Дунёнинг буюк романлари: Франсуа Рабле. Гаргантюа ва Пантагрюэль

ФРАНСУА РАБЛЕ (1494–1553)

Рабле ижоди ўз таъсирига кўра шу қадар улуғ эдики, гоҳо муаллиф номи унинг панасида қолиб кетади. Рабленинг ҳаёти ҳақида хилма-хил афсоналар юрарди: унинг отаси трактир (кичикроқ ошхона) эгаси бўлган, унинг ўзи эса тараллабедод ҳаёт кечирган. Рабле ўлаётганда оғзидан бетаҳоши сўзлар чиққан эмиш. Ёлғондан ростни ажратиш учун олимлар озмунча тер тўкмаганлар. Машҳур китобнинг яратувчиси Шинон яқинидаги Луара водийсида жойлашган Ла Девинья деган жойда дунёга келган. Унинг айнан қачон туғилганини ҳалигача билмаймиз, 1483 ва 1495 йиллар оралиғида бўлса керак. Рабленинг отаси ҳуқуқшунос бўлиб, бой шаҳар казолари орасида анча-мунча обрўга эга бўлган, романда Грангузье номи остида келади. Тахмин қилишларича, Рабле оилада эрта, етти ёки тўққиз ёшида роҳиб бўлган ёш болакай эди.

Роҳиблик Раблени бахтли қилолмади. Буни унинг асаридан яққол билиб олса бўлади. У бир монастирни бошқаси билан алмаштириб, эркин руҳоний бўлиб олади ва Монпалье университетида тиббиётни ўргана бошлайди. Ҳозирги тиббий олий ўқув юртлари талабалари унинг муваффақиятларига ҳавас қилса арзийди. 1530 йилда ўқишни тугатгани ҳақидаги дипломни олиб, Рабле 1531 йилдаёқ Гиппократ ҳақида маърузалар ўқийди, яна бир йил ўтгач эса у Лион касалхонасининг шифокори қилиб тайинланади.

Шу ерда у номини абадий шарафга бурковчи китобларини ёза бошлайди. Бу шонли воқеа содир бўлган вазиятларнинг қанақалигини акс эттирувчи ашёвий далил йўқ, аммо шу нарсани биламизки, 1532 йилда “Баҳайбат ва улкан одам Гаргантюа ҳақидаги буюк ва бебаҳо йилномалар” деган ном остида халқ китобчаси пайдо бўлди. Унинг муаллифи Рабле эмасди, бироқ уни Рабле таҳрир қилган бўлиши мумкин. Мана шу китобча Раблега қалам олиб, давомини ёзишдек бахтли фикрни қулоғига айтган. Китоб омманинг кўнглига ёқди ва муаллиф романга янги кириш сўзи ёзишга қарор қилди, бу билан Гаргантюа қилиқларининг ўз версиясини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилади. Китоб номи аввалгидай қолди, фақат тадрижий жиҳатдан иккинчисидан олдинги биринчи қисми кейинроқ ёзилган эди. Учинчи ва тўртинчи китобларда (“Le Tiers Livre”, “Le Qurt Livre”) Пантагрюэлнинг кейинги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинган. Бешинчи китоб (“Le Quint Livre”) Рабленинг вафотидан кейин чоп этилган эди ва унинг аслиятлиги кескин баҳсларга сабаб бўлганди. Кўпчилик тадқиқотчилар шундай тўхтамга келишганки, қоралама қўлёзмани тугаллашга улгурмаган Раблега қарашлидир. Аммо уни нашрга бошқа одам тайёрлаган.

