Бойбўта Дўстқораев. Чўлпон: газета еттинчи давлат

Мен талабаларга Ўзбекистон журналистикаси тарихидан дарс берарканман, Бухоро матбуоти ва матбааси тарихига оид манбалар етарли эмаслигини англадим. Журналистикамиз тарихига бағишланган мақола ва китобларда бу борада маълумотлар кам. Чунончи, Абдулла Авлонийнинг 1924 йили эълон қилинган «Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи» мақоласида “…Бухорода “Турон” исмида ўзбекча бир газета, “Бухорои шариф” исмида форсича бир газета чиққан эди. Нусхалари қўлимизда бўлмоғони учун улар тўғрисида муҳокама юритмадик”, дейиш билан чекланилган. Зиё Саиднинг 1927 йили нашр қилинган «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар” китобида эса мазкур газеталар ҳатто эсланмаган ҳам.
Ўтган асрнинг 20- йилларида бухороликлар томонидан чиқарилган газета ва журналлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам анча ғариб. Шу боис, эҳтимол, Бухоронинг ўзида чиққан газета-журналларда бу ҳақдаги материалларга дуч келиб қоларман, деган ўй билан кутубхона ва архивларда уларнинг сақланиб қолган нусхаларини кўриб чиқдим. Хайриятки, меҳнатим зое кетмади: анча-мунча маълумотлар топдим. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, 20- йилларнинг машҳур зиёлиси Муҳаммад Саид Аҳрорийнинг бу борадаги ҳануз номаълум бўлган мақолаларини учратдим. Саид Аҳрорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида фарзанди — журналистика фахрийси Холида опа Аҳророва ҳамда адабиётшунослар — Н. Каримов, С. Аҳмедов ва бошқаларнинг китоблари, мақолалари бор. Уларда мен топган мақолалар эсланмаган. Демак, уларга мазкур тадқиқотчиларнинг кўзи тушмаган. Ўтмишда чиққан ҳар қандай газета ва журналга оид янги топилган манба муҳим ҳисобланади: қўшимча маълумот юзага чиқади…
Ватанимизни мустамлакачилардан озод этиш учун жонини фидо қилган истиқлолчилардан бири Муҳаммад Саид Аҳрорийдир. У 1895 йили Мадинада таваллуд топган. Отаси Абдурашидхўжа Аҳрор ўғли асли хўжандлик бўлиб, ҳаж зиёратига бориб, Мадина шаҳрида яшаб қолган. Профессор Наим Каримовнинг ёзишига қараганда, Абдурашидхўжа 1903 — 1905 йиллари Мадинадан Туркияга кўчиб келиб, Истанбулда истиқомат қила бошлайди. Ўғли Муҳаммад Саиднинг замонавий маълумот олиши учун жон куйдирган отаси Абдурашидхўжа бўлажак истиқлолчини Истанбулдаги гимназияда ўқитади, сўнг олти ойлик ҳарбий курсларда таълим олдиради. Бу орада Биринчи жаҳон уруши бошланиб, Муҳаммад Саид ҳам Дарданел учун бўлган жангларда иштирок этиб, у ерда туркиялик бошқа жангчилар қаторида русларга асир тушиб қолади. Бир қанча вақт Сибир ерларида тутқунлик азобларини тортган Муҳаммад Саид 1917 йил Феврал инқилобидан сўнг Туркистонга, аниқроғи, Тошкентга келади. Мана шундан бошлаб унинг азалий орзуси – ота юртида бор куч-ғайратини, билимини унга бахшида этиши учун имконият пайдо бўлади. Лекин ҳокимиятни эгаллаб олган болшевиклар ғайрат-шижоатга тўлиб турган миллатпарварнинг саъй-ҳаракатларига тўсиқ қўя бошлайди. Шундай бўлса-да, Муҳаммад Саид ёшларга замонавий билим ва маданият тарқатиш ишида бўлсин, бошқа ижтимоий фаолият соҳаларида бўлсин, имкониятлардан фойдаланишга уринди. Шундай фаолият соҳаларидан бири журналистика эди.
Муҳаммад Саид Тошкентга келгани ҳамоно публицист сифатида ўз даврининг энг долзарб, энг дардли мавзуларида қалам тебратди. Ҳайратланарлиси шундаки, у хорижда туғилиб, Истанбулдаги мактаб ва курсларни турк тилида тугатган бўлса-да, дастлабки мақолалариниёқ соф ўзбек тилида ёзгани очиқ кўринади. Бу — адибнинг отаси Абдурашидхўжанинг хизмати бўлса керак. У ўғлига хорижда ҳам ўзбек тилида сўзлаш ва ёзишни ўргатган бўлиши тайин.
Саид Аҳрорийнинг 1918 — 1920-йиллар оралиғида ёзган мақолалари “Турк сўзи”, “Иштирокиюн” каби газеталарда босилган. 1920 йилга келиб унинг фаолияти Бухоро билан боғланди. Маълумки, ёш бухороликлар фирқасининг Тошкент бюроси 1920 йили газета ва журнал нашр этишни йўлга қўйди. Жумладан, “Учқун”, “Қутулиш” газеталари ҳамда “Тонг” журнали худди шу йили дунё юзини кўрди. Саид Аҳрорий мана шу нашрларда фаол қатнашди. Чунончи, “Учқун”нинг 1-сонида “Золимларга қарши исён” рубрикаси остида “Бухоро аскарларига” босилди. Унда муаллиф Бухоро аҳлини золим амирга қарши қўзғолишга чорлади. Газетанинг 2-сонидан публицистнинг иккита мақоласи ўрин олган. Бири Муҳаммад Саид имзоси билан “Золимларни маҳв этмак керак” деган даъват руҳидаги мақола бўлса, иккинчиси — Бахтиёрхўжа имзоси остида “Бухоро мусулмонлариға” сарлавҳали чақириқ мақоладир. Мақолаларнинг сарлавҳаларидан аён бўлиб турибдики, Муҳаммад Саид Бухоронинг озод ва обод ўлка бўлишини истаган, шунга бошқаларни ҳам даъват қилган.
1920 йилнинг 2 сентябрида амирлик тугатилиб, Бухоро халқ шўролар жумҳурияти (БХШЖ) ташкил этилгач, Муҳаммад Саид ҳам у ерга боради ва фаол ишга киришади. У “Бухоро ахбори” газетаси ҳамда давлат нашриётининг барпо бўлишида қатнашади. “Бухоро ахбори”нинг дастлабки 5 сонига муваққат муҳаррир бўлади, сўнг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида жон куйдириб ишлайди. (“Бухоро ахбори”нинг 17 сони Муҳаммад Саиднинг муҳаррирлигида чиққан.) 1921 йилнинг иккинчи ярмида у БХШЖнинг Бокудаги консулхонасига ишга тайинланиб, 1923 йил охиригача у ерда ишлайди. Бухорога қайтгач, 1924 йилнинг январидан 1925 йилгача “Озод Бухоро” газетаси муҳаррирининг биринчи муовини ва давлат нашриётининг мудири лавозимларида фаолият кўрсатади. Ўзбекистон ССР ташкил этилгач, республика маркази — Самарқандга келади. Айтиш мумкинки, Бухоро матбуоти ва матбаачилиги ривожланишининг дастлабки 4 йили унинг кўз ўнгида ўтган. Шу боис БХШЖ журналистикасининг шаклланиш ва тараққий этиш жараёнини Муҳаммад Саид яхши билган ва бу ҳақда тадқиқот-мақолалар ёзган. Унинг “Бухоро ахбори” ва “Озод Бухоро” газеталаридаги мақолалари Муҳаммад Саид, Муҳаммад Саид Аҳрорий, Бахтиёрхўжа, Мухторхўжа, Абу Мунир имзолари билан чоп этилган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Бухоро ахбори»да ўз даврининг жуда истеъдодли қаламкашлари — Чўлпон, Муҳаммад Саид Аҳрорий, Қосим Сорокин, Қори Йўлдош Пўлатов, Лазиз Азиззода, Маҳмуд Будайли ва бошқалар ишлаганлар. Шу боис бўлса керак, зикр этилган шахсларнинг матбуот зиммасига юкланадиган вазифалар тўғрисидаги тушунчалари ҳам ниҳоятда юксак бўлган. Чўлпон “Бухоро ахбори”га муҳаррирликка тайинлангач, ўзи раҳбар сифатида 1921 йил 30 июнда чиқарган биринчи сондаги бош мақолада «Газета… дунёда 5 кучлик давлат бўлса, 6нчиси, 6 бўлса — 7нчиси…” деб ёзади. Унинг бу таърифини газетанинг 1923 йил 23 феврал сонидаги матбуотга бағишланган мақола муаллифи янада кенгайтирган. “Умумий Ёврупо урушидан илк Ёврупода буюк олти давлат бор эди: Русия, Германия, Франция, Англия, /Австрия/, Италия. Матбуот эса еттинчи буюк давлатдан саналар эди. Матбуотнинг ёлғизининг кучи ва эътибори олти давлатнинг кучи билан баробар келар эди», дейилади унда. Саид Аҳрорий ҳам ҳамкасблари қаторида матбуотга тавсиф бераркан, ХХ асрнинг бошларида урф бўлган қараш — тузумнинг замини деб ҳисобланилган ижтимоий табақаларни эътиборда тутган ҳолда ёндашади. “Матбуот ўз синфининг ойнаси бўлуб, — деб ёзади Муҳаммад Саид, — у синфни маълум бир доирада уюштурадир. Шу ҳолда бу бир синфни яшатишда жуда муҳим ўрун ишғол эткучи бир қуролдир”.
Газетанинг худди шу пайтлардаги сонларида капиталистик жамиятда матбуотнинг хусусиятлари ҳақида ҳам, умуман, тўғри фикрлар билдирилган. Кўринадики, «Бухоро ахбори”да матбуот борасида ёзишганда, муаллифлар зиммаларига қандай масъулият тушишини жуда яхши англашганини фаҳмлаш қийин эмас. Муҳаммад Саиднинг матбуот тўғрисидаги мақолалари мана шундай ижодий муҳитда яратилган. Унинг Бухоро матбуоти тарихига оид дастлабки мақоласи Абу Шомилнинг “Озод Бухоро”да босилган “Бизнинг ҳисоб” мақоласига муносабат тарзида юзага келди. Абу Шомил мақоласи эса 1924 йил 5 майда “Озод Бухоро” газетасининг 300-сони чиқиши муносабати билан ёзилган. (“Абу Шомил” ўша вақтдаги “Озод Бухоро”нинг муҳаррири, татар миллатига мансуб Қосим Сорокин (Иброҳимов)нинг яширин имзоси бўлган.) У газетанинг юбилей сони чиқишини катта воқеа сифатида баҳолаб, унинг босиб ўтган йўлига тўхталади, тўрт йиллик тарихини уч даврга бўлади ва ҳар бирига тавсиф беради. Жумладан, газетанинг биринчи даври деб унинг “Бухоро ахбори” номида 1-сони чиққан 1920 йил 9 сентябрдан 1922 йил январигача, яъни Чўлпон муҳаррирлик қилган охирги — олтмиш бешинчи сон чиққан 15 январгача бўлган вақтни олади. Абу Шомил бу даврда газетанинг чиқиши учун жонбозлик кўрсатган, ташкилотчилик қилган Саид Аҳрорий, Лазиз Азиззода, Маҳмуд Будайли, Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон), Маҳмуд Субой ва Ҳусайн Алмашевга “65-сон чиқишига муваффақ бўлғон ва халқга озми-кўбми газетанинг аҳамиятини англата билган”лари учун ташаккур баён қилади. “Бу давр энг оғир давр эди”, деб ёзади у. Чунки газета бу даврда, асосан, ёш ҳукуматнинг буйруқларини босиб, газетадан кўра, “расмий ҳукумат қоғози” тусини олишга мажбур бўлган. Бунинг устига, Бухорода “газета ўқиш ҳаром” деган ақида ҳукм сурган. Ана шундай вазиятда газета чиқариш ва халққа уни “ўқиш ҳалол” деб маъқуллашга муваффақ бўлиш катта гап эди.
