг таратган. Абдулхолиқнинг отаси ҳам, онаси ҳам Рум подшоҳларининг авлодларидан бўлиб, тақдир тақозосига кўра Ғиждувонга келиб қоладилар.
Абдулхолиқ бошланғич таълимни Ғиждувонда олиб, 9 ёшидаёқ Қуръони Каримни ёд билган, 10 ёшидан бошлаб дарвешларнинг зикр тушишларида фаол иштирок этган. Кейин таҳсилни Бухоро шаҳрининг машҳур мадрасаларида давом эттиради. Бу ерда у Имом Садриддин деган замонасининг етук алломасидан тафсир илмини мукаммал ўрганади. Бир куни у ўз устозидан хуфия зикр (яширин зикр, дил зикри) ҳақида сўрайди. Устози унга бу илоҳий илм бўлиб, уни Худонинг ўзи хоҳлаган бандаларига ўргатишини айтади. Бу суҳбатдан бир неча муддат ўтгач, Хизр алайҳиссалом келиб, Абдулхолиқ Ғиждувонийга хуфия зикрдан таълим беради ва уни фарзандликка қабул қилади.
Абдулхолиқ 22 ёшида Бухорога келган ўша даврнинг донгдор шайхи Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048 — 1140) билан учрашиб, унга шогирд тушади. Хожаи Хизр унинг сабоқ пири бўлса, Хожа Юсуф суҳбат ва хирқа пирига айланади. Абдулхолиқ Ғиждувонийдан ташқари, Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий каби ислом олами ва тариқат тарихида машҳур шайхлар ҳам Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдлари ҳисобланадилар. Юсуф Ҳамадонийнинг истеъдоди ва мақоми қанчалик улуғ бўлганлигини 17 та муриди комил авлиё даражасига етгани, Шарқ халқлари ҳаётида муҳим ўрин тутган яссавия ва хожагон-нақшбандия тариқатларининг асосчилари бевосита унинг издошлари эканлигидан ҳам билса бўлади. Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Хожа Юсуф Ҳамадоний Ҳуросонга қайтиб кетгунига қадар у буюк зотнинг хизмат-мулозаматида бўлиб, хожагон тариқатининг усулларини мукаммал эгаллайди (хожагон тариқатини гарчанд Хожа Абдулхолиқ асослаган бўлса-да, унинг илк уруғлари Хожа Юсуф томонидан ташланган) ва кўп ўтмай ўзи ҳам йирик тасаввуф олимига айланади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизмати янги бир тариқатга асос солгани билангина белгиланмайди. Хожагон тариқати воситасида у умуман тариқатни Муҳаммад пайғамбар суннатига мувофиқлаштирди, уни турли бидъатлар ва ботил қарашлардан тозалади. Шариатга амал қилиш, ундан чекинмасликни асосий қоидага айлантирди. Таркидунёчилик, хилватни рад этиб, жамоат билан бирга бўлишни шарт қилиб қўйди. Оллоҳ муҳаббати деб дунёдан кечмасликка даъват қилди. Луқма ҳалоллиги — ҳар ким ўз меҳнати билан кун кўриши зарурлигини тариқатнинг асосий талаби қилиб белгилади. Бу тариқат тақво деб ҳаддан ошишни маъқулламайди. Ахлоқ масаласи қатъий қилиб қўйилди. Буларнинг барчаси тасаввуф тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Баҳоуддин Нақшбандга нисбат бериб машҳур бўлган “Дил ба ёру даст ба кор!” — “Кўнглинг ёрдаю қўлинг ишда бўлсин!” шиори ҳам ғоя сифатида дастлаб Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан илгари сурилганлиги бежиз эмас. Абдулхолиқ Ғиждувоний руҳидан тарбия топган ва нақшбандия силсиласига асос солган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд бу шиорни ўз тариқатининг асосий қоидаси қилиб олган (Воқеан, нақшбандиянинг ўзи ҳам хожагон силсиласидан ўсиб чиққан бўлиб, хожагон-нақшбандия деб юритилади ва Абдулхолиқ Ғиждувоний унинг бошловчиси (сарҳалқаи силсила) ҳисобланади). Хожагон-нақшбандиянинг реал ҳаётий шарт-шароитлар, инсоннинг мавжуд имкониятларига асосланганлиги унинг ҳамма замонлар ва барча табақалар талабига жавоб берадиган замини мустаҳкам тариқат эканлигидан далолат беради. Шариат андозасига солинган, бидъат ва нуқсонлардан холи Абдулхолиқ Ғиждувоний йўлининг асрлар давомида тариқатда ҳужжат ва барча гуруҳларда мақбул, деб эътироф этиб келинаётгани ва Туркистон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, ҳатто Шимолий Африкада кенг тарқалган хожагон-нақшбандия тариқатининг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолият кўрсатаётганлигининг сабаблари шунда.
Хожагон тариқатида, шунингдек, хуфия зикр асос қилиб олинган. Зеро, самоъ мажлисларида рақсу қўшиқ аралаш амалга ошириладиган жаҳрий зикр тушишлар, хонақоҳларни бошга кўтариб ғавғо қилишлар ислом аҳкомларига зид эди. Шунинг учун ҳам Хожа Абдулхолиқдан самоъга муносабатини сўраганларида биз уни инкор этмаймиз, шу билан бирга, бу ишни қилмаймиз ҳам, деб жавоб берган.
Маълумки, шеър ва мусиқа инсон руҳиятига кучли таъсир этади. Буни пайқаган сўфийлар самоъ (арабча: эшитиш) мажлислари уюштириб, қўшиқ ва рақс базмини ташкил қилганлар. Бунда аввал нотиқ ўртага тушиб, тасаввуфий мазмундаги рубоийларни қироат билан ўқиган. Кейин хушовоз ҳофизлар ўша рубоийларни мусиқа жўрлигида қўшиқ қилиб куйлашган. Шундай жўшу хуруш ҳолатида самоъ жараёни бошланиб, секин-аста важду ҳол билан алмашган. Йиғилганлар бир неча соат давом этган жўшқин ва ҳаяжонли кайфиятда, жазава ва кўтаринки ҳолатда зикр тушганлар. Бу соликнинг руҳга кириши — ўзини унутиб, ҳол мақомини эгаллаш жараёнини тезлаштирган. Хусусан, сукра — беҳудлик маслагининг тарафдори бўлган сўфийлар бунга катта эътибор берганлар. Орифлар султони номи билан машҳур Шайх Абусаид Абулхайр самоъ мажлисининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Жалолиддин Румий асос солган мавлавия тариқатида ҳам зикру самоъ мавжуд. Яссавий издошларидан Қашқадарё воҳасида яшаб ўтган Ҳазрати Башир тариқатида ҳам самоъ асосий ўрин тутган. Лекин кўпгина тариқат пирлари, жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳам самоъни хуш кўришмаган. У ўз “Васиятнома”сида бу ҳақда шундай насиҳат қилади:
“Самоъни кўп этмағилким, андин нифоқ пайдо бўлиб, ул вақтда самоъ дилни ўлдиради, магар сенга ани ҳис этиш салоҳияти берилмағон бўлса (самоъни асҳоби кўп туриб, алар орасидан самоъга амал қилғувчи одам топиладур, балки аларнинг эҳтироси бўлса, яъни итоат этмаса), зикр тингламоқ гуноҳдир. Мабодо юрагинг хотиржам тортса, сенинг нигоҳинг (маънавий) тарқаб кетмайдур”.
Тасаввуфга оид адабиётлар ва тазкираларда унинг самоъ билан боғлиқ қуйидаги икки рубоийси келтирилади:

Эй пок сўфий, қилсанг агар майли самоъ,
Бил, келтиради самоъ нифоқ бирла низо.
Бас, пок бўлайин, десанг, самоъни тарк эт,
Ёинки, дилинг ҳаётига айла видоъ.

Майл этма самоъга, қилмагин ҳам инкор,
Сен танла шу йўлни, бўлса кўнглинг бедор.
Нафсинг ҳали ўлмай, сени қилса безор,
Қил рўза-намоз, бошқасидан кеч зинҳор.

Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Юсуф Ҳамадоний таълимотини ҳар томонлама кенгайтириб ва чуқурлаштириб, хожагон тариқатининг 8 рашҳа-қоидасини ишлаб чиқди (Кейинги тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, бу рашҳаларнинг дастлабки тўрттаси Юсуф Ҳамадонийга тегишли). Ўтган 9 аср мобайнида бу рашҳалар шарҳида кўплаб катта-кичик тадқиқотлар яратилган. Биз бу ерда уларнинг мазмунини бир оғиз сўз билан энг содда усулда айтиб ўтамиз, холос.
1. Хуш дар дам — ҳар бир нафас огоҳлик юзасидан бўлиб, ғафлатга йўл қўймаслик. Бошқача айтганда, фикру хаёлни бир ерга тўплаб, ёлғиз Оллоҳга қаратиш. Шундагина у ҳузур бағишлайди.
2. Назар бар қадам — ўз хатти-ҳаракатини муттасил назорат қилиш, нотўғри қадам, ножўя назардан сақланиш.
3. Сафар дар ватан — ботинда сайр: ўзликни англаш, қусурлардан қутулиб, фазилатлар касб этиш.
4. Халват дар анжуман — зоҳирда халқ, ботинда Ҳақ билан бирга бўлиш.
5. Ёдкард — ёдлаш, зикр этиш: Оллоҳни ёд этиб, бошқа нарсалардан кўнгил узиш.
6. Бозгашт — янгидан бошлаш, такрорлаш. Калимаи таййиба тил ва дил билан айтилиб: “Ҳудовандо, менинг мақсудим сенсан” жумласи зикр этилади. Бундан мақсад — Оллоҳдан бошқа яхши-ёмон фикрлардан халос бўлиш.
7. Нигоҳдошт — фикрни Оллоҳ ёди билан муқим сақлаш, хаёлга ўзга нарсаларни келтирмай, ташқи муҳитдан узилишга интилиш.
8. Ёддошт — ҳар лаҳза Ҳақдан бохабар бўлиш. Бунда Оллоҳ муҳаббати кўнгилни батамом қамраб олиб, бошқа ҳеч нарсага ўрин қолдирмайди.
Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувонийлар томонидан асослаб берилган бу 8 рашҳага Баҳоуддин Нақшбанд яна 3 рашҳа қўшиб, уларнинг ададини 11 тага етказади.
9. Вуқуфи замоний — муайян муддатда тўхтаб, ўзини ўзи текшириш, ўз ҳолидан огоҳ бўлиш.
10. Вуқуфи ададий — диққатни бир ерга жамлаш, паришон хаёллардан халос бўлиш мақсадида зикр ҳисобини аниқлаш учун тўхташ.
11. Вуқуфи қалбий — кўнгил огоҳлиги: қалб аҳволини билиш учун тўхташ. Бу зикрнинг энг юқори мақоми бўлиб, шуҳуд ва вусул мартабасига эришилади.
Бу 11 рашҳа хожагон-нақшбандия тариқатининг тамали бўлиб хизмат қилган.
Хожалар аҳлининг хожаси Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йили 76 ёшида вафот этган. У волидаи муҳтарамасининг оёқ томонида дафн қилинган. Қабри Ғиждувон шаҳрида табаррук зиёратгоҳ ҳисобланади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф оламида машҳур кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Унинг вафотидан кейин хожагон тариқати Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Мир Кулол Бухорий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби ўз замонасининг донгдор шайхлари томонидан давом эттирилган ва кенг шуҳрат қозонган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз таълимотини ваъзлари орқали тарғиб қилиш билан кифояланмай, бир қатор рисолалар ҳам ёзган. “Одоби тариқат” (“Тариқат одоби”), “Рисолаи соҳибия” (“Дўстлик рисоласи”), “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” (“Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг баъзи сўзлари”), “Рисолаи шайх уш-шуюх Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний” (“Шайхлар шайхи Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний рисоласи”) асарлари шулар жумласидандир.
Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуфий рисолаларидан ташқари, гўзал сўфиёна рубоийлар ижодкори сифатида ҳам маълум ва машҳур. Лекин шайх-шоирнинг бадиий ижод намуналари бизгача тўлиқ етиб келмаган. Биз турли адабий ва тасаввуфий манбалардан унинг 12 та рубоийсини аниқладик. Мазкур рубоийлар етук тариқат пирининг шеърий салоҳияти ҳам баланд бўлганлигидан далолат беради. Чунончи:

Гар дар дилат аз касе шикоят бошад,
Дарди дили ту аз ў бағоят бошад.
Зинҳор ба интиқом машғул машав,
Бадро бадии хеш кифоят бошад.

Гар бир кишидан дилда шикоят бўлгай,
Дил оғриғи ундан бениҳоят бўлгай.
Ҳеч ўйлама интиқом олишни, чунки
Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай.

Бу рубоий ҳам панд-насиҳат, ҳам фалсафий, ҳам диний мазмунга эга. Панд-насиҳатлиги шундаки, бирор киши сенинг кўнглингни оғритса, бундан беҳад изтироб чексанг-да, сира ундан ўч олишни ўйлама, зеро, ёмонга ёмонлигининг ўзи етарли жазодир, дейилмоқда. Фалсафий мазмуни эса қуйидагича: ёмоннинг ёмон бўлиб яратилганлигининг ўзи унга бир умрлик жазодир. Ҳарчанд уринма, сен унга бундан ортиқ жазо беролмайсан. Диний маъноси: яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Худодан. Ёмон ёмонлигига бориб, ўз ҳаддини билмай сени ранжитибдими, сен яхши бўлсанг, яхшилигингча қол-да, унга тенг бўлма — ёмонликка ёмонлик қайтаришни ўйлама. Бу икки жиҳатдан ўзини оқламайди: аввало, сен ҳам ёмонга тенг бўласан, қолаверса, илоҳий амрларга қарши борасан. Тўртинчидан, мўмин кишида кек-адоват бўлмаслиги керак, ўч олиш бу — шайтоннинг иши. Бинобарин, бировдан ўч олишга чоғланган одам бир лаҳза бўлса-да, шайтоннинг васвасасига учган бўлади. Шайтон васвасасига учиш эса иймоннинг сустлигидан дарак беради. Бешинчидан, халқ орасида яхшиликка яхшилик — ҳамманинг иши, ёмонликка яхшилик — мард кишининг иши деган улуғ бир ҳикмат асрлар давомида яшаб келади. Демак, ёмонликка ёмонлик билан жавоб берган кишининг оддий одамлардан фарқи йўқ, у олиҳимматлиликни даъво қилмаса ҳам, ўзини баркамол инсон деб ҳисобламаса ҳам бўлади. Ва, ниҳоят, олтинчидан, рубоийнинг асл мазмун-моҳияти шундаки, ёмонликка ёмонлик қайтаришни ўйлаган киши том маънодаги яхши одам эмас, унинг табиатида қайсидир даражада ёмонлик уруғлари мавжуд ва бировнинг ёмонлиги баҳонасида у юзага қалқиб чиқаяпти.
Кўриниб турибдики, биргина рубоий бир неча талқинларга асос бераяпти. Бу унинг бадиий юксаклиги, мазмунининг чуқур ва серқирралигидан. Айни пайтда, рубоий жуда содда ва равон бир услубда ёзилган. Унинг мазмунини тушунишда сира қийналмайсиз. Буюк сўз усталари теран фикрни ҳамиша ана шундай содда усулда ифодалайдилар. Донишмандликнинг олий кўриниши бу.
Шайх-шоир бир неча рубоийларида ишқ мавзуини ҳам ҳассослик билан қаламга олган. Бу рубоийлар, ўз бадиий қувватига кўра, ишқу муҳаббат куйчилари бўлган оташнафас шоирларнинг шеърларидан қолишмайди. Унинг ишқий мавзудаги рубоийлари ўз-ўзидан илоҳий маҳбубага бағишланган. Оллоҳ шундай бир улуғ зотки, унинг номиданоқ кўнгилларда ишқ уйғонади. Ундан келган ҳар бир номаю хабар ишққа лиммо-лим. Ҳақ йўлига кирган киши борки, бир умрга ошиқ бўлиб қолади, зеро, илоҳий даргоҳга олиб борадиган кўчанинг ҳар бир эшигу томидан ишқ ёғилади. Қуйидаги рубоий шу ҳақда:

Бир ёрки, унинг номидан ишқ ёғилади,
Ҳар номаю пайғомидан ишқ ёғилади.
Ким кўчасидан ўтса — у ошиқ бўлади,
Гўё эшигу томидан ишқ ёғилади.

Шарқ сўз усталари ижодида ўз истеъдодию салоҳиятидан, шон-шуҳратидан ифтихор қилиб ёзилган шеърлар ва алоҳида байтлар кўпчиликни ташкил этади. Бундай шеърлар фахрия деб аталади. Буюк тариқат пирининг қуйидаги рубоийси ҳам ана шу фахрия усулида яратилган: туғилган жойимиз Ғиждувон деган бир тоғнинг этаги бўлса-да, бугунги кунга келиб ҳатто Рум (ўрта асрларда ҳозирги Кичик Осиё (Византия) ва Греция ерлари шундай аталган) ҳам бизнинг қаламравимизда (яъни бизнинг истеъдод ва салоҳиятимизга тан бериб, қойил қолган):

Бар дўст муборакему бар душман шум,
Дар жанг чу оҳанему дар сулҳ чу мум.
Андар таҳи кўҳи Ғиждувон манзили мост,
Шамшири дурўя мезанем то дари Рум.

Биз дўстга муборакмизу душманга-чи — шум,
Жанг чоғида темирмизу сулҳ онида мум.
Ғиждувон тоғи этаги бизга макон,
Лек ҳукмимиз остида эрур ҳаттоки Рум.

Бу фикрларда сира муболаға йўқ. Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида ёзилишича: “… аларнинг валояти ул ерга еттики, ҳар вақт намозда Каъбага борурлар эрди. Аларнинг валояти кўп эрди ва Шомда аларға муридлар пайдо бўлдилар…”.
Маълум бўладики, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб рубоийларни тасаввуф шайхининг ўз ғоялари талқинига бағишланган сўфиёна рубоийлари сифатида эмас, балки сўз санъатининг бадиий баркамол дурдоналари тарзида ҳам ўрганиш мумкин. Чунки бу рубоийларда тасаввуф таълимотининг назарий қоидалари ифодасидан кўра кўпроқ ишқу инсонийлик тараннумини кўрамиз. Бинобарин, шайх-шоирнинг адабий мероси тўла топилса, у ўзбек мумтоз адабиёти хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Эргаш Очилов, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 30-сонидан олинди.