Рабле ислоҳотлар бошида ижод қилган, ўшанда даҳрийликда заррача шубҳа қилинган одам қаттиқ жазога тортилган, бундай жазони ўзгартириб бўлмаган. Унинг дўстларидан бири, ношир Эттен Доле даҳрийликда айбланган ва ўтда куйдириб ўлдиришга ҳукм қилинган эди. Рабле протестант ҳам, ҳурфикр ҳам, даҳрий ҳам эмасди, диний масалаларга жиддий қарар эди. Аммо у черков тизимининг шартаки танқидчиси эди. Ўтмишда роҳиблик паллаларида Рабле францискан тариқатидаги монастирлик асосларининг зиддиятларига дуч келди. Тариқат муқаррар равишда лаёқатли йигитчага ҳасад кўзи билан қараган ва унинг юнон тили машғулотларига қаршилик кўрсатган эди. Энди Раблега Сорбоннанинг илоҳиётшунослари чанг солдилар – улар Франциядаги ортодоксалчилар таянчи ва ашаддий ғанимлар эди. У ўйлаб-нетиб ўтирмай кардинал Жан дю Белле ҳомийлигини қабул қилди, у билан шахсий табиб ва ишончли маслаҳатчи сифатида Римга бир неча марта саёҳат қилди. 1546 ва 1547 йилларни Рабле Мецда ўтказди, у пайтда Сорбоннадан анча олисда жойлашган Мец Франция таркибига кирмасди. 1550 йилда Париждан бир неча миль наридаги Медондаги диний хизматдан Рабле истеъфога чиқади. Рабле 1553 йилда вафот этди ва миш-мишларга қараганда Парижда дафн қилинган. Бироқ унинг қабрини топиш имкони бўлмаган. Рабле шу қадар илтифотли инсон эдики, ҳар бир одам унда кўнглига ёққан ҳамма нарсани топар эди. Баъзилар учун у ҳазилкаш қизиқчи бўлса, бошқалар уни ҳушёр ислоҳотчи-ахлоқшунос деб билгандилар. Бундай ислоҳотчи ўз ваъзларига одобдан ташқари шакл бериб, кўпроқ тарафдорлар тўплай оларди. Бу нуқтаи назарнинг ҳар иккаласи ҳам жиддий мулоҳазаларни талаб этади. Бироқ Рабле бизга ким бўлиб намоён этилган бўлмасин, унда муаллифга замондош бўлган давр кўзгудагидек акс этиб туради. Ҳаётнинг, тафаккурнинг бирон-бир жиҳати йўқки, унинг китобларида ўз аксини топмаган бўлсин, зеро, англашга муҳаббат, ажойиб ҳаётсеварлик илк Уйғониш даврининг ўзига хос хусусиятини ташкил этади.

 

ГАРГАНТЮА ВА ПАНТАГРЮЭЛЬ

Қатнашувчилар

Қаҳрамонлар романда уларнинг пайдо бўлиш тартиби бўйича тақдим этилган. Бутун китоб ва ҳар бир бобдан олдин-кейинги воқеаларнинг қисқача тафсилоти келтирилади. Бу рўйхатда биринчи (“Гаргантюа”) ва иккинчи (“Пантагрюэль”) китобдаги қаҳрамонларнинг исмларигина келтирилган. Барча номлар улар французча матнда қандай тақдим этилса, ўшандай ёзилмоқда.

Алкофрибас Назье (Франсуа Рабле номининг анограммаси) муаллиф лақаби.

Гаргантюа (Рабледан анча олдин машҳур бўлган афсонавий исм) – қувноқ, улкан-мечкай, биринчи китобнинг бош қаҳрамони.

Грингузье (катта ҳалқум) – Гаргантюанинг отаси, биринчи китобда – Шинон атрофидаги жойда мулкларнинг ҳукмрони; иккинчи китобда – Утопия қироли; оқкўнгил қишлоқ боёнига ўхшаб кетади.

Тубал Олаферн (икки библия номи) – Гаргантюанинг биринчи муҳаббати, эски урфдаги педант (расмиятчи одам).

Эвдемон (бахтли, омадли) – Гаргантюага ҳамроҳ бўлган маҳрам.

Дон Филипп де Маре (эҳтимол бор бўлган, аммо бизга нотаниш кимса) – боён, Грингузье ўғлининг таълим олиши бўйича шу билан маслаҳатлашади.

Мажстр Ианотус де Брагмардо (эҳтимол, муайян бир олимнинг кулгили қиёфаси) – Париждаги Биби Марям жомесининг қўнғироғини қайтариб олиб келишга юборилган Сорбонна мантиқшуноси; овози панг, тили чучук педант.

Понекрат (бақувват, кучли) – инсонпарварлик таълимоти масалаларида Гаргантюанинг мураббийи.

Гимнаст (атлет) – Гаргантюанинг сайиси.

Ризатом (илдизқирқар) – Гаргантюанинг маҳрами ва боғбони.

Пикрахол (аччиқ зардоб) – жангари ва такаббур қирол Лерне; М.де Сент-Март деган одам унга прототип бўлиб хизмат қилган, Рабленинг отаси у билан судлашган.

Фанфарон (мақтанчоқ) – Пикрохолнинг жўмард саркардаларидан бири.

Жан-Тишмайдалагич ака – аббатликни Пикрохолдан сақлаб қолган сейалик шавкатли роҳиб.

Ульриз Галле (Эҳтимол, Жан Галледир, Рабленинг Сент-Март билан судлашган отаси шу ном остида яширинган) – Грангузьенинг Пикрохолга юборган элчиси.

Пантагрюэль (Рабледан анча олдин машҳур бўлган афсонавий исм; даставвал, ташналикни қондирадиган майда иблис) – Гаргантюанинг ўғли, иккинчи-бешинчи китоблари қаҳрамони; ақлли, кўпёқлама таълим олган шаҳзода.

Бадбек – кўзи ёриётиб оламдан ўтган Пантагрюэлнинг онаси.

Эпистемон (тажрибали) – Пантагрюэлнинг мураббийи.

Лимузинчи талаба – Париж дорилфунуни талабаси, лотинлаштирилган гротеск (масхарабоз) лаҳжасида гапиради.

Панург (ҳар нарсага қодир, каззоб, муттаҳам) – Пантагрюэлнинг маблағларда доғули, пойинтар-сойинтар иш кўрувчи ҳамроҳи.

Шаробхўр ва Кетялар – икки судбоз, уларнинг баҳсини Пантагрюэль бир ёқлик қилади, ҳар иккови кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жанжалдан боши чиқмайди.

Таумаст (ҳайратомуз) – Панург мубоҳасалар олиб борган инглиз олими (эҳтимол, сэр Томас Мор[1] бўлгандир).

Эвсфин (барваста) – Пантагрюэлнинг ҳамроҳи.

Карпалим (эпчил) – Пантагрюэлнинг бошқа ҳамроҳи.

Анарх (қонунсиз) дипсодлар (“муштоқлар”) қироли, Пантагрюэль уни мағлуб этган.

Утопия (ўзи йўқ жой) – Гаргантюа қироллигининг Томас Морнинг шу жойдаги китобидан олинган номи.

 

РОМАННИНГ СЮЖЕТИ

Гаргантюа – Шинондан сал нарида истиқомат қилувчи одамшаванда улкан зот. Утопия қиролининг дабдабали унвонига сазовор бўлган отаси Грангузье аслида бор-йўғи қишлоқ боёни бўлиб, унинг мулки бир неча миль квадратни ташкил этади. Гаргантюа болалигидан ҳайратомуз қўмақайлиги билан танилади, қолган нарсаларда барча ўсмир болалар қандай бўлса, у ҳам шундай. Эскича таълимдан қониқмаган отаси ўғлини Парижга ўқишга юборади. Унга мураббий Понократ ҳамроҳлик қилади, у Гаргантюанинг онгига ўз замонасининг янги инсонпарварлик қарашларини сингдиради. Шаҳарда Гаргантюа бир қанча саргузаштларга дуч келади. Шулардан бири Париждаги Биби Марям ибодатхонасининг қўнғироқларини ўғирлашдир. Бу қўнғироқларни Гаргантюа биясининг бўйнидаги мунчоққа осиб қўймоқчи бўлади. Шу орада Грангузье ва қўшниси монарх Пикрохол ўртасида чинакам уруш чиқади. Пикрохол исми остида Рабленинг отаси билан судлашиб юрган ер эгаси тасвирлангани истисно этилмайди. Casus belli[2] пуч гап бўлиб чиқади: қирол Пикрохолнинг фуқаролари бир нечта конни ўғирлашади, аммо уруш ҳазилакам тус олмайди, бу қонга қон, жонга жон урушига айланади. Отасидан хабар келгач, Гаргантюа шоша-пиша уйига қайтади ва рақибининг абжағини чиқаради. Бунда унга Жан – Тишмайдалагич лақабли бетайин роҳиб ёрдам беради – у француз роҳиби Тукдан бир туки кам эмасди. Миннатдорлик юзасидан Гаргантюа Жаннинг онаси учун дабдабали аббатлик қуриб беради, унинг ҳаёти ўрта аср монастирлик ҳаётига мутлақо тескари тамойилларга асосланган эди. Монастирнинг эркагу аёл аҳли бир-бирлари билан никоҳдан ўтишлари мумкин эди: улар тоат-ибодатлар билан вақт ўтказмай, спорт ўйинлари ва гуманитар илмларни ўрганиш билан машғул бўладилар. Монастирдаги “Истаган нарсангни қил”, деган шиори шундан яққол гувоҳлик бериб турибди.

