Бойбўта Дўстқораев. Романнинг бир фазилати

Атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи шу пайтгача авлодлар учун ўзига хос адабий-эстетик мактаб вазифасини ўтади ва ўтамоқда. Бу жараён узлуксиз давом этаверади. Зотан, бадиий жиҳатдан юксак асарнинг ҳамиша инсониятга адабий сабоқ бўлишдек хосияти бор. Таассуфки, шўролар замонида бадиий асарнинг мафкурасига асосий эътибор қаратилиб, бадииятига унчалик аҳамият берилмасди. Буни адабиётшуносларнинг деярли ҳаммаси яхши билади.
Зикр этилган нуқтаи назар асосида асарлар тадқиқ қилинганда, мунаққидлар кўпроқ ғоявий-бадиий таҳлил усулини қўллашар, бунда ҳам унинг мафкуравий жиҳатини кенгроқ тушунтириш мақсадида аксари ҳолларда баёнчиликка, адабий асар мазмунини қайта “ҳикоя этиш”га берилиб кетишарди. Шўролар ҳокимияти тугагач, унинг адабий-эстетик талаблари ҳам ўз-ўзидан барҳам топди. Пировардида адабиётшуносликда герменевтика, яъни матн асосида иш кўриш йўли кенг тарқалмоқда. Бу эса, илгарилари матн “ҳўжайра”сидаги эътибор берилмаган хусусиятларга диққат қаратилиб, юксак бадиий асарларнинг “мўъжиза”лари кашф этилмоқда. Камина ҳам қуйида “Ўтган кунлар” романидан бир парчани шу усулда таҳлил қилишга жазм этдим. Зора, ёш мунаққид дўстларимга зиғирдек бўлса ҳам фойдаси тегса, деган ният бу ишга туртки бўлди.
“Ўткан кунлар”да Отабекнинг Марғилон савдогарлари билан танишиши Зиё шоҳичининг уйида содир бўлган. Тошкентлик меҳмон шарафига махсус чақирилган ўтиришга бир неча обрўли кишилар, асосан, савдо аҳли келади. Булар қаторида Мирзакарим қутидор ҳам бор эди. Ёзувчи бу меҳмондорчиликда Отабекни марғилонлик савдогарлар, жумладан, бўлғуси қайнотаси Мирзакарим қутидор билан илк бор таништиради. “Танишдиришдан сўнг Отабек билан Қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар. Қутидор ниманидир Отабекдан сўрамоққа оғзини жуплаб турса ҳам, Акрам ҳожи билан Зиё шоҳичининг алланарса тўғрисидағи гаплари кети узилмай давом этар эди. Уларнинг кўзи учинчи тўқнашишда қутидор кулимсираб қўйиб сўради:
— Мени эслай оласизми, бек?
Отабек диққат ва эътибор билан қутидорни кузатиб, жавоб берди:
— Йўқ, амак.
— Неча ёшға бордингиз?
— Йигирма тўрт ёшға…
Қутидор ўзича нима тўғрисидадир ҳисоб юритди-да:
— Воқеъан, сиз мени эслай олмассиз, — деди. — Мен Тошкандда қутидорлиқ қилған вақтимда тахминан сиз беш-олти ёшлиқ бола эдингиз… Гўёки мен Тошкандда кечагина турғандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлғандекман… Аммо ҳақиқатда орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз ҳам катта йигит бўлғансиз, умр — отилған ўқ эмиш.
— Сиз бизнинг ҳавлида бўлғанмисиз?
— Кўб мартабалаб меҳмон бўлдим, — деди қутидор, — ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар.
Бу иккисининг сўзларига қулоқ солиб четда ўлтурган Ҳасанали ҳам гапга аралашди:
— Амакингиз бизнинг ҳавлиға келиб турадирган вақтларида сиз ёш бола эдингиз, бек, — деди. — Амакингиз сизни саройларга ҳам олиб тушар эдилар”.
Келинг, мана шу матннинг “ичи”га киришга уринайлик. Ёзувчи, энг аввало, бўлажак қудалар — Юсуфбек ҳожи билан Мирзакарим қутидор хонадони ижтимоий мавқе нуқтаи назаридан тенг эканлигини таъкидламоқчи. Борди-ю, насл-насаб, ижтимоий мавқе нуқтаи назаридан қутидор хонадони Юсуфбек ҳожиникидан паст турганда, Отабекнинг унча-мунча тўю азаларга “кавшим кўчада қолған эмас”, деб бормайдиган онаси Ўзбек ойим Мирзакарим қутидорларнинг “таги паст”лигини ўрни келганда неча бор таъна қилган бўларди. Негаки, Тошкент бегининг маслаҳатчиси (мушовири) лавозимида бўлган Юсуфбек ҳожининг завжаси Ўзбек ойимнинг насл-насаб, мансабга қараб баҳо бериш одати романда жуда яхши очиб берилган.
