Анвар Намозов. Владимир Маяковский. Юракка узилган ўқ

Владимир Владимирович Маяковский – рус шоири, ХХ асрнинг йирик ижодкорларидан бири. Унинг шеърлари оташин мисраларга тўла, сатрларида қизғинлик, кучли эҳтирос яққол кўзга ташланади. Маяковский шоирликдан ташқари, драматург, киносценарийнавис, кинорежиссёр, “ЛЕФ” (“Левий фронт” – “Чап фронт”), “Янги ЛЕФ” журналлари муҳаррири сифатида ҳам ўзини синаб кўрган. Шоирнинг фожиали ҳаёти ҳанузгача рус адабиётининг оғриқли мавзуларидан бири бўлиб келмоқда…

Игнадан қўрқиш

Владимир Маяковский 1893 йил 7 (19) июлда Грузиянинг Кутаиси губернияси Багдади қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси Владимир Константинович Маяковский (1857 – 1906) ўрмончи бўлиб ишларди. Онаси Александра Павленко (1867 – 1954) келиб чиқиши жиҳатидан кубан казакларидан бўлиб, Кубанда, Терновская қишлоғида туғилган эди.

Бўлажак шоирнинг икки нафар опаси: Людмила (1884 – 1972) ва Ольга (1890 – 1949) ҳамда икки акаси бўлган: Константин (уч ёшида қизилча касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмган) ва Александр (болалигида вафот этган).

1902 йилдан эътиборан Маяковский Кутаисидаги гимназияда таҳсил ола бошлади. У грузин тилида эркин гапира оларди. Ёш Владимир инқилобий намойишда иштирок этди, ташвиқотчиликка оид рисолалар билан танишди.

Оила бошлиғи Владимир Константинович 1906 йили қоғоз тикаётиб бармоғига нохос игнани суқиб олди. Оқибатда унинг қони заҳарланди ва вафот этди. Шу фурсатдан бошлаб бўлажак шоир Маяковский игна ва соч тўғнағичларга нисбатан тоқат қила олмайдиган бўлди. Унда бактериялардан қўрқиш (бактериофобия) касаллиги бир умрга сақланиб қолди. Вояга етган Владимирнинг бўйи икки метрга етган эди.

Ўша йилнинг июлида Маяковский онаси ва опалари билан Москвага кўчиб ўтди ва классик гимназиянинг 4-синфида ўқий бошлади. Айтишларича, у Борис Пастерникнинг акаси Шура билан ёнма-ён таҳсил олган. Бироқ 1908 йилнинг мартида бўлажак шоирнинг гимназияда ўқишига рухсат берилмади. Оила камбағал яшаётгани боис таълим пулини тўлай олмаган эдилар.

Маяковскийнинг биринчи “ярим шеъри” Учинчи гимназия томонидан чоп этиладиган норасмий “Шиддат” журналида босилган. Шоирнинг сўзларига кўра, “фавқулодда инқилобий ва ўша даражада бемаъни чиққан”.

Москвада Маяковский инқилобий кайфиятдаги талабалар билан танишди, марксизм руҳидаги адабиётларни мутолаа қилди. 1908 йили РСДПРга қабул қилинди. У савдо-саноат ҳудудида тарғиботчилик билан шуғулланди. 1908 – 1909 йилларда уч марта ҳибсга олинди (махфий босмахона иши, анархист-экспроприаторчилар гуруҳи билан боғланганлик, Новинский қамоқхонасидан сиёсий маҳбус аёлларнинг қочишида воситачилик қилганликда айбланган). Биринчи иш бўйича вояга етмагани боис озод этилиб, онасининг назоратига топширилди, иккинчи ва учинчи иш юзасидан эса етарли асос бўлмагани сабабли қўйиб юборилди.

Қамоқхонада Маяковский “жанжаллашар”, бир бўлимдан бошқасига ўтказиларди. Унинг Бутирскаядаги ҳибсхонанинг бир кишилик камерасида 11 ой ўтиришига тўғри келган.

