Баҳодир Карим. «Ўткан кунлар»га қайтиб…

Орадан йиллар ўтгани сари Абдулла Қодирийдек фавқулодда истеъдод эгасининг бетакрор поэтик тафаккур меваси бўлган «Ўткан кунлар»дек биринчи ўзбек романининг қадр топаётгани сир эмас. Роман таҳлил ва талқинлари махсус қодирийшунослик соҳасини ташкил этади. Айни чоғда, асар майдонга келган давр, романнинг журнал нусхаси билан биринчи нашрлар ўртасидаги матний фарқларга диққат қаратиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

1. Журналдаги «Ўткан кунлар»

Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига оид айрим мақолаларда, қодирийшунос олимлар ёзган махсус рисола ва монографияларда биринчи марта «Ўткан кунлар» романидан парчалар 1922 йил «Инқилоб» журналида босилгани қайд этилади (Қаранг: И.Султонов. Пьесалар. Мақолалар. Т.,1959.303-бет; А.Алиев. Абдулла ­Қодирий. Т.,1967. 70-бет; М.Қўшжонов. Қодирий — эрксизлик қурбони. Т., 1992. 3-бет; У.Норматов. Қодирий боғи. Т., 1994. 43-бет; Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти (дарслик). Т., 2004. 406-бет; С.Мирвалиев. ­«Абдулла Қодирий». Т., 2004. Т., 11-бет…). Тўғри, «Инқилоб» ўша йил феврал ойидан ­бошлаб дунё юзини кўрди. Шу йили ­саккизта, 1923 йили битта қўшма, ­кейинги йили иккита қўшма сони босилди. ­­Аммо ўжар далил шуки, журналнинг 1922 ­йилги бирорта сонида «Ўткан кунлар»дан ­парчалар берилган эмас.

Журнал муқовасига «Ойда бир мартаба чиқатурган адабий, сиёсий, иқтисодий, илмий, тарихий, ижтимоий ва фанний Шарқ йўқсуллари озодлигиға хизмат қилғувчи расмлик ўзбекча «Инқилоб» мажмуаси», деб ёзиб қўйилган. 1923 йил феврал — мартда чиққан журналнинг 9 —10-қўшма сони 19 — 51-бетларида «Ўткан кунлар»нинг бошидан олти фасл берилган, роман фаслларига ном қўйилмаган. Романнинг биринчи марта матбуот ­юзини кўриши ўша — 1923 йилга тўғри келади. Ўқувчилар асар давомини, тўғрироғи, журналнинг навбатдаги сонини интизор бўлиб кутадилар.

Ўз вақтида «Инқилоб» нашрида муаммолар пайдо бўлган кўринади. Гарчанд ҳар ойда чиқишига ваъда берилса ҳам, бир йили зўрға бир марта чиқади. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 1924 йил май ойида 11—12-сонлари босилади. Диққат қилинса, журнал муассиси ўзгариб, энди «Туркистон коммунистларининг марказий қўмитаси» ўрнига «Туркистон маориф комиссарлиги» эгалик қилади. Йўналиши ҳам ихчамлашиб, «Адабий сиёсий, иқтисодий, илмий ва тарихий ўзбекча «Инқилоб» мажмуаси»га айланади. Адади уч мингта. Ўша май сонининг 6 — 31-бетларида бир йил кутилган романнинг яна олтита фасли берилади. Орадан беш ой ўтиб, октябрда журналнинг 13 —14-сонлари нашр этилади. Ношир сифатида аввалги икки ташкилот ўрнида энди «Ўрта Осиё давлат нашриёти» пайдо бўлади. Зиё Саид «журналнинг ётиш» вақтини 1924 йил октябрь, деб тўғри маълумот беради. Аммо кейинги икки сондаги «эга»нинг ўзгариши З.Саиднинг «Туркистон коммунистлар фирқаси» маълумотини табиий равишда ўзгартиради. Чунки сувга чўкмас, ўтда куймас қоғозларга муҳрланган далиллар ниҳоятда ўжар бўлади. Охирги қўшма соннинг 41— 66-бетларида «Ўткан кунлар»нинг давоми ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилади. Муассиссиз, ҳомийсиз, эгасиз қолган «Инқилоб» журнали ёпилгандан кейин Қодирий романидан вақтли матбуотда намуналар босилиши ҳам тўхтайди.

Сал кам икки йил ичида «Инқилоб» журналининг учтагина сонида босилган «Ўткан кунлар»нинг ўн олти фаслини ўрганиш-тадқиқ этиш ҳам бир қанча адабий-илмий масалаларга ойдинлик киритади.

Шу ўринда тарихий роман ёнидаги битта сўз уч хилда ёзилганини ҳам айтиш лозим: «Ўзбеклар ҳаётидан тарихий рўмон» (журналнинг 9 — 10, 11 —12-сонларида), «Ўзбеклар тирикчилигидан тарихий рўмон» (журналнинг 13 —14-сонида), «Ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон» (китоб ҳолидаги 1926 йилги нашрида). Бундай турличаликлар баъзан журнал таҳририяти томонидан ўзгартирилган бўлиши ҳам мумкин.

