Анвар Намозов. Ги де Мопассан. Ижод ва савдойилик оралиғида

У олти йил мобайнида ёзиш санъатини ўрганган, бироқ ёзганларини йиртиб ташлайверган…

Ги де Мопассан (тўлиқ исм-шарифи — Анри-Рене-Альбер-Ги де Мопассан) француз ёзувчиси, машҳур романлар муаллифи. У дурдона асарлари билан жаҳон адабиётида ўзига хос из қолдирган. Ўн бир йиллик ижоди давомида 6 та роман, 18 та тўпламга киритилган 300 га яқин новелла ёзган. Бундан ташқари, Мопассан ҳикоялар, пьесалар, шеърлар, очерклар ва мақолалар борасида ҳам самарали меҳнат қилган.

Яхши ва ёмон хулқлар

Ги де Мопассан 1850 йилнинг 5 августида Франциянинг Дьепп шаҳрига яқин Миромениль қўрғонида таваллуд топган. Отаси — Густав де Мопассан Нормандияда ўрнашиб қолган лотаринг дворянларининг қашшоқлашган қавмидан эди. У учига чиққан хотинбоз бўлиб, кейинчалик оиласини тарк этди, болаларини эсламади ҳам.

Гининг онаси Лаура Ле Пуатвен эса зиёли, бошқалардан ажралиб турадиган аёл эди. Лаура хоним эски ва янги тилларни билар, шеъриятни севар, замонасининг истеъдодли кишилари билан дўстона муносабатда бўларди. У ўғлининг биринчи маънавий устози ҳамда ўлимига қадар доимий маслаҳатчиси, шунингдек, адабий танқидчиси ҳам эди.

Бўлажак ёзувчи Ко ўлкасида, ёмғир ювган соҳил бўйида, кошуан балиқчилари ва фермерлари муҳитида тарбияланди. У ана шу кишилар тилида гаплашди, уларнинг ҳикояларини тинглаб, яхши-ёмон хулқларини ўзлаштирди.

Мопассан болалигидан соғлом бўлиб ўсди. Буни алоҳида эътироф этишимиздан мақсад — онаси бутун умр асаб тизими касаллигидан азият чекар, укаси эса кейинчалик руҳий беморлар шифохонасида вафот этганди. Бахтга қарши, Лаура Ле Пуатвен фарзандларига нафақат меҳр-муҳаббат, балки хавфли хасталикни ҳам берган эди.

Ги де Мопассаннинг тарбиясига қадрдон юрти – Нормандия анъаналари ҳам катта таъсир кўрсатди. Бу гўша мамлакат шимоли-ғарбидаги эски француз вилояти бўлиб, ҳавоси мусаффо эди. Нормандларнинг ҳаёти денгиз ва заминга, табиатнинг марҳамати ёки қаҳри қаттиқлигига боғлиқ бўлган. Мопассан балиқчилар ва деҳқонларнинг болалари билан бирга ўсди. У гўдаклигидан нормандларнинг бир фалсафасини ўзига сингдириб олди: ҳаёт қандай бўлса, шу тарзда қабул қилмоқ керак, табиатнинг қаҳри қаттиқ ва адоватли. Реалист бўлиш, ишонувчан бўлмаслик даркор!

Густав Флобер мактуби

Бола жасур, саёҳатларга орзуманд бўлиб ҳам ўсди. У қайиқда узоқ вақт сайр қилишни ёқтирарди. Ўн уч ёшида Гини диний семинарияга бердилар, бироқ тез орада бу даргоҳдан ҳайдалди. Мопассан Руан лицейида таҳсил ола бошлади. Бу илмгоҳда ўқиш чоғида ўзининг қобилиятли ўқувчи эканлигини кўрсатди, назм ва театр санъатига қизиқишини намоён этди. У шоир ва Руан кутубхонаси назоратчиси Луи Буйе билан дўстлашди. Шунингдек, ҳақиқий устозига айланган Флобернинг йўл-йўриқларини олди.

Мопассаннинг онаси ва тоғаси азалдан Густав Флобернинг дўсти эдилар. Унинг уйига Эдмон Гонкур, Альфонс Доде, Эмиль Золя Ипполит Тэн ҳам ташриф буюришар, бўлажак ёзувчи улар билан шу тариқа танишганди.

1869 йили таҳсилни тамомлаган Мопассан онаси ва Флобернинг маслаҳатига кўра, ҳуқуқ соҳасини ўрганиш учун Парижга отланди. Аммо уруш барча режаларни чиппакка чиқарди.

Оддий жангчи бўлган Мопассан мутолаа орқали билимини оширишга интилди, табиий фанлар ва астрономияга мурожаат қилди. Наслдан-наслга ўтадиган касаллик хавф солмаслиги учун эса кучли жисмоний машқларни бажариб, танасини чиниқтирди.

Уларнинг оиласи касодга учраши Мопассанни денгиз вазирлигига ишга кириш ва ўн йилга яқин вақт амалдор бўлиб қолишга мажбур қилди. Мопассан адабиётга интилди.

1873 йил февралида Флобер Гининг онасига хат ёзди: “Назаримда, бу йигитчамиз бекорчиликдан тентираб юришни яхши кўради ва ўтириб ишлашга унча мойил эмас. Мен унинг узун асар ёза бошлашини истардим, яроқсиз бўлсаям майли… Бу дунёда энг муҳими олий доираларда руҳан парвоз қилишингдир”.

Густав Флобер билан янада зич муносабат ўрнатган Мопассан ижодга берилди ва олти йил мобайнида ёзиш санъатини ўрганган. Бироқ ёзганларини йиртиб ташлайверди. Токи Флобер унинг асарларини етук ва услубий жиҳатдан расо ҳисобламагунча ҳеч қаерда чоп эттирмади.

Умуман, Мопассан ижодга қадам қўйганида қаршисида уч бўғинга мансуб адабий мерос — Стендаль, Бальзак ва Флобер танқидий реализми, В.Гюго, Ж.Санд, А.де Мюссе романтизми ҳамда Э.Золя ва ака-ука Гонкурлар пешқадам бўлган натурализм турарди.

Мопассаннинг биринчи ҳикояси 1880 йили олам юзини кўрди. “Les soriees dt Medan” тўпламида Золя, Алексис, Энник ва Гюисман асарлари билан биргаликда нашр қилинди. Бошловчи ёзувчи енгил истеҳзоси, лўнда ифодалари, феъл-атворни моҳирона очиб бериш салоҳияти билан адабий тўгаракларни ҳайратга сола бошлади.

Шундан сўнг Мопассан “Шеърлар”ини чоп эттириб, назмдаги маҳоратини ҳам намоён этди. Тўплам кўпчиликка манзур бўлди. Шеърларидаги драматургия жанрига яқин салоҳият эътироф этилиб, муаллиф анча-мунча тилга тушди. Шундан сўнг Мопассан амалдорлик ишини ташлаб,  “Голуа” газетасида фаолият кўрсата бошлади.

Ўша йили Флобер ҳаётдан кўз юмди. Натижада Мопассаннинг ёзувчи ва рассомлар билан муносабати узилди ва Эмиль Золя, Сезанн, Моне, Мане каби ижодкорлар билан кам кўришадиган бўлди. Бу муҳитнинг ўзгариши унинг ҳаёт тарзига ҳам таъсир кўрсатди. мопассан Монсодаги 10-хонадонга жойлашди.

Янги новеллачилик

Дастлаб Мопассан Золяни машҳур қилган йўлдан кетган бўлса-да, воқеликни тасвирлашда маиший тафсилотлар, икир-чикирлар билан чекланиб, умумлашмалардан қочадиган натурализм мактабини унча хушламас, бундай руҳдаги асарларни тор ва бир томонлама ҳисобларди. “Пьер ва Жан” романи сўзбошисида у реализмдаги ақидапарастликни муҳокама қилади, ўз қарашларини моҳирона ифодалаб, ҳақиқатга йўғрилган субъектив дунёқарашини ўқувчига аниқ ва равшан очиб беради.

Мопассан фикрича, ижод дегани фақат бадиий асарларда тасвирланган воқеалар занжири билан жалб этмаслиги керак. У кундалик ҳаётни намоён этувчи асосий йўналишни моҳирона очиб беришдан ҳам иборатдир.

Юқорида айтганимиздек, ўн бир йил мобайнида Мопассан мазмун-моҳияти номида жо бўлган талай қиссалар ёзди. Шунингдек, “Ҳаёт” (1883), “Азизим” (1885), “Монт-Ориоль” (1887), “Пьер Ва Жан” (1888), “Ўлим каби кучли” (1889), “Бизнинг қалбимиз” (1890) романларини эълон қилди. “Қуёш остида” (1884), “Сувда” (1888) ва “Кўчманчи ҳаёт” (1890) асарлари эса муаллифнинг саёҳати давомида бошдан кечириб ўй-хаёллар маҳсули эди.

