Баҳодир Карим. «Робинзон Крузо»нинг илк таржимаси

Машҳур инглиз ёзувчиси Даниел Дефонинг (1660–1731) «Робинзон Крузо» романи муаллифга фавқулодда улкан шуҳрат келтирди. Саргузаштнома бу роман қаҳрамони Робинзон Крузо дунё адабиётида ўчмас из қолдирди. Бунга тақлидан Европа адабиётида робизонномалар, яъни шу романга тақлидан ёзилган асарлар майдонга келди. Аллакимлардир тасодифан ёки атайин Робинзон ҳолига тушиб, бир олам саргузаштларни бошидан кечирди. Бироқ бирортаси Робинзон Крузонинг шуҳрати даражасига ета олмади.

Инсон зоти ёлғиз яшай олмайди, гарчанд жаннатмонанд кимсасиз оролларга хўжайин бўлса ҳам, одамзот учун яшаш ниҳоятда зерикарли бўлади. Инсон ижтимоий ҳаётда, инсонлар билан муомала-муносабатда инсондир, деган улуғ бир ғояни ғоят бадиий равишда ифодалаган бу роман кўплаб тилларга таржима қилинди.

Жумладан, «Робинзон Крузо» романи ўзбек тилида Йўлдош Шамшаров таржимасида бир неча бор нашр этилди.

Аммо романнинг илк таржимаси ХХ аср аввалида амалга оширилганидан, эҳтимол, кўпчилик бехабардир. Аниқроғи, «Робинзон Крузо» 1911 йилида Муҳаммад Фозилбек Отабек ўғли томонидан оригинал сюжети қисқартирилиб, мазмуни ўзбек тилига ўгирилади. Тошкентда Ғулом Ҳасан Орифжонов босмахонасида нашр этилади. Китоб муқовасида қуйидаги маълумотлар ёзилган: «Рўбинзўн. Ин китоб ҳикояи ажойибу ғаройиб мусамми ба рўмон. Баиҳтимоми широкати Мулла Муҳаммад Қосим қори махзум ва мулло Султонхон махзум. Мутаржим Фозилбек Атобек ўғиллари». (Бу китоб ажойиб ва ғаройиб ҳикоялар романи деб номланган).

Мутаржим асар таржимасига киришиш сабаблари учун ёзган “Муқаддима”да қуйидаги фикрларни баён қилади: “Рўбинзўн деган бир инглизнинг бошидан ўткан ғариб ва ажиб бир ҳикоя бўлғони учун энг аввал англитара лисони бирла ёзилиб, баъда жумла фаранг тилларида таржима қилинғон бир ибратнома ҳикоя бўлубдур. Яна арабча, туркча, ҳиндча, форсча, татарча қилинғон таржималари ҳам бордур. Лекин бизларнинг сартия халқимизнинг забонларида ҳеч вақт таржима бўлмай ва ушбу ибратнома ҳикоядан бебаҳра қолғонлари учун ушбу ибратнома ҳикояи “Рўбинзўн”нинг сартия забониға таржима қилдимки, бизларни сартилар ҳам ўқуб билиб ғафлат уйқусидан кўзлари очилсун деб».

Бундан кўриниб турибдики, мутаржим Фозилбек Отабек ўғлининг қарашлари ўз даври илғор зиёлиларнинг – маърифатсевар жадидларнинг улуғ ғояларига ҳамоҳангдир.

Таржимашунослар, хусусан, Ж.Шарипов ўзининг «Ўзбекистон таржима тарихидан» («Фан», 1965) номли китобида бу таржимага муносабат билдириб, таржимон бу таржимага 1908 йилда нашр қилинган 77 бет ҳажмли озарбайжон нусхасини асос қилиб олган деган фикрни илгари суради; нусхаларни ёнма-ён таққослайди. Фозилбек Отабек ўғли «Муқаддима»да романнинг озарбайжонча таржимаси борлигини эсга олмайди. ХХ аср аввалида туркий тилларда «Робинзон Крузо»нинг бир нечта таржима нусхалари мавжуд эди.

Ҳижрий 1294 йилда (милодий 1877 йил) «Робинзон Крузо»нинг турк тилидаги таржимаси босилади. Ҳажми 171- бет. Бунда икки бетлик «Дебочаи ҳикояи Робинзон»дан кейин асар матни «Бинг олти юз ўтуз ики сана мелодийасинда Англитарада мутаваллуд ўлуб, ул вақт Инглиз ила Испания байнинда воқе бўлан муҳорабада вафот эдан дўрт қариндошларнинг буюги (Рўбинзўн) ном шахс саргузашти…» деган жумлалар билан бошланади. Матндаги кичик бўлимларга қавс ичида форсча сарлавҳалар (Музокараи Рўбинзўн бомодараш – Робинзоннинг онаси билан баҳси) (5-бет), (Тасодифи Рўбинзун бишарики хўд – Рўбин-зўннинг ўз шериги билан учрашуви) (6-бет), (Азимату Рўбинзўн бисафари дарё дар дафъаи солиса – Робинзоннинг учинчи денгиз сафари) (13-бет) турк тилидаги бу таржима учун романнинг форс тилидаги таржимаси асос бўлган деган тахминни беради.

1909 йилда тўрт қисмдан иборат жами 152 саҳифалик «Робинзон»нинг татар тилидаги таржимаси Қозонда босилиб чиқади. Асар «Рўбинзўн ҳикояси» шаклида номланган бўлиб, мутаржими–Н.Н. Ношир сифатида «Китобчи Ҳусаинов ворислари» кўрсатилади. Роман тўрт жуъз ҳолида алоҳида-алоҳида нашр қилинади

1934 йилги Қозонда романнинг яна бир таржимаси босилиб чиқади. Китобнинг аввалги саҳифасида: «Бу китоб инглиз ёзувчиси Дефонинг «Робинзон Крузонинг бошидан кечирганлари» номли романи бўйича Л.Н.Толстой тарафидан қисқартирилиб ишланган», деган изоҳ ёзилади. Демак, романга Л.Толстойнинг назари тушган. Рус болалари учун ўз вақтида махсус соддалаштириб, қисқартириб ишланган ва нашр қилинган. 1909 йилдаги татарча нашрдан фарқли ўлароқ бу таржима 83 бетдан иборат. Таржимони ҳам бошқа – «Ш.М.» имзоси қўйилган. Бошланиши ҳам аввалги татарча нашридан фарқли тарзда: «Гамбургта бир бай купес яшаган, анинг уч малайи бўлган. Олий малайи гаскари булакка китип, анда хизмат ита башлаған, лекин сўғиш башланип, ани шул сўғишта франсузлар утирганлар. Уртанчи малайи мактабка кирип уқи башлаға, лекин бийк қати аврув сабабле аниси-да узақламай улеп кеткан. Шулай итип, аларнинг тўпчак малайлариғина қолғон,– Робинзон исмила булған» сўзлари билан бошланади.

Бундан ташқари романнинг Исмоилбек Гаспринский нашр қилган нусхаси ҳам мавжуд.

Эътибор берилса, таржима нашрларининг ҳажми, ички қурилиши, бошланиши, баъзи маълумотлари ва ҳатто, айрим жой номларига кўра ўзаро фарқ қилади. Аммо улардаги «эркинлик»дан қатъи назар асосий сюжет чизиғида Робинзон Крузонинг бошидан кечирган воқеалар силсиласи ётади.

Фозилбек Отабек ўғли романнинг қайси тилдаги нусхасидан фойдаланганини очиқ ёзган эмас. Фозилбек Отабек ўғли Русияда ўқиган, рус тилини яхши билган. «Муқаддима»да романнинг «барча фаранг тиллари»га ўгирилганини таъкидлайди, лекин русча таржимасини тилга олмайди. Гарчанд юқоридаги таққос ва маълумотлар таянилган асос нусха борасида аниқ бир ечим-хулосага имкон бермаётган бўлса ҳам, Фозилбек Отабек ўғли юқорида саналган туркий таржималардан (биргина озарбайжончага таянгани тугал исботини топган эмас), шунингдек, ўз вақтида Л.Толстой нашрга тайёрлаб бостирган рус тилидаги нусхасидан фойдаланган бўлиши ҳам мумкин. Бу тахмин. Кейинги тадқиқотларда бундай ўта мужмал фикр далиллар асосида ё тасдиқланади ё инкор этилади.

Нима бўлганда ҳам, «Робинзон Крузо»нинг таржимаси тарихий манба ва факт. Энди бевосита ана шу 1911 йилги таржиманинг айрим хусусиятлари тўғрисида икки оғиз сўз.

Биринчидан, мутаржим романнинг сюжет чизиғини тўла сақлаган ҳолда асар матнига жуда эркин ёндашади, маъно, мазмун таржимасини ХХ аср аввалига хос ўзбек адабий тилида беради.

Иккинчидан, таржимада давр адабий тилининг ўзига хос хусусиятлари акс этган. Кўпгина сўзларнинг икки хилда ёзиш ҳолатлари учрайди. Айрим ўринларда тушум келишиги (-ни) ўрнига қаратқич келишиги (нинг) қўшимчаси қўлланади; жўналиш келишиги «-ға», чиқиш келишик қўшимчаси «-дин» тарзида ёзилади. Баъзи ўринларда бугунги орфография қоидаларидан фарқли ўлароқ «п» ўрнига «ф» товуши ва аксинча («ҳамгаф», «фўртана», «туфроқиға») ёзилади. Таржима матнида тилга хос сингармонизм ҳодисаси мавжуд. Давр адабий тилининг хусусиятларини тасаввур қилиш учун асар табдилида матнни ўз ҳолатича сақлашга ҳаракат қилинди.

Учинчидан, энг асосий жиҳатларидан бири шарқ кишиси, мусулмон бир одамнинг нуқтаи назари таржимада аниқ кўзга ташланади. Матннинг аксар ўринларида «Иншааллоҳ», «Худо насиб қилса», «Аллоҳ таолоға шукрлар қилур эрдим», «Худой таборак ва таолоға ҳамди ва сано айтур эрдим», «Қибла тарафиға бордим», «Кеч пешин вақтида» каби таъбирлар ишлатилади.

Тўртинчидан, воқелик баёнида ички динамика учун «ва», «баъда» ёрдамчи сўзлари жуда кўп ишлатилади.

Мазкур таржимага, таржимон хизматига баҳо лозим бўлса, айтиш мумкинки, ХХ асрнинг аввалида ўзбек миллатини жаҳон адабиётининг гўзал бир ибратнома асари таржимаси билан таништирилишининг ўзи улкан хизмат эди. Зеро, романда ота-онани ҳурмат қилиш, уларнинг айтганини албатта бажариш, агар ота-она насиҳатларига бепарво бўлинса, ҳаётда фожеавий ҳолатларга, ҳалокатга учраш мумкинлиги борасида шарқона одоб-ахлоқ мезонларининг тасвирлари ҳам мавжудки, бу омил мутаржимга илҳом берган бўлса ажаб эмас. Романни таржимон «Рўбунзон ҳикояси» деб номлайди.

Роман аввалида, асосий воқеалар бошланишидаги бош қаҳрамоннинг қуйидаги эътирофлари маорифчи, маърифатчи жадидлар эътиборини тортгани аниқ: «Онам бечора бир бурчакда ўлтуруб отамға қўшулуб баъзи насиҳатларни қилур эрди ва гоҳи қўлини кўзига тутуб бўкуруб йиғлар эрди». «Ва мен бўлсам эрта бирлан туриб чой ичиб, баъда китобларимни кўтариб отам ва онам олдидан мактаб-ға кетур эрдим ва кўчаға чиқғонимдин кейин тўғри денгиз лабиға бориб ҳар тарафлардин ва ҳар шаҳарлардин кел-ғон парахўдларни ва ҳар хил узоғ шаҳарлардин олиб келғон молларни кўриб, эртадин то мактабдин озод бўладурган вақтғача мазкур денгизни лабида ҳар тариқа хаёл ва ҳавасларни қилиб ўлтуруб, баъда озод вақтида китоб қултуғимда отам ва онам олдиға салом қилиб кириб келур эрдим». Айнан шу каби қирраларнинг бўртиб тургани, тарбияга урғу берилиши ва инобатга олиниши таржима асарининг фазилатларидан бири саналади.

Дунё адабиётидан хилма-хил ва маш-ҳур асарларнинг таржималарини ўқиётган муҳтарам «Жаҳон адабиёти» журнали мухлисларига «Рўбинзўн ҳикояси»ни эски ўзбек ёзувидан ўз ҳолича тайёрлаб, кичик бир парчани тақдим қилишни лозим кўрдик.

Баҳодир Карим, филология фанлари доктори

 

РЎБИНЗЎН

Ин китоб ҳикояи ажойибу ғаройиб мусамми ба рўмон

Баиҳтимоми широкати Мулла Муҳаммад Қосим қори махзум ва мулло Султонхон махзум

Мутаржим Муҳаммад Фозилбек Атобек ўғиллари

 Рўбинзўн ҳикояси

Рўбинзўн деган бир англис ўз нафсидин ҳикоя қилиб айтадурки, менинг асл ватаним Англитарада бўлуб, ушбу Англитара шаҳри денгиз чегарасида бўлуб, ушбу шаҳримда ўн саккиз ёшимғача турдум. Мазкур Англитара шаҳри андоқ шаҳрдурки, ўзи дарё лабида бўлуб, мазкур дарёларда ниҳоятда ажойиб параходлар бўлуб, ўша параходлар дарёларни ул четидин бул четиға барқдек ўтуб турар эрди. Ва мен бўлсам ҳар вақт мазкур дарёларни ичида барқдек юрғон параходларни олдиға келиб, ушбу параходларға тушуб сайр қилмоқға ниҳоят ҳавасланиб, ҳамма вақт ўйланиб юрур эрдим. Аммо мазкур шаҳрим, яъни туғулғон шаҳримдин жануб ва шарқ тарафларида баъзи ҳайвонлардек пул ва молларни қадрини билмайдурган одамлар бор эмиш ва яна баъзи бир тийин ва ё икки тийинлик нимарсаларға ёки бирор асбоб, чунончи пиёла, эски қошуқ ва ёки эски чойнакларни олуб боруб бир неча олтун ва кумушларға олиштуруб келса бўлур эмиш, деб эшитиб ман ҳам ушбу ишларни қилсам, тез фурсатда бой бўлуб ва катта куфес бўлуб кетур эрдим деб зиёда ҳавасланур эрдим ва яна ушбу сўзларни бирор одамдин эмас, балки бир неча одамдин эшитуб, ушбу ярамас молларни олиб боруб бой бўлуб келмоқликға кўзим етуб, янадин зиёда параход бирлан сайр қилмоқликға ошиқ бўлуб эрдум. Ва яна ушбу хил сафарлар ва саёҳатларға ошиқ бўлғонимдин онам бечора воқиф бўлуб қолуб дарёда сафар қилиб баъзи сарсон бўлғон ва мушкул ишларға қолғон одамлар ва савдогарлардин ҳикоя қилиб мен бечорани ушбу хаёли фосидларни қилмағил деб манъ қилур эрди. Ва мен бўлсам ҳеч вақт онамни сўзиға қулоқ солмасдин ҳамма вақт фикру хаёл бирлан юрур эрдим. Ва яна сўзиға қулоқ солмасдин янадин ҳавасим зиёда бўлғонидин онам ҳам воқиф бўлуб хитобан ушбу сўзларни дер эрдиларки, эй ўғлум, сен бизлар биладурғон ишлардин ондин бир ҳиссасини ҳам билмассан ва сендек узоқ сафарларни ҳавас қилиб диёри ғурбатда мушкул ишларға қолғон, нақадар қазолар тўғри келғонларини кўб кўриб ва ҳам фаҳмлаб билғондурмиз ва сен ҳам ушбу одамлардек заҳматлар тортқунг келғондурму, деб баъзи насиҳатларни қилур эрдилар ва онам бечора бир бурчакда ўлтуруб отамға қўшулуб баъзи насиҳатларни қилур эрди ва гоҳи қўлини кўзига тутуб бўкуруб йиғлар эрди. Ва яна дер эрдиларки ушбу хаёли фосидларни қилмасдан мактабларда ўқуб бир ишни қўлунгға олуб подшоҳликдан кўб-кўб ақчаларни олиб бизлар бирлан роҳатлануб ўлтуруб ва Худойи таоло ва таборакни неъматлариға шукр қилурсен деган бир неча сўзларни айтуб сафардин тондурур эрдилар ва яна баъзи диёр ғурбатнинг мушкулликларидин насиҳатлар қилиб охири икови бирдан бўкурушуб йиғлар эрдилар. Кўб вақт ушбу тариқа бирлан умр ўтказдим. Баъда менинг сафардин ҳавасим қолмағонидин онам хабардор бўлуб дедики, эй ўғлум, хотиржам бўлуб ушбу хаёли фасодларни ташлағил, мен сени ҳеч бир вақт денгиз саёҳатлариға юбормасмен. Ва бунинг учун ақча керак бўлса бермасмен ва ушбу хомхаёллик бирлан юрганинг сенга ҳеч фойда қилмас. Ва сенинг ойлаб юрғон ишларинг ғайр аз девоналикдин бошқа ҳеч бир нимарса эмасдур. Ва билдимки, сен мактабда ўқумак ва мулло бўлмакдин қочиб ушбу сўзларни дер экансан. Ва яна сени(нг) хаёлингда одам бўлмоқлик йўқ экан ва ҳайвондек бир нимарса бўлуб қолурсан, деб қўлиға қамчи ва катта калтакларни олиб қувар эрди. Мен бўлсам отамни(нг) олдиға тушуб қочур эрдим. Ушбу ишларни онам бечора заиф бир-бир эшитиб ва фаҳмлаб қўлини кўзиға тутуб йиғлаб ўлтутур эрди. Ва яна икки ва ё уч кундин кейин мактабка олиб бориб топшурур эрди. Ва мен бўлсам эрта бирлан туриб чой ичиб баъд аз китобларимни кўтариб отам ва онам олдидин мактабға кетур эрдим ва кўчаға чиқғонимдин кейин тўғри денгиз лабиға бориб, ҳар тарафлардин ва ҳар шаҳарлардин келғон парахўдларни ва ҳар хил узоқ шаҳарлардин олиб келғон молларни кўриб, эртадин то мактабдин озод бўладурган вақтғача мазкур денгизни лабида ҳар тариқа хаёлу ҳавасларни қилиб ўлтуруб, баъда озод вақтида китоб қултуғимда отам ва онам олдиға салом қилиб кириб келур эрдим. Ва яна отам йўқ вақтида онамға ёлбориб айтур эрдимки, отамға айткил менга сафар жавобин берсун ва баъзи оладурган нимарсаларимга етадурган пул берсунлар, дер эрдим. Ва онам бечора казо ва казо насиҳатларни қилуб яна йиғлар эрди.

Иттифоқан, бир кун отам менинг ҳануз сафардан ҳавасим қолмаганини фаҳм қилуб дедики, эй ўғлум, сен ҳануз ўшал сафар ҳавасидин қолмағон экансан. Бизлар нечанд насиҳатлар қилдук, асло қулоқингға олмағон экансан. Яна агар бирор мартаба сафар тўғрисидин сўзлар бўлсанг, сени ўғуллиқдин чиқарурман. Ҳайда, чиқ, деб қамчи бирлан уруб қувлади ва мен бўлсам бўкуриб йиғлаб кўчага қочиб чиқиб кетдум. Онам ушбу вақтда йиғлаб турғон эрди. Ўшал ҳолда кўзидан ёшини оқузиб туриб дедики, сафар ҳавасин кўнглингдан чиқарғил, ушбу ямон ишларға қолмағил, дер эрди. Баъда ота ва онадин рухсат ва ёрдам бўлмас эканин батаҳқиқ билуб ва муродимдан қайтолмасдан юрғонимда, иттифоқо, ҳаммактабларимдан, яъни шерикларимдан бири отасини(нг) парахўди Амриқонинг Марокко деган жонибиға борадурғонин хабар берди. Дарҳол ушбу парахўд бирла ота ва онадин берухсат қочуб сафар қилмоқни кўнглумда муқаррар қилиб, мазкур ҳаммактаб биродаримға арзи ҳолимни бир-бир баён қилдум. Ул биродарим кемага мени солиб юбормоқчи бўлди. Лекин дедики, эрта туруб анинг эртасиға жўнайдур. Мен сени кемага отамға айтуб бирор хизматчи қаторида қилиб бекира (бепул –Б.К) солиб юборай, деди. Ҳамон шошилуб икки кўзум кунни юрушида бўлуб қачон жўнар вақт келур экан деб умрим кун санаб ўтти. Лекин бисотимда сақлаб юрган беш-тўрт сўм пулум бор эрди. Дарҳол ушбу пулға баъзи майда ифлос (арзимас маъносида–Б.К) нарсаларни олдим. Чунончи эшакмунчоқ, қора мунчоқ, игнадони фаранг (игна солинадиган қути – Б.К.) каби нарсалардин олуб бир сандуқға ҳаммасини жойлаб тайёр қилдим. Жанубий шимолий Африқо ёки Амриқоға олуб бориб, ҳовуч-ҳовуч олтуну кумушларға олиштириб келадурған нарсаларим – молларим ушбулар эрди. Лекин ёнимда бирор тийин ҳам қолмағон эрди. Анинг учун кечқурун отам ва онам олдиға ҳеч нима кўрмағон киши бўлуб, гафлашиб ўлтуруб вақт қаронғуроқ бўлғонда уйимдин чиқиб тўғри сандуқни кўтариб ўшал ҳаммактаб биродаримни уйиға бордим. Ул биродарим отасидин жавоб олиб қўйғон экан. Дарҳол шошилиб мазкур сандуқни кўтариб, иттик бўлуб (тез маъносида –Б.К.) парахўдға келдим. Ул ҳолда биродарим мен бирла бирга келғон эрди. Мени қофитан (капитан –Б.К.) афандиға, яъни кемачиға тайин қилуб, ўзи хайрлашиб қайтуб кетти. Ва мен ҳамон кеманинг бир четиға кириб сандуқни бошимға қўюб бекинуб ётдим. Баъда тонг отқач, мени қофитан афанди чақируб кўмур ташимоқ хизматиға қўйди. Кейин мендин ҳеч вақт пул сўрамас бўлдилар. Ўшал кун, яъни сана 1650 нчи мелодийда ўзим ўн саккиз ёшимда эрдим. Кемани(нг) занжирини тортдилар ва кемани бўкуртуруб туруб бирдан денгиз тарафиға буруб йўл туттилар ва кема юрган замон мен кемани ичида туруб муфту текин парахўд бирлан ҳар жойға бориб саёҳатлар қилиб, қоф-қоф тилло ва кумушларни жамъ қилиб келурмен, деб ниҳоят даражада хурсанд бўлуб кетур эрдим. Тушуб жўнағон парахўдим ушбу парахўд эрди.

Ушбу парахўд бирлан кечғача юриб, баъда кечқурун ярим кеча бўлғонда шамол бўлуб, бора-бора шамолни қуввати зиёда бўлиб денгиз пўртана бўлуб сувлар кўпурмоқға бошлади. Баъда кемага катта тўлқунлар келуб уруб, кема чайқалиб кўб бесаранжом бўлғондин кейин ҳолатдан кетуб кемани бир четида ётуб қолдим. Денгизда тўлқун тобора зиёда бўлғони учун кўнглум озиб бошим оғриб касал бўлуб қолдим. Ушбу арода қулоғимға келган овоздан кема раисини шиддатли амр берғонини билуб ҳолимиз мушкул ўхшайдур, деб сафарға чиқғонимға зиёда пушаймонлар қилдим. Ушбу ҳолда қофитан афанди келиб кема мушкул ишға тушуб қолди, сен бу ерда ухлаб ётурмусан, деб кўтумға бирни тефиб олдиға солиб бориб кўмирхонаға тиқиб қўйди. Ул ерда ушбу касаллик ҳолимда бир калтак едим деб зиёда пушаймонлар қилиб ва яна шаҳримда отам ва онам олдида тинч юрғоним эсимға тушуб ниҳоят даражада хафа бўлуб охири бўкуруб йиғладим. Аммо ҳеч суд (фойда-Б.К.) бермади. Лекин икки кеча ва кундуз ушбу тариқада бўлиб кемани баъзи асбоблари сувга тушуб кетди. Баъда учинчи куни бир тарафдин ул дарёни ўн беш чақирим еридин Испаниё чегараси кўрунди. Аммо чегара кўрунуб турса ҳам ёмон тошлик ерлар экан. Кемани таги бир катта тошқа тегуб ичиға сув кирмакға бошлади. Ҳамон кемага икки адад қайиқ осиб қўйғон эканлар, ул қайиқларни ешиб ичиға ҳаммамиз тушуб ҳамон кемадин ўтуз-қирқ аршин юрғон эрдук тўлқун қайиқни бошқа тарафға суруб, кемадин нариги тарафға ўшал кўрунуб турғон чегарани шарқ тарафиға боруб қолса ҳам, лекин Испаниё чегараси кўриниб туруб эрди. Аммо қа-йиқда одам кўблук қилиб шамолнинг қуввати бирла қайиқ ағдарилуб кетурмукин ва ё сув тушуб кетурмукин хаёли бирла қўрқа-қўрқа мазкур чегарага етушдук. Ул чегарага чиққанда мени ота ва онадин берухсат чиққанимни кемани раиси фаҳмлаб кўб сиёсатлар қилди. Ва яна дедики, сенинг гуноҳинг ва қусуринг сабабли кема ғарқ бўлди. Жумламиз оз қолдук ва кўб одам нобуд бўлди. Оз қолдики, бизлар ҳам ғарқ бўлур эрдук. Эмди ўзингни Англитарага борадурғон бир кемачиға қул қилиб шаҳрингға қайтуб кет, деб қўлиға бир парча тошни олиб қувлади. Ушбу Испаниёда молсиз ва бир пулсиз ва яна ҳеч тил билмасимдин эмди нима қилурман, деб бўкуриб йиғладим. Ҳамдлар бўлсун Худоғаки, ушбу Испаниёда бир англизга англиз бўлуб ҳолимни арз қилдим. Ул ҳам иттифоқо кемачи экан, ул ҳам менинг сафарчи эканимни фаҳмлаб кемасиға хизматкор қилиб олди. Мундоғ яна сафарға майл қилиб уч кундин жанубий Амриқо қитъасида Брозилиё шаҳриға йўл тутдук. Ушбу кема ичида ўн беш адад хизматчи ва мен бирла ўн олти хизматкор бўлуб ва эллик адад муҳожирлар ҳам бор эрди. Ва яна бир қанча йўлчилар ҳам бор эрди. Ва буларни ашёси ва моллари ҳам кўб эрди. Ушбу Испаниядин жўнағонидин кейин икки ҳафта ниҳояти тинчу осойишталик бирлан сув ва осмондин ғайри ҳеч нимарсани кўрмасдин кетдук. Ушбу икки ҳафта ичинда кемачилардан хийла хабарларни сўраб билғон эрдим. Чунончи денгизларнинг ўртасида катта орол ерлар борлиғини ва жанубий Амриқода ёввойи одамлар кўб бўлғонини ва яна Ёвруподин ҳам қанча низомлик моҳир одамлар бор эканини, Амриқо тўғрисидин бир қанча хабарлар сўраб билғон эрдим. Ва яна баҳри муҳитнинг баъзи ерларида катта тўқайлар бўлиб, мазкур тўқайларда ваҳший одамлар бўлуб, мазкур ваҳшийлар одам гўштини ейдур, деган сўзларини эшитиб кўб таажжублар қилиб бораётган эрдум. Бир фирқаси бир фирқаси бирла ғавғо қилушуб асир ўлғонларини сўйуб қўй гўштидек пишуруб ер эмишлар. Эй бор Худоё, булар қандоғ халқдурлар ва яна ўзлари дину мазҳабсиз ва низомсиз ҳайвондек тоғларда ва тошларда балиғ тутуб еб ёки бир-бирлари гўштларини еб, овқат қилиб юрур эмишлар ва буларни номи ём-ём эмиш, деб Худойи таоло ва таборакға ўзинг буларни ушбу йўлға солиб қўйғондурсан ва яна ўзинг буларга, яъни ём-ёмларға тавфиқ ато қилғайсан, деб ниҳоят даражада таажжуб қилиб борур эрдим. Аммо сафаримизни ўн олтинчи куни ҳаво мутағаййир бўлуб шамол туруб денгиз оз-оз тўлқун бўлмоқға бошлади.

Бу ерда қирлар ёки тўқайлар ёки катта тошлар борлиғини кема хизматчилари билур экан. Бири дарҳол кемани устиға чиқиб атрофини қараб турди. Балки бўрон бмлур фикри бирлан ҳар ким ўз ашёларини маҳкам қилиб денгизға тушмасун деб бойлаб қўйдилар. Воқеан кечаси бирдан бўрон бўлуб денгиз тўлқун бўлмоқға бошлади. Борганча денгизни тўлқуни зиёда бўлиб кемани сақламак учун ҳеч бир жой бўлмади. Қўрқиш ва сано бирла тонг отқуздук. Лекин бўрон асло тўхтамас эрди. Ул ҳолда кема устида қараб турган хизматкорни тош бор, тош бор деб овози келиб қолди. Ул ҳолда жумламизни ярим жонимиз кетуб, Аллоҳ таолоға дуо ва санолар қилмоқға бошладук. Анда кема ниҳоят шиддат бирла келуб тошқа тегуб, кеманинг бир учи тошқа илинуб қолди. Ва бир тарафи сувни ичиға чўкуб кетди. Ҳамон кемага боғлуқ уч адад қайиқни ешиб, жумламиз мазкур қа-йиқларға тушдук. Аммо нима фойда? Қайиқ бирлан Брозилиёға етуб бўлмайдур. Ул ҳолда қайиқ бирлан юз газ, икки юз газ юрғонда тамоман қайиқ ҳам сувға ботти. Жумламиз сувни қаъриға кириб кетдук. Аммо ҳақ таолонинг инояти бирла оёғим бир тошға ёки бирор нарсаға урунди. Урунган замон камоли қувват бирла тефага қараб ирғиб эрдим, сувни устиға чиқдим. Дарҳол нафсимни бир тахта борага (бора-парча, тахтанинг бир парчаси маъносида –Б.К.) осилиб олдим. Камоли қўрқғонимдин мазкур тахтани шундоғ ушлаб қолдимки, гўёки тахта мени ушлаб қолғон гумон қилдим. Мазкур тахтага ёпушуб тўлқунлар била у ёққа сурулуб бу ёққа сурулуб юруб эрдим, бир яқин ерда катта тош кўрунди. Ҳамон мазкур катта тошға етмоқ учун интилиб, сурулиб ҳамд бўлсун Худойи таоло ва табораккаки, ўшал тошға келиб осилиб устиға чиқиб олдим. Лекин ҳануз тўлқунни суйи куфуруб келиб менинг устумға тушуб турубдур. Лекин саломат бўлғон бўлсам ҳам мазкур тоғни тефасинда камол қўрқғонимдин кўнглум кетуб қолибдур (ҳушимдан кетдим маъносида – Б.К.). Бир замондин кейин кўзимни очиб қарасам, шамол тўхтабдур ва қорним ҳам ниҳояти очибдур. Лекин ҳануз дарёда тўлқунни асари бўлса ҳам ушбу ўзим ўлтурган тошни атрофлари мисол кўлдек тинч бўлубдур. Ҳамон дунёнинг тўрт атрофиға қарадим. Ушбу ўзим турган тошдан икки юз қулоч ерда бир катта тоқайлик оролни чегараси кўрунди. Ҳамон тўнларимни орқамға бойлаб мазкур ердин оҳиста-оҳиста сузуб мазкур тўқайлик ерга чиқдим ва ажабо бу қандоғ ер деб мазкур тўқайнинг атрофларига қарадимки, бош – ҳеч ким йўқдур. Мазкур тўқайда егани таом йўқ ва ичгани сув йўқ фикрида туруб аҳволимға қарасам, устумдаги тўнум ва қўлумдаги олғон ёғочимдин бўлак ҳеч нарса йўқ. Ажабо қандоғ ҳолға қолдим деб фикримда ёки тушумда кўрдимму деб ҳарчанд кўзумни очиб юмадурман. қарасам, тушум эмас. Балки ўнгум экан. Баъда, эй бор Худоё, қандоғ ишларға қолдим деб оз шаҳримни ва ота-онамни ёд айлаб, бўкуруб йиғладим. Ва яна ўзимни бўкуруб йиғлағонимдин ўзум қўрқуб Худой таоло ва таборакдин шикоят қилган бўлмасун деб ва яна қанча одамлар ўлуб танҳо мен ўзум олмай қолғанимға шукр қилуб бир оз дилимға таскин бердим. Қоронғу бўлди. Нима қилмоқ керак. Ерда ётсам, балки ёмон ҳайвонлар келиб еб кетурлар деб бир катта шохлик дарахтни устиға чиқиб бир катта шохиға миниб тонг отқуздим. Баъда мазкур дарахтни устида қўрқувдан ва ҳам очлиқдан то саҳарғача асло кўзимга уйқу келмади. Лекин кўз кўрар кўрмаз бўлуб эрди, дарҳол дарахтдан тушуб ҳеч бўлмаса сув топиб ичай деб қўлумға бир катта калтакни олуб сув истаб дарё лабиға келиб кўрдимки, тошқа илашиб ғарқ бўлғон кема ҳануз турубдур. Агар мазкур кемага борсам, андин емак ва ичмак учун кўб нарсалар топулушини фаҳмлаб дарҳол ўзумни сувга ташладим. Оҳиста-оҳиста сузуб кемага келдим. Мазкур кемани бир тарафи сувга ботуб ва бир тарафи тошқа илинуб турубдур. Лекин хавф қиладурғон жойи йўқ. Чунки бир тарафи тошға ниҳоят даражада санчилиб қолғон эрди. Филҳол бир иф (ип- Б.К.) учини кўриб анга чирмашиб чиқдим. Баъда ушбу кемани ичига кирғондин кейин кўрдумки, менга ўхшағон оч ва ўзи танҳо қолғон бир адад кўффак итдан бўлак ҳеч бани жон йўқ эрди. Ул ит бечора мени кўрғондин кейин ниҳоят хурсанд бўлди. Фаҳмладим. Чунки қуйруқларини қимирлатиб ва оғизларини очиб ниҳоятда менга мутеъ бўлуб кўрунди. Баъда мазкур итни олдидин ўтуб ошхонага кирдим. Худоға шукрки, ўшал ошхонада бир қазонда пишируб қўй(ил)ғон гўшт бор экан. Мазкур гўштдин еб ва тўйуб, баъда ялғуз қолмиш итға ҳам бердим. Баъда сувхонасиға кируб сувдин ичиб, Худоға шукрлар қилиб филжумла жонландим. Баъда кеманинг сув устида турган жойларидаги уйларни тамоман айланиб томоша қилдимки, танҳолиқда менга даркор бўладурган нарсалар кўб экан. Аларни тамоман тўпладим. Аммо бу нарсаларни қуруқға олиб чиқмоқ учун қайиқ йўқлиғи учун баъзи кемани ичида бўлғон тахталардин сол ясамакға ҳаракат қилдим. Ва яна баъзи ёғоч етмай қолғон жойлариға кемадин ёриб олуб, солни тайёр қилдим. Баъда солға энг аввал даркор бўладурган нарсаларни солдим. Чунончи қоғоз, қалам, сиёҳ-битмоқ учун ва киймоқ учунким кийимлар ва яна тўрт милтуқ уч адад тўфангча, икки адад қилич ва бирор қоф ун, биринч, туз ва яна итни олиб солға солиб, оҳиста оқизиб оқизиб, Аллоҳ таоло бу нимарсаларни менинг учун ҳифз этғониға зиёда хурсанд бўлуб ва ҳамдлар айтиб, заҳматларга қарамасдан кеч-қурун мазкур солни тўқайға олиб келдим. Дарҳол ичидаги нарсаларни ҳамон чиқариб бир муносиб ерга тўфладум. Аммо шул кечани ҳам яна дарахт устида отказдум. Лекин бутоқларига тахта қўйуб эрдим. Йиқилмоқдин эмин бўлуб хийла ухладим. Эрта билан яна қарасам, кема турубдур. Аммо бир-икки кундин кейин томом ботуб кетмоқини муқаррар билуб, дарҳол вақтни ғанимат билиб, солни олиб кема тарафиға равона бўлдум. Аммо келмасам ичида кўб нимарса тамом ботуб кетар эрди. Лекин на машаққатлар бирлан кемага ёнуб (яқинлашиб – Б.К.) келдим. Баъда кемаға ортулуб чиқиб ичидаги баъзи денгиз учун даркор бўладурғон нарсаларни тўпладум, чунончи дурбин, сумка шафқа, болта, фичоқ, теша, икки адад катта сандуқда оқларни олиб мазкур солға солуб, баъда яна кемага чиқиб, пул хазинасига кирдим. Аммо пул хазинаси кемани суйини тефасида эрди. Ул хазина уч адад катта сандуқ кўрдум. Мазкур сандуқлар ниҳоят даражада такаллуф (безатилган маъносида –Б.К.) қилинғон эрди ва озини занжирлар бирлан маҳкам қилғон экан. Мазкур сандуқларни оғзини зўр бирла очдим. Мазкур сандуқ ичида толдурган олтун ва кумуш ақчалар экан. Мазкурнинг ҳисса-ҳисса қилиб, мазкур солға олиб ташладим. Баъда бир икки қоф шакар, қанд ва беш-торт қадоқ чой топладим. Уларни ҳам сол бирла бурунғи кундек саломат четга чиқардим. Емоқ учун ва киймоқ учун ва озимни муҳофаза қилмак учун милтиқ ва болта ва ханжар каби нимарсалар менинг учун бўлғониға ниҳоят даражада хурсанд бўлдум. Аммо на фойда? Ҳар дам отам ва онам ёдимға тушуб бўкуруб-бўкуруб йиғлар эрдим. Ва яна баъзи афсона сўзларни озимға ўзим сўзлаб кулур эрдим. Худоға шукрки, он кун ҳам мазкур дарахт устиға чиқиб роҳатландим. Лекин ашё кўб бўлғони бирла ялғуз бўлғоним ва тўқайда бўлғоним ва балки маҳшарғача одам ўғлини кўролмаслиғимни фикр қилиб йиғлар эрдим. Ота ва она йўқ, ёр-дўст йўқ. Ашёни нима қилурмен. Яна бошимға нималар келмоқи ва мундоғ хилват тўқайларда одамхўр ём-ёмлар бўлса, ажаб эмас деб ниҳоятда қўрқтим. Ҳар ҳолда ўзумни Худоға амонат қилиб уйқуға бордим. Баъда кечаси ярим кеча вақтида якбора шамол бўлуб, ҳаволар гулдурлаб ниҳояти қатиғ ямғурлар ёғди. Устумға ёпмоқ учун ҳеч нимарса йўқ эрди. Дарҳол либосларимни ешиб, яланғоч бўлуб ўлтурдим. Баъда денгизда янадин тўлқунлар бўлуб ниҳояти қаттиғ ҳодисалар бўлди. Баъда саҳар вақтида тинчлик бўлди. Кўз кўрар кўрмаз дарахтдан тушуб, денгизға қарасам кема кўрунмайдур. Билдимки, бу кеча тамоман фарчаланиб ботуб кетубдур. Ул кема менга бир йўлдошдек бўлуб турур эрди. Яна ялғуз қолдум, деб ўкраб-ўкраб йиғладим.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 5-сон.