20-йиллар муҳитида имло масаласида бирлик йўқ эди. Ҳар нашр, ҳар газета-журнал бир хил сўзни турлича ёзиш одатлари бор эди. Имлодаги муаммолар бартараф қилингунга қадар «Инқилоб» журнали «ўрта йўлни» тутишга қарор бериб, қалам аҳлига «…юбориладиган мақола ва шеърлар ўрта имло билан ёзилса ва янгича ёзиб идорани машаққатга солинмаса эди», деб истак билдирилади (Зиё Саид. Танланган асарлар. Т., 1974. 85-бет). Демак, таҳририятга олиб келинган ҳар қандай ижодкор асарларининг ифода тарзи «ўрта имло»га тушмаса, таҳрирга учраши кутилар эди. Абдулла Қодирий 1925 йили алоҳида китоб ҳолида босилган «Ўткан кунлар» романи биринчи бўлимининг тилини уч-тўртта имлочилар ўзгартирганидан ва оқибатда «ажойиб бир қуроқ ҳолга» келганидан зорланади. 1926 йилги нашрида имкони борича кўнгли тўлмаган жойларини ўнглайди. Аммо ўша давр қоидасига кўра «босилиш тақдири ношир қўлида» эканини ҳам эслатади. Шунга монанд, «Инқилоб»нинг учта сонида чоп этилган «Ўткан кунлар»нинг тақдири, бир томондан, таҳририят қўлида бўлган, иккинчидан эса, асарнинг дунё юзини кўриш жараёнига Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам бефарқ қарамаган бўлиши керак. Қолаверса, журналдаги сўзбошида адиб: «Маълумки, ҳар бир нарсанинг ҳам янги қабул қилиниш — ибтидоий даврида талай камчиликлар билан майдонға келиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб, такомилга юз тутиши табиий бир ҳол», деб ёзади. Шунга кўра, муаллиф романнинг журнал нусхасига билдирилган фикрларни инобатга олиб, китоб ҳолида босилиш палласида ўз қўли билан анча-мунча ўзгартиришлар киритган бўлиши ҳам табиий. Умуман олганда, романнинг такомилида адибнинг қалами, қалби, бадиий тафаккури жуда муҳим роль ўйнагандир.

Дарвоқе, Д.Қуронов ва Х.Полвонованинг «Шарқ юлдузи» журнали 2007 йил 1-сонида «Ўткан кунлар» романининг матний тадқиқи тўғрисида бир мақоласи босилган эди. Унда «Инқилоб» журнали бир-икки марта тилга олинади. Бироқ кенгроқ қиёс, батафсилроқ маълумотлар берилмайди. Иккинчидан, мақолада: «Романнинг «Инқилоб»даги нашри билан, китоб бўлиб чиқиши орасида беш йиллик масофа бор — бу вақт мобайнида адибнинг маҳорати ўсгани шубҳасиз», деган бир тахминий гап ҳам «Ўткан кунлар»нинг журналдаги парчасини текширишга зарурат туғдиради.

Роман нашрига оид яна бир далил шуки, «Чақимчилиқ» номли фасл 1924 йили шоир Чўлпон тартиб берган «Адабиёт парчалари» тўпламининг 15—21-саҳифаларида чоп этилади. Хуллас, бундай тарихий манбалар эскирмайди, тахминлар мўрт ва далиллар эса ўжар бўлади.

2. Муҳим бир сана

Абдулла Қодирийнинг романларига юзлаб, минглаб мухлислар, адабиётшунослар мурожаат қилади. Бадиий сўзнинг зилол, тоза булоғидан симиради, юраклар ҳузурга тўлади… Айни дамда, таниқли адиблардан тортиб оддий иншо машқ қилувчи мактаб ўқувчиси ҳам, зарурат туғилганида, бевосита романнинг ичкарисига кирмасдан, шундоқ остонада туриб, адибнинг ҳикматга айланиб кетган «Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар» гапини ўзлари учун шиор-маёқ қилиб олади.

Бу остонада бошқа ҳикматлар ҳам бор. Романнинг «Ёзғучидан» деган олдсўз-прологи-эскартиши остига муҳим бир сана битилган. Аммо китоб нусхаларида бу сана негадир қайд этилмаган, матн орасида озгина ўзгариш ҳам бор. Яхшиси, журналда берилган олдсўз-прологни шу ўринда тўлиқ кўчирамиз:

«Ёзғучидан

Модомики биз янги бир даврга оёқ қўйдиқ, бас биз ҳар бир йўсунда ҳам, шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашмакка мажбурмиз. Шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоя­чиликларда ҳам ­янгаришға ва халқимизни янги даврнинг «Тоҳир Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдирмоқға мажбурмиз.

Ёзмоқға ниятланганим ушбу «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишмоқ йўлида кичкина бир тажриба, тўғриси бир ҳавас. Маълумки, ҳар бир нарсанинг ҳам янги қабул қилиниш — ибтидоий даврида талай камчиликлар билан майдонға келиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб такомилга юз тутиши табиий бир ҳол. Мана шунинг далдасида, ҳавасимда ­жасорат этдим; ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим.

Мозийга қайтуб иш кўриш хайрликдир, дейдирлар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан — яқин ўткан кунлардан; тарихимизнинг энг кирлик — қора кунлари бўлған «хон замонлари»дан белгуладим. Абдулла Қодирий (Ж.б.) Тошканд, декабр, 1920 нчи йил».