Мазкур асарлар Мопассаннинг француз янги новеллачилиги юқори поғоналаридан жой олишига замин яратди. Мамлакатнинг кўзга кўринган танқидчилари Мопассан ижоди борасида якдил фикрга эга эдилар. Эмил Золя эътирофича, у ҳиссиётларни нозиклик ила жўш урдирди, мулойим мутойиба ва қувлик билмас сурур воситасида омма эътибори ва ҳурматини қозонди. Жорж Леметр Мопассанни классик ёзувчи деб атади.

Ги де Мопассан рус адабиётига Тургенев туфайли кириб келди. У Мопассанни Флобер орқали билиб олди ва бевосита граф Лев Толстой издоши сифатида таърифлади. Толстойнинг ўзи ҳам Мопассан ижодига бир қадар хайрихоҳ муносабатда бўлган. Ҳатто XIII томда бутун бошли мақолани Мопассан китобларига бағишлаган. Толстой фикрича, “Ҳаёт мазмунини аёл ва муҳаббатда… деб, буни бор даҳшати билан яққол кўрсатувчи, умрнинг юксак бахт-саодатини самимий тарзда ана шу “даҳшат”да деб ҳисобловчи бошқа ёзувчи бўлиши даргумон”.

Ги де Мопассан асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. “Азизим” романи Иброҳим Ғафуров, “Ҳаёт” Эркин Носиров, “Дўндиқ”, “Асирлар”, “Мадмуазель Фифи”, “Дарбадар”, “Оқсоч қиз саргузашти”, “Алвасти” ва бошқа новеллалари Зумрад Орифжонова томонидан ўзбекчага ўгирилиб, чоп этилган.

Кулфатларни даф қилиб бўлмайди

Мопассан ижодида жонажон ватани Нормандия манзараси — денгиз ва шаҳар тасвири, майда деҳқонлар ва хизматкорлар муҳим ўрин эгаллайди. Бироқ ёзувчи фақат Нормандияни акс эттирмаган. Унинг машҳур асарларидан бири — “Азизим”да воқеалар Парижда рўй беради. Мопассан бу романида Париж жамиятининг турли қатлами, асосан, юқори табақа ва йирик ишбилармонлар ҳақида сўз юритади. “Ўлимдек кучли” романи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Майда ва катта буржуазия вакиллари эса унинг “Мерос”. “Маржон”, “Икки дўст” новеллаларида акс этган. Алхусус, Мопассан қаҳрамонлари оддий оила аъзолари, енгил кун кечирувчилар, ўз манфаати йўлида ҳеч нимадан қайтмайдиган кишилардир.

Мопассаннинг фикрича, ҳаётдаги кулфатларни даф қилиб бўлмайди. Айнан шу боис, ёзувчи тушкун ва ҳаммадан кулаверадиган мазахчига айланади.

Бахт ортидан абадий ва беҳуда югурадиган одамларнинг заиф, камбағал ва аҳмоқлигини кузатган Мопассан инсон онг-шуурига чуқурроқ кирмоқчи бўлди. У одамлардан узоқлашиб, шахсий ҳаётини сирлилик билан қуршаб олди.

Болалигида рўй берган икки ҳодиса Мопассаннинг кейинги ҳаётига қаттиқ таъсир кўрсатган. Биринчиси – 11 ёшда бўлганида ота-онасининг ажралиши эди. У иродали ва сарбаст онасининг қўлида қолди. Ги волидасини жудаям яхши кўрар, отасидан нафратланарди. Бундай нафратни умрининг охиригача сақлади ва бўйдоқлигича қолди. Иккинчи ҳодиса эса – Мопассаннинг захм билан касаллангани аниқлангани эди. Мазкур касаллик ота-онасидан ўтган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Мопассан айтишича, кейинроқ уни бу қўрқинчли хасталикдан даволашган, бироқ ўлими сабаби захм эди.

Мопассан асарлари нафақат Францияда, балки бошқа давлатларда улкан муваффақият қозонди. У ёзганлари дарҳол таржима қилинадиган фаранг адибларидан бирига айланди. Шон-шуҳрати туфайли Мопассаннинг даромади йилига 60 минг франкни ташкил этди. Бу эса онаси ва касалманд укасини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таъминларди.

1883 йили Мопассан Этрет ва Каннда ўз уйига эга эди. Умри ниҳоясида унинг тўртта вилласи ва иккита яхтаси бўлган. Мопассан қайиққа ўтириб, кунига 50 миль ҳам сузиши мумкин эди.

