Муҳаммаджон Холбеков. Данте Алигьери ва унинг “Илоҳий комедия”си

Буюк итальян шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Данте Алигьери (1265 – 1321) Ўрта асрлар ва Ренессанс (Уйғониш) даври оралиғида яшаб ижод қилди. Шу сабаб уни ўрта асрнинг сўнгги ва Ренессанс даврининг биринчи улкан шоири деб аташади.

Дарвоқе, шоир туғилиб ўсган юрт – Флоренция қадимдан Шарқ ва Ғарб иқлимини бир-бирига боғлаб келган савдо йўллари устида жойлашган бўлиб, XII-XIII асрларда ҳунармандчилик саноати гуллаб-яшнаган “мустақил шаҳар”лар сирасига кирарди. Қадим юнон-рим цивилизацияси ва ислом маданияти анъаналари таъсирида гуманизм ғоялари билан суғорилган фалсафа, адабиёт ва санъат намуналари илк бор Флоренцияда шакл­ланди. Ренессанс маданиятининг илк даҳолари флоренциялик шоир Данте Алигьери ва мусаввир Жотто ди Бондоне (1266 – 1337) эдилар.

Данте Алигьери 1265 йилнинг май (аниқ куни маълум эмас – М.Х.) ойида дворян тоифасига мансуб оилада дунёга келади. Унинг отаси Флоренциядаги ҳукмрон партиялар сирасига кирувчи “гвельфлар” (Рим папаси тузумини қўллаб-қувватловчилар) диний уюшмаси фаолларидан эди. Балоғат ёшига етгач, Данте ҳам мазкур партиянинг тиббиёт ходимлари ва ижодкор аҳли шўбасига аъзо бўлиб киради. Шоир дастлаб ўрта аср схоластика таълими дастуридаги мактабда билим олади, француз ва провансал тилларини қунт билан ўрганади, қадимги Рим шоири Вергилий шеъриятини мутолаа қилиб, ундан поэзия сирларини ўзлаштиради. Ва ниҳоят, Данте устози Вергилий йўлидан бориб, ишқий шеърлар ёза бошлайди.

Ўн саккиз ёшида Данте ҳаётида илк бор катта руҳий изтиробга дуч келади. Шоир болалигидан кўнгил қўйган, илк муҳаббати соҳибаси гўзал Беатричени бадавлат дворянга турмушга бериб юборадилар. 1290 йил Беатриче бевақт оламдан кўз юмади. Бу мусибат ёш шоир Данте ижодида кескин бурилиш ясайди. У ўзининг биринчи шеърий тўплами “Янги ҳаёт” (1292 – 1293) китобини Беатриче хотирасига бағишлаганди.

Данте ишқ ва айрилиқ исканжасидан фориғ бўлиш ниятида кейинги ҳаётини илм олишга бағишлайди, теология (илоҳиётшунослик), фалсафа ва астрономия каби фанларни чуқур ўрганади, ўрта аср схоластик (диний) таълимотини ўзлаштиради. Хуллас, у ўз даврининг зукко ва нуктадон кишиси бўлиб етишади. Айни пайтда шоир Флоренциянинг сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок эта бошлайди. Ўттиз беш ёшида Флоренция шаҳрининг олти приори (лотин. “prior” – биринчи, етакчи), яъни оқсоқолидан бири этиб тайинланади. Тез орада Данте аъзо бўлган гвельф­лар партияси “оқлар” (шаҳарликлар) ва “қоралар” (дворянлар)га бўлиниб, ўртада катта низо келиб чиқади. Шоир “оқлар” тарафида туриб, шаҳарлик ҳунарманд ва косибларни ҳимоя қила бошлайди. “Оқлар” партияси сиёсий курашда ғолиб чиққан бўлса-да, папа Бонифаций VIII “қоралар”ни қўллаб-қувватлайди ва француз қироли Карл Валуага “оқлар” устига қўшин тортишга фатво беради. 1301 йили француз қўшини Флоренцияга кириб, “оқлар”ни мағлуб этади. Натижада Данте ҳам таъқибга учрайди ва Флоренциядан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг шоирнинг ватандан йироқда, дарбадарликдаги ҳаёти бошланади. Данте узоқ йиллар Флоренциянинг “қоралар” зулмидан озод бўлишини, Италия ҳудудидаги вилоятларнинг бирлашиб, қудратли қироллик давлатига айланишини орзу қилиб яшади.

