Маҳмадиёр Асадов. Биринчи Нобель лауреати

Адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига илк бора 1901 йилда француз шоири Арман Сюлли-Прюдом сазовор бўлган эди. Мана шу тарихий, оламшумул воқеа бўлмаганида, эҳтимол, Прюдомни жаҳон танимасмиди…

Ҳа, ҳатто ўз ватанида номи унут бўлаёзган шоирни Швеция академияси мукофотга энг муносиб номзод деб топди. Бироқ бутун дунё адиблари ушбу мукофот жаҳонда асарлари энг кўп ўқилаётган улуғ рус адиби Лев Николаевич Толстойга берилишини кутаётганди. Тўғри, Прюдомнинг истеъдодига шубҳа йўқ, у ўзига хос серқирра шоир бўлган. Аммо унинг ижодини Толстойдек улкан “тоғ” билан бўйлаштириб бўлмасди, албатта. Толстойдан кечиб, Прюдомнинг рағбатлантирилиши эса адабиёт оламида чин маънода ҳайратланарли ҳодиса бўлди. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, Толстойнинг ўзи бу мукофотни рад этган, иккинчидан, агар мукофот Толстойга берилганда келгуси номзодларга ҳам ўта юқори талаблар белгиланган бўларди ва Нобель чўққиси эгаллаб бўлмас маррага айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмасди.

Бу билан Сюлли-Прюдомга мукофот ноҳақ берилган, демоқчи эмасмиз, албатта. Унинг “асарларининг ўзига хос бадиий обрўси, хусусан, юксак ғоявийлиги, мукаммаллиги, шунингдек, истеъдод билан самимийликни ажойиб тарзда уйғунлаштиргани учун” мукофотга лойиқ деб топилиши ушбу шоир ижодига берилган холис баҳодир.

Нима бўлмасин, ‘‘бандаси тахмин қилади, Яратган тақдир қилади’’ деганлари рост экан, тақдир шу бўлдики, ушбу мукофот топширилаётганда Сюлли-Прюдом касаллиги туфайли маросимда иштирок эта олмади.

Шоир умрининг кўп қисмини ночорликда ўтказган. Шу билан бир пайтда у ўз даврида Франциянинг энг зиёли кишиларидан ҳисобланган. Унинг асл исми Рене Франсуа Арман Прюдом бўлиб, 1839 йил 16 мартда Парижда савдогар оиласида таваллуд топади. Икки ёшида отасидан етим қолиб, онаси ва опаси билан тоғасиникига кўчиб ўтади. Ёш Рене аввалига Бонапарт лицейида ўқийди. Болалигидан муҳандис бўлишни орзу қилган Cюлли политехника коллежига ҳужжат топширади-ю, бироқ кўзида жиддий касаллик борлиги сабаб ўқишга қабул қилинмайди. Чорасиз қолган Рене тирикчилик важидан Крузо шаҳарчасидаги заводда ишлай бошлайди. Айни вақтда фалсафани ўрганади, шеър ёзишни машқ қилади. 1865 йили у ўзининг илк шеърий тўплами “Станслар ва поэмалар”ни нашрдан чиқарди ва бу асар мунаққидлар томонидан илиқ кутиб олинди, жумладан, машҳур француз ёзувчиси Сен-Бёв ҳам асарга юксак баҳо беради. Шундан сўнг шоирнинг қатор тўпламлари нашр қилина бошлайди. “Синган гулдон” поэмасида аламли муҳаббатдан сиёҳ бўлган қалбни нафис чизгиларда тасвирлайди. Шоир лирик жанрларда кўп қалам тебратган, хусусан, унинг “Синовлар”, “Хилватгоҳлар” каби шеърий тўпламлари лириканинг ажойиб намуналаридир.

1870 йили Прюдом ҳаётида улкан йўқотишлар рўй беради. У бир неча кун ичида кетма-кет онаси, тоғаси ва холасидан айрилади. Шу йилларда Франция–Пруссия уруши бошланиб кетади ва бу урушда Прюдом ҳам қўлига қурол олиб, ватанини ҳимоя қилиш учун жангга отланади. Ҳаётнинг аччиқ синовлари ва мамлакатда кезиб юрган уруш нафаси шоирнинг қаддини анча букиб қўяди. У оғир касалликка чалиниб, тўшакка михланиб қолади. Касал ётган пайтларида ватанпарварлик ҳисси билан суғорилган “Ҳарбий таассуротлар”, юракни жунбушга келтирадиган “Беҳуда мулойимлик” каби шеърий асарларини нашр эттирди. Шоир “Адолат” номли фалсафий поэмасида инсон адолатни ташқи дунёдан эмас, ўз қалбидан излаши керак, деган фикрни олға сурса, “Бахт” поэмасида бахтга қизиқувчанлик, ақл-заковат, саховат ва фидойилик билан эришмоқ мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритади.

Прюдомнинг шеъриятдаги изланишлари ва меҳнати инобатга олиниб, у Француз академияси аъзоси этиб сайланди. 1902 йили ўзининг саъй-ҳаракатлари ҳамда Жозе-Мария де Гердьа ва Леон Дьелар каби адиб­лар кўмагида “Француз шоирлар жамияти”ни тузади.

Швеция академияси аъзолари ижодкорга шундай таъриф берадилар: “Синчковлик, кузатувчанлик ҳамда маънавий улуғворлик билан йўғрилган заковат Сюлли-Прюдомни бошқалардан ажратиб туради”. Америкалик тадқиқотчилардан бири шоир ҳақида шундай ёзади: “У поэзияни зулмат қаъридан олиб чиқди, шунингдек, бахтга элтувчи йўл азоб-уқубатлар, фидойилик ва қардошлик муҳаббати орқали ўтади, деб уқтирди”.

Узоқ вақт фалажликдан азоб чеккан шоир 1907 йил 6 сентябрда Шатней-Малабри шаҳарчасида вафот этади. Унинг қандай инсон бўлганини асарларида тараннум этилган хайрли ишларни нечоғлик амалга оширганидан ҳам билса бўлади. Прюдом Нобель мукофоти учун олган пулини ёш шоирларни рағбатлантиришга сарфлайди. Таассуф ила тан олиш керакки, ўз даврида адабиёт соҳасида ҳам, олимлар доирасида ҳам, жамоатчилик ичида ҳам ҳурматга сазовор бўлган улуғ Сюлли-Прюдомни бугунги кунда ҳатто ватани Францияда ҳам кам эслашлари ачинарли ҳол, албатта.

Маҳмадиёр Асадов, Қарши ДУ ўқитувчиси

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон