Е. Э. Бертельс. Навоий асарларининг Овруподаги илк таржималари

Алишер Навоий

Шарқ ва Ғарб адабиёти ҳамда тилларини қиёсий ўрганиш авжига чиққан йилларда машҳур шарқшунос Т.Бенфей “Orient uni Occident” деб номланган даврий журнал чиқара бошлади. Бу нашр Шарқ ва ғарб адабиёти, тилларини ҳамда маданий алоқаларини таҳлил қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шунинг учун журнал сайёр сюжетлар деб аталадиган адабий ҳодисани ўрганиш ва унинг ғарб адабиётидаги ўхшаш сюжетларини излаб топишга асосий диққатини қаратди. Журналда эълон қилинган материалларнинг катта қисми ҳозирги кунда бир қадар эскириб, илмий қимматини йўқотиб бўлди. Шунга қарамасдан бу тўпламларда бугунги шарқшунослар учун ҳам аҳамиятли жиҳатлар мавжуд.

Марказий Осиё адабиётлари тарихини ўрганишда Бенфейнинг ўзи 1866 йилда шу журналда эълон қилган кичик бир тадқиқот ниҳоятда муҳимдир.

(Jg III,H, 2,s./257-288 бетлар).

У “Кўҳна христиан” форс романи: Сарандиб шоҳининг уч ўғли саргузаштлари”[1] деб номланади. Мақолада “Сарапдиб шоҳининг уч ёш ўғли саргузаштлари. Армани Христофорнинг форс тилидан итальян тилига таржимаси. Венециялик Микеле Трамеззино томонидан 1557 йилда қайта ҳикоя қилинган” деб номланган ниҳоятда қимматли бир китоб ҳақида маълумот берилади. Мазкур китоб Овруполиклар томонидан илиқ кутиб олинган бўлса керак, чунки 27 йилдан сўнг 1584 йилда у иккинчи марта қайта нашр этилади. Сўнгра у 1611, 1622 ва 1628 йилларда яна чоп этилган. Шу китоб немис тилига таржима қилинган ва муқовасига “Сарандиб шоҳи Жаъфар ва уч ўғли саргузаштларининг қизиқарли баёни, итальян тилидан немис тилига Базел шаҳри фуқароси Иоганн Ветцлер томонидан таржима қилинди. Базел шаҳрида 1583 йилда босилиб чиқди” деб ёзилган янги таржима матнига асос бўлган.

Немисча матн 16 йилдан сўнг 1599 йилда иккинчи бор чоп этилган, сўнгра 1630 ва 1723 йилларда Лейпциг шаҳрида қайта босилган.

1719 йилда китобнинг француз, 1766 йилда голланд тилидаги таржималари эълон қилинди. Шундай қилиб, 209 йил ичида бу китоб 11 марта қайта нашр этилди, жумладан 4 марта XVI асрда, 4 марта XVII асрда ва 3 марта XVIII асрда.

Шунингдек, китоб 1577 йилда Венецияда, 1828 йилда Туринда итальян тилида қайта нашр этилган, французча таржимаси Амстердамда, 1721 ва 1722 йилларда қайта чоп этилган. Инглиз тилида 1722 йилда босилиб чиққан. Шундай қилиб, китоб Оврупода 15 марта нашрдан чиққан. (Д.Браун изоҳи.) Бу даврда Оврупода китоб чиқариш яхши тараққий этмагани ва унинг сони ҳақида фикр юритсак, таржималар ва қайта чоп этишлар мазкур китоб овруполикларда ниҳоятда катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

Китоб муаллифи кимлигини аниқлаш мумкин эмас. Иловага қараганда, у табризлик армани экани маълум. Бу ҳолат шу жиҳатдан аҳамиятлики, илгари, ҳатто ҳозирги кунда ҳам Озарбайжонда “форс тили” деганда, бугунги форс тили эмас, балки озарбайжон тили тушунилади. Форс тили эса “Фарс дили” дейилади. Шунинг учун Христофор бу минтақа учун ишлатган Lingua persiana ибораси таржимага қайси тил асос бўлган деган саволга тўлиқ жавоб бера олмайди.

