Бизга нотаниш Хемингуэй

Адиб шу мавзуда яхшигина ҳазиллаша биларди. Эрнест Хемингуэй 1935 йилда «Эсквайр» журналида «Ки Уэст­дан жўнатилган мактуб» асарида, сайёҳлар унинг уйини ўраб олишаётганини ёзади: «Бу мухбирингиз руҳиятига жуда мос тушади, лекин ишни ҳаддан ташқари қийинлаштириб қўяди». Гарчанд Хемингуэй вафотига салкам қирқ йил бўлса-да, ҳамон ёзувчи илгаригидай китобхонлар диққатини ўзига жалб этиб келмоқда.

Омма ҳанузгача адибнинг шахсий ҳаёти билан қизиқишда давом этмоқда. Худди аввалгидай минглаб ижодкорлар ҳозир ҳам Хемингуэйга тақлид қилмоқдалар. Бу тақлидчилар орасида жиддийлари ҳам, ўртамиёналари ҳам бор. АҚШнинг кўпгина таниқли адабиётшунослари ўзларида ҳамон Хемингуэй ижоди таъсирини сезадилар.

Ёзувчининг янги китоблари худди олдингидай шиддат билан нашр этилиб турибди. 1999 йилнинг 21 июлига келиб, ёзувчи таваллудининг 100 йиллик санасига бағишланиб, унинг сўнгги, тугалланмаган, йирик романларидан бири чоп этилди. Асар Хемингуэйнинг ўртанча ўғли Патрик томонидан нашрга тайёрланди. Ушбу роман 1953 йилда ёзувчининг Африкага сафари ҳақидаги тўқима асари эди.

Роман «True of First Light» деган сарлавҳа остида чиқади. Уни тахминан учдан бир қисмга қисқартирган Патрик романни шундай номлади. Асарда шер ови ҳамда Эрнест Хемингуэй деган ёзувчи, хотини Мери ва вакамба қабиласидан чиққан ёшгина, енгилтак Дебба исмли аёл ўртасидаги муҳаббат учбурчаги ҳақида ҳикоя қилинади. Шер ҳақиқатан ҳам бўлган, уни ёзувчининг хотини отиб ташлаган эди. Ҳозирда ана шу шер терисини Бостондаги Кеннеди кутубхонасида кўриш мумкин. Агарда ҳайвон терисига қараб, хулоса чиқарадиган бўлсак, ушбу тулум Хемингуэй тасвирлаган — «баҳайбат қора бошли» ва «оғир, улкан гавдали» махлуққа унча ўхшамасди. Дебба ҳам ҳақиқатан ҳаётда бўлган эди. Лекин унинг ёзувчи билан ишқ-муҳаббати, афтидан, тўқиб чиқарилган бўлса керак.

Сафарда узоқ йиллар гидлик қилган Патрик шундай дейди: «Унинг (Хемингуэйнинг) Африка билимдони сифатида қозонган нуфузи бироз бўрттирилган. Бу нарса отамнинг асарларига бўлган қизиқишни кучайтиради. Лекин бу қизиқиш овга тааллуқли». Ана, холос!

Хемингуэй бу романни 1955-56 йилларда ёзган эди. Сўнгра ёзувчи «Чол ва денгиз» қиссасини суратга олиш ишлари билан банд бўлиб, бу асарини четга суриб қўяди. «Спорт иллюстрейтед» журнали ўтган асрнинг етмишинчи йиллари 800 саҳифали асарнинг тўртдан бир қисмини нашр этади. Бироқ бу нашр унча шов-шув бўлмайди. Шунга қарамай, 1999 йилда бу романнинг нашр этилиши муҳим адабий воқеага айланадиганга ўхшаб турибди. Ўқувчи китобдан фақат завқ олибгина қолмайди. Роман ўқувчини ёзувчининг ҳали тугалланмаган асар устида ишлаши ва унинг «ижод океани олами»га кўз ташлашига, муаллифнинг асар яратиш йўлида чеккан беҳад заҳмат-машаққатларини кўришга имкон беради. Ёзувчи асарда оқ ва қора, эркак ва аёл, ҳаққоният ва хаёлот ўртасидаги чегараларни моҳирона тадқиқ қилиб беради.

Хемингуэй йигирма йил ичида «Кимга жом чалинади?» романи (1940) ва ўлими оралиғида фақат иккита асарини чоп эттиради. Улардан бири «Дарё орти дарахтлар соясида» асари китобхонлар ҳафсаласини пир қилади. Аммо «Чол ва денгиз» қиссаси оламшумул шуҳрат қозонади.

Бироқ шу йиллар ичида Хемингуэй минглаб саҳифаларни битади. Афтидан, Хемингуэй буларни керагича тартибга сололмаган ёки тугатолмаган кўринади. Ёзувчи ҳеч бир муболағасиз анча катта асардан «Чол ва денгиз»­ни «бичиб» олади (ундан кўп парчалар 1970 йилда чоп этилган «Океандаги ороллар» романига киритилган). Хемингуэй, шунингдек, виқор билан номлаган «андроген» ошиқ-маъшуқлар ҳақидаги «Боғи Эрам» романи устида ҳам ишлайди. Ана шу 2000 саҳифалик аралаш-қуралаш парчаларнинг қатъий таҳрирдаги талқини 1986 йилда нашр этилади.

Ёзувчига нима бўлган эди? Сиз буни биласиз. Унинг мияси жиддий жароҳатланган, кўп ичган, кайфияти эса депрессия ҳолати туфайли тез-тез ўзгариб турган. Патрикнинг фикрича, отаси «оддий одамларга нисбатан янада тезроқ, шиддат билан юрадиган соатга қараб яшаган.

Менинг назаримда, — деб ёзади Патрик, — отам 1961 йилда ўзининг бутун умрини яшаб бўлган эди. У бу вақтда мия фаолиятининг жиддий, жуда жиддий ўзгаришларидан азоб чекмоқда эди».

Хемингуэй ҳаётининг зўр, яхши кечган кунларида ўз асарларини беҳад ажойиб маҳорат билан таҳрир қила олар ва қисқартира биларди. Бироқ бундай ўта ижодий ишни бошқа биров, ҳаттоки ўз ўғли бўлсин, уддалай олармиди? Яна-тағин тугалланмаган, чала асарларни, албатта, чоп этиш шартмикан?

Ўтган йилнинг кузида Хемингуэйнинг сўнгги романи чоп этилиши эълон қилинганида таниқли адиба Жоан Дидионнинг «Ню-Ёркер» журналида эссеси босилади. Адибанинг ёзишича, бундай нашр ишлари «бозор маҳсулотини шундай тарзда мунтазам тайёрлаб бориш- ёзувчи ҳаётлигида чоп этилган асарларнинг хиралашишига олиб келади».

Бироқ Патрик ва унинг ака-укалари адабий меросхўрлик ҳуқуқларига эга бўлганларидан буён, ғолиб бўлиб келмоқдалар. Шунинг­дек, биз ҳам.

Хемингуэй-чи? У ҳақда бирор оғиз сўз айтилганича йўқ.

Бу вақтга келиб, ёзувчи таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тадбирлари бошланиб кетди. Ёзувчи асарлари қўлёзмалари ҳамда мактубларининг аксарият қисми сақланаётган Кеннеди кутубхонасида симпозиум бўлиб ўтди. Ушбу симпозиумда Хемингуэйнинг учала ўғиллари — Жек, Патрик ва Грегори, шунингдек, адабиёт бўйича Нобел мукофотининг тўрттала совриндорлари ҳам иштирок этдилар.

Маъсума Аҳмедова
“Маърифат” газетасидан олинди.