Нимага асосланиб биз Мирзакарим қутидор хонадони ижтимоий жиҳатдан юқори мавқеда деяпмиз? Бунда Мирзакаримнинг қутидор бўлганлиги назарда тутилаяпти. Хон ёки бек саройида мамлакат савдогарларининг фаолиятини назорат қилиб турадиган, улар орасидаги турли низо ва келишмовчиликларни бартараф этувчи оқсоқол мақомидаги лавозим соҳибига “қутидор” дейилган. 1800 йили Тошкент Олимхон томонидан Қўқон хонлигига қўшиб олингач, бу шаҳарга пойтахтдан бек ва унинг амалдорлари тайинланган. Шу тариқа, Мирзакарим бир пайтлар Марғилондан Тошкентга бориб, бу ердаги бек саройида қутидорлик мансабида ишлаган. Йўқса, унча-мунча одам дарвозасини тақиллатишга журъат этолмайдиган Юсуфбек ҳожи хонадонида бир неча бор меҳмон бўлиш унга насиб қилмаган бўларди. Ҳасаналининг Отабекка “Амакингиз сизни саройларга ҳам олиб тушар эдилар”, деган гапи ҳам буни тасдиқлайди. Юсуфбек ҳожи ҳонадонида бемалол бўлиш мақомида турган Мирзакарим қутидор беш-олти ёшли бола — Отабекни ўзи ишлайдиган саройга ҳам олиб бориб, у ерни кўрсата олиши мантиқан асослидир. Айни пайтда, бу Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидорнинг ўзаро тўла ишонч ва яқинлик ҳолатида бўлишганини ҳам кўрсатади.
Иккинчидан, мазкур матндан Мирзакарим қутидорнинг Отабекни куёв қилишга рози бўлиши учун “замин” ҳозирлангани англашилади. Отабек улғайган оила қутидорга “бегона” бўлмаган, бу хонадоннинг анчагина туз-намагини тотган, Юсуфбек ҳожи билан бир дастурхон атрофида кўп марта суҳбатлар қурган. Бунинг устига, қутидор ва Отабек орасида илк кўришишдаёқ пайдо бўлган қандайдир ички яқинлик, руҳий мойиллик кейинчалик ҳар иккисининг тақдирида муайян аҳамият касб этган.
Ҳасаналининг Юсуфбек ҳожи хонадонини “бизнинг ҳавли” деган гапига ҳам муайян маъно юкланган. Гарчи Ҳасанали аслан бу хонадоннинг қули бўлса-да, ёзувчи унинг қул эмас, Отабекка падар, маслаҳатгўй, ёрдам бергувчи яқин кишиси, Юсуфбек ҳожи оиласининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлганини қайд этмоқда. Ҳасаналининг бундай мақомини ёзувчи унинг озод одамлар билан бир дастурхон атрофида ўтириши, керак бўлганда, суҳбатга бемалол аралаша олиши асносида ҳам таъкидламоқчи бўлган.
Матндаги яна бир жиҳат: қутидор Отабек кимнинг ўғли эканини билгач, унга дабдурустдан “Мен сизларникида бир неча бор меҳмон бўлганман, отангиз билан яқиндан танишман”, демайди. Воқеага Отабекни ҳам алоқадор қилиб ”Мени эслай оласизми, бек?”, деган савол беради. Демак, бу сўроқда ҳам қандайдир назокат бор. Қутидорнинг Отабекдан неча ёшга кирганини билиш учун берган саволи заминида ҳам мулоҳаза, ўйлаш сезилади. “Неч ёшға бордингиз?” гапида сўзловчининг Отабек умрининг давом эта бориш асносида қайси нуқтага етганини билиш учун берганлиги англашилади, яъни бу гапда йигит умри давом этиб боришини исташ оҳанги ҳам жой олгандек. Айтайлик, “бордингиз” сўзи ўрнига “кирдингиз” сўзи ишлатилганда бундай эффект йўқолган бўларди. Ниҳоят, Ҳасаналининг “Амакингиз сизни саройларга олиб тушар эдилар” гапи қутидор тилидан “Мен сизни ўзим ишлаган саройга ҳам олиб борганман” дейилганда, бир оз нокамтарлик оҳангида айтилгани билинарди. Бу гапни муаллиф Ҳасанали тилидан айттиргани ҳам Абдулла Қодирий услубига хос бадиий маҳорат нишонасидир.
Хулоса тариқасида айтиш мумкинки, “Ўткан кунлар” романи герменевтика талаблари асосида таҳлил этилса, унинг ҳозирча “кўздан пана” талайгина фазилатлари юз очган бўларди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 15-сонидан олинди.