Бу парча билан китоб нусхаси таққосланса, айрим фарқлар борлиги маълум бўлади: сўзлар қўшилган ва олиб ташланган. Баъзи сўзлар охирига иш-ҳаракатни якунловчи «-дир» қўшимчаси қўшилган; «қ» билан «к» товуши алмашган. Журналдаги «ҳикоячилик» ўрнида «ҳикоячилиқ» ёзилади; китоб нусхасидаги «Мозийға қайтуб иш кўриш хайрлик, дейдилар» гапида ҳам шундай кичик ўзгаришлар бор. Журнал матнида баъзан сўзларнинг «-ғон», «-лиқ» каби қўшимчалари сингормонизмдан холи ёзилади. Бироқ 20-йиллар имлосида ­турғунлик бўлмагани учун журналнинг ўзида ҳам бир хил сўзларнинг турлича ёзилиш ҳолатлари мавжуд.

Кўчирма охиридаги «Тошканд, декабрь, 1920 нчи йил» санаси асарнинг бошқа нашрларида учрамайди. Профессор У. Норматов шу сана ва яна бошқа муҳим далилларга таяниб: «Ўткан кунлар» романи 1920 йил охирида ёзиб тугалланган, деб узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш учун тўла асос беради» («Қодирий мўъжизаси», Т., 2010. 204-бет), деб ёзади.

1926 йили «Ўткан кунлар» биринчи бўлимининг қайта нашри пайти адиб ёзган ­«Узр»идаги: «Рўмон, деб сизга тақдим қилинган бу нарса ­дунёга келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди», деган фикри ҳақиқатан ҳам китоб кўринишидаги нашр эътиборидан роман 1920 йили ёзиб тугатилгани учун асос бўлади. Аммо иккинчи бир фикр шуки, романнинг 1923 йили журналда чиққани ва бунинг устига «беш йиллаб босила олмай» ётгани ҳисобга олинса, Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар»и журналда босилишидан беш йил аввал, яъни 1918 йили ёзилгани ҳақиқатга яқин келади. Чунки роман фаслларининг матбуотда кетма-кет босилиши орасида бир йилдан ортиқ чўзилган судралиш вақти бор. «Босила олмай ётиши» шуни ҳам ифода қилади.

3. Фасллар номи

Бадиий асарнинг сарлавҳаси унинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттиради. Баъзан биргина сарлавҳанинг ўзидан асар мавзуси ­англашилади. «Ўткан кунлар» романи бир товуш фарқи билан бир неча марта «Ўтган кунлар» сарлавҳасида босилди. Баъзи олимларда эътирозлар туғилди. Аммо ўз вақтида адиб қандай ёзган бўлса, ўша ном — «Ўткан кунлар» оммалашди. Маълумки, роман композицион тарафдан ички фаслларга бўлинади. Аммо фаслларни номлаш зарурати нисбатан кейинроқ адиб хаёлига келган кўринади.

Юқорида айтилганидек, «Ўткан кунлар»нинг журналда берилган бошдаги олти фасли махсус номланмайди. Сюжет воқеаларининг берилиш кетма-кетлиги рақамланади. Еттинчи фаслдан бошлаб, уларга ном қўйилади: «7.Мажбурият. 8.Қутлуғ бўлсун. 9.Икки ёқда. 10.Тўй — қизлар мажлиси. 11.Кутилмаган иш…». Бу сарлавҳалардан китоб нусхасида «9. Икки ёқда» «10.Қаршилаш» билан, шунингдек, «11.Кутилмаган иш…» номи «11. Кутилмаган бахт» билан алмаштирилади. Табиийки, бундай номланиш матн моҳиятига яқин келади; олдингисига қараганда таъсирлироқ, бадиийроқдир. ­Журналнинг 1924 йил октябр ойидаги қўшма сонида роман давоми: «12. Чақимчилиқ. 13. Қамоқ. 14. Нажот истаб. 15. Тошкент қамоқда. 16. Азизбек» сарлавҳалари билан чиқади. Булар ичидан биргина «Нажот истаб» фасли «Нажот истаб Тошканд­га» кўринишига киради. ­Натижада ёрдамнинг кимдан кутилиши, адиб воқеалар оқимини қай томон ­бураётгани ва қаҳрамонни қаерга ­йўналтиргани аниқлашади.

4. Отабекнинг бобоси ким?

Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонлари номига жиддий эътибор берадиган ёзувчилар сирасига киради. Исм танлашда ҳеч кимдан андаза олмайди; ўқувчининг тасаввурига образлар ўз исмлари билан бирга муҳрланади. Романнинг дастлабки саҳифаларидаёқ Отабек, Ҳасанали, Ҳомид, Раҳмат, Мирзакарим қутидор, Кумуш, Ўзбек ойим, Офтоб ойим ва бошқа асосий қаҳрамонлар исмига мос равишда таърифланади, тавсифланади. «Ҳомид» исми ёлғиз айтилганда уни биров танимайди; «Ҳомид хотинбоз» деса билади, англайди, эслайди. Қутидорнинг ҳам, Отабек ва унинг «маънавий отаси» Ҳасаналининг ҳам исмлари шундай кўркам, муҳташам, жозибали.

Адиб икки исм давомига «ҳожи» мартабасини тиркаб кўяди: Юсуфбек ҳожи, Акрам ҳожи. Албатта, бу қаҳрамонлар асарда ўз мавқеига, маънавий даражаларига мос равишда сўзлайдилар, сукут сақлайдилар ва ҳаракат қиладилар. Гоҳида ҳожи ҳоким билан тўқнашади, ҳамма нарсадан кўнгли совуб, «дунё можароларидан этак силкиб» умр ўтказишни ғанимат билади. Бугун ўқувчилар оммаси ўқиётган «Ўткан кунлар» романидан сарлавҳага олиб чиқилган саволга жавоб топилмайди. Отабекнинг отаси маълум ва машҳур — Юсуфбек ҳожи. Исми жисмига, ҳожилик мартабасига уйғун бу характерни ўқувчи яхши кўриб қолади, юрак-юракдан ардоқлайди. Хўш, Отабекнинг бобосининг исми ким? Шу тарзда савол қўйиш мумкинми? Романда исми тилга олинмаган, бор-йўғи бир-икки ўриндагина «Ҳасаналини болалик вақтида Эрондан киши ўғирлаб келгувчи бир турк­ман қўлидан Отабекнинг бобоси ўн беш тилло баробарига сотиб олған эди» (китобда 9-бет), Меҳмондорчиликда Отабекнинг суҳбат чоғи: «Сиз бизнинг ҳавлида бўлғанмисиз», деган саволига қутидор: «Кўб мартабалаб меҳмон бўлдим. Ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар» (14-бет), деб Отабекнинг бобосини эслайди. Бироқ бобонинг исми айтилмайди. Журналдаги нусхасида эса адиб Ҳасанали тарихи муносабати билан қуйидаги гапларни ёзади: «Ҳасаналини болалиқ вақтида Отабекнинг бобоси Мусабек, Эронистондан киши ўғурлаб келгувчи бир туркман кўлидан 15 олтун баробарига сотуб олған эди» (журналда 21-бет). Ушбу кичик парчада «олтун» «тилло»га ўзгарган. Биз учун муҳими — исм. Отабекнинг бобоси учун Қодирий «Мусабек» исмини танлайди. Бу ном, албатта, бежиз танланган эмас. Отабекнинг аждодларига «Мусабек», «Юсуфбек» каби исмлар берилиши, албатта, адибнинг дунёқарашига дахлдор тушунчадир. Ўз қаҳрамонларини ўтган пайғамбарлар номи билан аташ — қаҳрамонларга салобат бағишлаши, уларнинг тоза инсонлар тоифасига мансублигига бир ишорадек таассурот уйғотади; адиб ниятининг, эстетик идеалининг чўнглигига далолат қилади. Лекин романнинг китоб нусхасида «Мусабек» номи тушиб қолади. Бизнингча, дин ва диний исмлар инкори бошланган даврда адиб қаҳрамонлари номини ҳам «ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар» олишга мажбур бўлади.

5. Узук билакка тақиладими?

Узукнинг билакка тақилмаслигини ҳамма билади. Узук бармоққа, билакка эса билак узук тақилади. Романнинг барча китоб нусхаларининг «Кутилмаган бахт» фаслида Отабек билан Кумушнинг ҳаяжонли учрашув палласи жуда гўзал тасвирланади. Кумуш «ким келди, деб ёнига қарамайди», бегонасирайди. Ўзи истамаган ҳолда, аммо «мажбурият остида, ёвқараш билан секингина душманига» қарайди ва ҳайратдан донг қотади. Отабекни кўриб: «Сиз ўшами?» деган ҳаммани бир сескантирадиган сўзни айтади. Кейин дастурхон атрофида уларнинг суҳбати давом этади. Суҳбат орасига адиб кириб олиб, бир изоҳ ёзади: «Дастурхон ёнида Кумушбибининг латиф билагига Отабек олтун узук солур экан, ул ерга қараган ҳолда эди». Бунда сарлавҳага олиб чиқишга сабаб бўлган бир савол, бир сакталик бор. Романнинг 1980 йилги нашрида 58-бет, 1992 йилги нашрида 50-бетда — табдил қилинган барча нашрларида юқоридаги гап айнан берилади. Умид билан 1926 йилги нашрига назар ташланади. ­Афсуски, унда ҳам «латиф билак»ка «олтун узук» солинади. Адибга муҳаббатли, унинг маҳоратига чин кўнгилдан ишонган, тасвирланган вазиятларга мафтун бўлган ўқувчи бу жумладаги сакталикка эътибор бермайди. Узук ҳам билакка тақилар эканми, деган бир савол бермасдан суҳбат ва воқелик давомига ошиқади. Аслида Абдулла Қодирий ­узукнинг бармоққа, «олтин билак узук»нинг «латиф билак»ка тақилишини жуда яхши билар эди. Қодирий назари тушган журналдаги «Кутилмаган иш…» фаслидан айни нуқтани топиб ўқиймиз: «Дастурхон ёнида Кумушбибининг латиф билагига Отабек олтун билак узук солур экан, ул ерга қараған ҳолда:

— Ман сизга ҳеч нарса ҳам ҳозирламаған эдим…, — деди». Биргина сўз ўнгланиши фикр ва ифода мантиғини ўз ўрнига келтиради. Чўзилган гапнинг хулосаси шуки, менингча, «Ўткан кунлар» янги нашрида шу биргина сўзни ўз ўрнига қўйиш лозим. Зотан, оддий бир узук совға қилиш Кумушнинг маҳри учун “уч юз олтин пул”, “ўрдадек бир ҳавли, соғиш учун сигир” ваъдасини берган савдогар-бойвачча Отабек шаънига ҳам, ҳаёт мантиғи ва бадиий мантиққа ҳам мувофиқ келмас эди.

Дарвоқе, адиб ўқувчига Отабек билан ­Кумушнинг биринчи учрашувини «Кутилмаган бахт» фаслига қадар сир сақлайди. Китобда салкам бир бетли — Отабекнинг Марғилонга келган пайтдаги таҳорат суви олиш учун қутидорнинг ташқи ҳовлисига киргани, у ерда Отабекни ипсиз боғлаган Кумушга кўзи тушгани, «аср намозини қазо» қилгани ва, ниҳоят, «унда муҳаббат можароси туғилган»ига оид изоҳларни беради. «Сиз ўшами?» ­саволининг сабабини очади. Журнал нусхасининг «Кутилмаган иш…» фаслида эса бу ­учрашув сирлигича қолади. Изоҳ йўқ. Ёзувчи китобга киритилган махсус изоҳга зарурат сезиб, уни кейинчалик ёзганини тахмин қилиш мумкин. Бу ҳам ­журнал ва китоб нусхалари орасидаги фарқли ­жиҳатлар сирасига киради.

6. Тошкандми Тошкент?

«Ўткан кунлар»нинг журнал нусхаси босилаётган паллада ҳам имлода аниқ бир тўхтамга келинмагани турли-туманликни келтириб чиқарган эди. 1923 йилги сонида ўндан ортиқ ўринда Кумушбибининг юрти «Марғинон» тарзида, 1924 йилги сонларида ўттизга яқин ўринда «Марғилон» деб ёзилади. Қирқдан ортиқ ўринда Отабек шаҳри «Тошканд» деб, йигирмадан кўп ўринда, хусусан, «Инқилоб»нинг 1924 йил октябр сонида «Тошкент» тарзида ёзилади. ­Табиийки, қайси бири тўғри, деган савол туғилади. Тарихда ўтган улкан уламолар исмларига Марғиноний нисбаси қўшилгани маълум. «Ўткан кунлар»нинг китоб нусхаларида «Тошканд» ёзилганидек, «Марғинон»нинг ҳам сақланиб қолгани маъқулга ўхшайди. Чунки адиб фойдаланган Туркистон тарихига оид китобларда ўша жой номи асосан “Марғинон” тарзида ёзилади. Гарчанд аниқ этимологияси масаласи баҳсли бўлса ҳам, Ибратнинг “Фарғона тарихи”ида “мурғу нон”дан “Марғинон” пайдо бўлгани хусусида Искандар замонига бориб тақаладиган бир ривоят ҳам ёзиб ўтилади. Ҳар ҳолда шаҳарларнинг бундай номланиши асарга қайсидир маънода тарихий ­муҳит салобатини, тарихий давр об-ҳавосини тақдим этади. Китоб нусхасининг битта жойида — қабри тепасига тошдан ўйиб ёзилган ­лавҳада: «Кумушбиби бинти Мирзакарим ­Марғиноний…» шаклида келади.

Гап шаҳарларнинг номлари устида кетар экан, романдаги яна бир ўринга эътибор қаратиш лозим кўринади. Китоб нусхаларида Отабекнинг савдогарлик билан борган шаҳарлари шундай берилади: «Ўзимизнинг шаҳарлардан кўпини кўрдим, — деди бек, — ўрис шаҳаридан Шамайга ҳам бордим». Асарнинг журнал нусхасида Отабек «ўзимизнинг шаҳарлардан» «Ҳўқанд, Хўжанд, Чимканд, Авлиёота, Олмаота»ни санайди ва «ўрус шаҳаридан Шамайга ҳам» борганини айтади. Табиийки, журнал нусхасида аниқлик, кейингисида эса нисбатан умумийлик, мавҳумлик мавжуддир.

Иккинчидан, журнал муқовасидаги шаҳар номи фарқларидан англашиладики, бундаги «Тошканд»нинг «Тошкент»га ўзгаришида адиб ихтиёри эмас, балки таҳририят ходимларининг қўли бор, деб қараш ўринлидир. Қиёсий таҳлиллар жараёнида бундан бошқа сўзларнинг ҳам турлича ёзилиш ҳолатлари, бир қанча товуш ва бўғин қўшимчаларининг ўзгаришлари кузатилади. Масалан: ҳаракат номининг икки кўшимчаси «-иш» билан «-мак» алмаштирилади (учрашиш — учрашмак) ёки отдан сифат ясовчи «-ли» ва «-лик», «-лиқ» кўшимчаларининг олдингиси (ерли — ерлик, отли — отлиқ, гулли гилам — гуллик гилам, ўрта бўйли — ўрта бўйлиқ, саллали — саллалик, қалпоқли — қалпоқлик, попоқли-попоқлик) журнал нусхасида кўпроқ қўлланади.

Айрим ўринларда ёрдамчи сўзлар синонимларига (билан — орқали, томони — тарафи, ортиқ — жуда, сўнг — кейин); кўпгина ўринларда «каби» «билан», «учун» кўмакчи сўзлар «-дек», «-да», «-га» каби қўшимчалар билан алмаштирилади. (Масалан: тўлған ой каби — тўлған ойдек, ғижинған каби — ғижинғандек, аччиғи билан — аччиғида, истиқболи учун — истиқболиға).

Бундай ўзгаришлар ўша давр ўзбек адабий тили қонун-қоидаларининг қайта шаклланиш босқичи муаммолари ҳамда ифодани тушунарли ҳолатга келтиришга уринган ёзувчи таҳрири билан боғлиқ, албатта.

7. Сўзлар ўрин алмашганда

Романнинг журнал ва китоб нусхалари орасидаги фарқлар сўзлар ва сўз бирикмаларини таққослаганда ҳам кўзга ташланади. Бу сўз танловларининг барчасини, яхши-ёмонлигидан қатъи назар, ўша давр имлочилари зиммасига юклаш ҳам тўғри бўлмайди. Адиб журнал чиқаётган маҳалда ҳам, биринчи бўлим иккинчи марта босилаётган пайти ҳам Тошкентда бўлган эди. Демак, роман тилидаги ўзгаришларга адибнинг сўз қўллаш тажрибаси сифатида ҳам қараш ўринлидир. Ижод аҳли учун таниш бир ҳолат: сўзлар кайфиятни ифода этади…

Адиб имкони борича ўзи тасаввур қилган ҳолатларни гўзал ифодалашга уринади. Шу боис кўнгли тўлмаган сўзларни алмаштириш, романни таҳрир этиш йўлидан боради. Роман тилидаги сўзлар ўзгаришига мисол сифатида «ёруғи — нури, ёруғ кунлари — истиқболлари, ёлғиз — фақат, қўрқунчи — ташвиши» каби ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Бу алмашинувларнинг кўпчилиги поэ­тик нутқнинг гўзаллашуви учун хизмат қилади. Офтоб ойим эгачисига (журналда «опаси» деб берилган) Кумушнинг хомушлиги ва ўз ташвишидан гапиради. Эгачисининг: «Нимабало, куявинг хунук-пунукми?», деган саволига, Офтобойим: «Ўзим кўрмадим, аммо кўргучиларнинг сўзларига қараганда ўхшашсиз чиройлиқ, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш. Отасининг ўзи йигитни севиб куяв қилған эди» жавобини беради. Китоб нусхасида бу парчадаги «чиройлиқ» сўзи «кўркам»га, «севиб» эса «яхши кўриб» бирикмасига алмаштирилади. Жуда ўринли бир таҳрир. Чунки «чиройлиқ»дан кўра «кўркам» сўзи эркак кишига мос келади; «севиб» сўзига қараганда «яхши кўриб»да нисбий холислик маънолари сезилади.

Зиё шоҳичи совчиликка борган бир ҳолат тасвири. Совчи сўзламоқда: «…кунлардан бир кун тақдир шамоли юрадир-да биравнинг иффат пардаси остида ўлтурған қизининг юзидан пардани кўтариб иккинчи томондан бизнинг Отабекни бу қизға юзма-юз (китобда: шу афифага рўбарў) қиладир. Шу дақиқадан бошлаб Отабекда (китобда: бекда) у қизға (китобда: афифага) қарши бир ишқ, ҳам чин бир ишқ туғуладир…». Уч ўриндаги «қиз»дан иккитаси «иффатли қиз» маъносидаги «афифа»га ўзгартирилади. Муҳаббатдек ноёб ва гўзал туйғу бошда «бир нарса» тарзида жуда оддий-номсиз ифодаланган бўлса, таҳрирда унинг ўрнини «юрак жавҳари» деган жуда қимматли бир таъбир эгаллайди. Ёки тўй куни созанда-машшоқларнинг турли мусиқа асбобларини оддий «чалиш» сўзи «созлар билан дунёга жон суви сепиш» тарзидаги таъсирчан ва образли иборага ўзгаради. Шу билан бирга «Бир кечада ҳар кимнинг оғзиға «тўй» деган гап экилган» гапи билан «Бир кечада ҳамманинг тушига «тўй» кириб чиқған» гапи ўзаро тенг таъсир кучига эгадек таассурот қолдиради.

Роман ҳошиясида Ўтаббой қушбегини адиб қипчоқ бекларининг «яхши ва инсофлиларидан» бири бўлганини ёзади. Бироқ вақт ўтган сари «қонхўр» бек ва хонларга ижобий сифатлар тақашни давр кўтармайди, чамаси, ўша икки сўз китобда «тузукларидандир» шаклини олади.

Журнал ва китоб нусхаларидан олинган қуйидаги айрим мисоллар сайқалланиб бораётган бадиий матн ҳолатини тасаввур этишга ёрдам беради: мурти чиқа бошлаган — мурти сабз урган, шамол — ел, чарх ургач — айлангач, тўғри чизиқ — хатти мустақим, гўшт олиб берарман — эт олиб киргузарман, гилос дарахтлари — гилос ёғочлари, нафсингизни — ўзингизни, турмушға — ҳаётка, ёзуқсиз — гуноҳсиз, қопқа — дарбоза, қопқачи — дарбозабон, машъаладор — чароғчи, бинолар — иморатлар, сақловлари — муҳофазати, билмаслик — тағофул, тузук — маъқул ва бошқалар. Ҳар бир саҳифада юзлаб бундай арабча, форсча сўзларнинг туркий муқобили билан ва, аксинча, ўзгаришлари адибнинг сўз устидаги меҳнат-машаққатларидан дарак беради.

