“Бобурнома”даги таърих — муаммолар муаммоси

“Бобурнома” аждодларимиз томонидан яратилган нодир асарлар сирасидаги дунёга машҳур битикдир. Бу асар Ғарбу Шарқда катта қизиқиш билан ўрганилган, ҳозир ҳам унга қизиқиш сусайгани йўқ. “Бобурнома”ни оммавий чоп этиш муаллифнинг авлодлари бўлмиш биз ўзбеклардан олдин Ғарб олимларига насиб бўлган. XIX аср ўрталарида рус туркологи Н.И.Ильминский, XX аср бошида инглиз шарқшуноси А.Бевериж хоним ўзларида мавжуд бўлган бошқа-бошқа қўлёзмалар асосида нашр ишларини амалга оширганлар. Ўзбекистонда ўтган асрнинг ўрталарига келибгина Порсо Шамсиев ва Содиқ Мирзаевлар томонидан бу икки қўлёзма босмаси қиёсий ўрганилиб, дастлабки ўзбекча нашр варианти чоп этилди. Лекин бу босма, Порсо Шамсиевнинг ўзи ке­йинчалик эътироф этганидек, “кейинги ишлаш жараёнида маълум бўлишича, жуда кўп нуқсонларга эга экан”лиги боис, 1960 йилда тўлиғинча қайтадан ишлаб чиқилди ва чоп этилди. Асарнинг 1989 йилдаги охирги босмаси ҳамда 2009 йили Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Муллахўжаевалар томонидан амалга оширилган “Бобурнома”нинг ҳозирги ўзбек тилига табдили учун шу нашр асос қилиб олинган. Яна шу нашр сўзбошисида устоз Порсо Шамсиев “…“Бобурнома”нинг пухта тайёрланган танқидий матни майдонга чиқмагунча бу асарнинг нашрларида ноаниқлик ва нуқсонлар юз бериши табиийдир”, деб ёзар экан, кўнгли тўлмаган ўринларнинг кўплиги ҳамда ўзидан ўтиб кетган ноаниқ ва камчиликларнинг бисёрлигини мардлик билан тан олиш, баробарида, уларни тўғрилаш, тўлдириш, мукаммаллаштириш кейинги олимлар авлоди томонидан амалга оширилишини умид қилган бўлса, ажаб эмас.
“Бобурнома” устида олиб борилган кузатишлар, унда жуда кўп аниқлик киритиш, тузатиш ва тартибга солиниши керак бўлган ўринлар, жиҳатлар борлигини кўрсатмоқда. Биз аниқлаган камчиликлар сирасидаги бир жиҳат – асарда келтирилган муаммо жанри намуналарининг берилиши масаласидир. “Бобурнома”даги муаммо жанрига мансуб намуналар берилишидаги хато ва камчиликларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин.
1. “Бобурнома”нинг амалга оширилган дастлабки икки нашри – Қозон ва Лондон босмаларида мавжуд бўлган нуқсонларнинг кейинги барча нашрларда такрорланиши билан боғлиқ хатолар. Қозон босмасидан олиб босилган асарнинг 936 йил саргузаштлари сирасида берилган икки таърих бамисоли ечимсиз муаммо, мутлақ топимсиз топишмоқ, жавобсиз жумбоққа айланган: “Шайх Зайниддинким, фузалоларимиздан эрди, бу фатҳға таръих “подшоҳи ислом” топти ва… Яна ўшандоқ илгариги фатҳларимиздинким, Дибалпурни фатҳ қилдук, икки киши “васати рабиул-авал” топти”. (“Бобурнома”, Т. 1989. 352-бет.) Биринчи таърих 1527 йили Бобурнинг Секрийда қозонган оламшумул ғалабаси муносабати билан; иккинчиси, 1524-25 йили у қозонган Дибалпурдаги зафарга бағишланган. Ношир ё муҳаррир томонидан саҳифаости иловада, мазкур таърихларнинг ҳижрий ва ҳам милодий шарҳланмай келинганлигининг ўзи Қозон босмасининг жиддий камчилигидир. Таърихлардан сана чиқариш ўқувчининг ўзига қолдирилган бўлса, биз бунга уриниб кўрамиз. “Подшоҳи ислом”… Бир қарашда ифоданинг ўзиёқ таърих моддаси учун ажабтовур, ғалати туюлади. Бирикманинг абжад ҳисоби бўйича жамланмаси янада ҳайратангиз.