Данте ҳаётининг сўнгги йиллари- да Равеннада, князь Гвидо да Полента саройида яшаб, ижод билан машғул бўлди. Шоир туғилиб ўсган юрти Флоренцияга қайтишни, ўз асарларини ватандошлари тарафидан севиб ўқилиши, ардоқланишини жуда-жуда истаган эди. Афсус, унга ватанига қайтиш, Италияни қудратли давлат сифатида кўриш насиб қилмади. Данте 1321 йилнинг 14 сент­ябрида Равеннада вафот этади. Таажжубки, кейинчалик флоренциялик­лар бир неча бор ўз фарзанди, буюк шоир хокини қайтариб олиш учун равенналикларга мурожаат қилганига қарамай, яккаш рад жавоби олинди.

Буюк Данте ўз ижодини лирик шоир, прованс трубадурлари (лотин. “trobar” – топқир шоирлар) анъаналарининг Италиядаги давомчиларидан бири тарзида бошлайди.

1307–1313 йиллар оралиғида шо­ир­ ўзининг илмий ва фалсафий му­шо­­ҳадалари ҳосиласи бўлмиш илмий рисолаларини яратади. Шу орада у насронийлар файласуфи Боэций (480 – 524) таълимотини, унинг машҳур “Фалсафий кўникмалар” рисоласининг мақсад ва моҳиятини ўрганиш билан машғул бўлади. Айни пайтда унга таассуб қилиб, ўзининг “Зиёфат” (1304 –1307) номли маърифий-фалсафий мазмундаги рисоласини ёзади. Данте таърифича, у ўрта аср диний ва маърифий таълимотини ўзида акс эттирувчи қомусий асар бўлиши лозим эди. Бу ерда адиб инсон ақлининг чегараланганини, у фақат илоҳий эътиқод туфайлигина юксак фикрлаш қобилиятига эга бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Асарни “оддий жавдар нони еб кун кечираётган авом халқ ҳам ўқий билсин” деган ният билан уни итальян тилида ёзади. Ваҳолонки, Ўрта аср анъаналарига кўра илмий ва фалсафий рисолалар фақат лотин тилида битиларди. Дарвоқе, лотин тилидан чекиниб, жонли итальян тилида ёзиш билан Данте янги замон – Ренессанс даврига илк қадам қўйган ижодкор ҳам эди. Бу билан шоир айни пайтда халқ жонли тили – итальян тилини ҳимоя қилиб чиқди ва тилшунослик илмига асос солди. Унинг 1305 йил нашр қилинган “Халқ жонли тили ҳақида” рисоласи бу соҳага замин ҳозирлайди. Рисолада муаллиф роман тилларининг келиб чиқиш тарихи, таснифи ва поэтик хусусиятлари ҳақида илк бор фикр юритиб, ғарб тилшунослиги илмига асос солган олим сифатида ҳам гавдаланади. Айни пайтда у итальян тили шеваларининг умумлашмасидан иборат ягона италь­я­н­­ адабий тилини ҳам яратиш вақти келди, деган ғояни ижодкор аҳли орасида тарғиб қилади. Шоир 1313 йил эълон қилган “Монархия ҳақида” рисоласида эса Италияда ягона тузум ва қонунга асосланган қироллик давлати тузиш режасини ишлаб чиқади. Унинг мақсади Рим папаси измидан холи бўлган қудратли империя ўрнатиш эди. Хуллас, умрининг бу даврида Данте ўз дунёқараши, бой тажрибаси ва бадиий маҳоратини жамулжам этиб, машҳур асари “Илоҳий комедия” (1308 – 1321) ни яратишга киришади.

Бу буюк асарида адиб Ўрта аср ғарб ва шарқ адабиётини, қадимги Юнон ва Рим маданиятини синтез қилиб, янги замон – Ренессанс адабиётига йўл очди, эски дунёдан янги дунёга ўтиш кўпригини қуриб берди. Шунингдек, бу асари билан у даврининг илғор файласуфи, олими, сиёсатдони, публицисти ва ниҳоят улкан шоири сифатида гавдаланди.

Муаллиф асарни оддийгина қилиб “Комедия” деб атаганди. Сабаби, Ўрта аср адабиётида бошланиши хайрли ва охири қайғу билан тугаган ҳар қандай асар “трагедия” деб баҳоланса, қайғули воқеалар билан бошланиб, хайрли якун топган асарлар “комедия” деб аталган. Сарлавҳадаги “Илоҳий” сифати эса Данте вафотидан сўнг, XVI асрга келиб пайдо бўлди. Дантешуносларнинг қайд қилишича, бу сўз асар сюжетидаги илоҳий мавзуга нисбатан қўлланилмаган, балки унинг тугалланган, мукаммал, бадиий юксак қомусий китоб эканлигига ишора тарзида қўшиб ёзила бошлаган.

“Илоҳий комедия” ёзувчининг бошқа асарлари каби аниқ, пухта ўйланган композиция асосида яратилган. Поэма асосий уч қисм (“кантик”)дан иборат, яъни у боқий дунёнинг уч макони – “Дўзах”, “Аъроф” ва “Жаннат”га бўлинади. Ҳар бир бўлим 33 қўшиқдан иборат. Дарвоқе, поэ­манинг “Дўзах” қисмида “Пролог” ўрнида биринчи қўшиқ ўрин олган. Қўшиқларнинг жами миқдори 100 тага боради. Улардаги сатрлар уч мисрали банд (терцина) русумида жойлаштирилган. Асарнинг матнида бошидан охиригача 3 ва 9 рамзий рақамларининг қўлланиши унинг сюжетига насроний динидаги “троица”, яъни уч илоҳий куч ғоясини сингдириш ҳамда фоний дунё воқелигига нисбат бериш аломатидир. Яна бир муҳим жиҳат, ҳар учала кантик бир сўз, яъни “юлдуз” сўзи билан якун топади. Бу эса пайғамбар Исо Масиҳ номининг фақат ўзи билан ўзи қофияланиб келишига ишорадир. Умуман, асарнинг “Дўзах” қисмида Исо Масиҳ ва Биби Марям исмлари тилга олинмайди, улар юлдузлар тимсолида намоён бўлади.

Асардаги яна бир муҳим жиҳат, аслида замон руҳиятини акс эттириш ғояси бўлса-да, унинг мазмунида Ўрта аср схоластик таълимот ва илоҳий куч-қудратнинг таъсири катта бўлгани сезилиб туради. Сабаби, Ўрта аср Шарқ ва Ғарб теология илми ва бадиий адабиётида боқий дунёнинг мавжудлигини улуғ авлиёлар тушида ваҳий бўлган воқеалар билан уйғунликда таърифлаш одати етакчи анъана тусини олганди. Шу боис, дантешунос олимлар “Илоҳий комедия”нинг яратилишида муаллиф аввало ўрта аср шарқ адабиётидаги “тушда аён бўлиш”, яъни, боқий дунёнинг Дўзах, Аъроф ва Жаннатида кечаётган ҳаёт манзараларининг тасвири асосий туртки бўлган, деган фикрни билдирадилар.