8. Юмшаган кескинлик

Кузатишлар шуни кўрсатадики, журнал нусхасидаги айрим кескин вазиятга оид жумлалар китобда нисбатан юмшатилади. Қиёс учун айрим мисолларга мурожаат қиламиз. Отабек Мирзакарим қутидор уйидаги меҳмондорчиликда сафар-саёҳатларида кўрган-кечирганларидан сўзлайди. «Ўрисларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий» ҳолатларини баён этгач, бир ўринда айтади. Журналда: «Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кета берганида кофир қўлига маҳкум бўлувимизни ўйлаб (Худо у кунни кўрсатмасун) бутун авқотимни қайғу билан ўтқузмоқға мажбур бўлдим». «…Кофир қўлиға маҳкум бўлув», вақтини «қайғу билан» ўтказмоқ — булар енгил ифодалар эмас. Китобда ўша жумланинг юмшаган таҳририй варианти келади: «Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишига ақлим етмай қолди». Ўша суҳбатда Зиё шоҳичи халқнинг ночор аҳволидан гапириб айтади. Журналда: «Бизнинг бу ҳолда бўлувимизнинг бош сабабчиси ўз феъли хуйимизнинг ёмонлиғидир». Китобда: «Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хуйимиздан». Адиб халқнинг феълига «ёмонлик»ни раво кўрмайди. Шу суҳбат бошида Отабек ўз отасининг ихтиёри ўзида эмаслигидан сўзлаб, Азизбек ҳузурида бўлиб ўтган бир ҳукм «мажлиси»ни эслайди. Эътироз билдирган ҳожини Азизбек жаллодга буюради. Азизбекнинг ўша буйруғи қиёсига қараймиз. Журналда: «Қўлингдагини бўшат-да, ўрнига ҳожини сўй!». Китобда: «Қўлингдағини бўшатиб, ўрнига ҳожини олиб чиқ!», деб ёзилган. «Сўйиш»дан воз кечилиб, «олиб чиқиш»га ўтиш вазиятни юмшатиш томон ташланган бир қадамдир.

Албатта, бундай фарқлар, кескин вазиятларнинг юмшатилиши ижод психологияси билан, ёзувчининг асар устида ишлаш жараёнидаги ҳолатлари ҳамда қайта ўқиб кўриш пайтидаги кайфиятлари билан боғлиқ анча мураккаб ҳодисалар сирасига киради.

9. Сонлардаги ифода

Абдулла Қодирий ўқувчи аниқ, теран тасаввур қилиши учун, ўз қаҳрамонларининг ташқи қиёфаси — порт­ретини эринмай чизади. Айни дамда ҳар бир образнинг ёшига ҳам диққат қаратади. Отабекнинг йигирма тўрт ёшга киргани, Кумушбибининг «ўн еттини қўйиб ўн саккизга қадам босгани»га алоҳида урғу беради. Адиб муҳаббат ёшини таҳрир қилмайди; барча нусхаларда қатъий равишда бир маромда ушлайди. Лекин бошда «қирқ беш ёшлар» чамасида бўлган Мирзакарим қутидорни «қирқ беш-элли ёшлар»га олиб ўтади. Шунингдек, Акрам ҳожининг «эллик билан олтмиш» орасидаги ёшини ортга — «элли беш ёшлар»га кўчиради.

Мирзакаримнинг Тошкентда қутидорлик қилиб қайтган даври журнал нусхасида «йигирма йиллаб» шаклида чамаланса, китоб нусхасида «ўн беш-йигирма йил» деб бошқа бир тахмин ёзилади.

Бундан ташқари масофани ифодалаган сонлар, дейлик, «беш-олти қадам» — «уч-тўрт»га, «уч қулоч» — «тўрт қулоч»га ўзгартирилади. Шунингдек, адиб қизлар базми — «гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси» учун «бир соат» камлик қилганини сезиб, уни «икки соат»га чўзади…

Гуноҳкор сифатида қўлга олиниб, қушбеги ва қўрбоши ҳузурига келтирилган Отабек билан қутидорнинг сукути учун «беш-олти дақиқа»ни кўп кўриб, «уч-тўрт дақиқа» деб сукут муддатини қисқартиради. Баъзан «ўн беш дақиқа»ни «дарҳол» сўзи билан ёки «бармоқ билан санорлиқ» бирикмасини «уч-тўрт киши» билан алмаштиради. Табиийки, буларнинг барчаси ўз ўрнига тушган таҳрирлардек таассурот қолдиради. Аммо романнинг бошланишида ҳаммага маълум меҳмондорчиликка оид бир эпизод бор. Китоб нусхасида суҳбат орасида қутидор Отабекдан сўрайди: «Воқиъан сиз мени эслай олмассиз, — деди. — Мен Тошкандда қутидорлик қилган вақтимда сиз тахминан беш-олти ёшлиқ бола эдингиз… Гўёки, мен Тошкандда кечагина тургандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлгандекман…». Журнал нусхасидан ўқиймиз: «Воқиъан сиз мани эслай олмасға ҳақлисиз. Чунки ман Тошкандда қутидорлик қилган вақтимда сиз уч-тўрт ёшлиқ бола эдингиз. Гўёки ман Тошкандда кечагина турған каби — кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлған кабиман». Ҳар икки парчада товуш ва сўздаги фарқлар кўриниб турибди. Аммо китобда берилган «беш-олти ёш»дан кўра журнал нусхасидаги «уч-тўрт ёшлиқ» боланинг ўша ёшидаги даврини эслай олмаслиги асослироқ, ишончлироқ, тўғрироқ ва маъқулроқ кўринади.