Туркий ва форсий настаълиқ алифбе сирасидаги араб аслий алифбосига қўшимча равишда киритилган “пе” (п) ҳарфи “чим” (ч), “гоф” (г) ҳарфлари каби рақам қийматидан мосуводир. Бунда одатда “пе” (п) ҳарфи 2 сони қийматига мусовий “бе” (б)га тенглаштирилади. “Подшоҳи ислом” таркибидаги ҳарфларни абжадга кўра қўшиб чиқсак, ҳижрий 445, мелодий 1053-54 йил келиб чиқади. Бу Бобур замонидан V аср бурунги қорахонийлар даври демакдир!
“Васати рабиул-аввал” таърихи ҳам бошни қотиради. Бирикманинг кирилл ёзувига табдили ҳам камчиликдан холи эмас. Биз бундан кўз юмиб, унинг арабий имлога кўра тўғри ёзилган шаклини кўз олдимизга келтириб, жаъм ул-абжад қилиб кўрсак, воқеа ҳижрий 425, милодий 1037-1038 санада юз берган бўлиб чиқади. Бобурнинг бу фатҳи ўзи яшаган даврдан беш юз йилча олдин юз берган бўлиб чиқаяпти. Ҳар иккала таърихдан чиқарилган ҳосила, энг билимдон тарихчи ёки адабиётшуносни ҳам ҳайрон қолдириши табиий. Гап нимада ўзи? Юқорида айтилганидек, бу Қозон босмасидаги хатоликлар билан боғлиқ. Эслатилган 1989 йилги нашрда Лондон босмасидан олинган айнан шу таърихларнинг тўғри ва тўлиқ шакли берилмаганда, улар ечилмас жумбоқ бўлиб қолавериши мумкин эди. Айни пайтда, улар саҳифаости иловада ҳам тўғри изоҳланган.
Мемуарнинг 933 йил ҳодисалари баёнида айнан шу парча қуйидагича берилган: “Шайх Зайн бу фатҳқа (Секрий фатҳига – таъкид бизники) “Фатҳи подшоҳи ислом” лафзини та(ъ)рих топиб эди. Кобулдин келур кишилардин Мир Гису ҳам ушбу лафзни та(ъ)рих топиб, рубоий айтиб йибориб эди… Яна бир қатла Дибалпурни фатҳида Шайх Зайн “васати шаҳри рабиул-аввал”ни та(ъ)рих топиб эди. Мир Гису ҳам ушбу лафзни топиб эди”. (“Бобурнома”, Т. 1989. 298-бет.)
Равшанлашадики, 936 йил воқеаларидаги мавҳум ифодалар аслида 933 йил сирасида келтирилган юқоридаги парчанинг чала такрори экан. Биринчи таърих моддасидан “Фатҳи” сўзи тушириб қолдирилган. Унинг умумий қиймати 488 га тенг. Бу сонни “Подшоҳи ислом”дан келиб чиқадиган 445 га қўшсак, Секрий ғалабаси қўлга киритилган ҳижрий 933, милодий 1527 йилга тўғри келади.
Иккинчи “Васати шаҳри рабиул-аввал” (рабиъ ул-аввал ойининг ўртаси) таърихидан “шаҳри” сўзи тушириб қолдирилган. “Шаҳри” сўзи ҳарфий рақамларининг умумий қиймати 505 га тенгдир. Бу сонни “шаҳри” сўзсиз юқорида олинган 425 сон қийматга қўшамиз – Дибалпур жанги ҳижрий 930, милодий 1523 (24) йилда бўлиб ўтган экан.
