Бобур Наби. Башоратчи ёзувчи (Герберт Уэллс)

Чет эл адабиётининг мумтоз асарларини ўрганиш бошқа халқлар, миллатлар адабиёти ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишимизда муҳим манбадир. Шу мақсадда жаҳон адабиётида ўзига хос из қолдирган ёзувчи ва шоирлар ҳаёти – болалиги ва айниқса, ижоди билан қизиқдик, уларни сизларга ҳам илиндик. Дастлабки маълумот маш­ҳур инглиз фантастик ёзувчиси – Герберт Уэллс хусусида.

Тўлиқ исми Герберт Жорж Уэллс бўлган ёзувчи 1866 йил 21 сентябр куни Буюк Британиянинг Кент вилояти Бромли шаҳарчасидаги Хай кўчасида жойлашган 47-уйда боғбон Жозеф Уэллс ва уй хизматчиси Сара Нил оиласида тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. Ўша пайтдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳвол туфайли бу оила тирикчилик борасида анчагина қийналарди. Оила устуни, яъни ота бошчилигида улар ўзларига мерос бўлиб қолган чинни идишлар ва спорт жиҳозларини сотиб, кун кўришган. Лекин бу катта оила учун урвоқ ҳам бўлмасди. Кейинчалик Жозеф крикет (спорт тури) бўйича ўтказиладиган мусобақада Кент вилояти жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, анча-мунча пул ишлаш эвазига моддий қийинчиликлардан сал бўлса-да, қутулишга ҳаракат қилади.

1874 йили бахтсиз ҳодиса туфайли ёш Уэллснинг оёғи синиб, тўшакка михланиб қолади. Шундан сўнг вақт ўтказиш учун отаси олиб келган турли хил китоб­ларни ўқий бошлайди. Асарлар эса уни тобора романтик дунё сари етаклаб, унда ҳам ижод қилишга истак туғдиради. Кейинчалик у, сал соғлиғи тиклангач, 1849 йилда фаолиятини бошлаган «Томас Морли академияси» деб номланган хусусий мактабга ўқишга киради. Энди ўзига кела бошлаган оилада яна кўнгилсизлик юзага келади: 1877 йили Жозеф Уэллснинг ҳам оёғи синиши оқибатида Герберт крикетни тарк этишга мажбур бўлади.

Шунга қарамасдан, изланувчан Герберт 1883-87 йилларда аввал Мидхерст мактабида, ке­йинчалик Қироллик коллежида (ҳозирги Лондон Империал коллежида) таҳсилини давом эттиради. У мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ ўзининг биринчи ижодига қўл урганди: «Вақт машинаси» номли фантастик асари мактаб илм-фан журналида «Хроник аргонавтлар» сарлавҳа­си остида босилиб чиқади.

Мактабни тугатгач, отасининг жияни, яъни аммаси Мери Уэллс уни уйига таклиф қилади. Бу ерда у аммасининг қизи Изабел билан ҳам анча чиқишиб қолади ва бунинг натижаси ўлароқ, 1891 йилда Изабелга уйланади. Аммо уч йилдан кейин, 1895 йилда Герберт ўзининг талабаларидан бири Эми Катерин Робинс билан турмуш қуради. Улар икки ўғил кўришади: Жорж Филипп (1901) ва Френк Ричард (1903).

Герберт 1901 йили ёзган «Башоратгўйлар» асари билан таниқли ёзувчи сифатида тилга тушади. Кейинчалик бу асар журналларда «Пайғамбарлик тажрибаси» номи билан чоп этила бошланган. Бунда ёзувчи 2000 йилда дунё қандай бўлишини айтиб берган. (Масалан, поэздлар ва автомобилларнинг шаҳардан то қишлоққача етиб бориши, замонавий техно­логия­лар бутун дунёни эгаллаб олиши, Европа Иттифоқининг ташкил этилиши каби.)

Унинг дастлабки асарлари ўша пайтда «илмий романлар» деб ном қозонган бўлса-да, ҳозирда илмий-фантастиканинг мумтоз намуналари сифатида маълум ва машҳурдир: «Вақт машинаси», «Доктор Моро ороли», «Кўринмас одам», «Дунёлар жанги», «Уйқучи уйғонганда», «Ойдаги биринчи одам». Бу асарларнинг барчаси («Уйқучи уйғонганда» асаридан ташқари) филм қилиб ишланган.

Герберт Уэллс нафақат фантастик ёзувчи, балки яхшигина башоратчи ҳам эди. Асарларининг бирида у шундай ёзганди: «ХХ аср бошларигача одамлар ҳеч нарсани аниқ ва равшан била олишмайди. Аниқроғи, чексиз урушни… (Лекин) буни қўлларида атом бомба портламагунча сезишмайди ҳам». Бу қайдлар унинг 1930-йиллар охирида жаҳон уруши бошланади, деган тахминнинг ёзма исботи эди (1934).

Ёзувчи тарих соҳасида ҳам бир қанча изланишлар олиб бориб, дурдона асарлар қолдириб кетган. 1920 йилда икки жилдли «Тарих ҳақида маълумот» китоби профессионал тарихчилар томонидан яхши кутиб олинмаган бўлса-да, орадан икки йил ўтиб, Уэллс «Дунёнинг қисқача тарихи» асарини ҳам ниҳоясига етказади. Унга замон нотинчлиги ҳам таъсир қилмай, аксинча ўзидан-ўзи руҳланиб, янада самаралироқ ижод қилишга тушади. Натижада «Ҳаёт илми» (1930) ҳамда «Инсониятнинг меҳнати, соғлиғи ва бахти» (1931) деган асарлари унинг ижодидан ўлмас мерос бўлиб қолади. 2005 йили «Тарих ҳақида маълумот», 2006 йилда эса «Дунё­нинг қисқача тарихи» китоб­лари қайта нашрдан чиқарилади.

1927 йилда Флоренс Дикс ёзувчини плагиаторлик(кўчирмакашлик)да айблаб, «Тарих ҳақида маълумот» асарини ёзишда унинг кўп қисмини «Ўргимчак тўри»дан олган, дея фикр билдиради. Бир нечта оддий иборалардаги хатоларни ҳисобга олмаганда, суд ҳайъати Уэллсни айбсиз деб топади.

Уэллс «Барбеллион» тахаллуси остида 1919 йили чоп этилган «Тушкун одам журнали» номли кундаликлар ва 1938 йилда келажак авлодга ёрдам бериш мақсадида таълим ва тарбия ҳақидаги «Дунё мияси» эсселар тўпламини ёзиб, нашр эттиради.

Иккинчи жаҳон уруши тугаб қолган бир пайтда иттифоқчи кучлар сиёсатчилар ва илм аҳлидан чиққан «хоин»лар рўйхатини тузишган. Герберт Уэллснинг исм-шарифи ушбу рўйхатнинг бошида турарди. Ўша пайт­ларда у Халқаро ПEН (шоирлар, эссечилар, романчилар) ташкилоти президенти эди.

1946 йилнинг 13 август куни крикетчи бўла олмаган башоратгўй ёзувчи бу дунёни тарк этади.

Бобур Наби
“Маърифат” газетасидан олинди.