10. Турғунлашган ҳаракат ва яқинлашган давр

Ўткан кунлар ўтиб бўлган, тарихга айланган воқеликдир. Бироқ адиб ўз асарининг журнал нусхасида ўша ўтмишни ҳаракат қилаётган, давом этаётган вазиятларда беради. Жуда кўп ўринларда бу ҳаракат қўшма феъл билан ифода қилинади. Диққатни тортадиган сўзлардан бири шуки, «бошламоқ» ёрдамчи феъли ҳаракатни ифодаловчи асосий феъл ёнида келади; ҳодиса кечимини англатади. Журналда: «Ўрислар тўғрисида аллақандоқ хаёлий ривоятлар эшитуб юрган қутидор ва Зиё шоҳичиларнинг Отабекдан ҳақиқий ҳолни билгилари келуб, Шамайда кўрган-кечирганларини сўрай бошладилар. Отабек ҳам мажлисни ортуқ қистатуб ўлтурмади-да Шамай хотиротини сўзламакка бошлади». Китоб нусхасида ҳар икки гапнинг кесимидан давомийликни ифодалайдиган кўмакчи феъл қисқартирилади: «сўрадилар», «сўзлаб берди» тарзида ҳаракат кесилади ва турғунлашади. Иккинчи гап: «Отабек Шамай хотиротини сўзлаб берди», деб ортиқча тафсилотлар ўчирилади. Шунингдек, нусхалар қиёсланганда «кута бошлади — кутиб турди, муҳокама эта бошлади ва ўлчамакка олди — муҳокама қилди ва ўлчади, хабарлар юрий бошлади — хабар чиқиб қолди, қарғай бошлади — қарғаб берди, қарай бошладилар — қарадилар, онглата бошлади — онглатмоқчи бўлди, дастурхонлар йиғила бошлади — дастурхонлар йиғилди, сўрай бошладилар — сўрадилар, кўзи етмай бошлади — кўзи етмай қолди, торта бошладилар — тортдилар» каби ўнлаб мисолларга дуч келиш мумкин.

Айнан роман тилидаги иш-ҳаракат, ҳолат феъллари, гап кесимига тегишли яна бир мулоҳаза бор. Адиб мавзуни мозийдан, аммо «яқин ўткан кунлардан» танлаган эди. Журнал нусхасида ўша яқинлик нисбатан узоқлашиб кетган кўринади. Кўп гаплар «эди» тўлиқсиз феъли билан тугалланиши воқеликни яқин эмас, балки узоқ ўтмишга тааллуқли қилиб қўйиб, эртакларнинг ривоя шаклига яқинлаштириши мумкин эди. Буни англаган адиб «мулойим тортған эди — мулойим тортди, тинчланған эди — тинчланди, ишонған эди — ишонди, бекланган эди — бекланди, тушкан эди — тушди, белгилаган эди — белгулади, мажбур бўлған эдилар — мажбур бўлдилар» тарзида «эди» тўлиқсиз феълидан воз кечади. Натижада роман ичкарисида тасвирлаб, баён қилинаётган воқеа-ҳодисалар узоқ ўтмишдан «яқин ўткан кунларга» кўчади.

Табиийки, матндаги сўзлар, изоҳ, ибора ва бошқа унсурларнинг ўзгаришлари остида муайян сабаблар бор. Таҳрирга учраган оддий бир товуш, бўғин, сўз, бирикма ва жумлалар, қайта шакллантирилган ичсарлавҳа ва диалоглар филолог мутахассисда мулоҳаза уйғотади. Хусусан, адибнинг кам сўзлар билан кўп маънолар ифодалаш маҳоратини, шунингдек, «Ўткан кунлар»­дек ўлмас бир роман бошидан ўткан кунларни тасаввур этишига ёрдам беради.

Тўғриси, «Ўткан кунлар» романи нусхаларидаги имловий ўзгаришларнинг қай бири адибнинг айнан ўз қаламига ва яна қайсилари котиб, муҳаррир ва мусаҳҳиҳларга тегишли эканини аниқлаш осон иш эмас. Аммо романнинг журналдаги бир парча нусхаси билан 1926 йилги китоб нусхасини таққослаш жараёнида барибир Абдулла Қодирий «фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин» бермасликка ҳаракат ­этганини, баъзи таҳрирларда эса давр нафасини, қайсидир даражада муҳит эрки ва эрксизлигини ҳис этиш мумкин.

Назаримда, романнинг журналда босилган ўша ўн олти фаслининг алоҳида чоп этилиши, «Ўткан кунлар»нинг яратилиши ва босилишини тасаввур қилишда, айниқса, танқидий матнини тайёрлашда, адибнинг мукаммал асарлари тўпламини нашр этишда фойда беради, албатта.

Баҳодир Карим,

филология фанлари доктори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 15-16-сонларидан олинди.