2. Айрим муаммо-таърихларнинг арабий ёзувдаги ифодаси тўғри идрок этилмагани боис, уларнинг абжад бўйича ҳисоби бутунлай нотўғри ва номувофиқ ечимга олиб келган. 909 йил солномасида ажойиб таърих санъати диққатни тортади. Кобул вилояти тўғрисида гапира туриб, Бобур ўзи очтирган бир ариқ ҳақидаги фикрларини шундай якунлайди: “Бу ариқнинг та(ъ)рихи “жўйи хуш” топилди”. Саҳифаости изоҳи эса қуйидагича: “Жўйи хуш” – … рақам билан 925”. (Кўрсатилган нашр, 125-бет.) Изоҳда бу сонни сана дейишдан ҳам тийинилган, унинг милодий муқобили ҳам ифодаланган эмас. Ифодаланса, янада тушунарсиз ҳолат юзага келарди: ариқ 909 (милодий 1503-04) йили қазиляпти, унинг барпо этилиш таърихи эса 925 йили (милодий 1519) деб битилмоқда. 16 йилга фарқ бор. Шунинг учун барча нашрларда бу таърих ё тўла изоҳланмаган, ёки умуман худди у назардан қочгандай эътибордан четда қолдирилган. Бу номувофиқликнинг сабаби нимада? Воқеага таърих нотўғри битилганми ёки 925 йилдаги воқеа баёни қандайдир сабаблар билан адашиб 909 йил тафсилотларига аралаштириб юборилганми? Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Гап шундаки, таърих моддаси “Жўйи хуш” эмас, аслида “Жўи хуш” бўлиши керак. Биринчи сўзда қиймати 6 сонига тенг “ёй” (й) ҳарфи йўқ, “и” эса ҳарф билан ифодаланмайдиган ҳаракат – касрадир. Иккинчи сўз (хуш) “хе” (х) ва “шин” (ш) ҳарфларидан иборат, холос, улар орасида қиймати 10 сонига тенг бўлган “вов” (у) ёзилмаслиги керак. Шу икки ҳарф билан боғлиқ хато бартараф этилса, 16 йиллик фарқ ўз-ўзидан йўқ бўлади. Агар ноширлар аниқ бир қўлёзмага кўра шундай берган бўлсалар, бу хато “Бобурнома”ни кўчирган хаттотга тегишли бўлиши мумкин.
3. Лисоний (имловий) ҳамда миллий таомилларни эътиборга олмаслик билан боғлиқ хатолар. Бобур Самарқандни иккинчи бор эгаллаши хотираларида қуйидаги таърихни қайд этади: “Бу фатҳда шуаро та(ъ)рихлар айтиб эдилар. Ул жумладин бир байт хотирда қолибтур. Байт: Боз гуфто хирад ки тарихаш Фатҳи Бобур баҳодур аст, бидон”. (Кўрсатилган нашр, 77-бет.)    
Арабий ё насҳтаълиқ матнда “Фатҳи Бобур баҳодур” (Бобур баҳодур фатҳи) таърих моддасидан 905 (1499-1500) йил келиб чиқади. Нашрлардаги “Фатҳи Бобур баҳодур” тарзида ёзиб ва ўқиб келиниши мақсадга мувофиқ эмас. Талаффузда тилни бураб бўлса ҳам “Фатҳи Бобур баҳодур” тарзида айтиш балки мумкиндир, аммо, табиийки, қийналинади. Ёзишга келганда, ножўя муддаони эплаб бўлмай ҳам қолади. Моҳият мағзи шундаки, туркий ўзбек миллий тили истеъмол қонуниятига, асосан, “Бобур баҳодур” таркибидаги “у” товуши чўзиқ талаффуз этилади. У ҳолда, мазкур таърих иборасини ҳаракат замма билан эмас, айнан ҳарф “вов” – чўзиқ “у” билан ёзишга мажбур бўлинади. “Вов” абжадда оз эмас, 6 га тенгдир. Икки “вов” ортиқча қўшилгудек бўлса, мўлжалланган зарурий натижавий миқдор кўзланган 905 сонидан анча ўтиб кетади, 917 (1511-12) йилга бориб қолади. Бу Бобур Самарқанд тахтининг иккинчи забти эмас, учинчи фатҳи санасидир. Кези келганда, айтиб ўтиш керакки, Заҳириддин Муҳаммаднинг тахаллуси “Бобур” эмас, аслида, “Бобир” эканлигига адибнинг ўзи ёзган муаммосида аниқ ва тиниқ ишора қилинган. Насиб қилса, бу ҳақида алоҳида бир мақолада фикрларимизни баён қиламиз.
Нашрлардаги саҳифаости изоҳларда бу сананинг милодий ифодаланишини ҳам тўғрилаш зарур: “Ақл яна айтадики, билгил унинг таръихи “фатҳи Бобур баҳодур” бўлур. 905 (1499)”. (Кўрсатилган нашр, 77-бет.) Билдирилаётган эътироз моҳияти бирмунча жиддий. Бобурнинг ўзи Самарқандни иккинчи олиши пайтини эслаб, бир эмас, икки бор алоҳида таъкидлайди: “Мен Самарқандни олғонда ўн тўққуз ёшта эдим” (76-бет.), “ул тарихда мен ўн тўққуз ёшта эдим”. (77-бет.) 905 (1499) йили Бобур қайси томондан ёндашиб ҳисобласангиз ҳам 16-17 ёшда бўлиб чиқади. Нега унда унинг ўзи: “ўн тўққуз ёшта эдим” деб ёзади? Бу ерда мураккаб сир яширин эмас. Ҳижрий 905 йил милодий 1499 йилгина эмас. Фақат у 1499 йил августидан бошланган, холос. 7 ойдан зиёди 1500 йилга ўтади. Мазкур ҳодиса 906 (1500-01) йил тафсилотлари таркибида ёритилгани боиси ҳам ана шундадир. Айнан, мана шу ҳисобдагина, Бобур йилма-йилига 18 ёшга ўтади. Анъанавий миллий таомилга биноан хомилалик даври ҳам замланади – 19 ёшга етади. Самарқанд тахтини иккинчи бор забт этилиши 1500 йилда юз берган.
4. Айрим таърихларнинг, умуман, изоҳланмаганлиги ёки милодий санаси кўр­сатилмаганилиги.
Китоб ниҳоясида, мусаввади авроқ (яъни, асарни қоғозга туширган котиб) томонидан хаттот мавлоно Шиҳоб Муаммойи қаламига мансуб “Ҳумоюн буд вориси мулки вай” (Ҳумоюн мазкур мулк вориси бўлди) (356-бет.) таърих-муаммо келтирилади. То ҳозиргача назардан ўтказилган ўзбекча нашрлари ҳавола иловасида мазкур таърих моддаси на ҳижрий ва на милодий изоҳланган эмас. Таърихнинг жаъм ул-абжад ҳисоби 937 (1530) йилдир.
Шаҳзода Ҳумоюн таваллудига бағишланиб икки таърих битилган: “…зулқаъда ойининг тўртида Офтоб ҳут буржида эди, Кобулнинг аркида Ҳумоюн мутаваллид бўлди. Та(ъ)рихи валодатини Мавлоно Сай(й)идий шоир “Султон Ҳумоюнхон” топиб эди, Кобул шоирларидан биров “шоҳи феруз қадр” топиб эди, уч тўрт кундин кейин Ҳумоюн исми билан мавсум бўлди”. (195-бет.)
Саҳифаости изоҳларда “Султон Ҳумоюнхон” ва “шоҳи феруз қадр” таърихларининг ҳижрий 913 санага ишора қилиниши тўғри берилган, лекин унинг милодий 1508 йилга мувофиқлиги қайд этилмаган.
5. Айрим таърихларнинг жорий ёзувдаги ифодаси билан боғлиқ номувофиқликлар. Уларни хато деб бўлмайди, лекин тўғриланиши керак бўлган камчиликдир. Юқорида кўрилган таърихларда ҳам бу ҳолат кузатилади. Масалан, “васати шаҳри рабиул-аввал” таърихининг кириллдаги ифодасини олиш мумкин. Яна мисол тариқасида Ҳумоюннинг Алъамон исмли ўғли туғилишига битилган таърихни олайлик. “Шайх Абулважд валодатиға таърих “Шаҳи саодатманд” топибтур”. (319-бет.)
Арабий имлода “рабиул-аввал”даги “бе” (б) ҳарфидан кейин, “саодатманд”даги “син” (с) ҳарфидан сўнг сон қиймати 70 га тенг бўлган “айн” ёзилади. Бу ҳарфни жорий ёзувда унлилардан кейин “ъ” – айириш белгиси (лотин ёзувида тутуқ белгиси)ни қўйиш билан “аъ”, “иъ”, “уъ” тарзида ифодалаш маъқул. Йўқса, сон қиймати бўлмаган ҳаракатлар ёки бошқа сон қийматига эга чўзиқ унлилар шакли юзага келиб қолади. Кимдир сўзларнинг арабий шакли тикланса, хатога йўл қўйилмайди деб ўйлаши ва эъти­роз билдириши мумкин. Лекин мазкур ҳарфни жорий ёзувда тўла ифодалаш имкони бўла туриб ундан фойдаланмаслик, бизнингча, тўғри эмас.
Ушбу мақола “Бобурнома” устида олиб бориладиган ишлар миқёси ва заруратини идрок этиш учун мушоҳада тарзида эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Биргина жанр атрофида кузатилган хато ва камчиликлар шу бўлса, бутун асар давомида тузатилиши лозим бўлган жиҳатларни тасаввур қилиб кўринг. Мақола аввалида айтганимиздек, “Бобурнома”ни оммавий чоп эттириш, дастлаб, Ғарб олимларига насиб этди. Унинг имкон қадар мукаммаллаштирилган танқидий матнини яратиш ўзимизда, яъни, унинг авлодлари томонидан амалга оширилиши керак.

Валижон Қодиров,
филология фанлари номзоди;
Акрамжон Ваҳобов

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди.