Зокир Райимжонов, Исроил Хуррамов. Бобур буюк шаҳаршунос олим

«Бобурнинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди.»
Ж.Неру

Ўзбекистон бой тарихий ўтмишга, ўзбек халқи улкан миллий меросга эга. Шубҳасиз, ана шундай олтин меросимиздан бири ўзбек халқининг буюк фарзанди, бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур яратган шоҳ асар «Бобурнома»дир.

«Бобурнома» том маънодаги энтсиклопедик асар. Унинг оригиналлиги шундаки, асарда муаллиф асосан ўзи кўрган-кечирган, билган нарсаларни ёзади. Эшитган ёки адабиётлардан фойдаланилган бўлса, албатта, изоҳлаб ўтади. «Бобурнома»дан сиёсатчилар, этнографлар, аҳолишунослар, геоботаниклар, зоогеографлар, иқлимшунослар ўзлари учун керакли бўлган жуда кўп фактик материалларни ажратиб олишлари мумкин. Лекин шуни алоҳида қайд этишимиз керакки, у том маънода аҳоли географиясига ва унинг ажралмас қисми бўлган шаҳаршуносликка (геоурбанистика) бағишланган асар ҳамдир. Бобур тасвирлаган ҳамма воқеалар маълум бир вақт ва географик ҳудудда рўй берган. У тилга олган шаҳар, туман, вилоят, давлатлар ҳозир ҳам мавжуд, кўпчилигининг номи ўзгарган, баъзилари эса йўқ бўлиб кетган, айримлари кичик қишлоқ ҳолига келган ёки йирик шаҳарларга айланган.

Бобур шаҳарларнинг геосиёсий, айниқса, ҳарбий стратегик ва ҳарбий географик ўрни ва мавқеига жуда катта эътибор берган ва тасвирлай олган.

«Сайхун суйининг шимоли тарафидаги қасабалардан бири Ахсидир. Китобларда Аксикад битирлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқдур. Андижондин ғарб сари 9 йиғоч йўлдур. Умар Шайх Мирзо муни пойтахт қилиб эрди. Сайхун дарё­си қўрғоннинг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлибдур. Хандақининг ўрнига амийк жарлардур. Фар­ғонада (вилоят ҳақида гап кетмоқда) мунча берк кўрган йўқтур». (Бобурнома, Т.: 1990, 8-бет). Ҳозирги кунда Ахсикент харобалари қолган, холос. Амир Темур ва Бобур давридаги катта стратегик аҳамиятга эга бўлган, «Бобурнома»да бир неча бор қайд этилган бу шаҳар Шоҳрухиядир.

Бобур 1494 – 1495 йиллари Кендирлик довони (ҳозирги Қамчиқ) орқали ўтиб Шоҳрухия шаҳрига тоғаси Султон Маҳмудхон билан учрашишга келади. унинг асосий мақсади Амир Темур бобосининг Самарқанддаги тахтини эгаллаш учун тоғасидан ҳарбий ёрдам сўраш эди. Шоҳрухиянинг қандай қалъа эканлиги, унинг геостратегик аҳамияти, қалъа остонасида бўлган урушлар «Бобурнома»нинг 9 та жойида қайд этилган. Бобур маълумотларининг қиммати шундаки, у шаҳарни ўз кўзи билан кўрган ва бу ерда бир неча марта бўлган.

Бобур Моварауннаҳр, Хуросон, Афғонистон, Ҳиндистондаги ўзи кўрган, билган шаҳарларнинг иқтисодий географик ва сиёсий географик ўринларини таҳлил қилган. Буюк Ипак йўлида жойлашган, ўша даврда жуда қулай иқтисодий географик ўринга эга бўлган Кобул ва Қандаҳор шаҳарларини таърифлаб қуйидагича ёзади: «Хуросондан Ҳиндистонга борадиган карвон йўлларида иккита шаҳар бор. Бири – Кобул, яна бири – Қандаҳор. Шимол томондан Қошғар­, Фарғона, Туркистон, Самарқанд, Бухоро, Балх, Ҳисор ва Бадахшондан карвон Кобулга келади, ғарб томондан – Хуросондан карвон Қандаҳорга келади.

Кобул Ҳиндистон билан Хуросон ўртасидаги воситачидир. Бисёр яхши савдохонадир.

