Баҳодир Карим. Ижоди ҳам, ҳаёти ҳам ибрат

Академик Матёқуб Қўшжонов қарийб олтмиш йил ижод қилди. Бу мўътабар устозимиздан элликка яқин китоб, беш юз-олти юз атрофида илмий мақолалар мерос бўлиб қолди. Уларда олим Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов ижодини, образ, композиция, сюжет, конфликт каби адабиёт назарияси масалаларини тадқиқ қилди. Шу маънода ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидчилиги тарихини Матёқуб Қўшжоновнинг илмий асарларисиз тўкис тасаввур этиб бўлмайди.
М.Қўшжонов учун адабий матн энг асосий, энг муҳим манба бўлди. “Образлар ўз маъноси билан китобхонга қандай таъсир ўтказади, қай даражада одоб беради, руҳан бойитади, уларнинг қиммати шу билан белгиланади. Бу — азалий ҳақиқат!”. Бундай фикрлар адабий матнни, жумлама-жумла, сўзма-сўз, яъни имманент анализ қилгандан кейин баён этилади. Шу зайлда санъат асарининг бадиий-эстетик қимматини аниқлаш Матёқуб Қўшжоновдек улкан адабиётшунос истеъдодига, услуби ва табиатига хос фазилатдир. Олим таҳлил ва талқин жараёнида ўз илмий концепциясига садоқатан асарда мавжуд бўлмаган жиҳатларни бўрттирмайди. Санъат ҳодисасига номуносиб эпизодларни аяб, хаспўшлаб ўтирмайди; танқидий фикрини лўнда қилиб айтади-қўяди. Айни пайтда, асарнинг бадииятига, фазилатларига, адабиёт тарихи ёки адабий кечимдаги ўрнига холис баҳо беради. Лозим бўлса, мавжуд адабий матнни дунё адабиётининг дурдоналарига қиёслаб, қамровни кенгайтиради; назарияга таяниб, фикрни эркин қўяди.
Уйимизда Матёқуб Қўшжоновнинг 1965 йили босилган қўнғир муқовали, қалингина “Ойбек маҳорати” номли — сарлавҳаси қизил рангда, сарлавҳанинг бош “О” ҳарфи оқ рангда ёзилган — китоби бўлар эди. Китобнинг ёши мендан бир йилга катта. Уни V — VI синфларда ўқиб юрган кезларим отамнинг физика-математикага оид китоблари ичидан олиб варақлаганман. Шунда отам: “Бу киши Матёқуб Қўшжонов бўлади. Ўзимизнинг Ҳаллангдан. Биласанми, унга “Ўзбекларнинг Белинскийси” деб ном беришган”, деб айтган гапларини ҳали-ҳали эслайман.
Матёқуб Қўшжонов жуда самимий инсон эди. Бировдан маслаҳатини аяган эмас. Ҳеч қистанмасдан, қисинмасдан гапирар, бирор кўнгилсиз воқеа бўлса ҳам ортиқча ҳаяжонланмай, донишмандларга хос босиқлик билан муаммога ёндашар, маслаҳат берарди. Маслаҳати бамаъни ва ўринли бўлар, ортиқча эзмаликни ёқтирмасди. Оз сўз билан кўп маъноларни ифодалагувчи бир инсон эди домла.
…Илмий ишимни ёқлашимга яқин қолган эди. Бундай пайтлари, одатда, диссертантларнинг иши кўп, асаби таранг бўлиб юради. Мен учун ҳам уч юз эллик бетлик диссертацияга доир бир профессорнинг ярим бетлик фикри қадрли бўлиб турган кунлар. Аммо ундан дарак йўқ, сабрдан ўзга чора. Баъзан қуюшқондан чиқиб, жиғибийрон бўлдим. Ихтисослашган кенгаш раиси профессор Тўра Мирзаев ҳам сабрдан маслаҳат беради. Шу пайт Тил ва адабиёт институти олдида Матёқуб акани кўриб қолдим. “Ҳа, — деди домла. — Ишлар нима бўлаяпти?”. М.Қўшжонов ҳам Ихтисослашган кенгаш аъзоси. Ҳолатни тушунтирдим. Асабийлашиб юрганимни яширишнинг ҳеч иложи бўлмади. Қараб туриб: “Шунга шунчами?”, деди ва қачонлардир бошидан ўтган ибратли бир воқеани сўзлади. Бир неча туҳматчи гуруҳбоз кишиларга қарши ёлғиз курашганини, аммо ҳақгўйлиги туфайли қоматни тик тутиб (“Мана бундай”, деб айни ҳолатини кўрсатиб берди), асло таслим бўлмаганини ва ҳар кунги одатига кўра бориб Анҳорнинг муздек сувида чўмилганини айтиб берди. Бу тарих олдида мен учун жуда муҳим ва ечимсиздек туюлган ҳалиги ташвишлар арзимаган бўлиб кўринди. Асаблар жойига келди… Муаммолар ҳал бўлди. Диссертацияни ёқлаган кунимда норасмий тақризчи сифатида Матёқуб ака яхши фикрлар, илиқ сўзлар айтди. Иш янги тадқиқотлар учун йўл очиши мумкинлигидан гапирди. Елкамдан тоғ ағдарилди, десам, елкамга юк юкланди…
Бир куни Матёқуб акани кўчада кўриб саломлашдим. Домланинг кўриши яхши бўлмагани боис, ҳар доимгидек саломдан сўнг ўзимни танитиб: “Матёқуб ака, Баҳодирман”, дедим. “Ҳа, овозингдан танидим”, дея аҳвол сўради домла. Сўнг ёзув-чизув ишларимни сўради. Баъзи нарсалар ёзаётганимни айтдим. “Ҳа, яхши, — деди Матёқуб ака шошилмай. — Шу, томчилаб туравер, томчилаб. Аммо-лекин асло тўхтаб қолмагин. Тўхтаган ёмон”. Бу муҳим гап, бу муҳим насиҳат ва далда эди. Айниқса, қалам аҳли учун.
Янги китобим чиқса, албатта, Матёқуб Қўшжоновга дастхат ёзиб олиб борардим. Бир куни факултетда ўтирсам, телефон жиринглаб қолди. Олдим. Матёқуб аканинг доимгидек майин-босиқ овози. “Бир китоб ёзибсан, Боҳодир. Ҳозиргина ўқиб беришди. Яхши китоб экан. Фикрлар лўнда, услуб яхши. Мавзулари, кўтарилган масалалари жуда муҳим. Уни ҳатто яна шу зайлда бемалол давом эттириш ҳам мумкин. Ишларингга муваффақият”, деди майин оҳангда. Матёқуб ака мўъжазгина бир китобча ҳақида гапираётган эди. Бу самимий муносабатда биз учун ибрат бор эди.
Матёқуб Қўшжонов “Шарқ юлдузи” журналида 90-йиллар бошида хоразмлик Матёқуб Абдуллаев тўғрисида “Ўтмиш фожеаларидан бир лавҳа” деган мақола ёзган эди. М.Абдуллаев 30-йиллари адабий жараёнда фаол бўлган. “Қилич” номли роман ҳам ёзган. Бу ижодкор урушда асирга олиниб, легионерга айланади. Аммо М.Қўшжонов унинг олмонлар томонидаги тақдиридан бехабар эди. Мақола айнан шу мазмундаги гаплар билан тугалланади. Илмий сафарга борганимда, Берлиннинг Унтер ден линден кўчасидаги Марказий кутубхонага кириб, Туркистон легионерлари фаолиятига оид матбуот манбаларини изладим. Буни қарангки, Матёқуб Абдуллаев ҳақида янги маълумотлар топилди. Шу асосда мақола ёздим. Мақола мазмунан Матёқуб ака фикрларини тўлдирган эди. Домла ўз мақоласидаги тахминга ойдинлик киритилганидан мамнун бўлганини яширмади.
“Дийдор” номли алломанинг замондошлари билан кечган дамларига бағишланган китоби нашрдан чиққач, Матёқуб акани йўқлаб уйларига бордим. Ҳар доимгидек мароқли суҳбат бўлди. Сўнгра “Дийдор”нинг ички саҳифасига дастхат ёзди. Муҳтарам газетхон такаббурликка йўймасин, домладан хотира бўлган ўша дуодек дил сўзини шу ўринда эслаб ўтмоқчиман: “Ёш дўстим Боҳодир! Ҳозирнинг ўзида илмда из қолдирадиган анча ишлар қилдингиз. Келажакда илмингиз яна ҳам теранлашсин, борган сари баракали бўлаверсин! Ишларингиз ўнгидан келиб, омад сизга доим ёр бўлсин! Ҳурмату эҳтиром ила имзо. 24.05.2005”. Тўғри, мақтов кимга ёқмайди! Бироқ бу тилакка лойиқ бўлиш осон эмас. Матёқуб Қўшжонов ана шундай меҳр-мурувватли, бағрикенг ИНСОН эди…
Домланинг ҳар куни бир бет ёзиш керак, деган қатъий ақидасини, шунга мувофиқ хаёли ҳар доим янги асар режаси билан банд бўлганини кўпчилик билади. Сабоқ бўладиган бир фазилат бу. Матёқуб ака суҳбат чоғи ижодий режаларини, ёзаётган мақола ёки китобларини яширмай айтарди; суҳбатдошининг мавзуларга муносабатига бефарқ бўлмасди. Хоразмлик ижодкорлар тўғрисида бир китоб ёзаётганини айтиб, мендан ҳам ижодий биография сўраган эди. Китобларимни олиб бордим, ижодий биография масаласи ортга сурилди. Режадаги ўша китоб “Хоразм мўъжизаси” деб номланиши керак эди. Фикримча, унинг анча қисми ёзилганди. Охирига етмай қолди, чамаси.
Матёқуб ака соғлиқ-саломатликка жиддий эътибор берадиган инсон эди. Соғлиқ хусусида гап кетганда, тананинг сирлари тўғрисида донишманд табибдек гапирар ва гапини тўхтатиб: “Бу тўғрида инсон танасидаги аъзолар баҳси услубида бир асар ёзмоқчиман”, деган ниятини айтганди. Асарнинг услуби, композицияси хаёлда тайёрлигини, унда Мия, Юрак, Ошқозон каби бир қанча рамзий образлар бўлишини сўзлаганди.
Матёқуб ака шогирдларидан профессор Бегали Қосимовни яхши кўрар, уни алоҳида ҳурмат билан тилга оларди. Бегали Қосимов тўғрисида хотиралар жамланаётганини эшитиб, мақола ёзиб бермоқчи эди. “Мақоланинг бошланишини ўйлаб қўйдим. Бир йили ёзда шогирдлар билан Амударёда чўмилдик. Улар орасида Бегали ҳам бор эди. Ўша пайтлари ҳам кўзойнак тақарди Бегали. Кўзойнакни ечмай дарёга шўнғибди. Сувдан бошини чиқарди. Кўзойнак йўқ. Мен ўша жойини тахминлаб, калла отиб (шўнғиб — шевада) сув остидан Бегалининг кўзойнагини топиб чиққанман”. Хотира-мақола шу воқеадан бошланиши керак эди.
Матёқуб Қўшжонов умри бўйи турли авлодларга мансуб истеъдодларни қўллаб-қувватлади. Айниқса, ХХ асрда шаклланиб, чин ижодкор номига муносиб бир адабий авлод олим мурувватидан баҳраманд бўлди. Демак, Матёқуб Қўшжоновнинг умри фақат ўз асарлари ёки фарзандларидагина эмас, балки шогирдлари ижодида ҳам давом этаётир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 8-сонидан олинди.