Мопассан нафақат моҳир ёзувчи, балки мислсиз… ошиқ ҳам бўлган. У чорак асар давомида мингдан ортиқ аёл билан танишиб, ишқий саргузаштлар оғушида юрди. Ёзувчи танишган аёлларнинг аксарияти эрли, уйли-жойли эди. Айтишларича, Мопассан адабий асарларидан кўра, ана шундай кечинмалари билан фахрланган. У қаерда мафтункор аёлни кўрса, танишиб ўзига оғдириб олиш пайида бўларди.

Маъшуқалари азбаройи кўплигидан ёзувчи улар билан бир марта учрашарди, холос. Фақат ёш бойвучча аёл Мари Канн билан саккиз йил учрашиб юрди. Мопассан унга 2200 та ишқий мактуб ёзган. Адиб узоқ вақт учрашиб юрган аёллардан яна бири эса Бланш Рузвельт Мачеттадир. Америкада туғилган Бланш Миландаги дворянга эрга теккан ва маркизага айланган эди. Бланш айтишича, Мопассан унинг ҳаётига унутилмас лаҳзаларни туҳфа қилган.

Руҳий зарбалар

Мопассан ижодий фаолиятининг сўнгги босқичларида тасвирий воситалардаги нафисликка интилиш сезилади. Адибни оддий тимсоллар қониқтирмай қўйган эди. У эшитиш, товуш ва ҳид сезишга оид таассуротларнинг бир-биридан алоҳида ҳолдаги янги қоришиқ тимсолларни излади. Бундай тимсоллар бор бўйи билан намоён бўлишини истар эди у. Мопассан ниятига етди дейиш мумкин.

Адибнинг ёши улғайган сари ўзини касал деб ваҳимага тушиши ва шунинг натижасидаги асабий умидсизлик ҳолати (ипохондрия) ҳамда кўнгил қолиши туфайли воқеаларни идеаллаштиришга мойиллиги кучайди. Ҳис-туйғуларидан сизиб чиқаётган саволларга жавоб топа олмаган ёзувчи ўта безовта бўларди. Бундай кайфият бир қатор қиссалари, жумладан, “Орля”да ўз аксини топди.

Ақлдан озиш, руҳий сиқилиш ва шу билан боғлиқ касалликлар Мопассан ижодининг бошқа мавзулари кўламини ташкил этади. Масалан, “Саватсоч”, “Эрме хоним” каби асарлари шундай сўзлар билан бошланади: “Мени ақли заифлар мафтун этади”.

“Ҳаёт”, “Азизим”, “Ўлимдек кучли”да эса ўлим ва вайронагарчилик мавзусига мурожаат қилинган. Мазкур асарлардаги тушкунлик бахтли муҳаббат учун маскан йўқлигини акс эттирса, бунга қарама-қарши ўлароқ, “”Пьер ва Жан”, “Табиатга йўл” каби романларида сув, денгиз мавзуси ёритилиб, истиқболли севги паноҳ топиши мумкинлиги ифодаланади.

1884 йилдан эътиборан Мопассан асаб бузилиши, мияга ўрнашиб қолган ғоялар ва галлюцинация (йўқ нарсаларнинг кўриниши, эшитилиши ва сезилиши)дан азият чека бошлади. Ўзини ўлдиришга уринганидан сўнг вафотига қадар доктор Бланшнинг Пассидаги клиникасига ётқизилди. Унинг укаси ҳам руҳий беморлар шифохонасида ётиб жон берганди.

Ҳаддан зиёд ақлий зўриқиш ёзувчининг саломатлигига таъсир кўрсатган эди. Қолаверса, болалигидаги оғир хасталик — захм хуруж қилди. У асабий тутқаноқ — қуёнчиқ касаллиги билан оғриди.

Мопассан руҳиятидаги хотиржамликни тиклашга тиббиёт ҳам, “Revue des Deux Mondes” билан ҳамкорлик ҳам, “Musotte” комедиясининг саҳналаштирилиши ва “La Paix du ménage” комедиясининг академик мукофотга сазовор бўлиши ҳам ёрдам бермади.

1891 йил декабрь ойидаги асабий тутқаноқлар ўз жонига қасд қилишгача олиб борди. Пассидаги руҳий беморлар шифохонасида Мопассан аввалига ўзига келди, бироқ кейин яна тутқаноқ бошланди. 1893 йили мия фалажлиги кучайди ва ўлим содир бўлди.