Иккинчи китоб биринчисининг қайсидир маънода заиф такрори ҳисобланади. Унинг бош қаҳрамони Гаргантюанинг ўғли Пантагрюэль бўлиб, отасидан олийжаноблик ва сира сўнмас иштаҳани мерос қилиб олган. Отасига ўхшаб, у ҳам Парижга боради, у ерда ҳуқуқ ва фалсафий мубоҳасаларда иштирок этиши шарофати билан машҳур бўлиб кетади. Шу ерда у китобнинг аксилқаҳрамони, каззоб Панург деган одам билан ошлашиб қолади. Унинг Пантагрюэль билан муносабатлари Фалстафнинг шаҳзода Хел билан муносабатларини эсга солади.

Шу орада дипсодлар (“муштоқлар”)нинг Утопияга бостириб кирганлари ҳақида хабар келади. Пантагрюэль қайтиб келади-да, душман кўшинини тор-мор этади – у ўзидан шунчалик кўп пешоб чиқарадики, яқин-атрофида турган одамлар битта қолмай пешобга ғарқ бўлиб ўлади.

Учинчи китобда Панург қонун бўйича янги уйланган эркак ҳарбий хизматга бир йил кейин чақирилишини эслаб, уйланишга жазм қилади ва дўстларидан маслаҳат сўрайди. Улар аёллариннг феъл-атвори ва ижтимоий аҳволини муҳокама қилиб, охири кўринмас баҳсга киришиб кетадилар, бир қанча бообрў олимларга – илоҳиётшунос, қонуншунос, фалакшунос, шифокор, файласуф ва қизиқчиларга мурожаат қиладилар. Уларнинг жавоблари бир хил бўлса-да, тасалли бермас эди, бироқ тиниб-тинчимас Панург яна бир кишининг фикрини билишни истайди: у Илоҳий Шишанинг Оракулидан ёрдам олишни тавсия этади. Учинчи китоб сайёҳлари ўзлари билан олиб юрадиган пантагрюэлион номли гиёҳнинг тавсифи билан якунланади. Гиёҳ аслида наша ўсимлиги эди, унинг мана бунақа аталишига сабаб, девқомат Пантагрюэль мудом ташналик азобини тортиб юради, жаллод сиртмоғи шаклидаги наша (кўкнор) эса бўйинни қилтириқ қиладиган хусусиятга эга.

Тўртинчи ва бешинчи китоблар Оракулни қидиришдаги саёҳатлар тафсилотларидан иборат. (Бу китобда олимлар саёҳатлар, хусусан, Шимоли-ғарб йўлини қидиришга отланган сайёҳлар ҳақидаги ҳикояларнинг таъсирини кўзда тутадилар). Сайёҳлар кўплаб ғаройиб ерларга қўнадилар бу ерлар мажозан турли билим вакилликларини намоён этади, Рабле ўткир кулги остига олган бу даргоҳлар орасида руҳонийлар, қозилар, хазинабонлар, фалсафа олимлари ва бошқалар учрайди. Айрим лавҳалар саёҳатчиларнинг ўзида ҳеч қандай маънони касб этмаган шунчаки муллажирингини ифодалаган. Бунга шундай бир мамлакат мисол қилиб олинадики, у ерда ҳаво азбаройи совуқлигидан одамлар музга айланиб қоларкан, баҳорда эса эрир экан – бундай саргузаштлар барон Мюнхгаузен лофларида қайта-қайта такрорланади.

Бешинчи китоб охири нуқул мажозий маънода ёзилган. Шарҳловчилар кўпчилигининг фикрича, Илоҳий Шиша ичида шаробдан кўра ҳақиқатнинг ўзи жойлашган, унинг барча мижозлари у томон интилганлари-интилган. Мақсадга етишдан олдин сайёҳлар виждонли ва тиришқоқ халқ яшайдиган Финус мамлакатидан ўтадилар. Йўлни ёритиб бориш учун улар Пьер Ами деган одамни ёллайдилар. Шу ерда Рабле шундай номга эга, Раблега юнон тилини ўргатган роҳиб – Францискола эҳтиром изҳор этади. Охири улар қоҳина Бакбук қўл остида бўлган Оракулга етиб келадилар.

Бакбук барчага бир стакандан зилолдай тиниқ сув улашади, ҳар ким ўз стаканидаги сувда ўзининг севимли ичимлигини кўради, – ҳақиқат ҳам шундай, уни одамларнинг ҳар бири ўз ҳолича тушунади. Оракулнинг нутқини рамзий маънода ҳам талқин қилиш мумкин; у бир маънони илгари суради: “Ич!” Баъзи олимлар шундай тахминга борадиларки, Рабле ўз ривоятини давом эттиришни ният қилган, жуда бўлмаганда Пантагрюэлнинг юртига қайтиши давригача кечган воқеаларни тасвирламоқчи бўлган. Нима бўлганда ҳам китоб яхшилик билан тугайди.

 

ШАРҲ

Очиғини айтиб қўя қолайлик: Раблени ўқишдан кўра ундан кўпроқ ҳайратга тушадилар. Кўплар асосан унинг уятли ёзувчилик обрўйига маҳлиё бўлиб, бу муаллифни кашф этади. Улар ўзларига бино қўйган ҳолда, модомики, китобда уят нарса учрар экан, ҳаммасини бип-бинойидек англаш учун на саъй-ҳаракатнинг, на лаёқатнинг кераги бор, деб биладилар. Бироқ Рабленинг буюк ижоди кўп ҳолларда ўқувчи учун Жойснинг “Улисс” романи сингари муаммоларини намоён этади: ҳар иккала романда сўзлар бениҳоят кўп ишлатилган, ўндан ортиқ тиллардаги олимлар асарларидан иқтибослар келтирилган, аллақачон унутилиб кетган одамлар ва воқеалар ёдга олинади. Раблени муфассал ўзлаштириш учун бутун умр керак бўлади. Шу боис билими ўртамиёна ўқувчи уни юзаки ва таталаб ўқиганидан хижолат тортмаса бўлаверади. Аввалига “Гаргантюа”ни бутунисича қўлга олмоқ зарур, кейин эса ўз маъносига қараб бошқа тўрттала китобдан ёққан-ёққан жойларни танлаши мумкин. Таълимга ва унга замондош қарашлари бўлган илм даргоҳларига Рабленинг қандайлигига қизиққанлар эса учинчи китобда Панург маслаҳатини олган олим баён тўғрисидаги, грипп, Бридуа, Рондибилис ва бошқалар тўғрисидаги лавҳаларни мутолаа қилсинлар, кейин эса бешинчи китобнинг кулгили ва рамзий маъноларига мурожаат этсинлар, уларда Папиманлар ороли, Юнгдор Мушуклар мамлакати, Авлиё Шиша Оракули ҳақида ривоят қилинади. Серзавқ, мароқли ҳикоя қилинган воқеаларни излаган китобхонлар эса асарда уларни жуда кўплаб учратадилар.

Ўн тўққизинчи аср китобхонларига, хусусан, бу викториан давридаги китобхонларга тааллуқли, Раблега бу борада омад кулиб боқмаган: унга жирканчлик ва ҳақоратли сўз устаси деган “тож” кийдирганлар. Ўша даврдан кўплаб ёзувчилар бу қадар очиқ ижод қилмаганлар. Ҳокимият Рабленинг китобларини тақиқлаб қўйди, уларни ахлоқ-одоб доирасидан ташқари, куфрона асарлар деб тавқи лаънат кийдирди. Аммо китобда бузуқлик, нажасбозлик, фоҳишабозликдан кўра мечкайлик тафсилотлари устунлик қилади. Фаҳш егулик ва ичгулик сингари соғлом ҳайвоний лаззат сифатида тасвирланади. Раблени бузуқлик ёки асабийликни тарғиб этишда айблаш учун заррача асос йўқ. Унинг қаҳрамони Пантагрюэль зинҳор ичкилик ё бузуқлик шайдоси эмас. Аксинча, у ақлли, доно ва ҳақгўй шаҳзода. Ҳамма нарса Рабленинг ўзи мулойим ва меҳрибон, ҳаётни барча баланд-пастликлари билан севувчи, ўз қобилияти ва билимини замонасининг буюк муаммоларини ҳал этишга бағишлаган инсон бўлганидан дарак беради. Гоҳо бу масалаларни талқин этишда оғзи шалоқлашиб кетади, гоҳо чуқур тафаккурга чўмади, аммо ҳар иккала ҳолда ҳам у лафзи тез ва ҳушёр.

