Дилмурод Қуронов. Шеърда мантиқ керакми?

Сўнгги вақтларда назмбозлик касалига йўлиққанлар – жўн гапларни ҳам шеърга соладиган, энг ёмони, уларни “шеър” деб эълон қиладиганлар кўпайиб кетди. Буларнинг бахтига овоз кучайтиргичу фонограммалар замони келиб, истеъдоду диддан мосуво қўшиқчилар ҳам тўлиб тошди. Ўхшатмагунча учратмас, деганлари шу-да: булар наригилари битган маза-матрасиз шеърларни хориждан ўғирланган куйларга солиб, компьютерлар ёрдамида сайқаллаб, чунон “куйлай” бошладиларки, тезда FM тўлқинларини забт этиб, қўл телефон “чип”ларини тўлдирдилар. Ана энди, қулоғидан “наушник” тушмайдиган, ҳар нени ундан таралаётган оҳангга мос муқом билан қиладиган “санъат шайдолари” шеъриятни, санъатни қандай тушунишларини фаҳмлаб олаверинг!.. Ўтган йили университетда шеърлари машҳур хонандалар репертуаридан жой олган Аҳад Қаюм билан учрашув бўлди. Ўшанда талаба қизлар дастхат олиш илинжида унинг ортидан югурганларини кўриб, шеърият ҳақидаги тасаввурлар нечоғлиқ қашшоқлашиб қолганини надомат билан ҳис қилдим. Ахир, “мухлисларнинг” кўпчилиги филология факультетининг талаба қизлари – эртага ёш авлодга чин шеъриятни, бадиий сўз жозибасини англатишга тайёр­гарлик кўраётганлар эди-да! Бу ҳолат менга негадир адабиётимизнинг истиқболидан ташвишли бонг бўлиб туюлаверди…

Бадиий диднинг оммавий тарзда сусайгани – талабаларнинг шунчаки вазну қофияли нутқ билан ШЕЪРни, назмбоз билан ШОИРни фарқламай қўяётгани ҳаммани жиддий ташвишга солмоғи керак. Мазкур ҳолнинг сабаб­лари кўп, лекин энг аввал ўзимиз билан боғлиқ томонини мулоҳаза қилиб олишимиз лозим. Бемаза шеърлар урчиб кетаётгани ҳақида кўпдан бери айтиб келамиз. Афсуски, фақат шугина: “айтиб келамиз” – вассалом! Ҳеч биримиз ўша шеърларнинг нимаси бемаза экани, нима учун уларни шеърга санаб бўлмаслигини кўрсатиб беришга ҳафсала қилмадик. Бундай шеърларга осмондан қараб, уларни “танқиддан тубан”, “диққат-эътиборимизга номуносиб” деб билдик, улар ҳақида бир нима ёзишни ўзимизга эп кўрмадик. Энди тобора амин бўлганим, бу масалада тутган тутумимиз зиммамиздаги вазифага хиёнат экан. Зеро, жим турмай, вазифамизни сидқидилдан бажарганимизда, бемаза шеърлар урчиблар кетмаган бўлармиди?!

* * *

Шеър машқига жазм этганлар, кўпинча, энг қийини сўзларни вазнли мисраларга тизишу ўринли қофиялар топиш деб ўйлаб хато қилади. Бу шеър техникаси билан боғлиқ, ўрганса бўладиган жиҳат. Аслида мавзун мисралару бенуқсон қофиялар восита холос, уларнинг вазифаси муайян туйғу ё фикрни изчил ифодалашу ўқувчи лирик ҲОЛни кўнглида қайта яшатишига имкон яратиш. Шу боис, поэтик мантиғи ва ифода изчиллигига путур етган шеър, нечоғлиқ хушоҳанг бўлмасин, барибир “хомаклигича қолаверади”.

Поэтик мантиқ, биринчидан, кечинма билан у юзага келаётган ҳолат мутаносиблигини, иккинчидан, лисоний ифоданинг тасвирланаётган кечинмага мослигини, учинчидан, шеърдаги мисраларнинг ўзаро мантиқий-мазмуний боғлиқлигини (кетма-кетлик, изоҳлаш, зидлаш, қиёслаш, ўхшатиш каби алоқаларни) тақозо этади. Мазкур талаблар нуқтаи назаридан бир шеърни кўриб чиқамиз:

Сизга қанча меҳрим берсам ҳам,
Тўймадингиз, тўймадингизда.
Энди фақат мен сизни дейман,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да[1].

Илк мисрадан лирик қаҳрамон кечинма вақтига қадар ёрига “қанча меҳрин берган”и, анчадан бери унга муҳаббати борлиги англашилади. Иккинчи мисрадаги “тўймадингиз” сўзининг такрори, – “да” юкламаси юзага келтираётган оҳанг “наҳот шунча меҳрга ҳам тўймасангиз” тарзида ёзғириш маъносини беради. Тўғри, ҳақиқий ижодкор бадиий тафаккурни баҳоли қудрат ривожлантириши, янгилашга интилиши, ундаги айрим қарашларни инкор қилиши табиий ва зарур. Бироқ, унинг бу ҳаракати бадиий-эстетик заруратдан келиб чиқиши ва асосланиши шарт. Юқоридаги ҳолатда эса бундай зарурат йўқ, “тўймадингиз” сўзи “қўймадингиз”га қофиядош бўлгани учунгина қўлланган. Натижада, ошиқ ёрга берган меҳрини миннат қилаётгандек ҳолат юзага келган. Кейинги мисрадаги “энди” сўзи аввалги икки мисра мантиғини тамом барбод этади. Чунки “энди” сўзи иш-ҳаракатнинг нутқ вақтидан бошлаб, кейин амалга оширилишини англатади. Шундай экан, лирик қаҳрамоннинг ёрга анчадан бери меҳр бериб келаётгани ёлғон бўлиб чиқадими?! Ёки у ҳозирга қадар бир эмас, бир нечаларга меҳр бериб келаётган эдим, демоқчими? Энг қизиғи, банд матнида у ёри “қўймагани” учунгина “фақат мен сизни дейман” деяётган чиқади, яъни яна ўзини ўзи инкор қилади.

Иккинчи бандни ўқиймиз:

Муҳаббат излайсиз кўзимдан,
Қолманг дейсиз жоним ўзимдан,
Шарпадек кезасиз изимдан,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

Лирик қаҳрамоннинг “фақат сени дейман” дея онт ичиши билан маъшуқанинг ошиғи кўзидан “муҳаббат излаши” бир-бирини инкор қилади. Бу ошиқ кўзида муҳаббатдан асар йўқ, деган маънони беради! Маъшуқанинг ошиқни ҳол-жонига қўймай ортидан “шарпадек кезиши”, “ўзимдан қолманг” дея ўтиниши ҳам биринчи банд мазмунини инкор қилади. Эътибор беринг, иккинчи бандни ўқигач ҳам лирик кечинмани юзага келтирган ҳолатни тасаввур қилиш имкони ҳаминқадар. Энг ёмони, маромга солиб ўқиш асносида аксарият ўқувчилар бу томонга эътибор ҳам бермайди, худди радиодан таралаётган замонавий қўшиқни қўшилиб ҳиргойи қилган каби, оҳанг мазмунни босиб кетади.