1909 йилда қамоқда бўлган Маяковский яна шеърлар ёза бошлади, бироқ ёзганларидан кўнгил тўлмади. “Назоратчиларга раҳмат, ҳибсдан чиққанимда шеър дафтаримни олиб қўйишди, акс ҳолда уни босиб чиқарардим”, – деган эди у.

Учинчи марта ҳибсга олинган шоир 1910 йилнинг январида озод қилинди. Шундан сўнг у партиядан чиқди. 1911 йили Маяковскийни илҳомлантирган дўсти мусаввира Евгения Ланг рассомликка қизиқтириб қўйди.

Генерални ҳибсга олинг!

Маяковский Строганов билим юртининг тайёрлов курсида, рассомлар С.Жуковский ва П.Келин студияларида сабоқ олди. Шундан сўнг Москва рассомчилик, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик билим юртига ўқишга кирди. “Гилея” футуристик гуруҳи асосчиси Давид Бурлюк билан танишгач, адабий даврага кирди. Унинг биринчи шеъри “Кеча” (1912) футуристик тўплам бўлмиш “Жамоат таъбига кўра шапалоқ” тўпламига киритилди.

1912 йилнинг 30 ноябрида “Дайди ит” артистлар ертўласида Маяковский илк бор оммавий чиқиш қилди.

Орадан бир йил ўтиб, унинг “Мен” номли биринчи китоби нашр этилди (тўртта туркум шеърдан иборат). Китоб қўлёзмадан иборат бўлиб, Василий Чекригин, Лев Жегин чизган расмлар билан тўлдирилган, 300 нусхада чиққан эди. Аста-секин бошқа нашрларда ҳам Маяковский шеърлари кўрина бошлади.

Ўша йили шоир драматургияга ҳам мурожаат этди. “Владимир Маяковский” дастурий фожиаси ёзилди ва намойиш қилинди. Декорацияни “Ёшлар иттифоқи” рассомлари П.Филонов ва И.Школьник тайёрлашди. Муаллифнинг ўзи эса режиссёр ва бош роль ижрочиси сифатида намоён бўлди.

1914 йилнинг февраль ойида Маяковский ва Бурлюк оммавий чиқишлари учун ўқишдан ҳайдалишди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг шоирнинг “Уруш эълон қилинди” номли шеъри чиқди. У кўнгилли сифатида ёзилмоқчи эди, бу сиёсий жиҳатдан шубҳали эканлигини айтиб изн бермадилар. Кўп ўтмай Маяковский подшоҳ армиясида хизмат қилишни ўзининг “Сизга!” шеърида ифодалади ва у қўшиққа айланди.

1915 йилнинг июлида шоир Лилия Юрьевна ва Осип Брик билан танишди. 1915 – 1917 йилларда М.Горький ёрдамида Петрограддаги автомобиль ўқув мактабида ҳарбий хизматни ўтади. Аскарларга ёзганларини босиш тақиқланган эди, шоирни бундан Осип Брик қутқарди. У Маяковскийдан иккита достонини сотиб олиб (ҳар бир мисрасини 50 тийиндан), нашр қилдирди. 1916 йили унинг биринчи катта тўплами “Оддий ғўлдираш” китоби чоп этилди.

Ўша йилнинг 3 март куни Маяковский 7 нафар аскардан иборат отряд тузди ва автомобиль ўқув мактаби генерали П.Секретовни ҳибсга олди. Қизиғи шундаки, сал аввалроқ, 31 январда у айнан Секретов томонидан “Ғайрат-шижоати” учун кумуш медали билан тақдирланган эди. 1917 йилнинг ёз ойи мобайнида Маяковский ўзининг урушга яроқсиз эканлигини қизғин суръатда олқишлади ва кузда ҳарбий хизматдан бўшатилди.

1918 йили Маяковский ўзининг сценарийлари асосида учта фильмда суратга тушди. У ёзишга киришган “Мистерия Буфф” эса 25 октябрда тайёр бўлди.