Рабле шиддатли ўзгаришлар даврида яшади. Антик фанлар ва санъатлар уйғониши Европа маданияти қиёфасини ўзгартириб юборди. Янги билим таълимга бошқача ёндашувни талаб этди; ўқиш-ўқитиш дастури бундан кўра тўлароқ бўлиши ва илгаригига қараганда дунёвий билимларга кўпроқ ўрин бериши керак бўлди. Рабле софист Тубал Олоферн мисолида эски тузум устидан кулади. Гаргантюани алифбони тўғри ва тескари томонга қараб ўқий олишга ўргатиш учун Тубал нақ беш йил сарфлайди. Инсонпарвар Понократ янги тизимнинг вакили бўлиб чиқади. “Гаргантюа” китобининг 23-24-бобларида, Понократ фикрича, мўътадил таълимли одам билиши шарт бўлган фанларнинг ўқитилиши тавсифланади. Бунда Рабле тор доирадаги мутахассислар ёки калавасининг учини йўқотган олимлар тайёрлаш ҳақида ўйламаганди; йўқ, у ҳар тарафлама ва мустаҳкам билимли одам ҳақида орзу қилган эди.

Рабленинг антиклерикаллиги ва унинг илмга қизиқиши айримларни уни ҳурфикр ва ҳатто моддиюнчи бўлган, дея хулоса чиқаришга олиб келган. Бундай хулосаларга асос йўқ, унинг китобларида гоҳ-гоҳ насроний тақводорлик эътирофлари шу қадар самимийки, уларни ўқигач, юқоридаги шубҳаларга ишониш қийин. Рабле даврида кўплаб ҳалол руҳонийлар черковни танқид қилмай туролмаганлар.

Рабленинг тили – фақат французларгина ҳукм чиқаришга муносиб восита, аммо таржимада ҳам унинг пурмаънолиги сезилиб туради. Сўзлар сувдай оқиб келаверади: архаизмлар ва неологизмлар, сарой аҳли ва деҳқонлар нутқида учрайдиган хос сўзлар, маънодор илмий ифодалар ва лаҳжа, юнон, лотин, яҳудий, инглиз, нидерланд, олмон, дониё, баск тилларидан олинган сўзлар, шунингдек, Рабленинг ўзи кашф этган иборалар ва ҳоказо. Кеч француз насри даврининг нафис неоклассицизмига янада ўхшамайдиган ҳеч нарса йўқ: сўзлар рўйхатлар ва катологларга тўпланиб, улардан, ўз навбатида, бутун бошли боблар юзага келади. Бу чек-чегара билмас исрофгарчилик китобнинг деярли ҳар бир саҳифасида нафас олувчи ҳаётбахш кўтаринкилик ифодаси ҳисобланади: Гаргамелланинг ичак-чавоқ тушлиги, Пантагрюэль чақалоғининг парҳез таоми, Пикрохолнинг фотиҳман деб кўкрагига уришлари, Панургнинг бемаза қилиқлари шулар жумласидандир. Ҳаттоки қаҳрамонларнинг нутқи ёки қиёфалари бўлсин, Рабле фикри дахл қилган ҳамма нарса улкан ҳажмларга эга бўлган. Рабленинг тилга бўлган муҳаббати ҳам унинг ҳаётга бўлган ўчлигига жонли гувоҳдир.

Тайёрловчи Амир Файзулла

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон

_______________________

[1] Инглиз уттопик социалисти.

[2] Casus belli (лот.) – урушга баҳона.