Ғазна шаҳри ва Ғазна вилояти кичкинагина жойдадир. Бу ерларни Забулистон деб ҳам аташади. Ғазна вилоятида атиги тўрт-беш тегирмон сув бор. Ғазна шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар ана шу сувдан ичади ва экинларини суғоради. Яна бошқа қишлоқлар коризлардан сув ичади. Султон Маҳмуд томонидан қурилган тўғонлар Шаҳобиддин Гурий томонидан бузиб ташланган, натижада ҳозирги кунда сув танқислиги сезилмоқда. Мен ушбу тўғонларни тиклаш учун пул ажратдим. Ўнлаб, юзлаб шаҳарлари ва қалъаларига эга бўлган ҳукмдорларнинг шундай кўримсиз овлоқ жойни пойтахт этиб танлаганликларини ҳеч ақлимга сиғдиролмайман» (126-бет). Демак, Бобурнинг фикрича, Ғазна шаҳрининг микрогеографик, макрогеографик, мезогеографик ўрни унинг пойтахт бўлиши учун тўғри келмайди.

Бобур шаҳарларни таърифлабгина қолмасдан ўзи шаҳарларни ободонлаштиришга, шаҳарларда боғлар яратишга, турли хил мадрасалар, жоме масжидлари, қасрлар қуришга ҳам катта ҳисса қўшган. Бош­қа мамлакатлардан, айниқса Самарқанд, Бухоро, Андижон, Марғилондан келган усталар жуда катта иззат-икромлар билан кутиб олинган. Ҳинд усталари ҳам камситилмасдан, уларга бошқа усталар билан тенгма-тенг миқдорда ҳақ тўланган. Бобур Ҳиндистонда жуда оз муддат – атиги тўрт йилу саккиз ой (1526-1530) бўлган. Лекин, ушбу давр ичида унинг қурилишларида юзлаб кишилар меҳнат қилган. Бу ҳақда «Бобурнома»да қуйи­даги сатрларни ўқиш мумкин: «Нечукким «Зафарнома»да Темурбекнинг «Масжиди Санган» иморатини қилурда Мулла Шариф мундоғ муболаға била битибдурким Азарбайжон ва Форс ва Ҳиндистон ва яна ўзга сангтарошлардан ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди. Бир Ограда (Агра) ушбу Огранинг сангтарошларидан менинг иморатларимда ҳар кунда олти юз саксон киши иш қилурлар эди, яна Ограда Сеҳрида ва Биёнада ва Дилпурда ва Гувалёрда минг тўрт юз тўқсон бир сангтарош ҳар кунда менинг иморатларимда иш қилурлар эди». (Бобурнома. М.Сале таржимаси Т., 1993 йил, 292-бет). Бобур Кобул, Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, ҳатто Макка ва Мадина шаҳарларидаги жоме масжидларини, буюк шахсларнинг мақбараларини, боғларни ва бошқа зиёратгоҳларни таъмирлаш учун ҳар доим совға-саломлар билан бирга, катта миқдорда олтин ва кумуш тангаларни (пулларни) ҳам жўнатиб турган.

Бобур шаҳарларни рекреатсия, яъни дам олиш нуқтаи назаридан ҳам ниҳоятда моҳирлик билан таърифлай олган. Шаҳарлар ҳавосининг енгиллиги ёки тозалиги, ифлослиги, чанглиги, намлиги ёки қуруқлиги «Бобурнома»да ўз аксини топган: «Андижон ҳавосида кузда кўп одамлар безгак касалига мубтало бўлади. Шаҳар атрофи ов қилишга қулай, айниқса тўқайзорларида қирғовули ниҳоятда кўп. Ўш ҳавоси ниҳоятда яхши, оқар сувлари кўп. Баҳори жуда чирой очиб келади, қалин лола ва гуллар очилур. Андижон дарёси ҳозирги Ўшнинг ўртасидан оқиб ўтиб, Андижонга боради, дарёнинг ҳар иккала қирғоғи боғлар билан қопланган. Ушбу боғларда, баҳорда очиладиган бойчечаклар жуда ҳам чиройлидур. Фарғона вилоятида Ўш ҳавоси софлигига ва тозалигига тенг келадиган шаҳар йўқдир.

Хўжанд шаҳри ёнидан Сирдарё оқиб ўтади. Хўжанд атрофида ҳайвонлар ва ёввойи қушларни ов қиладиган жуда яхши жойлар бор. Оқ кийик, буғу, қирғовул, ғоз-ўрдаклар бу ерда ниҳоятда кўп. Лекин, ҳавоси жуда нам ва оғир. Куз ойларида одамлари безгак билан оғрийдилар. Дедиларким, ҳатто чумчуқлар ҳам безгакка чалинур». (31-бет). Булардан ташқари, Бобур ўзи кўрган, билган ўнлаб, масалан: Самар­қанд, Бухоро, Қарши, Ҳирот, Балх, Бадахшон, Қундуз, Пешовар, Ғазна, Бхира, Баджаур, Агра, Деҳли, Банорас, Бонгола шаҳарларининг табиий географик ўрнига, яъни қайси тоғ этагида, қайси дарё, кўл, денгиз бўйида, адир ва текисликда, чўлда жойлашганлигини, уларнинг табиатининг қулай ёки ноқулай томонларини ниҳоятда синчковлик билан тасвирлаб бера олган.

Бобурнинг шаҳарлар этногенези ва этнографияси ҳақидаги маълумотлари ҳам ғоят қимматли ва қадрлидир.

«Андижон аҳолисининг асосий қисми туркийлардир. Андижонда ва унинг бозорларида туркча билмайдиган кишининг ўзи йўқдир. Халқнинг тили адабий тилга яқиндир. Алишер Навоий Ҳиротда туғилиб ўсган бўлса ҳам, ушбу тилда ижод қилган.

Исфаранинг барча аҳолиси сортлардир. Улар форсча гаплашадилар. Қаршининг асосий аҳолиси туркийлардир. Ғазна шаҳрининг кўчманчи халқи Ҳозоралар ва афғонлардир. Қобул ва унинг атрофида сорт­лар, пашоийлар, тожиклар, парочилар, афғонлар яшайди. Қобул ва унинг вилоятларида ўн бир, ўн икки тилда гаплашадилар: араб тилида, форс тилида, туркий тилида, муғлий тилида, афғоний, пашоий, парочий, табрий, барғий, ламғо­ний. Бошқа бирон бир жойда мунчалик ҳар турли қавм ва тиллар борлиги маълум эмас.»

Бобур ўша даврдаги шаҳарнинг архитектурасини, диққатга сазовор жойларини, яъни: мадрасалар, масжидлар, муқаддас зиёратгоҳлар, қабрлар, шаҳардаги боғлар, айниқса шаҳар аркалари (ички қалъа) ҳақида батафсил маълумотлар берган. Маълумки, Бобуршоҳ Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаронинг таклифига биноан 1505 йили Ҳиротга келади ва у ерда 20 кунча туриб қолади. (Ўша йили Ҳусайн Бойқаро барча ўғилларини қўшинлари билан йиғиб, Шайбонийхон устига юриш қилмоқчи эди, лекин ўша йили у оламдан ўтиб қолади.) Бу давр­да Ҳирот жаҳоннинг энг гўзал шаҳарларидан бири эди. Бобур ҳам ушбу шаҳарга жуда-жуда ҳаваси келган. У ёзади: «Мен Ҳиротда Алишербекнинг уйида яшадим. Ҳар куни отда шаҳарнинг ўзим кўрмаган жойларини томоша қилар эдим. Шу қисқа давр ичида мен Ҳиротда Алишербекнинг боғи ва Гузаргоҳи, Шайх Баҳовуддин Умар мозори ва мақбарасини, мавлоно Абдураҳмон Жомий мозори ва мақбараси, Улуғбекнинг Гавҳаршодбегим (Улуғбекнинг онаси) мадрасаси ва мақбарасини, Ҳирот жоме масжидини томоша қилдим» («Бобурнома», 172-бет).

«Бобурнома»да ҳали ечимини кутаётган, аниқланиши керак бўлган географик жой номлари, айниқса шаҳарлар ва қалъаларнинг топонимлари, қавм, элат, қабила, уруғ-аймоқ ва миллатлар этимологиясига оид баҳсли бўлган атама ва тушунчалар мавжуд.

