Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақулов. Маърифат зиёси

http://n.ziyouz.com/images/begali_qosimov.jpgБадиий ижодда истеъдод қадрланади. Истеъдод эгаси ёзган шеърлар, достонлар, ҳикоя ва романлар, албатта, ўз услуби билан алоҳида ажралиб туради. Худди шунингдек, адабиётшуносликда ҳам истеъдодлар ўз сўзи ва илм йўлига, ўз услуби ва назарий қарашларига, ўз позицияси ва мактабига, маслакдошларига, устоз ва шогирдларига, ­умуман, ўзининг ижод оламига, бетакрор ижодий биографиясига эга бўлади. Профессор ­Бегали Қосимовнинг адабий-ижодий, илмий-педагогик фолиятига назар ташланганда, ­мазкур сифатларнинг аксариятига гувоҳ бўлиш мумкин. Зотан, олимнинг умр йўли, ижодий фаолиятини кузатсак, ­илм-маърифат кишиси, агар чин дилдан истаса қисқа вақт ичида ҳам улкан ишларни амалга ошириши мумкинлигига гувоҳ бўламиз. ­Б.Қосимовдан қолган салмоқли илмий-адабий мерос шундай хулоса чиқаришга имкон беради.

У мумтоз адабиёт деб аталмиш азим денгиз мавжларини нозик ҳис қила олган, бу денгиз тубидаги жавоҳирлар конига қадар шўнғиш ва топилдиқ лаззатини туйиш шарафига ноил бўлган катта адабиётшунос эди. Б.Қосимовнинг Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Атойи, Саккокий, Лутфий, Фузулий, Бобур, Машраб, Турди Фароғий, Огаҳий каби шарқ мумтоз адабиётининг фахри бўлган ўнлаб адиблар ҳақидаги тадқиқотларида юқоридаги фикримиз учун етарли асос бор.

Устознинг архивида сақланаётган манбалар орасида Алишер Навоий ижодига доир ишларнинг бизга маълумлари ўндан зиёд. “Алишер Навоий”, “Навоий “Хамса”си”, “Хамса”да бадиий тасвир”, “Навоийда муаммо”, “Навоий асарларида миллат ва миллийлик масалалари”, “Халқ руҳияти меъмори” сингари тадқиқотлардан маълум бўладики, Б.Қосимов илмий фаолиятининг салмоқли қисми улуғ шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган. Ушбу мавзуда у амалга оширган ишлар фақат мумтоз адабиётни ўрганиш нуқтаи назаридан эмас, балки адабиёт назарияси, жаҳон адабиёти, миллий маънавият, адабий таъсир, ижод фалсафаси жиҳатидан ҳам аҳамиятга молик.

Б.Қосимовнинг XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг илк чорагидаги адабий-тарихий жараён бўйича йирик мутахассис бўлгани, бу даврга доир муҳим илмий муаммолар борасида тадқиқотлар ёзгани, юздан ортиқ адабий сиймони ўз илмий концепцияси нуқтаи назаридан ўргангани, қатор адабий манбаларни нашрга тайёрлагани, кўплаб ижодкор биографиясини тиклагани, бу йўналишда илмий-тадқиқот мактаби яратгани кўпчиликка маълум. Унинг “Излай-излай топганим”, “Маслакдошлар”, “Исмоилбек Гаспирали”, “Миллий уйғониш”, “Уйғонган миллат маърифати” асарлари, шубҳасиз, ХХ аср ўзбек адабиётшунослигининг ютуғидир.

Олимнинг адабий-тарихий жараёнга қўшган ҳиссаси булар билан чекланмайди. Шубҳасиз, ҳозирги адабий жараён, адабий алоқалар бўйича қилган ишлари ҳам айни йўналишлар силсиласида ўз ўрнига эга.

Дарҳақиқат, илмий-адабий жамоатчилик профессор Б.Қосимовни Шарқ поэтикаси ва матншунослик соҳасининг йирик мутахассиси сифатида билади. Унинг адабий жараён муаммоларига доир нашр этилган ва баъзи нашр эттиришга улгурмаган ишлари унинг замонавий адабиётни ҳам кенг кўламда, теран усулларда таҳлилу талқин этганини кўрсатади. Чунончи, Ғ.Каримов, А.Ғуломов, О.Шарафиддинов, Ш.Юсупов, Л.Қаюмов, Ҳ.Муҳаммадхўжаев, А.Каттабеков сингари адабиётшунослар, У.Носир, А.Мажидий, Ғ.Ғулом, А.Орипов, Р.Парфи, М.Али, Ҳ.Шамс, Ж.Камол, Ю.Шомансур, А.Шер каби шоир ва ёзувчилар ҳақидаги тадқиқотлари, адабий жараён муаммоларига доир “Ҳозирги ўзбек адабиётига бир назар”, “Чўлпон ҳақида роман” каби тадқиқотлари шундай фикрга келишимиз учун тўла асос беради.

Садоқатли, оқибатли бу инсон устози профессор Ғ.Каримов ҳақида бир эмас, бешта мақола ёзгани устоз-шогирд муносабатларида ибрат тимсолидир. Бу мақолалар орасида, айниқса, “Умр мазмуни” деб номланган тадқиқотни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу мақола орқали ўқувчи устоз Ғ.Каримов шахсияти, илмий фаолияти, илмий-назарий асарлари тарихига доир аниқ, мантиқли хулосаларга бой, яхлит маълумотга эга бўлади. Б.Қосимовнинг Абдулла Орипов шеърияти ҳақидаги мақолалари жамлаб қаралса, ушбу тадқиқотлар ҳам поэтика, ҳам миллий маънавият тарихи, ҳам фалсафийлик, ҳам хронологик жиҳатдан бир бутун тизимга эга экани маълум бўлади. “Абдулланинг шеърлари, – деб ёзади Б.Қосимов, — замоннинг ҳар қандай синовларига жавоб бера олади. Гап шундаки, у ҳатто шўро замонида ҳам инсоният мудом излаётган адабий ҳақиқатни рамзлар, тимсоллар воситасида айта олди. Шоир ушбу ҳақиқат мазмун-маъносини идрок ва талқин этар экан, мутлақо оригинал усул ва йўллар билан иш кўради. Кўпинча инсон руҳининг камалакдек рангин ҳолатларидан келиб чиқади”. Устоз бетакрор шоир Рауф Парфи ҳақида 70-йиллардаёқ ёзган мақоласида шоирнинг “Самарқанд осмонида”, “Чўли ироқ”, “Ёмғир ёғар…” каби шеърларини ўткир поэтик дид, фундаментал назарий қарашлар негизида ўта нозик таҳлил этиб, шундай хулосани илгари суради: “Шоир оз сўз билан кўп фикр англатишга уринади. Бу ҳол сўзнинг барча маъно ва имкониятларини ишга солишни талаб қилади. Натижада биз одатланган грамматик қурилишлар бузилади, бизга нотаниш тамсил ва тафсиллар пайдо бўлади. Бу ерда ассоциация, бирор сўз ёки ҳолатнинг бамисли занжирли реакция сингари, туйғу ёки фикрлар силсиласини ечиб юборишига алоҳида аҳамият берилади”. “Ҳозирги ўзбек адабиётига бир назар” номли тадқиқотида ХХ аср бошидан сўнгига қадар бўлган ўзбек адабиёти намуналарини эпик, лирик, драматик турлар нуқтаи назаридан текширган олим Фитрат, Қодирий, Чўлпондан Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Салим Ашургача бўлган улкан тадрижий йўналиши ҳақида салмоқли хулосаларни илгари суради.

Б.Қосимов жадидчилик ҳаракатини кенг кўламда, бутун таъсирланув омиллари, йўлбошчилари, асосий ғоялари, географик кўлами, машҳур шахсиятларигача тадқиқ этган йирик мутахассис эди. Ўзбек маърифатпарвар адиблари ижодини Жамолиддин Афғонийдан Исмоил Гаcпралигача, Шаҳобиддин Маржонийдан Мағжон Жумабойгача, Норимон Норимоновдан Заки Валидий Тўғонгача бўлган оралиқдаги адабий-ижтимоий қарашлар билан бемалол қиёcлай оларди.

ХХ асрнинг 80-йилларида ёзган мақолаларида у ўзбек-татар адабий алоқаларини қадим тарихидан янги ­давргача бўлган қисқача тарихини қамраб олган. Қозон университети кутубхонасидан 1527 йили Бобурнинг ўғли Комронга ёзган мактубини ­топиб илмий муомалага олиб киргани маълум. Ўрни келганда Б.Қосимов тадқиқотларида Ризоуддин Фахриддин, Абдулла Тўқай, Абдурашид ғози Иброҳим, Алиасқар Камол, Зоҳир ­Бегиев ва ­бошқа кўплаб татар ­маърифатчилари ижодини ўзбек ­адабиёти билан қиёслайди.

Олимнинг адабий алоқаларга доир илмий мақолалари, улардаги қиёслар ХХ аср аввалидаги адабий-ижтимоий ҳаракатчиликнинг илдизини очишга, адабий ҳодисанинг асл моҳиятини англашга ёрдам беради. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида фикр юрита туриб, домла, албатта, Гаспралини, уларнинг муштарак ғояларини, учрашувларини ёдга олади. Устознинг “Исмоил Гаспринский ва Маҳмудхўжа Беҳбудий” мақоласи шундай жиддий қиёсий таҳлиллар ҳосиласидир. Б.Қосимов 1991 йили 18-23 март кунлари Семфирополда бўлиб ўтган Гаспрали таваллудининг 140 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда қатнашди ва ўнлаб янги маълумотларни анжуман тафсилотлари билан уйғунликда “Исмоилбек Гаспрали” (Таништириш йўлида бир тажриба) рисоласида баён қилди. Исмоил Гаспирали ижодини Б.Қосимовдан кўра теранроқ, чуқурроқ тадқиқ этган иккинчи бир олимимиз йўқ.

Б.Қосимов турли миллатга мансуб дунё олимлари билан ижодий-илмий ҳамкорлик қилди. Адабий-илмий алоқалар олимнинг хориждан ўзбек адабиётшунослигига олиб кирган янгиликлари ва ўзбек олимининг хорижлик мутахассисларни таништирув йўлида қилган хизматлари тарзида икки йўналишда бўлади. Албатта, Б.Қосимов ижодий меросида ҳар икки жиҳат ҳам ёрқин кўринади. Устоз Ўзбекистондаги архив ва ноёб фондларни жуда яхши билар эди. Сарғайган газета ва журналларнинг чангини ютиб, қорайтирилган тарихини илм зиёси билан ёритди, тарихий шахсларнинг миллат фидойилари эканини далиллар билан исботлади. Шунингдек, илмий сафарларда бўлиб, Қозондаги кутубхоналарда ишлади, Берлиннинг Гумбольд университети қошидаги нодир фонд манбаларини ўрганди. Б.Қосимов мақолалари Франция, Туркия, Россия, Афғонистон, Қозоғистон ва бошқа хориж мамлакатлари нашрларида босилди.

Йирик адабиётшунос, ўзбек адабиёти ва маданиятнинг билимдони сифатида хорижлик олимлари томонидан эътироф этилган устоз олимдан бугунги авлод, шубҳасиз, ибрат олади. Зотан, профессор Бегали Қосимовнинг авлодларга қолдирган илмий-адабий мероси ҳали узоқ йиллар маърифат зиёсини сочиб туради.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 46-сон