Христофорнинг асари икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Сарандиб шоҳи (Цейлоннинг қадимги номи) уч ўғлини ақлли доно, зукко қилиб тарбиялаш мақсадида уларни ўспиринлдик чоғида тажриба орттирсин деган ниятда саёҳатга юборгани ҳикоя қилинади. Улар Эронга келиб қоладилар. Йўлда кетаётиб туясини йўқотиб қўйган бир кишига дуч келадилар. Йўқолган туяни кўрмадингизми деган саволга шаҳзодалар туя оқсоқол эмасмиди, унинг бир томонига асал, иккинчи томонига мой ортилганмиди, туяга ҳомиладор аёл минган эмасмиди, деб сўрашади. Туянинг эгаси бундай аниқ саволларни фақат туяни кўрган одамларгина бериши мумкин деган фикрга келади, аммо шаҳзодалар туяни кўрмадик деб жавоб қайтарадилар. Шунда у шаҳзодаларни ўғриликда айблайди ва қозининг олдига олиб боради. Шундай қилиб, улар Баҳром Гўрнинг ҳузурига келиб қоладилар ва туяни нега шундай таърифлаганлари сабабини изоҳлаб берадилар. Уларнинг зукколигига қойил қолган Баҳром шаҳзодаларни саройда қабул қилади, бу ерда улар ўз қобилиятларини яна бир бор намойиш этадилар: мусаллас тайёрланган узум қабристонда ўсгани, қовурилган барра қўзичоқни ит эмизгани ва ниҳоят Баҳромнинг вазири унга қарши фитна уюштирмоқчи эканини айтиб берадилар.

Бу эртак Шарқда яхши маълум бўлиб, унинг турли кўринишлари мавжуд. Асарнинг французча таржимаси Вольтернинг “Задиг” асарига асос бўлган де-йиш мумкин. Вольтер “Задиг”да юқоридаги вазиятни сақлаган ҳолда, фақат жумбоқ усулини ўзгартиради. Туя ўрнида қиролнинг оти ва қироличанинг кучуги тасвирланади. Бу ҳолатни “шарқ” усулини сақлаган ҳолда французча руҳни кучайтиришга интилиш билан изоҳлаш мумкин.

Марк Твеннинг “Том Сойер хорижда” асарида ҳам бу ҳикоя тўлиқ қайтарилади. Ҳикояда туя ва ва унинг хусусиятлари айнан тасвирланади. Албатта, М.Твен юқоридаги асар таржимасидан фойдаланган дея олмаймиз. Чунки ёзувчи бу новеллани “Минг бир кеча” таржималаридан олган бўлиши мумкин. У айнан қайси манбадан фойдаланганини махсус адабиётларсиз аниқлаб бўлмайди ва буни аниқлаш бизнинг вазифамизга кирмайди.

Асарнинг иккинчи қисмида Баҳром Гўр ҳақида ҳикоя қилинади. Шаҳзодалар ёрдамида у вазиридан қутулади ва уларни ўз хизматига қабул қилади. Айнан шу пайтда Баҳром ўзининг суюкли канизаги Дилоромни ҳайдаб юборган ва шу туфайли у ҳижрон азобида қийналиб, маъюслик дардига чалинган эди. Табиблар уни даволай олмайдилар. Шунда шаҳзодаларнинг маслаҳати билан унга еттита қаср қуриб берилади. Қасрларда у вақтини хурсандчилик билан ўтказиши лозим эди. Лекин бу ҳам ёрдам бермайди. Баҳром уйқусизлик дардига чалинганлиги сабабли кечалари ҳузурига турли мамлакатлардан келган сайёҳларни таклиф этишади, улар шоҳга эртаклар айтиб берадилар. Бу эртакларнинг мазмунини Бенфей тўлиқ келтирмайди. Фақатгина олтинчи эртак насронийлик руҳида эканини, еттинчи эртак эса қувғинда юрган Дилоромнинг саргузаштларини акс эттиришини баён қилади. Шундан кейин Баҳром сарсон-саргардонликда юрган ёрини тезда топади ва яна у билан бирга шод-хуррам яшай бошлайди.

Бундан Бенфей шундай хулоса чиқаради: асарнинг иккинчи қисми Низомий ёзган “Етти гўзал” достонининг ўзгинасидир. Фақатгина таржимон катта маҳорат билан достондаги ҳикоялар композициясини бир қолипга солган ва Низомийга хос шарқона шаклсизликни тузатган. “Бу нуқта,– деб ёзади Бенфей,– асарга ғарб санъати композициясига хос фазилат бағишлайди”. Шундан кейин у иккинчи бир тахминни ҳам илгари суради: “Форсча манбада бу афсоналар Низомийдан кўра яхшироқ баён этилган”.

Бенфей Шарқ қўлёзмалари орқали бу манбанинг асосини қидиришга уринмаган. Албатта, унга таъна қилишга бизда сабаб йўқ, чунки у даврдаги илмнинг даражасига кўра бу манбаларни ўрганиш ундан жуда катта меҳнат талаб қиларди. Бугун биз Христофор фойдаланган манба ҳақида, аниқ тасаввурга эгамиз ва Бенфейнинг иккала тахмини ҳам нотўғри деб дадил айта оламиз.

Биринчи навбатда Бенфей асарнинг иккинчи қисмига катта аҳамият берган ҳолда биринчи қисмга анча юзаки ёндашади. Бироқ асарнинг биринчи қисми ҳам шарқона аслият билан чамбарчас боғланиб кетганини кўриш қийин эмас.

Христофор асл манба сифатида ҳинд-форс шоири Амир Хусравнинг “Хашт биҳишт” (“Саккиз жаннат”) асарини олганига ҳеч қандай шубҳа йўқ ва биз қуйида буни кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз.

Бу асар 3352 байтдан иборат бўлиб, адиб томонидан 701/1302-03 йилларда тугатилган ва шоир томонидан “Беш хазина” деб номланган “Хамса” туркумининг охирги достонидир. Бу маълумотларни адибнинг ўзи достон охирида баён этган.

Амир Хусравнинг “Беш хазина”си Низомий достонларига назира тарзида ёзилгани маълум. Шунинг учун “Хашт беҳишт” асосида “Етти гўзал” достони туради. Лекин улар орасида маълум фарқлар ҳам мавжуд. Бизнингча, Амир Хусрав ўз асарида китобхонлар Низомий асари билан танишлигини назарда тутган ҳолда баъзи бир деталларга тўхталмайди. Анъанавий муқаддималардан сўнг у дарҳол Баҳром отасидан кейин тахтга ўтиргани ҳақидаги тасвирга ўтиб кетаверади. Бошқача айтганда, унинг ёшликдаги тарбияси, Яманга сафари ва салтанат тожини шерлар чангалидан олиб келиш воқеалари тушириб қолдирилади. Тахтни эгаллаган Баҳром давлат ишларини яхши вазирларига топшириб, ўзи кўнгилхушликка берилиб кетади. Унинг суюкли канизаги Дилором (Низомийда Фитна) Чин мамлакатидандир. Баҳром уни ўзи билан овга олиб боради. Ов пайтида Баҳром шароб ичиб, қовурилган қулон гўштини ейди. Шундан кейин уларни ўлдиришга кўзи қиймай қолади, фақат тутиб, тамғалаб қўйиб юборадиган бўлади. Шунинг учун у Гўрхон лақабини олади.

Кунлардан бир кун у Дилором билан овга чиқиб, унинг кўз ўнгида маҳоратини кўрсатади, икки марта ўқ узиб, урғочи кийик билан эркак кийикни боғлаб қўяди.

Дилором уни мақташ ўрнига: “Бундан ҳам яхшироқ отиш мумкин эди” дейди. Ғазабланган Баҳром: “Ундай бўлса ўша яхши отадиган одамнинг олдига жўна”, деб Дилоромни отдан тушириб, ёлғиз ташлаб кетади. Саҳрода бир ўзи қолган канизак узоқ сарсон-саргардонликдан сўнг хилват қишлоққа келиб қолади. Бу ерда одамлардан узлатда бир деҳқон яшар эди. У олим ва моҳир созанда бўлиб, барбад[2] чалишда унга ҳеч ким тенг кела олмас эди.

У Дилоромни ўзига қиз қилиб олади. Ўзига туҳфа қилинган қимматбаҳо тошни харжлаб, Дилоромга кўшк қуриб беради, у ўша ерда яшайди. Унга турли илмларни ўргатади, айниқса мусиқадан пухта сабоқ беради. Дилором шундай маҳоратга эришадики, у куйлаганда ҳаттоки ёввойи ҳайвонлар ҳам лол қоладиган бўлади. Унинг довруғи Баҳромга етади, унинг Дилором эканини билмай, деҳқондан шу қўшиқчини сотиб олишга жазм қилади. Баҳром ҳузурида Дилором қўшиқ куйлаб, саҳродаги ғизолларни чорлаб келтиради. Уларни ухлатиб қўяди ва яна уйғотиб қўйиб юборади.

Баҳром қойил қолади, аммо буни билдирмай: “Бундан ҳам каттароқ мўъжиза бор” дейди. Шунда Дилором: “Донолар санъатни мукаммал эгаллайдилар, улар мендан яхши бўлсалар-да, Баҳромдан баланд эмаслар”, – деб жуда нозик жавоб қайтаради.

Уни таниб қолган шоҳ кечирим сўрайди ва саройга қайтариб олиб келади. Шоирнинг таъкидлашича, “Хаварнака”да Баҳромнинг Ямандаги саройи тасвирланган. Баҳром ўз кўнгилхушликларини яна давом эттиради. У сарой аҳлини тўхтовсиз овлар билан жуда қийнаб юборади. Шунда Яман беклари Нуъмон ва Мунзир уни овдан совутишга ҳаракат қиладилар. Шу мақсадда улар бутун дунёни излаб, етти гўзал қизни олиб келадилар.

Меъмор Шида улар учун етти хил рангда еттита сарой қуради. Бу саройлар оқ қаср, сариқ қаср, яшил қаср, гулгун қаср, нилуфар қаср, сандал тусли қаср деб аталар эди.

Баҳромни бу саройларга таклиф этадилар. Лол қолган Баҳром шикорни унутади. Кечалари гўзаллар унга навбатма-навбат эртаклар айтиб берадилар. Бу ердаги етти ҳикоя мазмунан Низомийнинг достони билан узвий боғлиқ бўлса-да, мазмунан мутлақо фарқли жиҳатларга эга.

Ҳикоялардан кейин Баҳромнинг ўлими ҳақидаги сўнгги қисса келади. Кунлардан бир кун Баҳром яна шикорга чиқади. У ниҳоятда катта, қора қулонга йўлиқади ва уни қувиб кетади. Отилган камон ўқлари қулонга тегмайди. Баҳромни ортидан эргаштирган қулон чуқур жарликда ғойиб бўлади, Баҳром эса оти билан ўпқонга тушиб кетади. Қанча қидирмасинлар уни топа олмайдилар, жарликдан қаттиқ зарба туфайли майда-майда бўлиб кетган отнинг суяклари топилади.

Асосий мақсадимиздан узоқлашмаслик учун биз барча ҳикояларни таҳлил қилиб ўтирмай, биринчи новелла мазмунига тўхталамиз.

Сарандибда илму фанни жуда севган шоҳ яшарди. Унинг уч ўғли бор эди. Шоҳ фарзандларига яхши билим беради, сўнг уларни синаб кўриш мақсадида ҳар бирига ўз тахтини таклиф қилади. Уччала ўғил ҳам таклифни рад этади. Шунда шоҳ ўғилларини саёҳатга жўнатади. Йўлда улар бир қора занжига дуч келадилар, у шаҳзодалардан туя кўрмадингизми деб сўрайди. Биринчи шаҳзода жавоб ўрнига: “Унинг бир кўзи кўр эмасмиди?”,– деб сўраса, иккинчи шаҳзода: “Унинг бир тиши бўлмаса керак-а?” деб, учинчиси эса: “Бир оёғи оқсоқ эмасмиди?”, деб сўрайдилар, Занжи бу таърифлардан ўз туясини танийди. Шаҳзодалар унга қайси томонга юриш кераклигини кўрсатадилар. Жазирама иссиқда толиққан шаҳзодалар катта бир дарахт тагида дам олишга тўхтайдилар. Йўқолган туяни топа олмаган занжи яна уларнинг олдига келади. Шаҳзодалар уни саволга тутадилар: “Унга ёғ ва асал ортилганмиди?”, “Унинг устида аёл бормиди?”, “У аёлнинг ой-куни яқин қолганмиди?”. Шунда занжи уларни ўғирликда айблайди ва шоҳ ҳузурига олиб боради Шаҳзодалар оддий сайёҳ эканликлари ва ҳеч қандай туя кўрмаганликларини айтадилар. Ғазабланган шоҳ уларни зиндонга ташлайди. Тонгда кимдир арқони дарахт шохига ўралиб қолган туяни олиб келиб қолади.