Кейинги банд мантиқни тамом пароканда этади:

Хоҳланг йиғлаб, хоҳланг куламан,
Сиз истаган ошиқ бўламан,
Севиш керак бўлса севаман,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

Иккинчи бандда маъшуқа ошиқ ортидан эланиб юрган эди, энди навбат ошиқнинг ўзига келди. Дастлабки икки мисра мантиқан “энди фақат сизни дейман” онтини шарҳлаб, яъни шоир гўёки тангани чақага майдалаб бер­япти, холос. Бироқ, сири билан турган, маъшуқа бечорани изидан “шарпадек кездирган” лирик қаҳрамон нечук бу қадар кескин ўзгарди? Шеърдан бунга бирор асос, туртки бўлган детал топилмайди. Ўзи шусиз ҳам кечинма юзага келган ҳолатни тасаввур қилиб бўлмаётган эди, энди бунинг имкони тамом кесилди-қолди. Шунча онту илтижолардан сўнг бирдан “севиш керак бўлса севаман” дейилиши ўқувчини шошириб қўяди: яъни, шу пайтгача севган эмас, керак бўлса, энди “марҳамат кўрсатиб” севиб ҳам қўяверадилар. Бунгача севмаган бўлса, гап ўзи нима ҳақида бораётганди?

Ўқувчи шошиб қолганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, зеро, гап қандай туйғу-кечинма ҳақида кетаётганини лирик қаҳрамоннинг ўзи ҳам билмайди:

Фарқи йўқдир, ҳазилми, чинми,
Энди танлаб бўлдим мен сизни,
Олай энди бир кўнглингизни,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

Хўп, лирик қаҳрамон қизга муносабати ҳазилми ё чинлигини билмасин, ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўлишини асло инкор қилмаймиз. Бироқ, “фарқи йўқ” деган қатъий ҳукмини қандай тушуниш керак? Ахир, ўзинг севгидан сўзлаб турган бўлсанг-у, яна бу гапларинг “ҳазилми ё чин”лигининг фарқи йўқ десанг? Ҳолатга, айни дамдаги руҳиятга мос эмас-ку! Шу гапларини эшитиб турган, яна унинг изидан “шарпадек кезишга” ҳозир маъшуқага ҳам хайф! Эҳтимол, шўрлик тил-забонсиз бир махлуқдир. “Бир кўнглингни олай” чорловидан кишида андиша туғилади. Дилига инган андишани “Қўймадингиз, қўймадингиз-да” сатрига уриштирган ўқувчи “бир кўнглини олмасликка қўймайдиган” маъшуқани қай қиёфада тасаввур қилсин?!

Ўнгу терс гапларидан маъшуқаси хавотирга тушишини туйқус фаҳмлаб қоладими, лирик қаҳрамон уни хотиржам қилишга шошади:

Бўлди етар хавотир олманг,
Қалбингизни шубҳага солманг,
Сизга рухсат ортимдан қолманг,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

“Қалбингизни шубҳага солманг” калимаси мурожаат қилинаётган одамга “ўзингизни шубҳалантирманг” деган даъватни англатадики, айни ҳолат мантиқига мувофиқ эмас. Бу ўринда лирик қаҳрамоннинг “гап-сўзларим, хатти-ҳаракатим дилингизга шубҳа солмасин” дейиши мантиқан тўғри бўларди. Кўрамизки, ўзбек тилининг услубий хусусиятларига эътиборсизлик орқасида яна мантиққа хилоф ҳолат юзага келаётир. Сиз қанча чамаладингиз, билмадим-у, менинг наздимда маъшуқанинг ошиқ қошидаги мақомию қадри хуш қарасанг суйкалиб, “чип” десанг бадар кетадиган кучукчадан ортиқ кўринмади… Шу боис, бўлса керак, кейинги мисралар каминага “кир кўйлакка жун жўяк” нақлини эслатди:

Кўкдан юлдуз узиб бераман,
Ғам деворин бузиб бераман,
Ҳатто шеър ҳам ёзиб бераман,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

Қаранг, лирик қаҳрамонимиз энди мумтоз шеърий қасамлар ичмоқда, лекин “ортидан қолмаслик учун изнга муҳтож” ёр қошида бунақа қасамлар ичишга ҳожат бормикан?! Йўғ-э, ёр шўрликнинг ўзи бунинг кўзига кучук боладай мўлтиллаб қараб турган бўлса-ю, унга яна “юлдуз узиб берилса” – ортиқча ҳашамат, исроф бўлади-ку! Демак, ушбу банднинг мазмуни ҳам ўзидан олдинги банд мазмуни билан мантиқий номувофиқлик ҳосил қиляпти. Бундан ташқари, “ҳатто” сўзини нотўғри қўллаш оқибатида мисралараро алоқада ҳам мантиқий ғализлик юзага келган. “Кўкдан юлдуз узиб бериш” ўзи муболағанинг ҳадди аълоси эди, сўнг “ҳатто” сўзи қўлланаётган экан, бажарилажак амалнинг ундан-да муболағалироқ бўлиши тақозо этилади. Шу ерга келганда шоирнинг камтарлиги тутиб кетганми ё ёрини ашаддий мухлис деб биладими, “шеър ҳам ёзиб бераман” дея ваъда қилади. Майли, буни мумтоз шеърият анъанасидаги фахрияга йўйиб қўя турайлик-чи.

Шеърнинг ҳикмати, масалнинг “алқиссаси” каби охирида экан, бу бандда шоир гўё эътирозларимизни олдиндан билган каби:

Биласиз-ку менинг кимлигим,
Эҳтиросга дарров берилгум,
Севги деса жуда бўш кўнглим,
Қўймадингиз, қўймадингиз-да.

Қаранг-а, ўқиганларимиз “севги деса жуда кўнгли бўш”, эҳтиросга берилувчан одамнинг кўнгил ҳоли экан-у, шунга фаҳмимиз етмай эътироз устига эътироз қилаётган эканмиз. Эҳтимол, эътирозларимизни кимдир қабул этмас, кимдир шеърдаги ҳолату кечинма ғоят ҳаётий дея ўзимизга эътироз қилар. Бироқ, ҳаёт шеъриятга тўғридан-тўғри кўчавермайди-да. Бу ўринда бир оддий ҳақиқатни таъкидлаш зарур: ҳар қандай кечинма ҳам, ҳар каснинг илҳоми ҳам ПОЭЗИЯга дахлдор бўлавермайди.

