Азим Баҳодир. “Мен ёшликни тарк этиб кетдим”

http://n.ziyouz.com/images/ravshan-fayz.jpgЧинакам бадиий асар китоб шайдоларини бир-бирига боғлаб туради. Муаллиф ва ўқувчининг ғойибона танишувига, фикр алмашишига, ҳатто юзма-юз кўришмасдан туриб гўё узоқ йиллик қадрдонлардай бир-бирининг дардини ҳис этиш, кўнглидагини топиш учун кўприк – восита бўлиб хизмат қилади. Бунда ижодкор томонидан қўлланилган сўз, ифода санъати, асарларининг тили, бир сўз билан айтганда, унинг юксак бадиий маҳорати муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Очиғини айтиш керак, бундай салоҳият, иқтидор ҳар қандай ижодкорда ҳам бўлавермайди. Шундан бўлса керак, ҳамма шеър ё ҳикоя ёзганлар элга танилавермайди. Чинакам истеъдодлиларгина бундай бахтга мушарраф бўлади. Ўзининг бадиий пишиқ, дилбар шеърлари билан мухлислар эътиборини қозона олган дилкаш шоирларимиздан бири Равшан Файз эди.

1959 йилнинг 1 январида Самар­қанд вилояти Қўш­работ туманининг Қўралос қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. Талабалик йилларидаёқ тенгқурлари қатори “Шуъла” адабий тўгарагининг фаол иштирокчисига айланди. Шеърият синоатларидан баҳра олди. Кейинчалик “Ёшлик” журналида иш бошлаган шоир шеърларининг самимийлиги, ортиқча эҳтирос ва зўракиликдан холи бўлгани учун тезда адабиёт дарғалари ва мухлислар эътиборига тушди. Аммо…

Русларнинг машҳур шоири Борис Пастернак ўз шогирдларига: “Ҳеч қачон ўлим ҳақида ёзманглар, чунки уни эслашингиз билан қошингизда пайдо бўлади”, деб тайинлаган экан. Равшан Файз “Ташриф” шеърий тўпламида ўлим ҳақида шундай ёзган эди:

Меники бўлади бир куни шу ер,
Қайтмас руҳим кутиб жим-жит ётаман,
Шунда дийдалари юмшайдир ернинг
Ва мен оғушига ботиб кетаман.
Минг афсус, шоир ёзганидай бўлди.

Шеъриятни қисмат деб билиш, шеър ёзишни севиш Равшан Файзга баракали ижод қилиши учун омил бўлгани рост. Ҳа, у оз, аммо мазмунли яшади. Бир неча китобларини нашр этишга улгурди. Шоирнинг 1989 йилда чоп этилган “Ухлаётган одам”, 1990 йилда нашрдан чиққан “Ташриф” ва 1992 йилда дунё юзини кўрган “Мен шамолни тутволдим” китоблари фикримиз тасдиғидир. Унинг вафотидан кейин ҳам эълон қилинмай қолган ижод намуналари жамланиб, (“Кел, эй кўнглим”, 1997 йил) китоб ҳолида муштарийларга етказилди.

Равшан Файзнинг юқорида санаб ўтилган китобларини мутолаа қилсангиз, унинг бадиий ўхшатишлар, ташбеҳлар ва ифодалаш санъати ўқувчини ҳаяжонлантиради. Бир мухлис сифатида китобларини варақлаб, шоирнинг она Ватанига, элига, табиатга бўлган муҳаббатини, юртининг гўзаллиги, қишлоқларнинг тароватини қалбида узоқ вақт яшириб юролмаганига, содда, беғубор, танти ва чапани халқи ҳақида бетакрор мисралар яратишга шошганига гувоҳ бўласиз. Чиндан ҳам у кўнглидаги ҳис-туйғуларини дўстлари, ўқувчилари билан баҳам кўриш учун тезда қоғоз қоралаган. “Кейинги пайтларда у шошиб яшади, – деб хотирлайди уни билганлар. – Ёзган шеърларини ҳам бизга ўқиб беришга шошилди. Кўча-кўйдами ё телефондами ўқиб бераверарди. Сўнгги бор учрашганимизда у қувониб “Мен ҳар куни шеър ёзаяпман. Ишонасизларми, баъзи кунларда иккита-учтадан ҳам битаяпман. Энди ўзимни бутунлай шеърга, ижодга бағишлайман”, деганди”.

Ҳа, Равшан Файз қисқа вақт ичида кўп ва хўб шеър ёзишни эплади. Эътиборлиси, унинг тез ишлаши ижодининг сифатига салбий таъсир кўрсатмаган. Аксинча, шоирнинг сўнгги шеър­ларида бадиий ифоданинг юқорилиги, халқ оғзаки ижодини яхши ўрганганини сезиш мумкин. Айниқса, ўзбек халқ достонларини пухта билгани яққол кўринади.

Яна бир муҳим жиҳат: Равшан Файз ёзганларини қайта-қайта ишлашдан, уларга мурожаат этишдан эринмаган. Айнан мана шу хислат унинг битганлари бир-биридан “ширали” бўлишига хизмат қилгандир, балки. Жумладан, “Қишлоқдан қайтиш” шеъридаги:

Кўксимга орзулар солган, ота юрт,
Олис-олисларда қолган, ота юрт.
Келиб қоларми деб ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда қолган, ота юрт.

мисралари бошқа бир ашъорда тўлдирилиб, мукаммалаштирган. Яъни:

Кўнглима орзулар солган қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим,
Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.

Шоирнинг ўзига хослиги шу эдики, у жамиятда, табиатда юз бераётган бирор ўзгаришни эътиборидан четда қолдирмасди. Улардан имкони борича асарларида фойдаланишга ҳаракат қилган. Бу айнан ижодкорларни бир-биридан ажратиб турувчи “мен”идир. Бир ўринда у тол дарахти ҳақида шундай мисра тузади: “Ойдинда толлар сочин тарашгайдир” ёки табиатда камдан-кам учрайдиган ой тутилишидан таъсирланиб: “Ой тутилди. Куйган ойни кўргин, эй ёр”, деб ёзади.

Аҳамиятлиси, бу каби сатрларни Равшан Файз ижодида кўплаб учратиш мумкин. Айнан ушбу жиҳат унинг шеърлари умрбоқий эканини англатади. Шоирнинг энг асосий ютуқларидан бири – асарларининг тилидир. Содда, халқона сай­қаллаштирилган мисраларни каттаю кичик бир хил тушунади. Бу хусусият унга болаларга мўлжалланган шеърларни ҳам ёзишига кенг йўл очган. Ваҳоланки, бола учун ижод қилиш ўта масъулиятли ва машаққатлидир. Шунга қарамай, Равшан Файзнинг бу ишга қўл уриши унинг соҳа билимдонлигидан далолат.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).