Дилором Тўраева. Олмос юрак соҳиби

Адабиёт инсон маънавияти, дунёқараши ва тафаккур доирасини кенгайтиришга хизмат қилса, унинг ажралмас қисми бўлган болалар адабиёти келажагимиз эгаларини тарбиялайди. Ёшлигидан китобга, адабиётга меҳр қўйган бола мустақил фикри, кенг дунёқараши ва билим доираси билан бошқа болалардан ажралиб туради. Ўзбек халқининг “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар” мақоли китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар беқиёс эканлигини яна бир карра намоён этади.

Ўзбек болалар адабиёти ижодкорларидан бири Қудрат Ҳикмат қисқа умр кўрган бўлса-да, болалар шоири зиммасидаги ишларни қилишга улгурди. Вафот этганига ярим асрдан ортиқроқ вақт ўтганига қарамай, китоблари қайта нашр этилмоқда, шеърлари мактаб дарсликлари саҳифаларидан тушмайди. Бунинг асосий сабаби, шоир асарлари тарбиявийлик, маърифатпарварлик, ватанпарварлик, она табиатни севиш каби туйғулар билан бойитилганида.

Қудрат Ҳикмат қалбида шеъриятга муҳаббат мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ туғилган. Устоз Қуддус Муҳаммадий ёш қаламкашнинг адабиёт оламига кириб келишига сабабчи бўлди. Қудрат Ҳикмат шеърлари ойномаларда чоп этила бошлади.

“Урушдан кейинги оғир йиллар… Ойбекнинг Ўзбекистон ёзувчиларига раҳбарлик вақтлари. Кунларнинг бирида ёзувчи кабинетига устида йиртиқ кўйлак, бошида эски дўппи, оёқяланг бир йигит кириб келди. Шимининг чўнтагидан тўрт букланган қоғозни олиб: “Эшитинг, Ойбек ака, шеър ўқийман”, деди. “Ўқинг, ўқинг”, деди Ойбек. Йигит шеър ўқиди. Шеърни ўқиб бўлиб у адибдан ўзининг асари ҳақида бирон нарса эшитгиси келди. Лекин Ойбек ҳеч нарса демади. У шеърни эҳтирос билан ўқиб берган бу йигитга бошдан оёқ разм солиб қаради ва секин ўрнидан туриб, уни эргаштириб литфонд раисининг олдига олиб кирди. Йигит янаги сафар бу идорага келганида янги костюм-шимда эди…”[1]. Қудрат Ҳикмат Ойбекдан шу тариқа биринчи йўлланмани олган. 1947 йилда бахши Ислом шоир Назар ўғлига адабий котиб сифатида хизмат қилиши шеъриятга бўлган интилишнинг янада камол топишига ёрдам берди. 1950 йилда “Менинг ватаним” номли илк шеърий тўплами нашр этилди. Шундан сўнг унинг “Бахтли болалар”, “Тинчлик-ободлик”, “Дўстлик”, “Уч ўртоқнинг совғаси”, “Набира меҳри”, “Онахоним”, “Алишер ва китоб”, “Тошбақалар ҳужуми”, “Соатжоннинг соати”, “Дайди бола”, “Ўғлим билан суҳбат”, “Чирчиқ фарзанди”, “Илоншоҳ ва унинг амалдори ари ҳақида эртак” каби йигирмага яқин китоблари босмадан чиқди.

Қудрат Ҳикмат ҳажвий жанрга мансуб бир қатор асарлар ҳам ёзди. “Ҳайрон қолдирар”, “Яхши эмас”, “Толиб сўлақмон”, “Дангаса”, “Бўлган экан…”, “Эркатойим ҳали ёш”, “Тантиқ”, “Мен “икки”дан қандай қутулдим?” каби шеърлар шулар жумласидан. “Тантиқ” шеърида ота-онасининг арзандаси Ваҳоб исмли боланинг характеридаги манманлик, дангасалик, ўқишга бепарволик, айёрлик каби камчиликлар фош этилган. “Яхши эмас” шеърида янги пойафзал кийиб лой кечадиган, эгнидаги кир халатини ечишга эринадиган, ҳаттоки бошидан тушган дўппини олиб кийишга ярамайдиган Исоқ каби эринчоқ, ландавур бола образи тасвирланган. “Толиб сўлақмон” шеърида меҳнатдан қочадиган, дангаса, безори, озодаликка ҳуши йўқ, “икки”чи боланинг кирдикорлари кўрсатилган. Катталар иш буюрганда баҳона қидирадиган, кўчада “тегмаганга тегиб, текканга кесак отадиган”, эгнидан кир кўйлакни ечмайдиган, ҳатто қўй-қўзилар ундан қочадиган Толибнинг нима сабабдан “Толиб сўлақмон”га айланганлиги ҳикоя қилинган. Ушбу асарлар тилининг соддалиги, халқоналиги, воқеаларни тасвирлашда табиийликка эришилгани билан ўзига хосдир, улар китобхонни озодаликка, саранжом-саришталикка ундаш билан бирга гўзаллик ва нафосат билан боғлиқ маънавий-ахлоқий тушунчаларнинг шаклланишига ҳисса қўшади. Бу шеърларни ўқиган китобхон ўзига тегишли хулосаларни чиқариб олади.

Маълумки, ҳажвий асарларда дангасалик, чақимчилик, айёрлик, ялқовлик каби иллатлар баробарида “икки”чилик ҳам қаттиқ танқид қилинади. Болалар адабиётида инсонга тенглаштирилган жониворлар, предметлар жуда кўплаб учрайди. Жонлантиришга асосланган бундай кулгили ҳолатлар эса, ўз навбатида болаларни фикрлашга чорлайди. “Мен “икки”дан қандай қутулдим?” шеъри ҳам маъжозий характерда. Бу асарда мумтоз адабиётимиздаги ташхис санъатидан фойдаланилганини кўриш мумкин: “икки” баҳонинг ишшайиши, ўчакишиши, шўппайиши, қочиши, дудуққа ўхшаб туриши, ўқувчининг кетидан чопиши. Умуман, дарс қилмайдиган ўқувчи, “икки”дан қутулишнинг ҳар хил йўлларини ўйлаб топади, афсуски бу йўллар ичида китоб ўқиш, дарс қилишдек асосий вазифалар йўқ. Муаллиф ўқувчи билан “икки”ни худди тирик одамлар бир-бири билан қувламачоқ ўйнаётгандек тасвирлайди. “Икки”дан қутула олмаган ўқувчи, кўзи жиққа ёшга тўлиб, алам билан уйга кириб, бош кўтармасдан китоб ўқийди ва шунинг натижасида “икки” билан бошқа учрашмайди. Аслида, муаллифнинг асосий мақсади ҳам шу, ўқувчиларни турли баҳоналар қидирмасдан илмли бўлишга чорлаш. Бундай сатирик асарлар нафақат адабиётда, балки болалар адабиётида ҳам ўзининг ўрнига эга. Демак, кулги воситасида ҳам ёш авлод қалбига гўзаллик уруғини сочиш, уни ҳис этишни ўргатиш мумкин.

Қудрат Ҳикмат асарларида лирик қаҳрамоннинг кўринишларидан бири шоир қиёфасида намоён бўлади. “Бола эдик”, “Ойбек”, “Ойбекникида…”, “Шоир”, “Қўмсаш”, “Шоир ва шеър”, “Менинг юрагим”, “Дўст ачитиб гапирар…” каби шеърларида юксак фидойилик, ватанпарварлик ҳис-туйғулари ярқ этиб туради.                 

Олмос менинг юрагим, / Толмас менинг юрагим,
Ким айтади шеъримда, / – Қолмас менинг юрагим[2].