* * *

Муҳаббат мавзусидаги шеърларнинг энг машҳурлари айрилиқдан сўзлайдигани. Нега? Менимча, асосий сабаб – шеърда акс этган йўқотиш изтиробининг гўзаллигида. Ҳа, шеърият анъанасида шундай: бир шоир йўқотиш изтиробини “ёруғ ҳасрат” деб айтади, чунки ҳасрати ҳам ёр билан лиммо-лим тўлган (А.Пушкин); бошқа бириси ёридан айро ҳолатини “бу кун ҳамроҳимдир гўзал изтироб” дея таърифлайди (А.Орипов) …Ҳар икки ҳолда ҳам изтироб нурли, энди унда кин, адоват, аламзадалигу нафрат кабиларга ўрин йўқ – гўзал изтироб қаршисида улар ўта майда. Муҳими, шеърхон ўз дилидаги изтиробни шунга менгзайди – маънан юксалади; тағин бири ўзга қалбда шундай гўзал изтироб бўлиб яшаётганини ҳис қилади, ўзини ўша гўзалликка алоқадор сезади – нурланади. Айрилиқдан бўзловчи шеърларнинг кучи ҳисларни кўнгилдан кечиртиришида, шу боис, улар кўнглимизга чиппа ёпишади.

Ҳар нарсада меъёр сакланиши керак, суиистеъмол – ҳар ненинг кушандаси. Тўғри, шеърият ҳақида сўз борганда статистик маълумотларга таяниш ғалати. Шундай бўлса-да, “Ёлғиз аёл” тўпламини варақлаб санашга тушдим: айрилиқдан бўзловчи шеърлар адади 25 дан ўтди – у ёғига саб­рим чидамади. Рости, беихтиёр бунча шеърга мавзу берган айрилиқнинг ортида турган муҳаббатни тасаввур қилишга урина бошладим: ё у – мисли кўрилмаган буюк муҳаббат, ё менинг тасаввурим – ўта ожиз! Йўқ, хайрият, узоқ ўкинишимга тўғри келмади, жумбоқнинг ечими топила қолди – “Бугун севиб қолдим учинчи марта” номли шеърга кўзим тушди:

Биринчи севгимни зўрға унутиб,
Кўнгил қўйган эдим иккинчи марта,
Не қилай ундан ҳам бахтимни топмай,
Бугун севиб қолдим учинчи марта.

Э-ҳа, гап бу ёқда экан: бугун учинчи марта севиб қолган бўлса, айрилиқдан бўзлашлари камида иккита муҳаббат билан боғлиқ чиқади, эъти­розда сал ошириб юборибман-да, эсиз! Ҳали бу таассуфим ростмана англаниб улгурмасдан охирги банддаги мана бу сатрларни ўқиб, эътирозимга умуман ўрин йўқ экан-ку, деб ўйладим:

Аҳад яшолмайди севгисиз, куйсиз,
Ёшлик – бебошлик-да, нима ҳам дейсиз,
Қизлар чиройли-да, кўриб қарайсиз…

Тўғри-да, севгисиз яшай олмаса, ёшлик – бебошлик бўлса, чиройли қизлар тугамаса – айрилиқдан бўзловчи яна қанча шеърга материал керак ўзи! Жиддий айтсам, “мисли кўрилмаган буюк” деб ўйлаганим муҳаббат парчаланиб, уқаланиб кетди. Бунақа ушоқ муҳаббат билан боғлиқ айрилиқ ҳам асл шеъриятнинг объекти бўлолмайди, сабабини “эшагига яраша тушови” нақлидан орттириб изоҳлаш мушкул. Ушоқлиги боис бундай муҳаббат қалбни тозартиришу юксалтиришга ожиз, шундан у нафрату аламзадаликка осонгина таслим бўлади:

Ўзганинг бағрида сен бахтдан кулсанг,
Мен эса юракда нафрат санайман.

Беихтиёр савол туғилади: тақдир айирганидан сўнг шундай нафратга сазовор ёр чинданам севилганми? Лирик қаҳрамон дилидаги туйғу чинданам муҳаббат эдими? Шеър охиридаги мана бу мисраларни ўқиганда, бу шубҳалар янада кучаяди:

Азизим, аслида дардим йўқ мени,
Севги дунёсида бахтим кўп мени,
Севасанми, йўқми Аҳадга фарқсиз –
Ошиқлар ичида қадрим кўп мени.

Мазкур мисраларни ўқиганда лирик қаҳрамон ёридан кўра кўпроқ ўзини севадигандек туюлди. Қаранг, “аслида дардим йўқ” деган даъвосию “севги дунёсида бахти кўп”лигидан фахр этиши билан ёрига “кўриб қўй, сенсиз ҳам ўлиб қолмадим” деяётгандек кўринмаяптими?! Кейинги икки мисрада эса аламзадалик янада очиқроқ ифодасини топган. Ўзига муҳаббати баландлигидан лирик қаҳрамон энг аввал ёрини айбдор ҳисоблайди – шундай ошиқни қадрлай олмаган-да! Яъни у муҳаббатидан айрилганига эмас, кўпроқ ўзининг нафсонияти оғринганига куяди, алами кучидан “ўлганнинг устига тепган” қабилида ёрга иддаолар қилади. Ҳолатни шу йўсин мулоҳаза қиларкан, табиий бир иштибоҳ туғилади: лирик қаҳрамон қалбида ёрига нисбатан муҳаббат бўлганми ўзи?! Иштибоҳимиз бежиз эмаслигига “Кимдир бугун, кимдир эрта” шеърини ўқиганда яна бир карра амин бўламиз. Шеърнинг дастлабки икки бандида ёрнинг илгариги ҳолати билан бугуни қарши қўйилган: “Шаҳзодалар эшик қоққан сарой эдинг, Соҳибдиллар ичра соҳибчирой эдинг… – Саройингдан шаҳзодалар кўчиб кетди, Соҳибчирой ҳуснинг қайга учиб кетди…” Кўряпмизки, бу ўринда ҳаётнинг бешафқат қонуни акс этган: ёшлик, ҳусн, умр… – дунёда неки бор ўткинчи. Йўқ, лирик қаҳрамон буни қонуният сифатида эмас, Худонинг бевафо ёрга берган жазоси ўлароқ талқин қилади:

Нолаларим Худойимга етдими ё,
Айт, севгилим, ишқ уволи тутдими ё,
Кечагина ярим кўнглим хор этгандинг,
Менга Худо ўзи раҳм этдими ё.

Шеър якунидаги “Маликалар эшик қоққан сарой бўлдим, Соҳибдиллар ичра соҳибчирой бўлдим” мисралари қониқишнинг оғринган нафсоният билан боғлиқлигини очиқ кўрсатиб турибди. Ҳолбуки, миллий бадиий тафаккурда “ошиқлик – ўздан кечмоқ” деб, нафс эса ишқ табиатига тамоман ёт тушунча ўлароқ талқин қилинади, бу минг йиллар давомида мумтоз асарлар орқали руҳимизга сингган. Тўғри, ҳар бир авлод бадиий тафаккурга ўзидан бир нима қўшиш, уни янгилаши, юқорироқ кўтаришга ҳаракат қилиши табиий. Бироқ, юқорида кузатилганларни бадиий тафаккур ва дидни пароканда қилувчи деб билган тўғрироқ бўлади.

Баъзан оғринган лирик қаҳрамон очиқчасига “сўкиш”га ўтиб қўя­қолади:

Йиғлама!..
Шайтоннинг урғочисисан,
Ҳаммани дўзахга чорловчисисан,
Ёлғончиларнинг энг ёлғончисисан,
Севги дунёсига қўйгандим қадам,
Билмай бир шайтонни танлаб қўйибман.

Ёр таърифида ишлатилган чиройли сўзлар, унга қаратилган хушкалому лутфлар салмоғи шунчаларки, “шайтоннинг урғочиси” умуман кўринмай, йўқ бўлиб кетгандай. Сувга бир томчигина сиёҳ қўшилгани каби: ранги асло ўзгармагандек кўринади, лекин сув софлигини йўқотгани ҳақиқат, энг ёмони, бу ҳол сизу бизга ойдек равшан! Энди қандоқ қилсак тўғри бўлади: осонгина кўзимизнинг алдовига ишониб “сув – соф” деб қўя қолсакми… Ёрни-ку қўя турайлик, ўзгага ёмонлик тилашдан қайтарилган уммат бўлсаг-у, шоиримиз: “Сўнгги сўзларимни эшит, эй маккор, Бир куни бўларсан итдан баттар хор”, – дея хитоб этса, лоақал ўша аёл қачондир қалбида муҳаббат уйғота олганининг андишасини қилмаса?! Ахир, бунақа шафқатсиз “қарғиш”лар бош ҳарфлар билан таъкидлаб бериляпти-ку:

Севмасмидинг…
Бу кунингдан, эй бевафо,
ЎЛМАСМИДИНГ…

Олинган шеърлардаги кечинма эзгуликдан ҳам, гўзалликдан ҳам йироқ. Поэзияга дахлдор кечинма ё эзгу, ё гўзал бўлмоғи шарт, агар ҳам эзгу, ҳам гўзал бўлcа – нур устига аъло нур! – бу шеърни чинакам дурдона санашнинг бирламчи шарти. Ҳаётда моҳияти эзгулик ила ёвузлик, улуғворлик ила тубанлик, гўзаллик ила хунуклик орасида жойлашган турфа ҳолатларга дуч келамиз – уларнинг бириси у томон, бошқаси бу томон тортиб кетиши тайин. Шеърият мулки бедарвоза эмас, улар шеърга фақат санъаткор қалби орқали – эзгуликка йўғрилиб, гўзаллик нури билан жилоланиб кира олади. Бу дарвозадан баъзан эзгу, гўзал бўлмаган нарсалар ҳам киради, лекин улар эзгулик ва гўзаллик нури билан шу қадар ёритиладики – сазойи бўлганидан қочгани жой тополмай, хунуклиги, ёвузлигини яширолмай қолишади. Шоир қалби асалари уясидаги қўриқчи арилар мисоли. Аслида, бу шоир қалбининг зотий хоссаси. Фақат у шоир илҳом қанотида гўзаллик ва эзгулик қонунлари устувор ИДЕАЛ оламида яшай бошлаган ижод онларида ҳаракатга келади. Шоир ҳаётда сизу биздан ҳеч фарқ қилмаса-да, ижод онлари у кўз илғамас юксакликда бўлади ва чин санъатга дохил асарлар ўша жойда туриб яратилади. Демак, ҳамма гап ўша юксакликка кўтарила олишда. Йўқса, ижодга туртки берувчи нарса-ҳодисалару қалбимизда ўчмас таассурот қолдирувчи ҳолатларга тўлиқ рўйи заминда ҳаммамиз шоир бўлиб кетмасмидик?! Хуллас, ўша юксакликка кўтарилмасдан яратилган асарлар ҳақида “қиёмига етмабди”, “хомроқ экан” қабилидаги баҳолар берилади, сабаби, уларда сизу биз ҳам кўриб тургандан ортиқ ҳеч нарса йўқ: ишланмаган ҳаёт материали – эзгуликка йўғрилмаган, гўзаллик нури билан жилоланмаган хом ашё бор, холос…

* * *

Катта ўлчамда олинса, сўз эркинлиги бўғилган шароитга исён ўлароқ “Мен шоирман истасангиз – шу” ҳайқириғининг баралла янграгани яқинда эди. Ўсмирлик чоғи шу ҳайқириқ юрагимизда акс-садо бериб, руҳимизни қувватлантириб турган. Бироқ, бугунимиз учун бу гап мутлақо тўғри келмайди! Ахир, орада атиги бир йигит умрича фурсат ўтди, холос. Кечагина фақат шу мавқеда қалам сурганни шоир санаган одам, нега бугун ёш қаламкашни айни шу учун қабул қилолмаяпман? Рости, буни мушоҳада этароқ шууримга “руҳим қаридими?!” деган ваҳима инди. Лекин бир нарсага амин бўлдим: сўз эркинлигининг бўғилиши фожиа, бироқ, мутлақ сўз эркинлиги кулфатнинг ўзгинаси. Аждодларимиз сўзни ўққа қиёс этиб, унинг қалбга жароҳат етказиши мумкинлигидан бизларни огоҳ этган. Шоир “кўнглимда неки бўлса, барчаси борича ифодалайман!” дейишга ҳақли эмас, чунки у шунчаки бир “қудуқ”қа гапираётгани йўқ – айтганлари минглаб қалбларга кириб боради. Демак, шоир ўзи хоҳлаган йўсинда эмас – ўқувчиларнинг миллий, ахлоқий, эътиқодий қарашлари доирасида, уларнинг шаъни, ғурури, туйғуларини оринтирмайдиган тарзда ифодалашга бурчли. Сўз эркинлиги шу доира ичидагина яратувчи куч, унинг чегараларини ёриб чиққан ондан бошлаб ҳалокатлидир, чунки энди у миллий ўзлик, кўнгил софлиги, эътиқод собитлиги, имон бутунлигига дахл қила бошлайди.

Кейинги таҳлиллар масала анча жиддий эканини кўрсатади. Қуйидаги шеър “Биламан, меники бўла олмайсиз, Биламан қалбингиз ўзга билан банд” деган мисра билан бошланади-да, ҳар банди ошиқнинг илтижоси – “Сени севаман денг бир марта фақат” шаклидаги таржеъ билан якунланади. Сеники бўла олмас экан қалби ўзга билан банд экан, нега энди “севаман” дейиши керак?! Шеърнинг давомида ошиқ маъшуқасини “ўн беш йил”дан бери кутаётганини англаймиз. Агар ўн беш йил илгари “севилган” бўлса, ҳозир сеники бўла олмаса ва қалби ўзга билан банд бўлса – у бировнинг хотини экан-да! Шундай экан, бировнинг хасмига кўз олайтиришни “ошиқлик” санаш мумкинми? Ахир, ўзбекнинг ахлоқида бундайлар “ориятсиз”, “хамиятсиз” деб билинади-ку, асл эрлар бундан ҳазар қилади-ку! Буни тақдир айирган севгилисига муҳаббати ҳануз сўнмаган ошиқ кечинмалари тасвирланган шеърлар сирасига зўрлаб ҳам қўшиб бўлмайди. Шунчаки шаҳвоний майл, хоҳиш… “Эртага дунёнинг шуҳратин йиғиб, Бир ширин бахт топмай ўлмасин Аҳад”. Лирик қаҳрамон маъшуқасидан кўра ўзини кўпроқ севади. Ахир, алам қилмасинми, “бутун дунё шуҳратини йиғиб” турган бўлса-ю, шугинага етишолмаса, аламнинг зўридан ёрига “Билмайсизда менга кимлар зорлигин” дея иддаолар қилади.