Абу Шомил бу юмшатувчи изоҳларни келтирса-да, умуман, газетанинг биринчи даврига берган баҳоси мақоласининг бошида ўзи “ташаккур баён қилганлар”нинг иззат-нафсига тегадиган даражада салбий эди. Мана ўша баҳо: “биринчиси — фақат ҳукуматнинг буйруқларини халқга тушунтиришка тиришкан “ҳукуматнинг расмий қоғози” даври”.
Табиийки, бу баҳога Муҳаммад Саид қўшилолмаган ва газетанинг 1924 йил 11 май сонида “Газетамизнинг биринчи даврлари” деган мақола эълон қилади.
Муҳаммад Саид “Бухоро ахбори”нинг ҳукумат буйруқларини босганлигининг туб сабабини қуйидагича изоҳлайди: газета учун “… у вақтлардаги тилак: бухороли ватандошларга инқилобимизнинг ўзини, омилларини, сабабларини билдирмак ва танитмоқ баробарида, унинг фойда ва фазилатларини чин бир равишда тушунтирмакдан иборат… Газетага тегишли бошқа муҳим вазифалар иккинчи навбатда қолдирилди. Бухоро жумҳуриятининг матбуот юзасидан бўлғон ўшал йўқсуллик (ночорлик — Б.Д.) чоқларида юқоридаги тилакдан бошқасиға киришмакка на қалам ва на-да, техника етарлик эмас эди… Шундай бўлса ҳам, оз ва ғайри муташаккил идораси (шаклланмаган таҳририяти — Б.Д.) билан янги ҳукуматнинг бутун омолини тушунтира олғондир. Зотида дастлабки вазифаси ҳам шундан иборат бўлғони каби, матбуотни ҳаром деб таниғон бир эл орасида бир йиллиқ муддат ичида биргина газетадан бундан ортуқ хидмат талаб этиб бўлмас”. Муаллифнинг мақоласи “Бухоро ахбори”нинг бу қадар мураккаб шароитда қандай мақсадни кўзлаган ҳолда чиқиб турганини англашга кўмаклашади.
Муҳаммад Саид газета бир меъёрда чиқиб туриши учун техник жиҳатдан катта қийинчиликларга дуч келинганини изоҳлайди. Бунда уч асосий нарса сабаб бўлганди, деб ёзади у. «Бухоро ахбори” ташкил этилгач, “Қизил Шарқ” поездининг сайёр матбаасида босилиб турди (“Қизил Шарқ” — марказий шўро ҳукумати томонидан ташкил қилинган ташвиқий поезд). “Сайёр матбаа кетгач, газета ҳафталаб, балки ойлаб тўхтади. Негаким, давлат нашриётимизнинг матбааси ҳали қурулмағон эди… Учинчи сабаб эса, тегишли матириёлларнинг камёблиғидир. Газета шу ўн ой ичида зўраймасдан, эски катталигида чиқа берди. Негаким, фақат амир ҳукуматидан қолғон матбаа ва бир неча пуд ҳарфга суяниб қолғон эди. Сўнг вақтларда нашриётга янги ҳарф ва американка кела бошлағоч, зўрайишга йўл очмоқ имкони тайёрланиб қолди”. Бу фактлар таҳририят аъзолари, хусусан, газета учун шахсан масъул бўлган муҳаррирлар “Бухоро ахбори”ни нақадар моддий-техник қийинчиликлар шароитида чиқаришганини тасаввур қилишга ёрдам беради. Жумладан, Чўлпон 1921 йили газетага муҳаррир этиб тайинлангач, чиқарилган дастлабки сонида таҳририят номидан шундай ният билдирилганди: “Ҳозир қўлимизда бўлғон куч билан газетани шу кичик ўлчовда кун оралаш чиқариб турмоқчи бўлдиқ. Агар фавқулодда ишлар монеъ бўмасалар, газета шундай чиқиб турғусидир”. Таассуфки, бу ният амалга ошмаган. Нима учун амалга ошмаганини Муҳаммад Саиднинг юқорида келтирганимиз изоҳидан англаб олиш мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Муҳаммад Саид газетанинг биринчи давридаги муҳаррир ва публицистларнинг хизматига баҳо бераркан, Маҳмуд Будайли меҳнатини алоҳида таъкидлаган. Газета “… олтинчи сондан бошлаб ҳайъати таҳририя қарамоғида чиқди… — деб ёзади у, — газетада бири орқасидан бири ҳайъати таҳририя аъзолари ва муҳаррир бўлуб Маҳмуд Будайли, Саид Аҳрорий, Ориф Олпориф, Ҳусайн Алмашеф, Абдулраҳмон Исмоилзода, Шаҳзода Сурайё, Абдулҳамид Сулаймонифлар ишладилар. Бу ўртада шуни эътироф этиб ўтмак керакдирким, Маҳмуд Будайли замонларида газетамизда фирқа ҳаёти ва фирқа нуқтаи назарига тегишли ёзувлар кўпроқ ўткурроқ бўлуб ўтмак баробарида, барча таҳрир ҳайъатига раҳбарлик қилғондир. Шул сабабдан ул газетамизнинг у чоғлардағи энг фаол муҳаррири ҳамда дастлабки раҳбари саналишға арзийдир”. Бу баҳо Муҳаммад Саиднинг ижодкор меҳнатини қадрлаш фазилатига эга бўлганини кўрсатадиган фактдир.
Публицист шу билангина кифояланмайди. У “Озод Бухоро”нинг 1924 йил 17 май сонида “Газетани тузатиш масаласи” деган мақоласини фикр алмашув тарзида эълон қилади ва газетани янада яхшироқ чиқариш учун бир қанча таклифларини айтади. Жумладан, газетанинг имлосини тузатиш, тилини адабий тил меъёрлари асосида тутиш, газетани кенг меҳнаткашлар орасида тарқатишга йўл топиш юзасидан эътиборга сазовор фикрлар билдиради.
1924 йилнинг 21 июнида ўзбек шўро матбуоти ташкил топганига 6 йил тўлган. Ушбу санани нишонлаш муносабати билан мутбуотга эътибор кучайган, турли мақолалар эълон қилинган. Муҳаммад Саид ҳам шу сана муносабати билан “Матбуот байрамига тайёрланмоқ керак” (“Озод Бухоро”, 103-сон), “Бойлар ва камбағаллар матбуотининг фарқи” (105-сон, имзо: Абу Мунир), “БХШЖнинг давлат нашриёти” (шу сон) мақолаларини ёзди. Мазкур мақолаларида у ўз даври матбуоти учун долзарб ва муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратиш зарурлигини уқтиради. Давлат нашриёти ҳақидаги мақоласини мазкур муассасанинг ўзига хос тўрт йиллик солномаси дейиш мумкин. Бундай “солнома”ни яратишга унинг маънавий ҳақи бор эди. Зотан, у “Бухоро ахбори”нинггина эмас, давлат нашриётининг ҳам ташкилотчиси ва раҳбарларидан бири эди. Бу фикримизни мақоладаги қуйидаги иқтибос тасдиқлайди: нашриёт ташкил этилган кундан «олти ойғача давлат нашриёти ва газета идораси бир устол устида, менинг қўлимда давом этди”, деб ёзади у. Муҳаммад Саид нашриётнинг тарихини баён қилиш билан бирга, фаолиятини янада яхшилаш юзасидан нималарни амалга ошириш лозимлиги устида ҳам фикр юритган.