Ушбу тўрт мисрадан иборат шеър заррада осмон акс этгани сингари ўзида жуда катта маънони мужассамлаштирган. Шеър тилининг соддалиги, равонлиги, қофиясининг пишиқлиги, такрор санъатидан моҳирона фойдаланиш туфайли ўқувчи хотирасида тез сақланиб қолиши билан ҳам ўзига хос. Тўртлик мисралари ўзаро қофияланиб, шеърнинг мусиқий оҳанги янада жозибадор бўлишига эришилган.

Қудрат Ҳикмат табиатан адолатпарвар, ҳақгўй инсон эди. Ҳақ гапни шартта гапириши барчага ҳам хуш келавермасди. Шоир феълидаги бу жиҳатни айримлар камчилик деб билар ва унга дакки берар эди. Қудрат Ҳикмат “Дўст ачитиб гапирар…” номли шеърини шундай инсонларга жавобан ёзган. Шоир адолатсиз, мансабпараст, халқ манфаатидан ўз манфаатини устун қўядиган кимсаларга нисбатан бефарқ эмаслигини жўшқин сатрларида баён қилган. Шеър тилининг соддалиги, қофиясининг тўқлиги, сўз бойлиги билан ҳам ўзига хос, асарда ишлатилган дағал, серзарда, қовоғидан қор ёғиш, тажанг, таъбни хира қилиш каби маънодош сўзларнинг қўлланилиши ёш китобхон сўз бойлигининг ортишига хизмат қилади. Асарнинг яна бир муҳим жиҳати шоир ҳақиқатнинг, инсон ҳаётини безашини, анъанавий халқ мақоллари билан эмас, балки ўзининг бадиий ижод маҳсули бўлган “Ҳақ сўз ҳаёт нақшидир” афоризми билан якунлаган. Шеърни ўқиган китобхон ҳақиқий дўст билан сохта дўстнинг орасидаги фарқни тушуниб етади.

Шоир табиат манзараларини бениҳоя гўзал ва жонли тасвирлагани боис бу ижод намуналари ҳанузгача ўзига хослиги билан болалар адабиёти хазинасида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг таниқли вакили Турсунбой Адашбоев “ҳар бир мисра устида ишлаш ва картина яратиш санъатини устоз Қудрат Ҳикматдан ўрганганман” деб бежиз эътироф этмаган. Қудрат Ҳикматнинг табиат манзаралари акс эттирилган шеърларини ўқиган китобхон кўз ўнгида синчков мусаввирнинг сеҳрли мўйқалами яратган турфа хил ёрқин ранглар намоён бўлади. Шоирнинг “Баҳор” шеърига эътибор берайлик:

Учиб юрар майин шамоллар, / Елпиб-елпиб анҳор юзини.
Қирғоқларда соябон толлар / Ойна-сувда кўрар ўзини.
Тонг еллари ўйноқлаб секин, / Жийдазорга кириб йўқолар.
Майса ўтлар тебраниб секин / Орқасидан кузатиб қолар.

Шоир жонлантириш санъатидан жуда усталик билан фойдаланганини эсаётган шамолни анҳор юзини елпиётганга, толларни соябонга ўхшатиб тасвирлашида яққол кўриш мумкин. Анҳорнинг кўзгуга ўхшатилиши, толнинг сувда аксини кўриши қизларнинг ўз гўзалликларини кўзгуга солишларига қиёсланган. Бу эса ёш китобхон қалбида гўзалликка ошноликни янада кучайтиради.

Мухтасар қилиб айтганда, ХХ аср ўзбек болалар адабиётининг тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган ҳассос шоир Қудрат Ҳикмат ижоди мавзу кўламининг кенглиги ва ранг-баранглиги билан ўзига хосдир.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 5-сон


[1] Қўшжонов М. Онага таъзим, болага меҳр. – Тошкент: Ёш гвардия, 1983. — Б. 60.

[2] Қ.Ҳикмат. Менинг юрагим. Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. — Б.24