Тўпламларни варақлай туриб, шеъриятга қўйилувчи ахлоқий талаблар бекор бўлиб кетган-у, камина бехабар қолган деган ўй келаверади:

Қўлларимни узма бўйнингдан жоним,
Қўйворсанг, ўламан қўйнингдан жоним,
Бир тугмача жой бер кўнглингдан жоним,
Шу меҳр етади бутун умримга,
Бахтли қил тинчгина ётай қабримга.

Маъшуқа ҳам анъанага кўра ўта бағритош, ҳатто “қабрга ётиш” олдидаги одамнинг даъватларига ҳам келақолмайди, шу боис, бошқа бир шеърда лирик қаҳрамонимиз ноилож пўписага ўтади:

Бунчалар маккорасан, бунчалар ўжар
Қармоғимга илдираман бир куни.
Майли, сен қийнайвер, бўлавер қайсар,
Алдаб-сулдаб кўндираман бир куни.

Илтижолар қилди – келмади, у ҳам ердан чиққан эмас, ахир. Маъшуқасига “Айтиб қўяй билмаскансан сен мени” деяётгани ҳам шунга далил. Яъни сенинг макринг қирқ эшакка юк бўлар, бизники ундан-да ортиқ, шундай қилайки: “Сезмай ҳам қоласан розилигингни, Алдаб-сулдаб кўндираман бир куни”. Ўз-ўзидан “бу ўзи нимага кўндирмоқчи бўляпти?” деган савол қалқиб чиқади. Ҳар бир шундай қизариниш ҳаё пардасини озгинагина бўлсин кўтаради. Сирасини айтсам, мен бу сатрларда қалбга қанот берувчи муҳаббатдан асар ҳам кўрмаяпман. Ахир, бу не-не шоирлар асрлар давомида куйлаган муҳаббат ўрнини яқиндан бери хориж киноси таъсирида оммалашаётган муҳаббат ишғол қилаётганидан далолат эмасми?!

Мумтоз шеърият лирик қаҳрамони ёри “остонасида ётиш”, “кўчасида девонаваш юриш” кабиларни маън этмагани учун изтироблар чекади, “бир қиё боқиб қўйса” борми – иккала дунёси вайрон! “Буям бир муболаға-да, аёлни муҳаббатига ишонтириш учун нималар демайди йигит?!” дея эъти­роз қиларсиз. Йўқ, бу шунчаки муболаға эмас, унинг замирида аёлини қизғанмаганни имонсиз, даюс билишдек миллий ахлоқ принципларидан бири ётади. Узоқ йиллар буни “аёлларга зулм қилиш”, “феодаллик” деб уқтирдилар, тан олиш керак, миллийлигимизни барбод этишдан манфаатдор кучлар озми-кўпми мақсадига эришдилар ҳам, зеро, улар руҳимизга киритган вирус то ҳануз суяк суриб ўтиб келяпти. Мана исботи:

Йўлларингни мендан буриб кетсанг ҳам,
Бошқага қалбингни бериб кетсанг ҳам,
Агар ўзга билан юриб кетсанг ҳам,
У ўзингни ишинг, мендан яширма,
Фақат бир илтимос, севмайман дема.

Ўзбек йигитининг ёри “ўзга билан юриб кетса ҳам” бу унинг шахсий иши деб туриши, устига-устак, буни “мендан яширма” деб сўрашини ақлингизга сиғдира оласизми? Яна “севмайман дема” дея ўтинишини-чи? Аммо ўзга миллатлар билан тиғиз маиший алоқа, кино ва телевидение таъсирида шу тарз ўйловчилар ҳам чиқиб қолаётганини асло инкор қилиб бўлмайди. Хўп, бу-ку ҳаётнинг равиши экан, бироқ шеъриятга бундай ўй-фикр ва кечинмаларнинг кириб улгургани ҳаммамизни ҳушёр торттириши керак. Ахир, бир томони, бугунги Ғарб дунёсидаги кўпчилигимизни жиркантираётган ҳолатларнинг бошланиши шундан – даюсликнинг ахлоқ нормасига айланиб қолганидан эмасми?! Зеро, аввалига ўзи “юра бошлайди”, кейин аёлининг “юриб кетиши”га рухсат берилади, сўнг ўзаро келишган ҳолда иккиси икки томонда тенгдан “юришади” ва шу тарз оила, никоҳ каби муқаддас тушунчалар қимматини йўқотиб боради… “Яна ўша ваҳимами?” дея ёзғирмоқчи бўлсангиз, аввал мана бу сатрларни ўқиб кўринг:

Хиёнатдан Аҳад кечавер,
Ёт қучоғда ёринг қучавер,
Ўзгаларга меҳринг сочавер,
Бевафо, бевафо, жоним бевафо.

Бу – “Бевафо” номли шеърнинг якунловчи банди. Лирик қаҳрамон нима важ биландир “бевафолик” қилган севгилисини ёзғиради, аламларини тўкиб солади, унга “Умринг ёлғон хазон бўладир, Гулдек юзинг эрта сўладир, Бахтинг сўниб, қадринг синадир” дея шоирона “қарғишлар” юборади. Унинг ҳолати мисоли бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўяётган кишига ўхшайди. Бевафо ёрига ўчакишиб одамни одам этгувчи ахлоқ меъёрларига тупуради. Ахир, одам дегани муҳаббатсиз, никоҳсиз “ёт қучоғда ёрин қучаверса”, ҳеч бир чекловсиз “ўзгаларга меҳрини сочаверса” – ҳайвондан фарқи қоладими?! Энг ёмони, бу даъватнинг очиқчасига, баралла айтилаётгани.

Мана бундай сатрлар ҳам шунга далолат қилади:

Қизғалдоққа айлансайдим, қизғалдоққа,
Ёқармидим балки сендек қизалоққа.

Мисралар ҳеч бир нуқсонсиз жаранглайди, бироқ мазмун юқоридаги мулоҳазалар остида олинса, кишини шошириб қўяди. Ахир, “қизалоқ” сўзи ҳали вояга етмаган қизларга нисбатан ишлатиди?! “Мендан ўзгани севма” шеъридаги “Ҳаммасига ишқ керак, Аҳадга ошиқ керак” мисраларини ўқиб, бир муддат ҳайрон қотиб қолсангиз, ажаб эмас. Матнда “ошиқ” эмас, “маъшуқа” сўзи ўринлироқ бўлса керак, яна билмадим. Бу шунчаки эътиборсизликми ёки “эркинлик”ларни қонунийлаштираётган Ғарб таъсирими? Ишқилиб, биринчиси бўлсин, йўқса, бонг ураётганларим бекор…

* * *

Бозорда “асл маҳсулот” анча қиммат юради, инжа харидор уни “оммавий маҳсулот”га нисбатан юксак қадрлаши маълум. Менимча, бунинг бош сабаби: биринчиси, ижодий руҳга йўғрилган; иккинчиси, руҳсиз, унда қолипнинг жонсиз излари қолган, холос. Шунга қарамай, оммавий маҳсулот харидоргир бўлади, бунда молнинг сифати эмас, харидорнинг сотиб олиш имконидан келиб чиқадиган талабнинг катталиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Худди шу қонуният бугунги адабий жараёнда ҳам тўла амал қилаётгандек. Хусусан, Аҳад Қаюм шеърлари бугунги қўшиқчилик талабларини айни кундаги дидига яраша. Қўшиқчилик “маҳсулоти” эса, бадиий диди ўтмаслашиб бораётган ёшларга мўлжалланган. Бошқача айтсак, шоир “керак пардани топган”, шу боис, шеър битиб, бастакор куй басталаб, хонанда ёниб-ёндириб куйлаб ётибди… Шоу бизнес индустрия, унинг ҳудудида амал қилувчи асосий қонун – “харидоргир маҳсулот”. Бас, унинг фуқаролигини қабул қилган шоир, бастакору қўшиқчи ҳам шунга амал қилиши шарт, санъат қонунлари эса бу ҳудудда фақат тавсия кучига эга…

Фикримизни асослаш мақсадида Аҳад Қаюмнинг “Қизми бу, кийикми бу?!..” тўпламини кўздан кечирамиз. Аввало, шоир куй ва хониш учун энг қулай шеърий шаклларни танлагани эътиборни тортади. Улар халқ оғзаки ижоди ҳамда мумтоз шеъриятдаги мураббаъ ва мустазодни эслатувчи шеър­лар. Хусусан, 39 та шеър халқ достонларидаги “фалоний бир сўз айтиб турган экан” тарзида бошланувчи тўртликлар шаклида келади. Дастлабки уч мисра ўзаро қофияланиб, тўртинчиси барча бандлар охирида таржеъ сифатида такрорланади. Достонлардаги бундай ўринлар ўқилганда беихтиёр хиргойига ўтиб кетилгани каби, анъана таъсири ушбу шаклдаги замонавий шеърларда ҳам сақланади. Тўпламдаги 25 та шеърнинг ритмик-интонацион қурилиши мураббаъ шаклида, фарқи – таржеъ мисранинг йўқлиги. Мўъжазгина тўпламдан жой олган шеърларнинг қарийб 60 фоизи шу шакл­да. Умуман олганда, у ёки бу шаклни суйиш ва ундан кенг фойдаланишнинг ҳеч айбли жойи йўқ. Бироқ, шакл ижодкор учун шунчаки тўлдириб, пайдар-пай ташланаверадиган қолипга айланиб қолса-чи? Унда ижод руҳи ўлади, бир-биридан фарқсиз нарсаларнинг туссиз қатори вужудга келади…

Қўшиқбоп шаклнинг қолипга айланишидан энг аввал шеърнинг мазмуний-мантиқий томони жабр кўради. Мазкур шакл мазмун бутунлиги ва ифода изчиллигини таъминлашда муайян қийинчиликлар туғдиради. Зеро, таржеъ мисра ўзидан аввалги уч мисранинг ўзи билан мазмуний боғланишини тақозо этади, айни пайтда, битта мисра билан тугалланаётгани ҳолда бандлар бир-бирига мазмунни изчил ривожлантирадиган тарзда боғланиши зарур. Агар шу талабларни эътиборга олсак, аслида бу шаклда мукаммал шеър битиш анча мушкул эканлиги аён бўлади. Айтилганлар нуқтаи назаридан “Сизни менга Худо учратди” шеърини кўриб чиқайлик. Биринчи банд:

Бу дунёдан севгисин излаб,
Кимлардир ўзини чарчатди.
Менинг бахтим сизни топганим,
Сизни менга Худо учратди.

Бир қарашдаёқ банднинг мазмуний-мантиқий ташкилланишидаги изчиллик яққол кўзга ташланади: дастлабки икки мисра нисбий тугалликка эга фикрни ифодалайди, учинчи мисра унга қарши қўйилади, тўртинчи мисра эса учинчи мисрадаги ҳолатнинг сабабини изоҳлаб келади. Мисралар орасидаги зидлаш ва изоҳлаш муносабатлари асосидаги мантиқий алоқа мазмуний бутунликни таъминлайди. Иккинчи банддан бошлаб айни шу хусусият кузатилмайди, натижада, мантиқий-мазмуний парокандалик юзага келади:

Учрашдиг-у, бирга бўлмадик,
Йиғладиг-у, аммо кулмадик.
Топишдиг-у, бахтга етмадик,
Сизни менга Худо учратди.

Кўриб турганимиздек, дастлабки уч мисра бир хил синтактик қолипдаги уюшиқ гаплардан иборат, танланган шеърий шакл шуни тақозо этади. Шакл қўяётган ушбу талаб мазмунни изчил – ўсиш, пасайиш ё кенгайиш тартибида ифодалаш имконини чеклайди. Шу билан бирга, бундай уюшиқ гапларнинг таржеъ мисра мазмунига мос бўлиши, шеър ритмик тархида таржеъ санаш оҳангида айтилган уюшиқ гаплардан сўнг айрича урғулангани каби, мазмуний ташкилланишида ҳам худди шундай “зарб” олиши керак бўлади. Демак, содда кўрингани билан, бу шеърий шаклда чинакам бадиий қимматга молик мазмунни ифодалаш осон эмас. Масалан, юқоридаги банднинг учинчи мисраси биринчи мисра маъносининг ўзини оқламаган такрори бўлса, уларнинг ўртасига пона бўлиб кирган иккинчи мисра беўхшовроқ кўринади. Энг ёмони – учала мисрадан келиб чиқаётган маъно таржеъга номувофиқ. Мантиқан улардан сўнг, масалан, “Худойимнинг тақдири экан” мазмунидаги мисра келиши тўғрироқ бўлади. Ҳозирги ҳолатида эса банд тайинли бир мазмунга эга бўлмай қолган, бунинг сабаби ўзаро қофияланган учта мисра билан таржеъ орасидаги мазмуний муносабатнинг бузилганида. Худди шундай ҳол кейинги учта бандда ҳам кузатиладики, бу шеърий шаклнинг оддийгина “қолип” бўлиб хизмат қилганидан далолат.

Афсуски, юқоридаги ҳолатни шу шаклда ёзилган барча шеърларда кузатиш мумкин. Диққат қилинса, бу шеърлар учун умумий бир қонуният борлиги кўринади: мазмуний ташкилланиши жиҳатидан биринчи банд яхшигина савияда ва у шеър охирида айнан такрорланади. Бу билан шеър (қўшиқ)нинг ўқувчи (тингловчи) томонидан қабул қилиниши дастурлаштирилади. Дастур алгоритми эса қуйидагича: биринчи банд шеър мазмунини моделлаштиради – модел шеърий оҳанг орқали тингловчи шуурига кўчади – кейинги бандлар ҳам шу модел билан аналогия асосида қабул қилинади – биринчи бандни такрорлаш билан таассурот яхлитлашади. Яъни шу тарзда қабул қилгани учун ҳам етарли даражада ўқиш тажрибасига эга бўлмаган тингловчи битта-иккита банддаги мантиқий номувофиқликларни илғамайди. Қатъий айтиш мумкинки, омма бадиий диди билан бемаза шеър­лар ўртасида тескари пропорциядаги боғланиш мавжуд: дид пасайгани сари бемаза шеърлар кўпаяди ва, аксинча, кўтарилгани сари камаяди.

Мураббаъ шаклида мазмун изчиллиги ва мантиғини таъминлаш юқорида кўриб ўтилган шаклдагига нисбатан осонроқ. Сабаби, бунда таржеъ йўқ, демак, барча бандлар мазмунини битта мисра мазмунига мувофиқлаштириш талаб қилинмайди, бу эса банддан бандга мазмунни изчил ривожлантиришга кенг ва қулай имкон беради. Бироқ тўпламлардаги шу нав шеърларни кўздан кечираркан, гап шаклдагина эмас, балки, ижодкорнинг ўзи қилаётган ишга, Худо берган истеъдодига, бир сўз билан айтсак, СЎЗга муносабатида эканига амин бўламиз. Айниқса, шакл бобидаги тажриба ўлароқ ёзилган айрим сўз тизмалари борки, муаллиф умрини беҳуда совураётганини кўриб ачиниб кетасан киши. Шуларидан бири мана бундай:

Денгизу тўфонаман,
Селлару суронаман,
Ўзинг айт қаёнаман
Айтишга уяламан.

Аввал тўртинчи мисрани ёзиб, сўнг олдингилари унга қофиядош қилинганми? Жавобни шеърнинг илк мисрасидан топасиз, у эса “Ишқингда девонаман” шаклида.

Ишқингда девонаман,
Ҳуснингга парвонаман,
Йўлингда мастонаман,
Муҳаббатдан қонаман.

Ҳамма бало шеърдаги ўн учта тўртликни, яъни эллик икки мисрани “девонаман”га қофиядош қилишга беҳуда уринишда. Тилимизни не кўйга солинаётганини-ку қўя турайлик. Илк банддаёқ мазмуннинг бунчалар ночор, саёзлигини кўриб беихтиёр ҳафсаланг пир бўлади. Ахир бош банд шу бўлса, давомида ниманиям ривожлантириш мумкин. Яъни “эчки нима-ю, думи нима бўларди”. Давомида янаям ажабтовур мисралар тизилган:

Чой берсанг, чойхонаман, (?)
Гул тутсанг, Фарғонаман, (?)
Айтдим-ку, бир донаман,
Севгига чулғонаман.

Эҳтимол, мухлислар шоир ижодий экспериментга мойил, бу ерда у барча мисралари ўзаро қофиядош шеър ёзишга ҳаракат қилган, дея эътироз қилишар. Ижодий экспериментдан кўпи борми: биттагина арзирли бадиийликни олгунча қанча-қанчаси бесамар кетади – ҳаммасини ўқувчига тақдим этиш шарт эмас, ахир! Кейинги бандларга ҳам мазмуни мос келса-келмаса “… наман”га қофиядош қилиб “Вафога оқланаман (?), Қалбингда покланаман…” (?), “Тақдирман, пешонаман…” (?) қабилидаги мисралар тизилаверган.

Юқорида “мустазодни эслатадиган” деганимиз сабаби унда тенг ўлчамли учта мисра ўзаро қофияланади, банд тўртинчи қисқа мисра билан ёпилади, қисқа мисра таржеъ сифатида такрорланади. Қисқа мисра борлиги учунгина “мустазод”га менгзашимизда балки, зўракилик бордир. Бироқ, биз бу ерда кўпроқ бошқа бир нарсани – ҳазрат Навоий мустазод ҳақида “халқ орасида бир суруд бор” деганларини назарда тутдик. Зеро, “суруд” қўшиқ дегани, ҳазратнинг айтишича, қисқа мисра орттириш билан шеър қўшиқ оҳангига мосланади[2]. Ҳақиқатдан ҳам бундай шеърларнинг куйи сўзларга қўшилиб оқиб келаётгандек туюлади, мусиқани ҳис қилишга қобил одам беихтиёр хиргойига ўтиб кетади. Мана, шундай шеърлардан бирининг бош банди:

Қоматининг нақшлари,
Зимдан туриб боқишлари,
Юракка ўт ёқишлари,
Гўзал!

“Тавсиф” деб номланган ушбу шеър ёр таърифига бағишланган, барча бандлари “Гўзал!” хитоби билан якунланади. Умуман, бу бадиий ният ижро учун ғоят мақбул шакл, бироқ мазмун томони шунга муносиб эмас. Шеърхонда “Қоматининг нақшлари” нима дегани бўлса экан?” деган савол туғилади. Балки кимдир жавоб топар мен ўйлаб охирига етолмадим. Сўнг “зимдан туриб боқишлари”ни фаҳмлашимиз, нигоҳимиз билан “тутиб олишимиз” мумкин.

Аҳад Қаюм шеърларини ўқиганда “бу йигит ўзбек тилини биладими ё энди ўрганяптими?” деган савол туғилади. Бунга амин бўлиш учун, масалан, “Аввало инсон бўл” номли шеърдан мана бу бандни олайлик:

Омад остонангда турганда гуллаб,
Лаззатнинг тамидан ҳидлагин ўйлаб,
Ўзингдан пастларни атайин қийнаб,
Жонини оғритма, дармон малҳам бўл,
Аввало инсон бўл, аввал одам бўл!

Шунга ўхшаш, ўқувчи сал қуйироқда “Балки ўчирарсан дилдан дарзингни” мисрасини ўқиб, “дарзни ҳам ўчириб бўларканми?!” дея ҳайрон бўлиши табиий. Агар бу ҳолнинг юзага келиш сабабини мушоҳада қилгудек бўлса, учинчи мисрадаги “дарзингни” сўзи “лафзингни” ва “қарзингни” сўзларига қофиядош бўлгани учунгина кириб қолганини осонгина фаҳмлаб олади. Ҳали ҳайронлиги ёзилмай турибоқ бир бечора ёнингга келиб мурувват сўраса, “Бепарво бўлмагин аҳволин кўриб, Ҳолидан кулмагин мулзам, мотам бўл” қабилидаги насиҳатга дуч келади-да, “мулзам бўлмоқ” феълининг ҳолатга алоқасини ҳам, “мотам бўлмоқ”нинг маъносини ҳам англаёлмай гаранг бўлади. Энди холис айтинг: бир шеърнинг ярмига етгунча тўрт ўринда сўз маъносини англамасликдан ғализликка йўл қўйса, “шоир ўзбек тилини биладими?” саволи ўринли бўладими?! Юқоридаги ҳолнинг истисно эмаслигига амин бўлмоқни истасангиз, турли шеърлардан олинган мана бу ғаройиб мисрларни мушоҳада қилиб кўринг:

Муаттар сас (?) билан берганда маъно…
Хаста, бемор деган олдим лавозим (?)
Хижрон ёқар дил тафтимни (?),
Тўлдирмоқда ишқ кафтимни (?).
Ўйлайвериб юрагим тўйди (?)
Камон бўлдим нишонсиз, ёйсиз (?)
Менга хотиржамлик йўқдир равойинг (?)
Қабр экан энг сўнгги йўлим (?)

Тилшуносликда сўз валентлиги тушунчаси борки, агар буни соддалаштириб айтмоқчи бўлсак, бу сўзнинг бошқа сўзлар билан муносабатида моҳиятан “кабутар бо кабутар, жинс ба жинс” қоидаси амал қилади деганидир. Яъни муайян сўз исталган бошқа сўз билан мазмунан бевосита боғланавермайди, унинг ўзи боғлана оладиган сўзлар доираси бор. Ўзбек тилидан фойдаланувчилар балки, “сўз валентлиги” деганини эшитмаган ҳам чиқар, лекин тилни қониқарли даражада билган одам унга амал қилади, чунки соғлом мантиқ шуни тақозо этади. Шунинг учун ҳам, масалан, “оғиз”га “ёпмоқ” феълини боғлаганимиз ҳолда, уни “лаб”га нисбатан ишлатмаймиз. Шоиримиз эса, “ўзига хос бўлишга” интилиши ўта кучли экани боисми, билмадим, “Лабларинг ёпилмас дир-дир титрайсан” деяверади. Ёки ҳар не тўпори бўлса ҳам, ўзбек йигити “Севгим нархин билмадинг, Ёлғиз ёрим бўлмадинг” демаса керак, чунки савқи табиийси билан “севги” сўзига “нарх” мувофиқ келмаслигини ҳис қилиб туради. Баъзан сўзларнинг боғланиши мантиқдан шу қадар йироқки, “бу шунчаки адашиш эмас-ов, ахир, шуниям билмаслик мумкин эканми?! Ҳойнаҳой, бу шоир ўқувчисини ҳайратлантириш учун қўллаган бир услубий приём-у, мен бехабар бўлсам керак” деган ўй келади. Масалан, ақлга аёнки, одам дегани “ёнбошлаб”, “чўзилиб”, “ястаниб”, “чалқанча”… ётиши мумкин, лекин “тик ётиш”и, айниқса, қабрда “тик ётиш”и асло мумкин эмас. Чамаси, Аҳад Қаюм бошқача фикрда. Шунга ўхшаш ғайримантиқий боғланиш мана бу мисраларда ҳам яққол кўринади:

Сенсиз мен ғўзачўп ўтинман,
Кам-кўстсиз навраста етимман.

Бу ўринда “кам-кўстсиз” сўзининг “етим”га боғлангани мантиқий ғализликни келтириб чиқаради. Негаки, “етим” сўзининг ўзида “камлик” маъноси бор, зеро, етимга ҳеч бўлмаганда ота-она етишмайди, бас, у “кам-кўстсиз” бўлолмайди. Яъни шоир бу ўринда “кам-кўстсиз” сўзини, эҳтимол, “чин етим” ва ё “ғирт етим” – ҳам отадан, ҳам онадан жудо бўлган етим маъносини ифодалаш учун қўллайди-ю, сўзларнинг мазмуний-мантиқий алоқа имконларини билмаганликдан яна қовун тушириб қўяди.

Аҳад Қаюм кўп ҳолларда сўзларни грамматик жиҳатдан нотўғри боғлайди, ифодалаш кўзланган мазмунга номувофиқ шаклларни қўллайди:

Сўзларни ўйнатади,
Кўзларни ўйнатади,
Жонимни қийнатади,
Алдоқчи!

Дастлабки икки мисрада феълнинг орттирма нисбати қўллангани маъқул: ёр кўзларни, сўзларни ўйнатиши мумкин, бироқ учинчи мисрада “жонимни қийнатади” дейилиши билан ошиқ жонини ёр ўзи эмас, балки “кимдир бировга қийнатади” деган маъно келиб чиқадики, бу умумий мазмунга ёпишмайди. Феъл нисбатларининг маъно ва услубий хусусиятларини, хусусан, айрим феъллар мажҳул нисбатда қўлланмаслигини билмаслик бошқа бир шеърда ҳам кўринади:

Ҳар кимса ҳам севолмайди, севилмайди,
Ҳар кимса ҳам кутолмайди, кутилмайди,
Ҳар кимса ҳам куёлмайди, куйилмайди…

Эҳтимол, шоир тилшунос эмас, бас, тил қоидаларининг барини билиши ҳам шарт эмас, дея эътироз қилинар? Тўғри, бироқ у “куймоқ” феъли “севилмоқ”дагига монанд маъно берувчи шаклга эга эмаслигини билиши керак-да, ахир. Зеро, шоир тил амалиётининг илғорида боради, бас, ўзи қўллаётган тилнинг гўзаллигию жозибаси, маъно нозикликларию имконларини намоён этишга ҳам масъул. Афсуски, Аҳад Қаюм айни вазифасини ё билмайди, ё тан олмайди. Йўқса, шеърларида, масалан, келишик қўшимчаларини ишлатиш билан боғлиқ услубий хатолар ҳозиргидек қалашиб ётган бўлармиди?!

* * *

Хулоса ўрнида айрим фикрларни таъкидлаш билан чекланаман.

Аввало, шунча танқидий фикрлар фақат Аҳад Қаюмга эмас, балки унинг мисолида айрим хонандаларни қўшиқ сўзлари билан таъминлашнинг уддасидан чиқаётган “шоир”ларга, нафақага чиққач туйқус ўзларидаги шоирлик иқтидорини фаҳмлаб қолган отахону онахонларга, хуллас, яхши ният билан қалам сураётган барча ҳаваскорларга тааллуқли. Шоядки, юқоридаги мулоҳазларимиз сабаб айримлар шеърият муқаддас даргоҳ эканлигини ҳис этса…

Яна тилга эътиборсизлик, беписандлик оқибатида кундалик мулоқотларда чала, думбул иборалар урчиб кетаётганига ҳам мана шундай мантиқ нелигини билмайдиган “шоирлар” сабаб бўлаётганини англамоғимиз зарур.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 2-сон

__________________
Дилмурод Қуронов 1960 йилда туғилган. Андижон давлат тиллар институтини тамомлаган. Олимнинг “Руҳий дунё таҳлили”, “Истиқлол дарди”, “Адабиётшуносликка кириш”, “Чўлпон насри поэтикаси” каби китоблари нашр этилган.

[1] Аҳад Қаюм. Бегим деманг, бегойим.- Бухоро, 2012.- Б.102-103; кўчирма қилиб олинган шеърий парчалар имлоси ва тиниш белгилари китобдаги ҳолича қолдирилди.

[2] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 16-том.-Т.,2000.- Б.93


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!