Публицист Саид Аҳрорийнинг “Бухоронинг қизил матбуот тарихчаси” сарлавҳали мақоласи “Озод Бухоро”нинг 1924 йил 21 ва 29 июн сонларида Бахтиёрхўжа имзоси билан босилган. Мазкур мақолада муаллиф Бухоронинг 1920 — 1924 йиллари нашр қилинган газета ва журналлари тарихига тўхталади. Жумладан, у “Тонг”, “Нашри маориф”, “Маориф ва маданият” журналлари, “Учқун”, “Қутулиш” ва “Бухоро ахбори” — “Озод Бухоро” газеталарининг ташкил этилиши, маслак ва мақсади, йўналиши, мундарижаси, қанча сони чиққани, унда қайси журналистлар қатнашгани, нуфузи, чиқишдан тўхтаган бўлса, бунинг сабаблари ҳақида маълумотлар келтирган. Муҳаммад Саид “Тонг” журналининг 3 сони, “Нашри маориф”нинг 5 сони, “Маориф ва маданият”нинг 2 сони, “Учқун” газетасининг 2 сони, “Қутулиш”нинг 11 сони чиққани тўғрисида, уларга кимлар муҳаррирлик қилгани ҳақида маълумот берган. У «Тонг” журналининг нима сабабдан тўхтаганлиги тўғрисида шундай маълумот келтиради: “Тонг”нинг…. имлоси янги имло, тили бутунлай чиғатойча бўлғони учун у вақтларда Бухороға яхши таъсир эта олмоғондир. Мундарижада 5 фоиздан ортуқ Бухороға тегишли ёзувлари бўлмағон. Тўғрисини айтканда, кўпроқ “Чиғатой гурунги”нинг таъсирига берилган эди. Шунинг учун Бухоро меҳнаткашларидан кўпроқ Туркистон зиёлилариғағина ярар эди”. Мана шу сабабли журнал ношири уни чиқишдан тўхтатиб, ўрнига “Қутулиш” газетасини нашр қилишга қарор берган. Кўрамизки, бу маълумотлар журналистикамиз тарихини ёритувчилар учун янгиликдир. Зеро, ўша давр ўзбек журналистикаси тарихининг билимдони Зиё Саиднинг китобида ҳам ушбу факт учрамайди. Муҳаммад Саиднинг “Нашри маориф” журнали ҳақида келтирган фактлари ҳам ҳозирги тадқиқотчилар учун янгидир. Унинг ёзишича, 1923 йилнинг март ойида марказ касабалар шўроси ҳузуридаги “Нашри маориф” шўъбаси томонидан шу номда икки ҳафталик адабий, фанний, иқтисодий ва сиёсий журнал чиқарилган. Касабалар уюшмаси томонидан чиқарилса-да, касабалар турмушини ёритмаган. Фанний қисми бўш, илмий ва сиёсий қисмлари жуда заиф, бадиий жиҳатдан кўчага тақлид этган. Хабир Абдуллаев деган шахс муҳаррирлик қилган. Шунинг учун “Хабир Абдуллаев ва у оилага мансуб кишилар томонидан монопулиёға олинғонлиғи учун бошқа ҳеч бир қалам иштирок этмаган”. Ана шу сабаблар туфайли мазкур журнални халқ қабул қилмаган.
Бундай конкрет факт ва маълумотлар бошқа нашрлар ҳақида фикр юритилганда ҳам келтирилади. Аҳамиятли жойи шундаки, бош муҳаррирнинг муайян нашрнинг қандай чиқишида ўрни ғоят катта эканини Муҳаммад Саид мақолалари яна бир карра исботлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Муҳаммад Саид Аҳрорийнинг Бухоро матбуоти тарихига оид мақолалари ўзбек журналистикаси тарихини яратишда қимматли манба бўла олади, дейиш мумкин.
Муҳаммад Саид, шубҳасиз, истеъдодли публицист, ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби бўлган. У ўзбек маданиятининг тараққиёти йўлида янада кўп ишларни рўёбга чиқариши мумкин эди. Таассуфки, Сталин қирғин-қатағони бунга йўл бермади. У навқирон 36 ёшида, 1931 йилнинг 23 майида “халқ душмани” деган машъум айблов билан отиб ташланди. Қисқа, аммо чақмоқдек ёрқин умри давомида у ёдда қоларлик талайгина ишлар қилишга улгурди.

Бойбўта Дўстқораев,
ЎзДЖТУ Журналистика назарияси, амалиёти ва тарихи кафедрасининг мудири
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 42-сонидан олинди