Амир Темур Ҳусайн Жовид талқинида

Амир Темур шахсияти барча­ давр­ларнинг ижодкорларини қизиқтиргани учун соҳибқирон яшаб ўтган замонлардан то бугунга қадар у тўғрида сон-саноқсиз асарлар яратилган. Уйғониш даврининг вакили инглиз шоир ва драматурги Кристофер Марлодан тортиб, Темур шахсияти ғарб ижодкорларининг эътиборини ҳам қайта-қайта ўзига тортиб келмоқда. Марлонинг 1587-90 йилларда ёзилган икки қисмдан иборат “Буюк Темурланг” тарихий фожиаси ботишликлар учун улуғ жаҳонгир сиймосини бадиий тадқиқ этиш сари қўйилган илк қадам бўлди. Фожиада Темур тимсолига бир қадар эркин ёндашилган бўлса-да, муаллифнинг бош қаҳрамонга ўтли муҳаббати, унинг шахсиятига доир маълумотларни имкон қадар пухта ўрганиб чиққани сезилиб туради. XVII асрда француз Луи де Геваронинг “Буюк Темур”, шу даврда Дрезденда номаълум муаллифнинг “Темурланг”, XVIII асрда Буюк Британияда Никола Пованинг “Темурланг”, XIX асрда француз Никола Прадонинг “Темурланг ёки Боязиднинг ўлими” драмалари яратилиб, саҳналаштирилди.

Француз маърифатчилигининг отаси Вольтер эсселаридан бирини Амир Темурга бағишлагани соҳибқирон сиймосининг ғарбда катта эътиборга эгалигидан далолатдир. 1710 йилда Вена театрида композитор Гаспирининг “Темур” операси саҳналаштирилди. 1722 йилда эса Неапол театрида бастакор Леонинг “Темурланг” операси қўйилди. Манбаларда шу даврда яшаб ўтган итальян бастакори, виртуоз скрипкачи Антонио Вивалдининг ҳам Амир Темур тўғрисида опера яратгани қайд этилади. “Инжил”даги ривоятлар сюжетлари асосида кўплаб мусиқий асарлар яратган буюк немис бастакори Георг Ф. Гендел (1685-1759)нинг “Темурланг” операсида жаҳонгир бағрикенг инсон, тадбиркор ҳукмдор, жасур ва омадли саркарда сифатида улкан муҳаббат билан тасвирланади. Муҳими шундаки, Кунботиш муаллифлари соҳибқирон шахсини халоскор саркарда, адолатли ҳукмдор, оқил одам сифатида акс эттирганлар.

Бировларнинг кўнглида шунча меҳру муҳаббат уйғотган шахснинг ўз юртдошлари орасида чексиз обрў-эътиборга эга бўлиши ва бу муносабат қатор илмий, тарихий ҳамда бадиий асарларда ўз аксини топиши ажабланарли эмас, албатта. Темур тўғрисида кўплаб фолклор асарлари яратилган, буюк соҳибқирон яшаб ўтган даврдан бошлаб то октябр тўнтаришигача бўлган оралиқда дунёга келган деярли барча илмий-тарихий ва бадиий асарларда жаҳонгир сиймосига қайта-қайта мурожаат қилинган. Қизиғи шундаки, Темур шахсияти борасида қалам сурган ижодкорлар қайси туркий этносга мансуб эканлигидан қатъи назар, жаҳонгирни ўзиники деб билган.

Шунга ўхшаш ёндашув дунёга машҳур озар шоири ва драматурги Ҳусайн Жовидга ҳам хосдир. Истеъдодининг кўлами, шахсиятининг йириклиги, идеалининг юксаклиги билан бутун туркий дунёга тегишли ижодкор бўлмиш Ҳусайн Жовиднинг Амир Темур сиймосига мурожаат қилиши тасодифий эмас. У Темурда ўзининг одам тўғрисидаги идеалини, у қурган салтанатда эса, туркий халқлар ўтмишинигина эмас, балки келажагининг макетини ҳам кўрди. 1925 йилда яратилиб, таниқли ўзбек шоири Усмон Қўчқор томонидан ўгирилган “Амир Темур” драмасида бу жиҳатлар яққол кўзга ташланади.

Маълумки, саҳналаштирилган драма бадиий ҳодисани ҳаёт ҳодисасига айлантириб, томошабиннинг сезги аъзоларига бевосита таъсир этиш қудратига эга бўлган ягона адабий турдир. Драма жанрининг шу имкониятга эгалигини ҳисобга олган Ҳусайн Жовид асарида Темур образини туркий миллатларнинг шонли ўтмиши тарзидагина эмас, балки бу миллат вакилларини ёрқин келажак яратишга ундовчи шахс сифатида ҳам тасвирлашга уринди. Драматург айни кунларда турли босқинчилар зулми остида эзилаётган туркий улуслар бир замонлар башариятнинг тақдирини ҳал қилганликларини шундай маҳорат билан тасвирлайдики, ўқирман ва томошабин кўнглида бундай улуғ миллат яна юксалажак деган ишонч уйғонади.

Айрим тадқиқотчилар Ҳ. Жовид драматургиясида романтик пафос етакчилик қилади, у олам ва одамни аслдан кўра кўтаринкироқ, ёрқинроқ, бўёқдорроқ кўрсатишга мойил деб ҳисоблайдилар. “Амир Темур” асарида драматург реалист ижодкор сифатида тасвирга олинган шахсият ва воқеа-ҳодисаларнинг сиртқи қирраларини эмас, балки ички мазмунини, ташқаридан кўриниб турадиган жиҳатларини эмас, балки асл ботиний моҳиятини теран илғайди. Шу ҳолат асарга умидбахш кўтаринкилик бағишлайди. Баъзи ижодкорлар одамни воқеада кўрадилар. Ҳусайн Жовид эса воқеани одам орқали идрок этади. Санъаткор воқеани фон, одамни эса бадиий мақсад ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам буюк Темурнинг қандай жанг қилганини, қайси йўл билан ғалаба қозонганини эмас, балки бошидан ўтган ўйларни, кўнглидан кечган сезимларни, соҳибқироннинг одам, ҳукмдор, лашкарбоши, ташкилотчи сифатидаги хусусиятларини тасвирлашга бирламчи эътибор қаратади.

Драматург Темурни турли ракурсларда, турли-туман шахслар, дўсту душманлар нигоҳи билан кўрсатади. Аслида буюк Темурга ҳам, уни ўраб турган муҳитга ҳам мутлақо бегона, фақат навкар Ўрхонга бўлган тийиқсиз муҳаббати туфайлигина туркийларга боғланиб турган Олга тилидан урушга отланаётган Темур ҳолатининг: ­

“…унинг юзида ҳеч қандай шиддат ва ҳаяжон изи йўқ. Ҳар доимгидек виқорли ва жиддий, ҳар доимгидек хотиржам…”, – тарзида чизилиши ҳали саҳнага кириб келмаган Темур тимсоли ҳақида ўқувчида илк ёқимли тасаввур уйғотади.

Муаллиф бош қаҳрамонни бевосита ҳаракатда кўрсатади. Драматург Темурни айтган гаплари, ўйлари, қилган хатти-ҳаракатлари, кўнглидан кечирган туйғулари воситасида ичдан тасвирлашга эришган. Мамайхон деган золим ҳокимнинг халққа зулм қилаётгани ҳақидаги хабарни эшитган Амир Темурнинг: “Ул англамайдирки, раиятни ранжитган ҳоким ўз инини бузган ҳайвон каби бефаросатдир”, – деган сўзларида унинг оқил одам ва адолатпеша ҳукмдорлиги намоён бўлади. У шунчаки раҳмдил, олижаноб одамгина эмас, балки салтанат тинчи учун биринчи навбатда халқни рози қилиш лозимлигини яхши биладиган донишманд ҳукмдор сифатида тасвирланади.

Муаллиф Темурнинг шоир Кирмонийга қарата айтган: “Сизлар (санъаткорлар – Қ.Й, М.Й.) кўршапалаклар ўлкасинда, кўрлар мамлакатинда порлаган бир қуёшсиз. Афсуски, инсон номи ила юрган икки оёқли ҳашарот жуда қабиҳ ва разил бир нарсадир… Ҳайҳотким, шу қабиҳ ҳашаротни тартибга солмоқ учун, уларнинг қурум босган чиркин виждонларини тозаламоқ учун фақат Темур қиличи лозим”, – сўзлари орқали уни санъаткорларнинг жамият ҳаётидаги юксак ўрнини тан олиб, уларга хайрихоҳлик билан қарайдиган ва чин ҳукмдорнинг тарихий вазифасини теран англаган султон сифатида кўрсатади. Асарда Темур қаламравидаги ерларни кенгайтиришга интилувчи қаноатсиз босқинчи эмас, балки ўз зиммасида улкан тарихий вазифа борлигини яхши англаган улуғ шахс тарзида намоён бўлади. Темурнинг: “Савдогар ва санъаткорга жуда катта эътибор, иззат-ҳурмат кўрсатмоқ лозим. Чунки жаҳон фақат тижорат ва санъат соясидагина юксакликка эришгай”, – деган сўзлари орқали драматург жаҳонгир шахсиятига хос юксак маънавий сифатларни тасвирлайди.

Мамлакатни тижорат ва санъатгина юксалтириши мумкинлигини теран англаган, юртини энг порлоқ маориф ва маданият ўчоғига, энг нафис санъат ва тижорат марказига айлантиришни ният қилган буюк жаҳонгирнинг фаолият кишиси экани, тинимсиз ҳаракатдаги одам эса баъзан хатолар қилиши қуйидаги тасвирларда кўзга ташланади. Девонбегининг: “…ҳар иккингиз Турон оламининг икки қутбидирсиз. Шул икки қутб бир-бири билан чопишса, ўртада фалокатли бир ўпқон пайдо бўлгай. Ва бу нифоқдан фойдаланиш илинжида юрган атрофдаги ажнабий давлатларга турк дунёсини забт этмоқ учун имкон туғиладир”, – тарзидаги огоҳлантиришига қулоқ солмаслиги соҳибқирон табиатидаги ўша жиҳатларни ҳаққоний кўрсатишга қаратилгани билан муҳимдир.

Муаллифнинг маҳорати туфайли, “Амир Темур” асари кишини тарихий воқелардан хабардор қилибгина қолмай, унга шу тарихни яшаб ўтиш имконини бериш асносида давлатни бошқариш роҳат эмас, оғир қисмат эканлигини англатади. Асарда Амир Темур умри оғир синовларда ўтаётган, шахсиятида ҳамиша ҳукмдорлик билан инсонийлик ўртасида кураш борадиган киши сифатида кўрсатилган. Асарда соҳибқироннинг тарихий юришларидан кўра, унинг кучли туйғуларини тасвирлашга кўпроқ эътибор қаратилган. Драмада Амир Темурнинг ҳодиса ва одамлар ҳақидаги қарашлари тасвирига алоҳида урғу берилган. Адибнинг тарихий воқеалардан кўра, уларни яратган шахсга эътибор қаратиши ўқирманни Амир Темурга янада яқинлаштиради. Салтанатни улуғ қилувчи нарса унинг тепасида турган шахснинг буюклиги экани, шу буюклик Амир Темур шуҳратининг боқийлигини таъминлагани асарда ишонарли кўрсатилган. Ўзини таҳқирлаб мактуб битган, элчиларини қатл эттирган Йилдирим Боязидга уруш чиқишига йўл қўймасликнинг сўнгги имконни беришга урингани соҳибқироннинг нафақат ҳарбий қўмондон, балки нозик дипломат ҳам бўлганини кўрсатади: “Дарҳол Йилдиримга бир сулҳ мактуби ёз! Субутой олиб боргай. Фақат Йилдиримнинг мактуби қанчалар қабоҳатли бўлса, бизники шунча назокатли бўлсин”.

Амир Темур асарда фақат эл тинчлиги, мамлакат яхлитлиги, адолат ва ҳақиқат тантанасини ўйлайдиган арбобгина эмас, шахсий ҳаёти ҳам бор ҳамда шу ҳақда бош қотиришга маҳкум оддий бир одам сифатида тасвирланади. Халқ тақдири олдидаги мажбуриятлари туфайли ўз кўнгил истагидан юз ўгириб кета олиши бу оддий одамга оддий бўлмаган фазилат ато этади.

Драматург Амир Темурни тенгсиз саркарда, уста сиёсатчи, холис ва одил ҳукмдор каби сифатларга эга лидер тарзидагина кўрсатиб қолмай, унинг мураккаб ҳамда серқирра руҳияти жилваларини акс эттириб, кўпчиликникидан фарқли ўз Темурини яратди. Бунда адиб на атай жўнлаштириш, на сунъий улуғлаш йўлидан борди, балки соҳибқирон ҳам хом сут эмган, аммо буюк банда эканини, шу боис у қилаётган ишлар, қабул қилаётган қарорлар, кўнглидан кечаётган туйғулар ҳам оддий одамларникидан кескин фарқ қилишини кўрсата билди. Жаҳонгирни идеаллаштирмагани ҳолда унинг тарих олдидаги хизматларини, тарихнинг эса Tемур олдидаги қарзларини ишонарли акс эттирди: “…мамлакатимиз арслонлар юрти, бургутлар маскани бўлиб қолмоғи лозим. Турк авлоди фақат босиб-қирмоқдан эмас, яшамоқ ва яшнатмоқдан ҳам завқ олур, ёлғиз ёқиб-йиқмоқнигина эмас, балки тиклаб-яратмоқни ҳам билур… Ёлғиз беш-ўн шаҳар эмас, бутун мамлакат тараққиёт ва гўзалликлар учун намуна бўлмоғи лозим” сингари қарашлар Темур шахсиятининг асл мағзини кўрсатиши жиҳатидан муҳимдир. Соҳибқирон босиб олиш учун эмас, адолат ўрнатиш истагида, бузиш учун эмас, обод қилиш илинжида от суради. Лекин унинг даврида ҳам тили билан дили бошқа, нафсидан бўлак сиғинадиган илоҳи йўқ ёхуд бурнининг тагидан узоқни кўролмайдиган кимсалар кўп бўлганини, бу ҳол Темурнинг эгардан тушмай яшашига асл сабаб экани асарда жуда таъсирли кўрсатиб берилади.

Муаллиф бош қаҳрамонда саркарда ёки жаҳонгирни эмас, одамни кўради. Темурда одамийлик устувор бўлгани учун ҳам бошқаларни тушунади, уларнинг ожиз ва қудратли эканликлари сабабини аниқ билади. Бировни тушунгани ва билгани учун одам танлашда кам адашади. Асарда Амир Темур ўзига Яратган томонидан берилган беқиёс даҳони шунчаки исроф қилиб юбормайдиган, ҳар бир қадамини ўлчаб ва ўйлаб босадиган йирик шахс эканини ишонарли акс эттирилади. Унга табиат томонидан берилган улуғ ақлий ва жисмоний имкониятлар улкан меҳнаткашлик, буюк интизом, адоқсиз фидойилик билан уйғунлашгани таъсирли ифодаланган.

Ҳусайн Жовид ўқувчига ақл ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатмайди, балки унда туйғу қўзғашга уринади. Асардаги ҳар бир қаҳрамонга кишини изтиробга соладиган, қувонтирадиган, умуман, безовта қиладиган қандайдир бир жиҳатни тақдим этади. Шу боис ҳам драмадаги тимсолларнинг кўпчилиги ҳеч кимга ўхшамаган, бетакрор типлар сифатида тасвирланган.

Ҳусайн Жовид асарда Темурдан фақат фазилат қидириб, уни нуқул ёрқин бўёқларда кўрсатиш йўлидан бормайди. Унинг инсон сифатидаги хатолари ҳам драмада таъсирли кўрсатилган. “Амир Темур” бошқа асарлардан холислиги, муаллифнинг персонажларга бўлган шахсий муносабати очиқ сезилмаслиги, хулоса чиқариш ўқирманнинг ўзига қолдирилгани билан ажралиб туради. Темурнинг суюкли аёли Дилшодга айтган: “Сиёсатда марҳамат йўқ”, – тарзидаги сокингина гапи давлат ишларининг ҳиссиёт измида бўлишига йўл қўймайдиган совуққон арбобга хос жиҳатни намоён қилади. Ишонган навкари Ўрхонни Боязид ҳузурига айғоқчи қилиб жўнатмоқчи бўлар экан, уни хиёнатда айблаб орқаворотдан ўлимга ҳукм қиялганида, Боязид енгилиб, ўша “хиёнаткор” аскар қўлга олингач, соҳибқиронга тортиқ этилган Олгани сўровсиз олиб қочгани сабабли ясоққа торттирмоқчи бўлганида қанчалик қатъиятли, сўзидан қайтмас, қаҳрли ҳукмдор сифатида гавдалантирилса, Ўрхонни нафақат ўлдириш, балки унга адоқсиз меҳр кўрсатишида инсон сифатидаги буюклиги яққол кўзга ташланади.

Драматург буюк Темурга нисбатан бўлган туйғуларини асар охирига қадар ҳам яққол кўрсатмайди. Муаллиф масхарабоз Жўжа сингари соҳибқироннинг буюклигини билган ва эътироф этгани ҳолда унга ётсираб қарайдими ёки Ўрхон каби ўзидан кечар даражада эътиқод қўйганми ёхуд Темирқоя янглиғ садоқат кўрсатадими эканини англаш оғир кечади. Бу ҳолат ўқирманга хаёл қилиш эркини, сўнгги гапни айтиш имконини беради. Муҳими, драмада Амир Темур мураккаб ва бетакрор шахс сифатида талқин этилган. У асарда жонкуяр саркарда, гўзалликни ҳис қилиш туйғусига эга эркак, қўл остидагиларни жиддий синовларга рўпара қила оладиган сиёсатчи тарзида кўрсатилган. Адиб китобхонни Амир Темурнинг ички оламига олиб кириб, соҳибқироннинг ҳамма каби ғазаб, қувонч, завқ ва ҳайрат туйғуларга эга, ушалмаган орзулари, ечилмаган муаммолари бор инсон эканини кўрсатишга эришган.

Маълумки, драматик асарларда воқеа ҳам, туйғу ҳам эмас, балки шахс характери асосий ўрин тутади. Драмани бошдан-оёқ характерлар тўқнашуви тутиб туради. Чунки драматик асар ички драматизмга – персонажлардаги руҳий хавотир шиддатидан келиб чиқадиган коллизия асосига қурилган бўлади. Бусиз конфликт юзага келмайди. Драматик асар ҳар доим қаҳрамонлар учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга бўлган қандайдир нарсаларнинг қўлдан берилиши ёки амалга ошмай қолиши хавфи асосига қурилган бўлиши керак. Персонажлар ҳадигу хавотир оғушида ҳаракатлансагина драматизм юзага чиқади. Бу жиҳатдан “Амир Темур”ни бекаму кўст ишланган асар дейиш мумкин. Драматург пиесада иштирок этган ҳар бир образни ўзига яраша ҳадигу хавотир билан таъминлай олган.

Драмадаги ҳар битта тимсол ўзига яраша бадиий-эстетик юк билан таъминланган. Муаллиф Темурнинг бош вазири Девонбеги образига ҳам керакли бадиий юк орта билган. У − соҳибқиронга доно маслаҳатлар бергувчи аёнгина эмас, драмадаги зиддият чизиқларидан бирини ҳаракатга келтирувчи персонажлардан бўлмиш Олмоснинг отаси, ёвқур Ўрхоннинг қайнотаси, яъни воқеалар қозонида бевосита қайнаши керак бўлган шахс. Соғлом ва беғараз фикрлай олгани учун ҳам очун миқёсидаги воқеалар ривожининг оқибати қандай бўлишини тўғри тасаввур қила олади.

Ҳусайн Жовид туркий дунё яхлитлигини яққол ҳис этган ва ҳамиша унга интилган ойдин шахс бўлгани боис Темурга Туркистоннингина ҳукмдори сифатида қарамайди. У соҳибқиронни бутун туркийларни бирлаштирган ва уларга фаровонлик берган, миллат шаънига муносиб тирикчилик манбаи билан таъминлаган, демакки, уларни бошқаришга ҳақли бўлган салтанат эгаси санайди. Бу ҳол драмада Девонбегининг амир Темур билан суҳбати саҳнасида яққол кўзга ташланади. Суҳбатда озарбайжонларнинг Қорақўйин амири Қора Юсуф таъсирида Мироншоҳга қарши исён кўтаришлари муносабати билан Девонбеги: “Озарбайжон халқи бегоналарнинг сояси бўлмоқликдан ниҳоятда завқланадир ва хорижийлар таъсирига жуда қаттиқ бериладир”, – дейди. Ўз кўнглидаги фикрни Девонбеги тили билан айтган муаллиф Темурни ўзиники санайди, озарбайжонларнинг ўзгалар таъсирига берилишидан эса норози бўлади.

Йилдирим Боязиднинг масхарабози Жўжа – ўзида асар пафосини акс эттириб, муаллиф идеалини ташийдиган тимсол. Лекин у – шунчаки рупор эмас, балки бетакрор ўзига хосликка эга тирик одам. У император Боязид ва унинг атрофидаги барча кимсаларнинг кирдикорларини яхши билади ҳамда уларни аямай масхара қилади. Жўжа кулги тўнига ўралган аччиқ истеҳзолари билан калтабин сиёсат юргизаётган Боязидни, салтанатни ҳалокат сари бошлаётган сарой аъёнларини чақиб олади, уларнинг кўзини очишга уринади. Шу боис у Темур қиёфасида чиқар экан, унинг қанчалик олижаноб ва юксак шахслигини англатиб, Боязидга намуна қилиб кўрсатади. Ўзининг асл қиёфасида намоён бўлганда эса, Боязиднинг аъёнлар ва аёллар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган кимса эканига бот-бот ишора қилади. Драматург Жўжани шунчаки масхарабоз эмас, балки ҳукмдорлари умумий ёв ўрнига шахсий истаклари учун курашиб, ўз-ўзини ғорат қилаётган туркий очуннинг тақдирига ачинган юртсевар одам сифатида тасвирлайди.

Муаллиф калтабинлик хиёнатга йўл очишини, Боязид каби кибрли ва мақтовсуяр ҳукмдор охир-оқибат тилёғлама сотқин кимсалар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишини Али пошо, Мелича каби персонажлар орқали акс эттиради. Салтанатга эгаликни жавобгарлик эмас, айш-ишрат воситаси деб ҳисоблагани учун ҳам Боязиднинг атрофини ўзи сингари ҳузуридан бошқа нарсани ўйламайдиган, нафсига сажда қиладиган майда кимсалар ўраб олгани асарда ишонарли тасвирланади.

Драмадаги шайх Бухорий тимсоли ҳукмдорга ҳақиқатни айтгувчи ва уни эзгуликка йўлловчи киши сифатида намоён бўлади. Шайхнинг Боязидга қарата: “Темур билан урушмоқдин кўра ўз нафсингга қарши жанг эълон этгил. Журъатим учун мени маъзур тут! Аммо имкони қадар раққосаларга ўралашиб қолмагил! Сербистон маликасининг нуфузига учмагил! Ва сархуш вазирларнинг эрмаги бўлиб қолмагил!” – дейиши унинг нақадар юракли ва ҳалол одам эканини кўрсатади.

Ҳ. Жовиднинг маҳорати шундаки, Йилдирим Боязидни ҳам фақат жоҳил, тўғри гапга қулоқ осмайдиган ўжар ва нодон кимса қилиб эмас, балки ўзига хос инсоний жозибага эга шахс сифатида кўрсатади. Буни Бухорийнинг аччиқ гапларига жавобан: “Аччиқ бўлса-да, сўзларингда ҳақиқат бор. Лекин Темурга қарши жим турмак қўлимдан келмайдир”, – тарзидаги иқроридан, Темурдан енгилиб, унга асир тушгач, хатосини мардона тан олиб айтган гапларидан билиш мумкин.

Драматик асарда қаҳрамон нутқи ҳал қилувчи ўрин тутади. Негаки, муаллифда на баён қилиш, на муносабат билдириш, на тасвирлаш имкони бўлиб, фақат кўрсатишигина мумкин бўлган ушбу адабий турда нутқ деярли барча бадиий тасвирий вазифаларни ўз зиммасига олади. Монолог шакли билан томошабинларга, диалог ва полилог тарзида саҳнадош шерикларга мурожаат қилиш воқеалар ривожининг, драматик характерлар очилишининг воситаси бўлади. Шунинг учун ҳам драмада нутқ алоҳида бадиий қувватга эгадир. Драматик нутққа доир яна бир жиҳат шундаки, саҳна асарининг тили, албатта, бир қадар кўтаринки, жарангдор, аниқ эшитиладиган бўлиши лозим. Саҳнадан турли масофада ўтирган томошабинларга бирдай эшитилиши учун қўлланиладиган сўзларнинг акустик жиҳатдан ҳам жарангдорлиги талаб этилади. Кўпчилик драматик қаҳрамонларнинг бир қадар сунъийроқ кўтаринки тилда сўзлашининг бош сабаби шунда. Драма қаҳрамонлари қуюқ туйғулар, кучли ҳиссиётлар бўрони оғушида яшаб, аёвсиз тўқнашувларни бошдан кечирадилар, оташин ва жарангдор овозда сўзлашадилар, ҳар қандай воқеа-ҳодисага кутилмаган кескинлик билан муносабат билдиришга мойил бўладилар.

Шу хусусият “Амир Темур” асарида бош вазир − Девонбегининг қизи, соҳибқироннинг хос жангчисининг аёли Олмос, унинг рақибаси Олга, метиндай мустаҳкам, ўлимни писанд қилмайдиган, аммо сулув Олга қошида иродасидан маҳрум бўладиган ҳиссиётли ошиқ, хотини шаддод Олмос олдида масъулиятли эр бўлган Ўрхон, хаёлпараст шоир Кирмоний каби персонажлар нутқида айрича бўртиб кўринади.

Жангу жадал, ўлиму қон тўкишларни оддий бир кундалик юмуш тарзида қабул этадиган Ўрхоннинг: “Биз турклар чодирларда туғилиб, бепоён саҳроларда, қонли жангларда ҳалок бўлурмиз”, – шаклидаги иқрорида муаллиф драматик нутқ унсурларидан маҳорат билан фойдалангани кўринади. Асардаги ҳар бир образ ўзига хос қиёфага эга қилиб тасвирланган. Ҳатто, бутун драма давомида икки ўриндагина кўринадиган, хўжаси Ўрхонга ўта содиқ, ўлимдан қўрқишни тасаввурига ҳам келтиролмайдиган, хўжасининг буйруғидан бошқа нарсани тан олмайдиган камўй Темирқоя ҳам, саройдаги аёлларни бир-бирига тезлаб роҳатланадиган ўшакчи Қорақуш ҳам, биргина саҳнада кўринадиган Темур ўтовининг икки нафар қўриқчиси ҳам фақат ўзларига махсус бўлган табиатга эга ҳолда тасвирланганки, бу драматургнинг тенгсиз маҳоратидан далолат беради.

Ижодий умрининг илк давридаёқ “Менинг Тангрим гўзалликдир, севгидир”, – сўзларини улгу қилиб олган Ҳусайн Жовид “Амир Темур” драмасида ҳам ўз кредосига содиқ қолиб, шоир Кирмоний тилидан эскирмас бир ҳақиқатни баён этади: “Муҳаббат! Муҳаббат! Зотан, бутун башариятни халос этадиган ягона нарса муҳаббатдир… Агар дунёнинг шонли юришлари, қонли урушлари оқибат-натижада бир муҳаббат, башарий бир муҳаббат туғдирмаса… бутун ҳаётга, бутун коинотга нафратлар бўлсин!” Шу тарзда тирикликнинг мазмун-моҳиятини гўзаллик ва севгида кўрган ёзувчи драмада аёллар тимсолини ишлашга алоҳида эътибор бериши табиий эди. Гарчи, умри савашларда ўтган жаҳонгир ҳаётини кўрсатишга бағишланган бўлса-да, “Амир Темур” драмасида аёллар образи ҳал қилувчи ўрин тутади. Драмада дастлаб умр йўлдош, маъшуқа, она, фарзанд бўлибгина гавдалантирилган аёллар бора-бора зиддиятларга тўла ижтимоий турмушнинг фаол иштирокчилари сифатида тасвирланади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам хотин-қизлар образи ўз серқирралиги ва бетакрорлигини йўқотмаган: баъзилари жангари табиатли, ёввойи, исёнкор; айримлари мулойим, меҳрибон, кечиргувчи, кенг феълли аёл сифатида тасвирланган, баъзисида бирваракайига бир неча хил феъл-атвор аралаш намоён бўлади.

Драмада Темурнинг аёлларга ҳурмату эътибор билан қараши, айни вақтда сиёсат ишларига уларни аралаштиравермаслиги ҳам катта маҳорат билан кўрсатилган. Асарда Темурнинг рафиқаси Дилшод хоним хўжасини майда-чуйда ташвишлар билан безовта қилмаслик, уни давлат ишларидан чалғитмаслик маъқуллигини савқи табиийси билан ҳис этиши тасвирланади. Шу боис у бир аёл каби Қорақушнинг қутқуларига ишонгани ҳолда Олгага нисбатан чора кўришга ошиқмайди. Чинакам аслзода аёл сифатида ўзини соҳибқирон билан рус гўзали ўртасидаги муносабатдан бехабардай тута билади. Сарой интригаларида тажриба орттирмаган тезоб Олмос эса Қорақушнинг кичик бир ҳийласи билан ўзини ўтга-чўққа уриб, драмадаги воқеалар йўналишига фаол таъсир кўрсатган образга айланади. Рашк ўтида ёнганидан қатъиятли, шиддатли, туйғулари тизгинсиз Олмос жаҳонни титратган соҳибқирондан чўчимай, унга: “Йўқ, йўқ! Сен бундай қилолмайсан! Ҳа, жуда буюксан, бутун дунёга ҳукмронлик қила олурсан, бироқ зинҳор Ўрхоннинг қалбига эмас!” – дея олади. Аёл эрини жонидан ортиқ кўргани учун ўзининг севимли ёр эканини ҳис қилмагани боис кўнгли ёришмайди. Ҳаёти тўкис бўлгани ҳолда ёлғиз қолган, энг яқин кишиси томонидан ташлаб кетилган аёлнинг шижоати, тап тортмаслиги тасвири кишини ўзига ром қилади.

Асардаги Қорақуш образи ҳам кишини ўйлатади: унинг аслзода аёллар орасига нифоқ солишдан мақсади нима эди? Унинг Ўрхон ёки Темурдан қандай илинжи ёки Олга, Олмос ёхуд Дилшод хонимда қандай хусумати бўлиши мумкин эдики, Темур саройида фитна қўзғашга журъат топди? Бу тимсол аламзада аёл ички дунёсининг нақадар хунук, қаҳрли бўлишини кўрсатишга хизмат қилади. Қорақуш гўё одамларда қолиб кетган ҳақи бордай улардан норози ва аламзада, атрофдагиларнинг асабига тегиб, бирор заиф, оғриқли нуқтасини билиб олиб азоблашни, ўзидан баландроқ аёлни пастга туширишга уринишни касб қилиб олган кинчи кимса сифатида таъсирли тасвирланган. Булар Қорақуш ички дунёсидаги маънавий бўшлиқ, эзгуликка ундайдиган аъмолнинг йўқлиги туфайли юз беради. Қорақуш Олганинг мавқеи ўзинкидан пастроқ бўлиши лозим деб ҳисоблайди. Салтанат устунлари бу санамнинг атрофида парвона эканлиги эса унда ҳасад уйғотади. Қорақушнинг уринишлари оқибатида пайдо бўлган таранг вазият Темурнинг босиқ ва сермулоҳазалиги туфайли ўт олиб кетмайди. Бу ҳол соҳибқироннинг Олга ва Олмос билан учрашуви тасвирида яққол кўринади:

Ҳусайн Жовид драмасида аёллар адабиёт аҳли неча минг йиллардан буён кўниккан латофатли, назокатли жиҳатлари билангина намоён бўлмайди, балки жуда дадил, жасур, қайтмас, маккор, мақсади йўлида оғишмай ҳаракатланадиган шахслар тарзида кўрсатилади. Ёзувчи аёллар образини ортиқча тарашлаб, силлиқламай, уларнинг асл моҳиятини кўрсатишга интилади. Олмос, Олга, Қорақуш образлари табиатларидан келиб чиққан ҳолда хилма-хил бўёқларда тасвирланган. Аёлни кўкларга олиб чиқувчи ҳам, тубан кетказувчи ҳам, қудрат бахш этувчи ҳам, ожизлаштирувчи ҳам меҳр ва эътибор эканлиги драмада ишонарли акс этган. Темурнинг гўё Ўрхонни ўлдирмоқчи эканини эшитган Олмоснинг ҳолати асарда жуда ишонарли берилган.

Асарда Олмос, Дилшод хоним, Олга тимсоллари аёлларга хос майда маиший муаммолар фонидан баландда тасвирланган. Уларнинг интилишлари маиший тирикчилик учун бевосита керак бўлмайдиган нарсаларга қаратилгани уларнинг чинакам шахслар эканини кўрсатади.

Одам − яралишидан тақдирга банди. Шунинг учун ҳам у банда аталади. Тақдир ишига аралашмоқ, уни ўзгартирмоқ инсон ихтиёридаги юмуш эмас. Буни ҳар бир Чиқиш кишиси сингари Ҳусайн Жовид қаҳрамонлари ҳам чуқур англашади. Аммо табиатан фақат бешик тебратишга қобилдай кўрингувчи аёл оламни тебратиши, ҳеч нарсани даъво қилмагани ҳолда тарих ўзанини буриб юбориши мумкинлиги асарда жуда ишонарли акс эттирилган. Серб қиролининг синглиси Мелича Йилдирим Боязид инқирозига сабаб бўлгани, Олганинг Ўрхонни Амир Темур буйруғига бўйсунмасликка мажбур қилгани, Олмоснинг рақибасига ханжар билан урғочи арслондай ташлангани, Қорақушнинг воқеалар ривожига таъсир кўрсатгани каби тасвирлар “Амир Темур” драмасида аёллар тимсоли жуда теран ишланганидан далолат беради.

Улкан санъаткорнинг теран назари ва сеҳрли қалами “Амир Темур” драмасида узоқ ўтмишда яшаб ўтган шахсиятларни бадиий аурада жонлантириб, уларнинг буюклигини авлодларга кўрсатиб, улардан сабоқ олишга ундабгина қолмай, шундай боболарнинг авлодлари янада эркин яшаши, улар қадимий шаънларигамуносиб бўладилар, деган эзгу қарашлари билан маънавиятимизга хизмат қилади.

Қозоқбой Йўлдош, ЎзМУ профессори,

Муҳайё Йўлдошева, ЎзМУ доценти

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон