Беҳбудийнинг муносиб шогирди

Ўтган асрнинг бошида Ватан озодлиги, халқнинг маърифати, миллатнинг тараққийси учун курашган илғор маърифатпарвар зиёлиларнинг сафида Ҳожи Муин Шукрулло ўғли ҳам бор эди. Ҳожи Муин 1883 йил 19 мартда Самарқандда туғилган. Отаси Шукрулло савдогар бўлиб, 32 ёшида вафот этади. Ўн икки ёшида ҳам ота, ҳам онасидан айрилган Ҳожи Муин Руҳобод гузарининг масжид имоми бўлган бобоси Мирсаид Шариф ўғли тарбиясида қолади. Бу даврда унинг хат-саводи чиқиб бўлган, бобоси тарбиясида араб тили қоидаларини ва диний илмларни ўргана бошлаган эди.

Ўз даврининг таниқли зиёлиларидан бўлган Сайидаҳмад Васлий билан танишгандан (1900 йили) кейин бу билимларни мукаммаллаштиришга имконият туғилди. Васлий унга араб тили қоидаларини ўргатибгина қолмай, балки шеъриятга бўлган муҳаббатини ҳам кучайтирди, шу билан бирга, уни ўз даврининг маърифатпарварлари даврасига олиб кирди. Ҳожи Муин 1901 йили эски мактабда муаллимлик фаолиятини бошлайди. Бу соҳадаги муайян тажрибалар натижасида ва, албатта, Абдуқодир Шакурийнинг мактаби таъсирида 1903 йили Хўжа Нисбатдор маҳалласида ўзи янги усулдаги мактаб очади. Худди ана шу йили Васлийнинг уйида Маҳмудхўжа Беҳбудий билан танишуви унинг ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, Беҳбудийнинг «Мухтасари жуғрофияи умумий» номли асари Ҳожи Муинда жуда катта таассурот қолдиради. Кейинчалик бир мақоласида бу ҳақда шундай хотирлайди: «Шуни ҳам унутмайманки, мазкур жуғрофия китобининг «Татбиқоти диния» фаслинда «Баъзи эски хурофот ва исроилият сўзлари бизнинг тафсир китобларимизгача кириб кетган» мазмуниндага жумлалар ўшал вактда маним фикримда зўр ўзгаришлар ясади. Яъни, ўшал жумла мени биринчи дафъа фикрий инқилобға учратди. Мен ўшал қундан эътиборан ҳар бир эски ва янги китобларни диққат билан, муҳокама илан ўқуйтурғон бўлдим. Мана шунинг учун мен айта оламанким, менинг тавсиъи маълумотимга турк-тотор матбуоти сабаб бўлғонидек, мени биринчи марта фикрий инқилобға учратган ҳам Беҳбудий ҳазратларининг мазкур бир жумла сўзидир. Мен мазкур тариҳан эътиборан Беҳбудий афандиға чин кўнгил ила мухлис бўлдиғимдек, ўшал вақтдан бошлаб мавқеи келганда ҳар ерда они мудофаа этатурғон бўлдим». Ҳожи Муин шу тариқа Беҳбудийни ўзига устоз деб билди ва унинг ҳақиқий издошига айланди. Турк-татар матбуоти ва ада-биётини мунтазам ўқиб бориши ҳамда Беҳбудий бошчилигидаги Самарқанд маърифатпарварлари таъсирида тараққийпарвар инсон бўлиб шаклланган Ҳожи Муин ўз замондошлари орасида, энг аввало, усули жадид мактабининг муаллими сифатида танилди. Бошқа жадид муаллимлари каби Ҳожи Муин ҳам янги усулдаги мактабини ўз ҳисобидан очган. Беҳбудий, Шакурий, Ажзийларнинг мактабдорлик фаолияти Ҳожи Муинга катта сабоқ вазифасини ўтаган. Чунки ўша даврда ўз ҳисобидан мактаб очиш, ундан моддий фойда кўриш учун қилинадиган иш эмас эди. Унинг замондошлари билан суҳбатда бўлган адабиётшунос Раҳим Муқимовнинг ёзишича, «Ҳожи Муин мактабда болаларни саводхон қилиш учун сарфланадиган маблағни халқдан йиғмаган, балки ўзининг Деволи кўндаланг қишлоғидаги боғчасида етиштирган ширин-шакар меваларни бозорга чиқариб сотиш эвазига тўплаган. Мактабдорликдан даромад олишни сира ўйламаган»[1].

Асрлар давомида қотиб қолган эски таълим тизими, унинг воситаларидан воз кечиб, омма учун янгилик бўлган янги таълим усулини татбиқ қилиш, улар учун дарсликлар яратиш, албатта, катта меҳнат ва яна маълум бир маънода жасоратни ҳам талаб этар эди. Жадид муаллимлари қаторида Ҳожи Муин ҳам дарсликлар ёзиб, чоп эттирди. У 1908 йили форс тилида «Раҳнамои савод», И. Раҳматуллазода билан ҳамкорликда ўзбек тилида «Ўқитувчи» номли алифбо китобларини ёзади. 1926 йили чоп этилган «Форсча алифболар тарихи» мақоласида Ҳожи Муин «Раҳнамои савод» ҳақида шундай маълумот беради: «Мунинг ёзғувчиси Ҳожи Муин ва ношири муаллим Абдуқодир Шакурийдир. 1908нчи йилда тош босмада фақат бир қатла 2 минг беш юз дона босилди. Юзи 36 саҳифаликдир. Бу алифбонинг бошида ҳарфлар тадрижий суратда кўрсатилиб, сўз ва жумлалар мад усули (чўзғи) билан ёзилғон. Мунда энг аввал форсча ҳарфлар тадрижий йўл билан кўрсатилганлиги учун ўша вактда усули жадид душманлари: «Жадидлар ўз китобларидан арабча ҳарфларни чиқариб ташлабдирлар» деб халқ орасида иғво тарқатқон эдилар».

Янги мактаб муаллимлари болаларга нафақат таълим, балки тарбия беришни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Ҳожи Муин машҳур маърифатпарвар А. Шакурийнинг илтимоси билан болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бир қанча шеърларни туркийдан форсийга таржима қилади. Кейинчалик М. Беҳбудий кўмагида уларни «Гулдастаи адабиёт» номи билан тўплам ҳолида чоп эттиради. Бу тўпламга у ўз шеърларини ҳам киритган. «Гулдастаи адабиёт» ҳақида С. имзо билан ёзган муаллиф шундай фикр билдирган:

«Ҳожи Муин бундан ўн йиллар илгари, умумий фикр қоронғулиги замонасида бир адабиёт китоби ёзгон. Ул вақтларда бундай янги китобларнинг халқ орасида тарқалиб ўқулмоғи жуда қийин эди. Фикри уйғона бошлағон ёш қувватларимиз ўз тушунча ва ҳиссиётларини тарқатмоқ учун ўз халқининг руҳига мувофиқ турлик йўллар излар эдилар. Иш қийин. Бир «бисмилло»сизлик билан кофир ва малъун бўлмоқ жуда қулай эди»[2].

«Гулдастаи адабиёт» Ҳожи Муин томонидан тузилган ягона шеърий тўплам бўлиб, ундаги «Хитоб ва гўдаки беилм», «Насиҳат», «Мухаммас», «Иттифоқ», «Шикоят», «Эътироф» каби шеърлар ўзиники, қолганлари эса таржима шеърлардир. Болалигидан Аҳмад Яссавий ва Бобораҳим Машраб ғазалларини севиб ўқиган Ҳожи Муин ўзи ҳам ўн бир ёшидан шеърлар ёза бошлаганини таъкидлайди. Бироқ замоннинг кейинги қизғин жараёнлари унинг шоир эмас, балки моҳир драматург, қалами ўткир публицист бўлиб етишишини талаб қилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесасини матбуотда олқишлаб чиққан Ҳожи Муин тез орада ўзи ҳам саҳна асарлари ёза бошлади. Бу ҳақда ўз кундалигида шундай дейди: «Беҳбудийнинг 1914нчи йилда саҳнада ўйналган «Падаркуш» пьесаси менда зўр таъсир қолдирди. Шундан кейин мен шоирликни бир чеккада йиғиб қўйиб, саҳна адабиёти ёритиш фикрига тушдим. Бошлаб Қудратулла ўғли билан бирга 1914нчи йилда «Тўй» пьесасини ёзиб босдирдик». Мана шундан кейин драматургнинг «Эски мактаб, янги мактаб», «Мазлума хотин» каби пьесалари, «Кўкнори» интермедияси дунёга кедди.

Драматургнинг «Эски мактаб, янги мактаб» пьесасида эски усул мактаби билан янги усул мактаби ўқув тизимидаги фарқ тасвирланиб, «усули жадид» мактаби олқишланса, «Тўй», «Кўкнори», «Мазлума хотин» каби саҳна асарларида халқ орасида урфга кириб қолган ёмон одатлар қораланади. Булардан ташқари, Ҳожи Муин «Маориф қурбонлари», «Жувонбозлик қурбонлари», «Бой ила хизматкор», «Қози ила муаллим» каби пьесалар ҳам ёзган. Уларнинг айримлари ўша даврда саҳналаштирилган бўлса-да, муаллифнинг чоп этилмай йўқолган асарлари қаторига киради. Проф. Наим Каримов «…бахмал пардаси илк бор кўтарилган ўзбек театрининг М. Беҳбудийдан кейинги иккинчи ташкилотчиси Ҳожи Муиндир», деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам, Ҳожи Муин жадид драматурглари орасида энг самарали ижод қилган адибдир.

Маълумки, XX аср бошларида миллий матбуотимизда чоп этилган мақолаларда жаҳолатдан қутилишдек эзгу бир мақсад, интилиш «ярқ» этиб кўзга ташланади. Ушбу мақсадни амалга оширишда матбуотни сув ва ҳаводек зарур эҳтиёж деб билган Ҳожи Муин ҳам шундай зарурият билан қўлига қалам олди. Ўша давр вақтли матбуотида фаол иштирок этган Ҳожи Муин ўз кундалигида ёзишича, 1907-37 йиллар давомида 23 хил газета ва журналларда 200 тача мақола, 400 тача хабар ҳамда ўзбек ва тожик тилларидаги 1500 мисрага яқин шеърлари билан қатнашган. Унинг дастлабки хабарлари янги чоп этилган китоблар ҳақида бўлса, «Туркистон вилоятининг газети»да эълон қилинган «Ўзбекка жавоб», «Интиҳодот воқеага бир назар» каби илк мақолалари орқали усули жадид мактабларига қаратилган асоссиз танқидлар, нотўғри фикрларни фош қилади. Ҳожи Муин 1913 йили М. Беҳбудийнинг «Самарқанд» газетаси, ҳамда «Ойна» журнали чиққунига қадар «Туркигтон вилоятининг газети»да мунтазам қатнашиб турди. «Газета ўқимоқ манфаати» (1911 йил, 11 ноябрь), «Адабсизлик сабаби ва унинг чораси» (1913 йил, 1 август), «Театрнинг аҳамияти» (1912 йил, 25 март) каби қатор мақолалари юқоридаги мақсад йўлида юзага келган. «Садойи Туркистон», «Самарқанд» газеталари, «Ойна» журналида чоп этилган мақолалари ҳам асосан, халқнинг маънавиятини шакллантириш, маориф, таълим-тарбия ҳақида бўлиб, улар публицистнинг ёниқ қалбидан далолат беради.

1917 йил февраль воқеаларидан кейин Ҳожи Муин ҳам ўз устозлари ва сафдошлари каби юртнинг озодлиги, миллатнинг эрки учун курашиш мавриди келганини ҳис қилди, матбуотдаги фаолияти янада кучайди. Энди публицист маърифий масалалардан кўра сиёсий воқеалар ҳақида кўпроқ ёзадиган бўлди. Туркистон Мухториятини сидқидилдан қўллаб-қувватлади. «Ҳуррият» газетасида унинг халқни уйғонишга, эрк ва озодлик учун курашга чорлайдиган, шу билан бирга, большевикларга қарши кескин муносабати ифодаланган «Юрт қайғуси», «Шўрои исломия ва сайлов», «Большевиклар ва биз», «Намойиш тўғрисида» каби мақолалари чоп этилди. Жумладан, «Большевиклар ва биз» сарлавҳали мақоласида у большевикларнинг бутун кирдикорларини фош этиб, шундай дейди: «Биз кичик миллатларга тамом ҳуррият ва истиқлол берамиз» деб хитобномалар воситаси-ла ваъда қилғон бўлсалар ҳам, бу қуруқ сўзлари қоғоз устидагина қолди. Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, балки, билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларға тўп ва пулимут билан муқобала этдилар ва этмакдадирлар…Чунончи, Тошканд шаҳар думасини тарқатдилар. Туркистон Мухториятини «мулла ва буржуазлар қарори» деб тасдиқ этмадилар ва Тошкантда Мухторият шодлиғи учун намойиш ясағон мингларча мусулмонларға бир баҳона билан милтиқ ва пулимут отиб, бир неча гуноҳсиз мусулмон ва русларни ўлдурдилар» (1918 йил, 1 январь).

Ҳожи Муин шўролар ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг унинг нашри бўлган «Меҳнаткашлар товуши» газетасида фаолият юритса-да, янги тузумни мадҳ этишга бутунлай киришиб кетмади. Унинг меҳнаткашлар ҳокимияти деб аталган янги тузумга ишонч ва уни қувватлаш ҳоллари ифодаланган мақолалари ҳам холислик ва ҳаққонийлик мезонларидан узоқлашмаган. Публицист халқнинг турмушини, ҳукуматнинг ишларини ҳар доим кузатиб борди. Халқнинг оғир аҳволидан ҳукуматни хабардор этишга, ҳукуматнинг эса айрим қарорларини халққа тушунтириб беришга ҳаракат қилди. Ҳукумат идораларидаги бошбошдоқликлар, фаолиятсизликларни танкид қилди. Танқидий мақолалари туфайли махсус хизмат муассасаларининг «қора рўйхат»ига тушди.

Ҳожи Муиннинг публицистик фаолиятига назар ташлар эканмиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолиятини, унинг хотирасини Ҳожи Муинчалик ёдга олган бошқа бир кишини учратмадик.

1919 йилда Беҳбудийнинг сирли равишда ғойиб бўлганлиги ҳақидаги хабардан ларзага тушган Ҳожи Муин суриштирув ишлари олиб боради. Унинг мазкур масала бўйича ёзган мақолалари «Меҳнаткашлар товуши» ва «Иштирокиюн» газеталарида чоп этилди. Унда Ҳожи Муин Беҳбудий ва йўлдошларининг дараксиз кетганликларини, халқ орасида уларнинг Қарши беги томонидан ўлдирилганлиги ҳақида гап юрганлигини, бу «тўғрида хабар олатургон бир киши ҳам йўқ»лигини ёзар экан, барчани оёққа туришга ундайди: «Акобир афандининг ҳибс этилганини билиб ғалаёнга келган ва они ҳибсдан чиқармоқ учун биргалашуб бўкирган Самарқанд ёшлари ўз миллатиға 25 йил хизмат этган муҳтарам Маҳмудхўжа ила онинг рафиқларини золим Бухоро ҳукуматининг қўлидан қутқариб олмоқ ва аларнинг бор-йўқларидан хабардор бўлмоқ учун ҳаракат этмадилар ва этмайлар. Мана шундай тараққийпарвар ёшларни «қадрношунос» демай нима дейлук?» Бу Беҳбудий вафотидан кейин ёзилган дастлабки мақола эди.

Ҳожи Муин ҳар йили 25 март — Беҳбудий вафот этган кун муносабати билан устози хотирасини ёд этиб мақолалар ёзади. Жумладан, «Меҳнаткашлар товуши», «Туркистон», «Зарафшон» газеталари ва «Учқун» журналида унинг «Буюк устозимиз Беҳбудий афанди», «Марҳум Беҳбудий ва рафиқларининг қандай шаҳид бўлғонлиқлари ва алар томонидан ёзилган васиятнома», «25 март Самарқанд халқи учун мотам кунидир», «Беҳбудий мухлисларига очиқ хат», «Маҳмудхўжа Беҳбудий» деб номланган уч мақола, «Беҳбудий, Мардонқули ва Муҳаммадқул», «Беҳбудийни унутмайлик» каби мақола ва хабарларини санаб ўтиш мумкин. Уларнинг баъзилари Беҳбудий биографиясига тегишли муҳим маълумотларга бой бўлса, айримлари мазмунан такрорланади, уларда публицист маориф ва маданиятга йигирма йилча хизмат қилган улуғ бир инсоннинг хотирасини ёлғиз дуои фотиҳа билан хотирлаш эмас, балки маданий миллатлар каби абадийлаштириш лозимлиги, бунинг учун эса Беҳбудийнинг муфассал таржимаи ҳолини ёзиш, унга ҳайкаллар қўйиш, катта-катта маданий, илмий муассасаларга номини бериш лозимлигини такрор-такрор эслатади.

Ҳожи Муин 1922 йили Беҳбудийнинг таржимаи ҳолини ёзишга киришади. Унинг хабар беришича, «1921 йилда Самарқанд тараққийпарварлари орасида бу ташаббус кўрилган бўлса-да, охири натижасиз қолғон эди». «Туркистон» ва «Зарафшон» газеталарида эса шундай эълон беради: «Беҳбудий афанди керак матбуот воситаси билан ва керак Туркистон ўлкасининг каттарак шаҳарларида килғон саёҳатлари билан халқимизга янги фикрлар берган ва шунинг билан ўзига анча мухлислар пайдо қилган эди. Ўз вақтида унинг билан кўришиб, унинг фикр ва қаламидан истифода қилиб турғон кишилар кўп бўлса керак. Мана шундай кишилар Беҳбудий ҳақидаги ўз хотираларини ёзиб юборсалар, таржимаи ҳол рисоласининг охириға илова қилар эдим. Хотираларнинг 1923 йил январ охириғача менга етишмаги тегишдур».

Хабардан кўринадики, Ҳожи Муин Беҳбудийнинг таржимаи ҳоли билан бирга, унинг замондошлари томонидан езилган хотираларни тўплаб китоб шаклида чоп этиш ниятида бўлган. У таржимаи ҳолнинг маълум бир қисмини «Зарафшон» газетасида чоп эттиради. Худди шу йили таржимаи ҳол «Учқун» журналида ҳам босилади, бироқ у газетадаги вариантидан бир оз фарқ қилади. Газетадаги таржимаи ҳол «Насаби, валодати, таҳсили», «Мирзолиқ, муфтилик даври, ҳаж сафари ва фикрининг очилиши», «Хизмати қаламияси» деб номланган кичик қисмлардан иборат бўлса, журналдаги эса «Беҳбудийнинг ота-боболари ва ўзининг валодоти», «Беҳбудийнинг ибтидоий таҳсили, қорилиқ ва дарсхонлиқ чоғлари», «Беҳбудийнинг мирзолиқ ҳам муфтилик даври», «Ҳаж сафари ва фикрининг очилиши» сарлавҳали қисмларга бўлинган. Газетадагига нисбатан журналдаги таржимаи ҳол муфассалроқ ёзилган. Газетада уч қисм ихчамроқ берилган бўлиб, «Хидмати қаламияси» ҳақида ҳам сўз юритилади. Албатга, журналнинг кейинги сонларида унинг давоми чоп этилиши назарда тутилган эди. Афсуски, таржимаи ҳолнинг даюми газетада ҳам, журналда ҳам чоп этилмади. Бу таржимаи ҳол беҳбудийшунослар томонидан кўп бор тилга олингани учун унинг мазмуни устида тўхталмаймиз. Проф. Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, «Беҳбудий ҳақида 70-йиллардан бугунги кунгача эълон қилиниб келаётган Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Наим Каримов, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев ва бугунги ёш тадқиқотчилар Ҳалим Сайид, Нормурод Авазов, Зебо Аҳророва ишларининг барчасида мана шу Ҳожи Муин маълумотлари асос қилиб олинади». Ҳожи Муиннинг йўқолган асарлари рўйхатида «Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига доир материаллар»и ҳам борлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Бу «йўқолиш» бежиз эмас эди. Беҳбудий таржимаи ҳолига доир Ҳожи Муин тўплаган материаллар 1920 йили «Меҳнаткашлар товуши», 1923 йили «Зарафшон» газеталарининг тўла бир сонида эълон қилинган бўлса, 1924-25 йиллар давомида эса матбуотда Ҳожи Муиннинг кичик бир мақоласидан бошқа нарса чоп этилмади. Замоннинг кейинги эврилишлари Ҳожи Муинни ҳам устози ҳақида ёзишдан тўхтатди. Аслида, Ҳожи Муинга 1921 йилдан турли таҳцидлар қилина бошлаган, «мақолангизда Беҳбудийнинг оти кўп зикр қилинғон» дея ёзган нарсалари чоп этилмайдиган бўлди. Ҳатто, у миллатчиликда айблана бошланди. Бегали Қосимовнинг маълумот беришича, «Маориф қурбонлари» пьесаси ҳам унга шундай айб тақалишига сабаб бўлган.

Бу пьеса 1923-1925 йилларда ёзилган бўлиб, унда Беҳбудий ва ҳамроҳларининг Амир жаллодлари томонидан ўлдирилганлиги тасвир этилган. 1925 йилларда Самарқанд, Бухоро ва Каттақўрғон шаҳарларида у такрор-такрор саҳнага қўйилган. Ҳожи Муин кундаликларида: «Бу пьесани бошда Ҳожи Мурод Худойберди ўғлининг уч пардали ва 22 бетли китобчасидан бир мунча фойдаланиб ёзган эдим», — дейди. Ҳожимурод Худойберди ўғлининг номи Беҳбудий «Васиятнома»си орқали бизга таниш. Ушбу «Васиятнома» матбуотда Ҳожи Муин томонидан чоп этилган бўлиб, уни Ҳожи Мурод келтириб берганлиги ёзилган[3]. «Васиятнома» ҳақида адабиётшунослар орасида турли қарашлар мавжуд. Чунончи, профессор Б. Қосимов: «Ҳ. Сайид ва Н. Каримов «Васиятнома»нинг асл мазмунига, уни етказувчи Ҳожимурод Худойберди ўғлининг самимиятига асосли равишда шубҳа билдирадилар», — деб ёзади.

Н. Каримов: «Ўз ҳаётидан умид узиб, «йиғлай-йиғлай» ёзган васиятномасида Беҳбудийнинг бундай тантанавор сўзларни тилга олиши мумкин эмас. Бу васият «Маърифат қурбонлари» пьесасидаги бош қаҳрамон тилидан айтилган ташвиқотнамо сўзлар йиғиндисиндан иборат!», — деб ёзади. Филология фанлари номзоди Ҳ. Саидов «Беҳбудийни қатл этган ким?» мақоласида бу васиятноманинг большевиклар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги хусусида мулоҳаза биддириб, «васиятномадаги «Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар!» деган чақириқ ўша вазиятда фақатгина большевиклар сиёсатига хизмат қилар эди», дейди. Ажабланарлиси шуки, васиятномада Ҳожи Муин номи тилга олинмаган. Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқанд ижтимоий-адабий мухитида бирга фаолият юритган зиёлиларга мурожаат қилар экан, негадир 1903 йилдан ўзига сафдош, кўмакдош бўлиб келган Ҳожи Муинни унутган. Зеро, улар ўртасидаги дўстона муносабат, айниқса, Ҳожи Муиннинг шогирдлик садоқати таҳсинга лойиқдир. Беҳбудий фақат асарлари билан эмас, балки инсоний фазилатлари билан ҳам Ҳожи Муиннинг ихлосига сабаб бўлган.

Ҳожи Муин «Буюк устозимиз Беҳбудий афанди» мақоласида устозининг ажойиб фазилатлари ҳақида шундай ёзади: «Беҳбудий афанди ҳалим, зийрак, ғоят заковатли, қувваи ҳофизаси зўр бўлдиғидан сўзга-да ниҳоят даражада уста эди. Ул ҳар сўзиға қаноатлантирмак учун турли мисоллар келтура, мавқейи келганда оят ва ҳадисдан далиллар кўрсата эди. Шунинг учун анинг суҳбати ғоят лаззатли ва истифодали бўлур эди…Анинг суҳбатинда бўлғон киши руҳлана, шодлана ва анинг оддиндан асло турғуси келмас эди…Беҳбудий афанди шахсий душманлиқни хоҳламас ва ҳеч кимнинг шахсиға ва шахсий ишларига тил еткузмас эди. Ўшандоқ ўзини такфир ва таҳқир этатурғон хасмлариға-да қарши ёмон ва ҳақоратомуз сўзлар сўзламас эди. Балки шундай сўзларни эшитганда, «зотан мундай дин ва дунёдан хабарсиз кишилардан яхши сўзлар кутмак-да абас, мундай такфирларни ёлғуз мен кўрган эмас, балки ўтган олиму улуғ кишилар ҳам ўз муосирлариндан шундай такфирларни кўриб келганлар», деб кула эдилар. Беҳбудий афандида яна бир хусусият бор эдики, хасм ва душманлари анинг кетидан ҳар қанча ғийбат ва ҳақорат этсалар-да, анинг ҳузуриға ўтурғонда ҳеч бир беҳуда сўз айтолмасдан анга тамлиқ ва мадора этарга мажбур бўлалар эди». Айтиш жоизки, Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат амалга оширган ишлари, балки инсоний фазилатлари билан ҳам барчага ўрнак шахс бўлган. Беҳбудий ёзган мақолаларда Ҳожи Муин, энг аввало, муаллим сифатида тилга олинган. Масалан, «Мунозара» ҳақида» мақоласида Беҳбудий Абдурауф Фитратнинг шу номли асари хусусида сўз юритиб, унинг таржимони бўлган Ҳожи Муин тўғрисида шундай дейди: «Вал-он бу рисола туркий тилинда жаноб муаллим ҳамшаҳримиз Ҳожи Муин афанди тарафидан таржима ва ушбу газит ила нашр бўлуб турубдур». Шунингдек, Беҳбудий саёҳатга чиқиш олдидан ёзган «Қасди сафар» мақоласида «Ойна»нинг кейинги тақдири ҳақида сўз юритиб, «мувваққат муҳаррирлиги муаллим Ҳожи Муин жанобларига ҳавола этилди»[4], деб ёзади. Севимли журналига муҳаррир этиб тайинлаши, албатта, унинг муаллим Ҳожи Муинга бўлган ишончини ифодалайди. Бу эса «муаллим» нинг журналистик фаолиятига ҳам берилган баҳодир. Жадид адабиётини яхши ўрганган немис олимаси Ингеборг Балдауф унинг журналдаги фаолиятига баҳо бериб, «Маҳмудхўжанинг истагидан бир оз четлашиб, «Ойна»ни соф туркий журналга айлантириб ҳам қўйди…Билмадим, шу ҳол сабаб бўлганми, ҳар ҳолда шундан кейин Маҳмудхўжа билан Ҳожи Муин ўрталарига совуқчилик тушиб, уларнинг журнал таҳририятидаги ҳамкорлигига дарз кетди»[5], деб ёзади. Биз қўлимизда «Ойна» журналининг 1915 йилги сонлари йўқлиги сабабли, уларнинг журнал «таҳририятидаги ҳамкорлигига дарз» кетганлигини тасдиқ ёки инкор эта олмаймиз. Бироқ, агар улар ўртасига совуқчилик тушган бўлса ҳам бизнингча, бу кўпга чўзилмаган. Негаки, Ҳожи Муиннинг тез орада бошланган драматурглик фаолиятида Беҳбудийнинг таъсири катта бўлган. Чунончи, Ҳожи Муин бир мақоласида «Мазлума хотун» драмасини ёзиш вақтида Беҳбудийнинг олдига бориб, «тааддуди завжот» ҳақидаги фикрини сўраганини, Беҳбудий «Мен бирдан ортиқ хотун олишға бутун муқобилман. Зотан, иккинчи хотун олиш учун қўйилғон шарт (адолат)ни ҳеч ким риоя қила олмайди», дея жавоб берганини ёзади. Бундан кўринадики, Ҳожи Муин драмаларини ёзишда Беҳбудийнинг фикрлари билан қизиққан, Беҳбудий ҳам ундан маслаҳатларини аямаган. Уларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини «Ҳуррият» газетасида ҳам кузатиш мумкин. Бу ҳамкорлик 1918 йилдан кейин ҳам давом этган. «Меҳнаткашлар товуши» газетасида чоп этилган материаллар маориф комиссари этиб тайинланган Беҳбудийнинг Ҳожи Муин ўнг қўли бўлганидан далолат беради. Хуллас, бу икки ҳаммаслак дўст ўртасидаги ўзаро ҳурматга дарз етмаганлигига ишонамиз. Нима бўлганда ҳам, Ҳожи Муин ҳаётининг охиригача устозига шогирдлик садоқати билан яшади. Бу садоқат Беҳбудий номини ёд этиш, унинг

хотирасини абадийлаштириш учун елиб-югуришдангина иборат бўлмади, балки у устози ҳаётини бахшида этган ишларни давом эттириб, ўз халқига, Ватанига бўлган фидойиликни ҳар қандай тузумда ҳам сақлаб қолди. Ватан равнақи, миллат тараққийси йўлида хоҳ публицистика, хоҳ драматургия, хоҳ бошқа амалий ишлари билан бўлсин, Беҳбудийнинг издошига айланди. Унинг Беҳбудий ҳақидаги мақолалари эса бугун ҳам қимматли манба сифатида қадрлидир.

Ҳожи Муин публицистикасида матбуот ҳақидаги мақолалар салмоғи анчагина. Публицистнинг бу мавзуга оид «Ҳажвий журнал», «Самарқандда босмахона ва ерли матбуот ишлари», «Самарқандда матбуот аҳволи», «Бир яшар «Зарафшон», «Самарқанд қизил ўзбек матбуоти», «Самарқанд матбуоти тарихи», «Тугалланиш йўлида», «Самарқандда матбуот ишлари», «Хидматга туҳмат» сингари мақолаларини кўрсатиш мумкин. Бу мақолаларнинг аксариятида ўша давр матбуотида мавжуд муаммолар дадиллик билан кўтариб чиқилган бўлса, айримларида миллий матбуотимиз тарихига оид қимматли маълумотлар берилган.

«Халқнинг аҳволи руҳияси»ни яхши англаб етган Ҳожи Муин ўз даврида ҳажвий мақолалари билан ҳам танилди. Ҳажв ва кулгининг ўткир тиғи билан халқ орасидаги қолоқлик ва ночорлик, ҳукумат идораларидаги бошбошдоклик ва талончилик каби иллатларни фош қилди. Адиб ҳажв, кулгининг таъсири катта бўлишини яхши тушунар эди. Бу ҳақда бир мақоласида: «Ҳар ерда, айниқса, бизнинг Туркистон халқиға жиддий сўзлардан кўра ҳажвий ва кулгили сўзларнинг кўбрак таъсир этиши кўриниб турадир. Бизнинг халқ ҳар вақт тўғри ва жиддий сўзларга илтифот этмай, балки унинг тескарисича кулгилик, ҳангомалик гапларга аҳамият берадир»[6], деб ёзади. Унинг ҳажвий мақолалари Ботурбек, Машраб, Эзма, Аърофий, Чақимчи, Муғомбир каби қатор яширин имзолар билан эълон қилинган.

Унинг журналистик фаолиятида муҳаррирлик даври алоҳида аҳамиятга эга. Ҳожи Муин «Ойна» журналининг 1914 йил 33-43-сонларига, шунингдек, «Ҳуррият» газета-сининг 1917-18 йилларда чоп этилган 75-81 сонларига вақтинча муҳаррир бўлган.

Ҳожи Муиннинг номи «Меҳнаткашлар товуши» газетаси ҳамда «Таёқ», «Машраб» каби журналларнинг биринчи муҳаррири ва ташкилотчиси сифатида ҳам тарихда қолди. Шу ўринда Ҳожи Муиннинг таржимонлик фаолияти ҳақида ҳам икки оғиз сўз. У Абдурауф Фитратнинг 1911 йилда ёзилган «Ҳиндистонда бир фаранги билан бухороли бир мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилғон мунозараси» номли асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, 1912 йили «Туркистон вилоятининг газети»да чоп эттиради. Кейинчалик алоҳида китоб ҳолида нашр қилади. Дурийнинг «Ақидаи исломия» асарини ўзбек тилидан тожик тилига таржима қилган.

Ҳожи Муиннинг тақдири бошқа сафдошлари каби фожиали кечди. 1929 йил бошланган қатағонда биринчилардан бўлиб у ҳам қамалади. 1932 йилгача қамоқда ётади. Ҳожи Муин Шукруллаев 1938 йил январда яна қамоққа олиниб, 1942 йил Соликамск қамоқ лагерларидан бирида оламдан ўтди.

Ўзбекистоннинг миллий истиқлоли учун жон фидо этган адиб ва журналистнинг ҳаёт йўли ёшларимиз учун ҳамиша ибрат мактаби хизматини ўтамоғи лозим.

Бойбўта ДЎСТҚОРАЕВ,

филология фанлари номзоди, доцент

Нилуфар НАМОЗОВА,

тадқиқотчи


[1] Р. Муқимов. Ҳожи Муин ким эди?// Мулоқот. 1994. 5-6-сон.

[2] С. Янги гап. // Туркистон, 1923, 7 февраль.

[3] Ҳожи Муин. Марҳум Беҳбудий ва рафиқларининг шаҳид бўлғонлиқлари ва алар томонидан ёзилган васиятнома. // Меҳнаткашлар товуши. 1921, 28 март. Яна:// Инқилоб. 1922, 1-сон.

[4] Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1997, 211-6. 2Маҳмудхўжа Беҳбудий. Қасди сафар. // Ойна. 1914, 34-сон

[5] Ингеборг Баддауф. XX аср ўзбек адабиётига чизгилар. Т.: Маънавият, 2001, 44-6.

[6] Ҳожи Муин. Англашилмаслиқ ёки «Таёқ»нинг таъсири. // Зарафшон, 1923,18 фев.