Маълумки, Абу Райҳон Беруний жаҳоннинг энг улуғ олимларидан биридир. Унинг асосий ҳаёти Ғазна шаҳрида ўтди. Умрининг охирига қадар шу шаҳарнинг фуқароси бўлиб турди. Ҳиндистонга тез-тез бориб, ҳиндларнинг тарихи, фани, тили ва маданиятини ўрганиб, Бобурдан 500 йил олдин машҳур «Ҳиндистон» китобини ёзди. Китобни Беруний 1030 йили тугатган, орадан 500 йил ўтиб иккинчи ўзбек ўғлони Бобур Ҳиндистонда 1530 йили ўзининг «Бобурнома» асарини ёзиб тамомлади.

Нега «Бобурнома»да Беруний ҳақида ҳеч гап йўқ. Бобур Самарқанд шаҳрининг географик кенглигини ва узунлигини (географик координаталарини) кўрсатган. Маълумотларни Берунийдан ёки Улуғбек жадвалидан олганми, у ҳақда лом-мим демаган. Ахир Беруний деярли ҳамма китоб­ларида Ўрта Осиё шаҳарларини тилга олган, уларнинг турли жиҳатлари – ё тарихи, ё иқлими, ёхуд аҳолиси таърифланган. Унинг «Қонуни Маъсудий» китобидаги географик жадвалда 603 жойнинг 85 таси Ўрта Осиёга тегишлидир. (Х.Ҳа­санов. Ўрта Осиёлик географлар ва сайёҳлар. «Ўзбекистон», Т., 1964 йил, 128-бет.) Бас, шундай экан, улуғ Бобурнинг буюк Беруний ҳақида ёзмаслиги, уни тилга олмаслиги мумкин эмас. Бобурнинг жисмида жасурлик, мардлик, тантилик, бағрикенг­лик ҳар доим жўш урган-ку. У айниқса буюк олимлар, ёзувчилар, шоирлар, рассомлар ижодига тан бериб, «Бобурнома»да уларни кўкларга кўтариб ёзган-ку. Масалан, унинг Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Улуғбек ҳақидаги мақтовлари фикримизнинг ёрқин далилидир. Устозимиз Х.Ҳасанов ўзининг «Бобурнинг географик мероси» китобида шундай фикр билдирганлар: «Бобурнома»да Беруний исми тилга олинмаганлигига ишонманг. Чунки биз Бобурноманинг ярмидан кўпроғини кўрганимиз, ўқиганимиз йўқ. Ўша ғойиб варақларда Берунийдек улуғ сиймо тилга олинганлиги ва тақдирланганлиги ажаб эмас». Устознинг фикрини тасдиқлайдиган бир мулоҳазамиз бор. Бобуршоҳ Ғазна шаҳрини қўлга киритганида, у ердаги Султон Маҳмуд Ғазнавий, унинг ўғиллари Масъуд Султон ва Султон Иброҳим мозорлари ва у ердаги Султон Маҳмуд даврида қурилган, лекин Бобур борганда бузилиб ётган тўғонларни кўрган, уларни тузатишга буйруқ берган. Нега Берунийниннг мозори ҳақида гап йўқ? Ахир Беруний бобомиз қабри Ғазна шаҳрида бўлган-ку. Демак, Беруний ҳақида «Бобурнома»да алоҳида саҳифалар битилганлиги учун, у ҳақида бу ерда ёзмаган бўлиши мумкин.

Бобур Темурийлар наслини ҳар доим кўкларга кўтарган, Темурзодаларнинг тириклигида ҳам, ўтганларидан кейин­ ҳам обрўларини тўкмасликка, тарихда машъум ном қолдирмасликларига ҳаракат қилган.

Бобокалонимиз таърифлаб берган шаҳарлар, қалъалар, қўрғонларнинг тарихини таҳлил қилиш, ҳозирги географик жойлашган ўрнини, айниқса уларнинг топонимларини ўрганиш жуда катта илмий ва назарий аҳамиятга эга. Биз Бобур таърифлаб берган шаҳарларнинг бир қисмигагина изоҳ бердик. «Бобурнома»да бундай изоҳини кутаётган шаҳарлар, қалъалар, қўрғонлар номи ўнлаб, юзлаб топилади.

Кўриниб турибдики, Бобурнинг ўша давр урбанизатсияси ҳақида берган маълумотлари ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бобур географик меросининг бошқа қирраларини ўрганиш, уни кенг жамоатчилик оммасига етказиш географларимиз олдида турган масъулиятли ва шу билан бирга шарафли вазифадир.

Зокир РАЙИМЖОНОВ, Низомий номидаги ТДПУ доценти,
Исроил ХУРРАМОВ, ТДПУ талабаси