Ўша йилнинг 17 декабрида Маяковский биринчи марта Матросский саҳнасида чиқиш қилиб, “Чап марш” шеърини ўқиб берди. 1919 йил март ойида Москвага кўчиб ўтди ва РОСТ билан фаол алоқа боғлади, шоир ҳамда рассом сифатида тарғибот плакатларини тайёрлади. Маяковскийнинг илк шеърий тўплами ўн йил мобайнида ёзган шеърларидан иборат бўлиб, “Ҳаммасини Маяковский ёзган. 1909 – 1919” номи билан чоп этилди. Дунё инқилоби акс этган “150 000 000” достонини эса 1920 йили ёзиб тугатди.

Ишқий кечинмалар

1922 йил мобайнида “МАФ” (Москва футуристлар уюшмаси) томонидан Маяковскийнинг бир нечта китоби нашр этилди. У ташкил қилган қалин журнал бўлган “ЛЕФ”да Асеев, Пастернак, Осип Брик, Б.Арватов, Н.Чужак, Третьяков, Левидов ва бошқаларнинг асарлари чоп этиларди.

Фуқаролик уруши йилларини Маяковский ҳаётидаги энг яхши давр ҳисоблайди. Бу пайтда у “Яхши!” достонини ёзди.

1922 – 1924 йилларда шоир Латвия, Франция, Германия бўйлаб бир нечта саёҳатга чиқди. “Демократик республика қандай ишлаяпти?” (1922), “Париж (Эйфель минорасидан қуруқ гаплар, 1923)” ва бошқа очерк ҳамда шеърлар ёзди. 1925 йили унинг энг узун саёҳати – Америкага сафари уюштирилди. Маяковский Гавана, Мехикода бўлиб, турли шаҳарларда шеърлари ва оташин сўзлари билан чиқиш қилди. 1925 – 1928 йилларда эса иттифоқ бўйлаб сафар уюштирди. “Ўртоқ Неттега, пароход ва одамга”, “Дегрез Иван Козирев ҳикояси” асарлари шу йилларда ёзилди. Маяковский Бокуда ҳам бўлган, опера ва драма театрида чиқиш қилган.

Унинг шеърлари “Янги дунё”, “Ёш гвардия”, “Огонёк”, “Крокодил” ва бошқа нашрларда босиларди. Реклама ва тарғибот ишида қатнашгани эса Пастернак, Катаев ва Светловнинг танқидига сабаб бўлди. 1926 – 1927 йилларда Маяковский тўққизта сценарий ёзди.

1927 йили у “ЛЕФ” журналини “Янги ЛЕФ” номи билан тиклаб, 24 та сонини чиқарди. Бироқ орадан бир йил ўтгач, ихлоси қайтиб, ташкилот ва журналдан кетди. Шундан сўнг шахсий таржимаи ҳоли бўлмиш “Мен ўзим” асарини ёза бошлади. 1928 йилнинг 8 октябридан 8 декабригача Берлин – Париж бўйлаб яна хориж саёҳатига чиқди. Ноябрда эса унинг I ва II том асарлари нашр қилинди. Маяковскийнинг “Қандала” ва “Ҳаммом” сатирик пьесалари Мейерхольд томонидан саҳналаштирилган.

Маяковский ижодий фаолиятида Лиля Брик илҳом манбаи бўлган. Улар 1915 йили Лилянинг ота-онасига тегишли Москвадаги Малаховка қўрғони дала-ҳовлисида танишишган эди. Адабиётдан йироқ бўлган Бриклар тадбиркорлик билан шуғулланишарди.

Шоир уларнинг уйида янги достонини ўқиб берди ва уни Лиляга бағишлади. Маяковский бу кунни “Қувончли сана” деб атади. Лилянинг эри Осип мазкур достонни босиб чиқарди. Лиляга боғланиб қолган шоир Петрограддаги Пушкин кўчасида жойлашган “Пале Рояль” меҳмонхонасидан қўним топди. Кейин эса янада яқинроққа кўчди – Надеждинская кўчасидан уй топди. Тез орада Маяковский дўстларини футурист-шоирлар – Д.Бурлюк, В.Каменский, Б.Пастернак, Б.Хлебников ва бошқалар билан таништирди. Бу маскан кўплаб ижод кишилари ташриф буюрадиган жой бўлиб қолди.

Осипнинг бепарволиги туфайли Маяковский ва Лиля Брик ўртасида ишқий кечинмалар авж олди. Бу муҳаббат шоирнинг “Флейта-умуртқа”, “Одам” достонлари ва “Ҳаммасига”, “Лиличка! Мактуб ўрнида” шеърида ўз аксини топди. Шундан сўнг Маяковский кўплаб асарларини тўласинча Лиляга бағишлайдиган бўлди.

1918 йили Лиля ва Владимир бирга фильмда суратга тушишди. Сценарийни Маяковскийнинг ўзи ёзди. Шоир Лилянинг расмини ҳам чизган.

Хориждаги маъшуқалар

Лиля Брик билан мустаҳкам алоқаларига қарамай, Маяковскийнинг шахсий ҳаёти шу билан чегараланмаган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ва тегишли ҳужжатларга қараганда, шоир машҳур ҳайкалтарош Глеб-Никита Лавинскийнинг отаси ҳисобланади. Маяковский унинг онаси Лилия Лавинская билан РОСТА сатираси устида ишлаётганида танишган.

Лиля Брик билан муносабатлар эса совимади. Ҳатто, Маяковский, Лиля ва Осипнинг бир том остида бирга яшаганлари ҳақида маълумотлар бор.

1923 йилнинг ёзида Маяковский ва Брик Германияга учиб кетишди. Биринчи ҳафтани Гёттингенда ўтказишди, кейин эса шимолга йўл олиб, Нордедерн соҳилида дам олишди. Шундан сўнг эса, Маяковский ўзининг “Юбилей” шеърида шундай деб ёзди: “Энди мен муҳаббат ва плакатлардан озодман”, яна: “мана энди севгининг куни битди, Владим Владимич”. Адабиётшунос К.Карчевскийнинг айтишича, мазкур асарлар шоирнинг Лиля Брик билан муносабати тикланмагани, улар олдингидек яқин бўлмаганини кўрсатади.

Маяковскийнинг хорижда ҳам маъшуқалари бўлган. 1926 йили рус муҳожири Элли Жонс (Елизавета Зиберт) ундан қиз кўрган. Элен-Патрисия деб ном қўйилган бу фарзандини шоир фақат бир марта – 1928 йили Ниццеда кўрган, холос. Парижда эса Маяковский яна бир рус муҳожири Татьяна Яковлева билан танишган ва севиб қолиб, иккита шеърини бағишлаган. Шоир Лиля учун совға сифатида автомобилни айнан у билан танлаган. Шу тариқа Брик руль бошқарувига ўтирган иккинчи москвалик аёл бўлди.

Маяковский Татьяна Яковлевани Россияга қайтишга кўндиришга уринди, аммо бу самара бермади. 1929 йили у Татьянанинг олдига бориши керак эди, бироқ виза муаммоси туфайли бу режа амалга ошмай қолди.

Шоирнинг сўнгги маъшуқаси ёш ва соҳибжамол Вероника Полонская бўлди (1908 – 1994). Ўшанда Маяковский 36, МХАТ актрисаси бўлган Вероника эса 21 ёшда эди. Полонская Михаил Яншин билан турмуш қурган эди. У Маяковский билан севишганидан сўнг ҳам эри билан муносабатини узмади. Афтидан Вероника феъл-атвори мураккаб, беқарор, оташин шоир билан муносабати сира кутилмаганда узилиб кетиши мумкинлигини тушунган. Худди шундай бўлди ҳам: орадан бир йил ўтгач, уларнинг алоқасига “ўртоқ Маузер” нуқта қўйди.

Маяковский ҳеч ким билан никоҳ қурмаган. Юқорида қайд этилганидек, унинг икки нафар фарзанди бўлгани аён.

Сўнгги йиғи

1930 йил Маяковский учун оғир келди. У кўп касал бўлди. Февраль ойида Лиля ва Осип Европага жўнаб кетишди. Унинг шеърларида фожиавий мотивлар учрай бошлади. Танқидчилар Маяковскийни “пролетар ёзувчиси” эмас, “ҳукуматнинг йўлдоши” деб ҳисоблашарди. Шоир эса аксини кутган эди.

Ижодининг 20 йиллиги муносабати билан Маяковский ўз кўргазмасини ташкил этди. Бироқ унга ҳар томонлама халақит беришди, кўргазмага ёзувчилар ва давлат раҳбарларидан ҳеч ким ташриф буюрмади. Март ойида эса “Ҳаммом” пьесаси премьераси муваффақиятсиз ўтди. “Қандала” спектакли тақдири ҳам худди шундай бўлди. Адабий доираларда Маяковскийнинг ижод қилиш қобилиятини йўқотганлиги ҳақида гапира бошлашди. Шу боис хорижга чиқиш визаси рад этилди.

Ўз жонига қасд қилишидан икки кун аввал, 12 апрель куни, Маяковскийнинг политехника институти талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу тадбир асаббузарлик билан ўтди. Сабаби, айрим ёшлар жойларида сурбетларча қичқириб ўтирдилар. Шоирнинг ортидан ҳамиша баҳс-тортишув ва жанжаллар юрарди. Унинг руҳий ҳолати ташвиш ва умидсизликка тўлиб борарди.

14 апрель куни эрталаб Маяковскийнинг Вероника (Нора) билан учрашуви белгиланган эди. Икковлон иккинчи йили учрашар, шоир Полонскаядан эри билан ажрашишини талаб қилар, ҳатто келгусида бирга яшашларини ўйлаб ёзувчилар кооперативидан жой учун рўйхатга ёзилган эди.

Кейинчалик Полонскаянинг эслашича, ўша куни эрталаб соат саккизда шоир у билан учрашган. Соат 10.30 да Верониканинг театрда репетицияси бор эди.

— У эшикни қулфлади, калитни чўнтагига яширди, – деганди Полонская. – Мендан театрга бормаслигим, умуман, у ердан кетишимни талаб қилиб туриб олди. Йиғлади… Мен кузатиб қўйиш-қўймаслигини сўрадим. “Йўқ”, – деди. Пулим бор-йўқлигини сўради. Пулим йўқ эди. У йигирма рубль берди… Мен подъезд эшигига етмай туриб ўқ овозини эшитдим. Ташвишланиб қолдим, орқага қайтишга қўрқдим. Кейин қайтиб кирдим ва ўқ узилганидан кейинги тутунга кўзим тушди. Маяковскийнинг кўксида унча катта бўлмаган қонли доғ бор эди. Мен унга талпиндим ва қайта-қайта такрорладим: “Нима қилиб қўйдингиз?” У бошини кўтармоқчи бўлди. Ранги қўрқинчли равишда оқара бошлади… Одамлар келишди. Кимдир менга деди: “Югуринг, “Тез ёрдам” каретасини кутиб олинг”… Югурдим, кутиб олдим. Ортимга қайтдим, зинада эса кимдир деди: “Кеч. Ўлди…”

Маяковский ўлимолди хатини икки кун муқаддам ёзиб қўйган экан: “Мен вафот этгач, ҳеч кимни айбламанг ва, илтимос, ғийбат қилманг, марҳум буни ниҳоятда ёмон кўрарди”. Шоир Лиля Брик (шунингдек, Вероника Полонская), онаси ва опаларини ўз оиласи ҳисоблаб, барча шеърлари ва архивни Брикларга беришни сўраган эди.

Бриклар Европа сафарини тўхтатиб, дафн маросимига келишга улгуришди. Полонская эса, аксинча, бу маросимда иштирок этмасликка қарор қилди. Маяковскийнинг онаси ва опалари шоирнинг ўлимида уни айблашларидан қўрқди.

Маяковский билан видолашув уч кун бўлиб ўтди. Одамлар оқими камаймади.