Туя устидаги аёл хўжайинни қаердан қидириш лозимлигини айтади. Шоҳ асирларни озод этиб, улардан узр сўрайди. Кейин ҳеч қачон кўрмаган туяни қандай қилиб тўғри таърифлай олганликлари сирини сўрайди. Шаҳзодалар: йўл ёқасидаги ўтларнинг фақат бир томони ейилган, демак, унинг бир кўзи кўр, туёқ изларига қараганда унинг бир оёғи оқсоқ эди; чайналган барглардан унинг бир тиши йўқлигини сезиш қийин эмас дейишади. Сўнг давом этиб, йўлнинг бир томонидан пашшалар, иккинчи томонида чумолилар кўп эди; демак, хуржуннинг бир томонида асал, иккинчи томонида ёғ бўлган ва у тўкилиб борган; туя тиз чўккан жойда аёл панжасининг ҳам изи қолган, демак, бу аёл тураётганида қўлига таянган, шундан унинг ҳомиладорлигини тусмол қилдик, деб жавоб қайтаришади.

Йигитларнинг зукколигига қойил қолган шоҳ уларни ўз хизматига олади. Кунлардан бир кун у шаҳзодаларга барра гўшт билан мусаллас жўнатиб юборади ва шаҳзодалар овқатланаётганда уларнинг суҳбатини хуфиёна тинглайди. Улардан бири: “Мусалласда одам қони бор; иккинчиси: “Қўзичоқ итни эмиб катта бўлган”, учинчиси: “Шоҳимиз ошпазнинг ўғли бўлса керак”, дейди. Шоҳ текширишга тушади. Мусаллас тайёрланган узум қабристонда ўсган экан. Чўпон узоқ қаршилик кўрсатгандан сўнг онасини бўри еб кетган қўзичоқни болалаган итга эмизганини тан олади. Шунда аламзада шоҳ онасининг ҳузурига бориб, отам ким эди деб сўрайди. Онаси хафа бўлади. Ғазабланган шоҳ уни қистовга олади. Шунда она: “Кунлардан бир кун мен ухлаб ётган эдим, таом олиб келган ошпаз мени уйғотди. Уйқусираб турганимда эҳтирос ғолиб чиқди, биз қўшилдик ва сен дунёга келдинг”, деб иқрор бўлади. Лол қолган шоҳ шаҳзодаларнинг олдига бориб, улар бу воқеалардан қандай воқиф бўлганликларини сўрайди. Улар жавоб берадилар: “Мусаллас кайф ўрнига қайғуга солди; барра гўшти баданни қиздириб, сўлакни оқизди, демак, уни бирор махлуқ ёки ит эмизган; сиз суҳбатларда давлат ишларига қараганда таом ҳақида кўпроқ гапирасиз”. Шоҳ уларнинг ҳар бирига юз динордан туҳфа қилиб, уйларига жўнатиб юборади. Отаси уйга қайтган шаҳзодаларнинг тўнғичига сандал рангли тож, иккинчисига шу рангдаги қимматбаҳо чодир, учинчисига қора байроқ ҳадя этади. Бу аббосийларнинг рамзий рангидир.

Христофор қайта ишлаган эртак айнан шу афсонага асосланганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Деярли барча тафсилотлар мос келади, аммо бу ўринда икки мустасно бор:

1.Амир Хусравда номи тилга олинмаган шоҳ Баҳром Гўрга айланган. 2. Шоҳнинг келиб чиқишига эмас, балки вазирининг сотқинлигига урғу берилган. Христофор бу ўзгаришларни нима учун киритгани равшан кўриниб турибди. Ҳикоялар Баҳромнинг кейинги тақдири билан мустаҳкам боғланиши ва Баҳром шаҳзодаларни нега саройга олганини изоҳлаши лозим эди.

Албатта, биз Христофор эртакнинг бошқа нусхаларидан фойдаланган дейишимиз ҳам мумкин. Лекин, менинг фикримча, бундай эмас. Ўз олдига Баҳром ҳақидаги достонни қайта ишлаб чиқиш вазифасини қўйган Христофор, табиийки “Haft paykar” нинг турли нусхаларига диққатини қаратган. Достоннинг иккинчи қисмига доир манбалар ҳам аниқ. Канизак Дилоромнинг исми Амир Хусрав ёки Навоийни кўрсатиб турибди. Юқорида кўрганимиздек, Хусрав дос-тонларидаги ҳикоялар бир-бири билан узвий боғланган эмас. Фақат Навоийнинг “Сабъаи сайёр”идагина Баҳром еттинчи ҳикоя орқали канизаги тақдиридан хабардор бўлади ва уни излаб топади. Навоийнинг асари мавжуд бўлиб, ҳатто исмларигача бир-бирига мос тушиб турган ўринда Христофор асарга ўзича ўзгартириш киритган дейишга асос йўқ.

Яна бир жумбоқ мавжуд. Асарнинг иккинчи қисмидаги соф насроний руҳли ҳикояни қандай изоҳлаш керак? Афсуски, бу саволга ҳозир жавоб бериш қийин. Бенфей новеллаларнинг мазмунини баён қилмайди. Христофор Баҳром Гўр ҳақидаги достонларнинг хоҳлаган нусхасидан фойдаланиши мумкин эди. Аммо унинг Низомийдан фойдаланганига ишониш қийин, чунки Низомий ижоди билан танишлиги ҳақида асарда ҳеч қандай гап йўқ. Навоийнинг олтинчи ҳикояси Муқбил ва Мудбир ҳақида. Ундаги ахлоқий майлларга Бенфей насронийлик белгиси сифатида қараган бўлиши мумкин. Бу ўринда бошқа тахмин ҳам мавжуд: Христофор манбалардаги ҳикоялар изчиллигини сақлаши шарт эмас эди. Агарда у олтинчи ҳикояга Навоийнинг Фаррух ва Ахий ҳақидаги новелласини қўйганда, бу Бенфей учун насронийлик руҳини эслатиши мумкин бўларди.

Бу масалаларни ҳозир ҳал этиш имкони йўқ. Христофорнинг 11 марта чоп этилган асарининг бирор нусхаси топилса, бу жумбоқ осон ечилади. Ҳозирча бир нарса аниқ: табризлик армани Христофор ўз асарини Баҳром ҳақидаги достонга ўзига хос назира шаклида ёзган. Бу пайтда Навоий вафотидан бери жуда кўп вақт ўтмаган бўлиб, муаллифга “Хамса” яхши маълум эди. Буни ажабланадиган жойи йўқ. Бутун Яқин Шарқ дунёсида Навоий достонлари ниҳоятда машҳур эди. XVI асрда вафот этган озарбайжон шоири Фузулий Навоий асарларидан кенг баҳраманд бўлган, лирик асарларида ҳам, “Лайли ва Мажнун” достонида ҳам Навоий ижодидан илҳомланган. Грузин шоири Цицишвилининг “Етти гўзал” достони ўз асосига кўра Низомий эмас, Навоий ижодига тақалишини профессор К.Кекелидзе кўрсатиб ўтган эди. Бу мавзу Б.Т.Руденко томонидан ёрқин исботлаб берилган.

Фикримизча, Христофор томонидан қайта ишланган Навоий достони, ҳали китоб босиш ишлари тараққий этмаган даврдаёқ овруполиклар онгини сеҳрлаб олган ва Овруподаги бешта йирик давлат ўқувчилари орасида кенг тарқалган эди.

Тўғри, армани ҳикоячиси Навоий номини тилга олмаган. Ўқувчи қайси Шарқ шоири асарини ўқиётганини билмаган, албатта. Лекин факт – фактлигича қолади – Навоий ижоди овруполик ўқувчи юрагига етиб борди ва уни мафтун қилди…

Бенфей илгари сурган тахминлардан иккинчиси тўғри эканини эътироф этмоқ лозим. Христофор эркин таржима қилган асарнинг асл матни бор эди, у ҳозир ҳам мавжуд. Фақат у, Бенфей айтганидек, форс тилида эмас, эски ўзбек тилида битилган эди…

Навоий асарларининг мукаммал библиографияси ва ижодини ўрганиш тарихини яратиш пайтида Христофорнинг асарини ҳам эътиборда тутиш лозим. Саъдий “Гулистон”ининг таржимаси Оврупода XVII асрда амалга оширилганини эсласак, Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони Оврупода илк таржима этилган ва ғарб ўқувчилари орасида катта шуҳрат қозонган Шарқ адабиёти намунаси бўлиб чиқади.

Машҳур шарқшунос Е. Э. Бертельснинг мазкур мақоласи 1943 йилда Тошкентда ёзилган ва биринчи марта муаллифнинг «Навоий ва Жомий» номли йирик китобида (М., 1965) эълон қилинган.

Русчадан Улуғбек Абдуллаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон

———————

[1] Мақола журналнинг кўрсатилган сонида тугалланмаган, унинг биринчи қисми чоп этилган, холос. Афсуски, мен хозир журналнинг кейинги сонларида роман охиригача эълон қилинган ёки қилинмагани ҳақида изоҳ бера олмайман (Муаллиф изоҳи-таҳр.).

[2] Барбад – сознинг номи.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!