“Илоҳий комедия”нинг яратилишида қадим юнон-рим маданиятининг таъсири ҳам катта бўлганини таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Айниқса, Данте ўз асарини ёзишда рим шоири Вергилий (мил. авв. 70-19 й.) қаламига мансуб “Энеида” достони мавзусига кўп бор мурожаат қилгани кўзга ташланиб туради. Масалан, муаллиф “Илоҳий комедия”да “Энеида” достонидаги айрим сюжетлардан фойдаланибгина қолмасдан, балки устози Вергилийни асардаги асосий образлардан бири тарзида киритишни лозим топган. Ҳатто поэма сюжетида Вергилий ўрта аср адабиётида “тушда аён бўлиш” жанрида яратилган асарлардаги фаришталар, авлиёлар қиёфасида ҳам гавдаланади. Шунингдек, Дантега қадар ўтган шоирлар ижодида, асосан, инсонни бу дунёда чеккан азоб-уқубатлари у дунёда роҳат-фароғат билан алмашинувига ишонтириш тарғиб қилинган бўлса, “Илоҳий комедия”да одамларнинг бу дунёдаги қилмиш-қидирмишлари у дунёда адолат тарозисида ўлчанажаги хусусида айтилиб, мавжуд дунёда ҳалол яшашга, мақсадли ва эътиқодли бўлишга ундайди.

Данте асарнинг “Дўзах” қисмида ҳаётда яшаб ўтган турли тоифага мансуб машҳур инсонлар шахсиятига мурожаат қилади. Аниқроғи, Ўрта аср Европа адабиётида биринчи бўлиб инсон сурати ва сийратини бадиий образлар воситасида талқин этади, уларнинг бу дунёдаги аъмолини у дунёда баҳолашга ҳаракат қилади.

“Дўзах”нинг учинчи қўшиғида Данте Вергилий етакчилигида Дўзах дарвозаси олдида пайдо бўлади. Вергилий Дантега “Ялқов ҳамда пасткаш кимсалар жазо тортаётган Дўзах остонасини кўрсатади”. Икковлон Дўзах дарёси Ахеронга яқин келадилар. Шу он зилзила содир бўлиб, яшин чақнайди. Данте беҳуш бўлиб йиқилади. У ҳушига келганда, ўзини Дўзахнинг биринчи доираси – Лимбада кўради. Бу ерда насроний динига мансуб бўлмаган Эней, Ҳектор, Цезарь, Катон, Султон Салоҳиддин, Афлотун, Суқрот, Демокрит, Диоген каби буюк зотлар ва чўқинтирилмаган одамлар енгил жазога маҳкум этилганди. Улар орасида Шарқ донишмандлари ибн Сино ва ибн Рушд ҳам бор эди:

Ҳисобдон Эвклид, Батлимус, Гален,
Гиппократ, ибн Сино, ибн Рушд пайдо –
Янги ғояларни тарғиб этган чин.
 (Абдулла Орипов таржимаси)

Вергилий ва Данте айланиб тушган пастдаги иккинчи доира – Лимба қопқасида Дўзах ҳаками – Минос ўтирган бўлиб, бандаларга гуноҳларига яраша жазо тайинларди. Ва ниҳоят, Дўзахнинг тўққизинчи доирасида (32–34-қўшиқлар) энг разил кимсалар – ватанига, дўстларига, устозларига хоинлик ва сотқинлик қилганлар азобга маҳкум этилган бўлиб, уларга нисбатан Дантенинг нафрати ниҳоятда кучли бўлгани кўриниб туради. “Дўзах”даги ҳаётни шоир мавжуд дунёдан узиб тасвирламайди, балки фоний дунёни бу мавжуд дунёдаги ҳаётнинг давоми тарзида талқин қилади. Шу боис, Дўзахда ҳам, мавжуд дунёда бўлгани каби, “ҳаёт қайнайди”. Муаллиф Дўзахда азоб чекаётган марҳумлар билан худди тирик одамлардай суҳбат қуради. Масалан, “Дўзах”нинг ўнинчи қўшиғида сервиқор гибеллин Фарината дельи Умберти шоирни суҳбатга тортиб, бўлиб ўтган сиё­сий можаролар хусусида баҳслашар экан, Фарината гвельфларга нисбатан ўз душманлик нафратини очиқ-ойдин баён этади.

Сағана қошига қўйгандим оёқ,
Мурда кўзларида чақнаб қатъият:
“Кимнинг авлодисан?” – деб берди сўроқ.
Устоз гапларига айлаб итоат,
Зотимни айловдим ошкора баён, –
Мурда қарашида ёнди жиддият.
Деди: “Ғанимимдир сизнинг хонадон,
Муҳибларимга ҳам эрурсиз рақиб,
Сизни мен енгганман икки бор чандон­”.
Дарҳол дедим: “Гарчи бўлса-да таъқиб,
Улар қайтиб келди ортига тағин, –
Қавминг бу борада беиқбол, ғариб”…
У яна суҳбатни бошлаб айтдиким:
“Мен учун қавмимнинг чорасиз ҳоли
Дўзах азобидан баттар ғам балким”…
(Абдулла Орипов таржимаси)

Данте реализмининг устуворлиги, унинг рақиблари ҳаётда қандай бўлган бўлса, боқий дунёнинг Дўзахида ҳам қилмишларига яраша жазога тортилганини ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб тасвирлашида намоён бўлади. Масалан, шоир Брунетто Латини юзи дўзах олови тафтида жизғанак бўлган қиёфада, Форезо очликдан тинкаси қуриб, қоқсуяк ҳолатда тасвирланади. “Дўзах”даги энг мудҳиш кўринишлардан бири граф Уголино Дўзахнинг тўққизинчи қаватида, ўзини хоинликда айблаб қамоқ жазосига ҳукм қилган архиепископ Ружерини тутиб олиб, бўйнини ғажиётган ҳолатда тасвирланишидир.Ўттиз учинчи қўшиқда Уголинонинг Дантега сўзлаган ҳикояси қайғули тус олади. Архиепис­коп Ружери ҳийласи туфайли отаси билан бирга қамоққа тушган графнинг тўрт фарзанди қалъада бирин-кетин очликдан вафот этади. Ўзи ҳам очликдан силласи қуриб, оқибатда ўғилларининг мурдасини емоққа тутинади. Қиссадан ҳисса – Данте сотқин одамнинг руҳи ҳали вужуди совуб улгурмасданоқ Дўзахга тушишига шама қилади.

Хуллас, “Илоҳий комедия”даги воқеалар тасвири, айниқса “Дўзах” қийноқларини аянчли кўринишда тасвирлангани ҳатто асар матни стилистикасига ҳам ўз таъсирини ўтказганининг гувоҳи бўламиз. Муаллиф бу ерда олдинги асарларидаги “сержило хуштаъб услуб”дан чекиниб қатъий, сиқиқ ва таъсирчан кайфиятга мос тил унсурларини танлайди. Бу унсурлар асар матни таъсирчанлигини оширади, асарнинг ўқимишли бўлишини таъминлайди. “Илоҳий комедия”да фоний дунёда яшаётган инсоннинг реал ҳаётий кечинмалари боқий дунёда ҳам рўйирост, аниқ тасвирланиши муаллифнинг Ренессанс ғояларига яқинлашганлигидан далолат берса, асар сюжетидаги аллегорик образларнинг ҳаракати шоирнинг Ўрта аср адабиёти тамойилларидан ҳали қутулиб улгурмаганидан дарак беради.

“Илоҳий комедия”да Данте бу дунё­даги табиат манзараларини, ранглар хилма-хиллигини у дунё манзараларига ҳам олиб киради ва турфа рангларда Дўзах, Аъроф ва Жаннат қиёфаларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Масалан, Дўзахда қора ва қизил ранглар нохуш колорит, қайғули кайфиятни акс эттириб турса, Аърофда ранглар енгиллашиб боради, қора ва қизил ўрнини оқ туманни ифодаловчи ранг эгаллайди. Унда мовий денгиз ва яшил водийлар кўзга ташланиб туради. Жаннатда эса кўзни қамаштирувчи, товланиб турувчи ойдин ранглар ҳукмрон. Уларда Жаннат хуш табиат, соф ҳаво, гармоник қиёфадаги ҳаракат, мусиқавий оҳанг рамзларида тасвирланади. Масалан, асарнинг “Жаннат қисми”нинг 15-қўшиғида шоир ўз бобоси Каччагвида тилидан ватани Флоренциянинг файзли манзараларини, оддий халқ удумларини, инсофли, мол-дунёга ружу қўймаган олийжаноб рицарларнинг баҳодирона қиёфасини кўтаринки кайфиятда тасвирлайди:

Ҳануз терца, нона жом ураётган
Қадимий тош деворлар ортида
Ҳушёр ва камтар Флоренция ҳаёт
 кечирмоқда.

Қадим деворлар қуршовидаги ватани – кўҳна Флоренцияни бу қадар мақтовга лойиқ кўриши Дантенинг ўз халқига, авлодларига кўрсатган ҳурмат-эҳтиромидан далолат берса, “Илоҳий комедия”нинг мазмун ва моҳият жиҳатидан халқчил асар эканлигини ҳам тасдиқлаб туради. Бу ҳолатни Дантенинг замондошлари ҳам таъкидлаб ўтганлар.

Халқ “Илоҳий комедия”ни ўша даврдаёқ тушуниб ўқиди, унинг мазмуни ва моҳиятини англаб, муаллиф номини қаҳрамонлари билан ҳамоҳанг тарзда талқин қилди. Данте вафотидан кўп ўтмай “Илоҳий комедия”нинг мазмун ва матнини таҳлил қилувчи тадқиқотлар ёзила бошланди. Шоирнинг издоши, машҳур “Декамерон” асари муаллифи Жованни Боккаччо (1313 – 1375) биринчилардан бўлиб “Илоҳий комедия” ва унинг муаллифи ҳақида маърузалар ўқийди, поэманинг буюклигини тан олиб, уни халқ орасида тарғиб қилади. Хуллас, асар замонлар силсиласига дош бериб, давр билан ҳамнафас яшаб келди, баъзида унутилди, баъзан яна қаддини ростлади. XIX асрга келиб, у жаҳон адабиётидаги энг буюк асарлардан бирига айланди, европа тилларининг барчасига таржима қилинди. “Илоҳий комедия”ни француз тилидаги таржимасида ўқиган А.С.Пушкин унинг муаллифини “важоҳатли Дант” (Dante – француз тилида охирги “е” ҳарфи талаффуз қилинмайди) деб атаган эди. Рус тилига поэмани турли даврларда Д.Минаев, О.Чюмина ва М.Л.Лозинский таржима қилдилар. М.Л.Лозинский таржимаси 1946 йили Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Илоҳий комедия”нинг биринчи китобини ўзбек тилига “зўр маҳорат билан, юксак шоирона руҳда таржима қилди” (О.Шарафиддинов). Таржимоннинг ўзи “биринчи китоб”ни (“Дўзах”) жуда катта қийинчилик ва мароқ билан таржима қилганини эслайди. “Бу асар ўзи битта дорилфунундир… ўзига шунчаки енгил муносабатда бўлишни кўтармайди. Унга киши ўзини тамомила бағишлаши, унинг ичига кириб кетиши керак. “Дўзах”ни таржима қилган кезларим, тушларимда қўлимда кетмон билан одамларнинг суякларини қазиб юрардим”, дейди таржимон. Сир эмас, “Илоҳий комедия”нинг таъсири ўлароқ, Абдулла Орипов ўзининг “Жаннатга йўл” драматик достонини яратди. Ниҳоят, “Илоҳий комедия” таржимасини давом эттириб, шоир унинг иккинчи китоби “Аъроф”нинг ҳам тўққиз қўшиғини ўзбек тилида эълон қилди.

Дарвоқе, атоқли адиб ва таржимонларимиз Ойбек “Евгений Онегин” романини, Усмон Носир “Демон” достонини, Эркин Воҳидов “Фауст” фожиасини, Қодир Мирмуҳамедов “Илиада” асарини маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, уларга адабиётимизда боқий умр ато этдилар. “Илоҳий комедия”ни таржима қилиш таниқли сўз устаси Абдулла Орипов чекига тушган экан, бу улуғ ишни адоғига етказишда ул зотга тилакдошмиз. Шунда Данте ҳам Ҳомер ва Гёте, Пушкин ва Лермонтов сингари ўзбек китобхонига янада яқин бўлиб қолади.

Муҳаммаджон Холбеков,

филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон