Альбер Камю

Француз адиби, драматурги, фай­ласуфи. 1913 йили Жазоирда туғилган. ХХ аср ада­биётининг забардаст вакили. «Адабиётга қўшган улкан хизмати ва инсон қалбини ёрқин тасвирлагани учун» 1957 йили Нобел мукофоти соҳиби бўлган. 1960 йили вафот этган.

«Ҳар бир санъаткор ўз услуби ёрдамида – гарчи бу камдан-кам даҳоларга насиб этса-да – ўз бадиий дунёсини ва унинг қонунларини яратади. «Шоирлар, – деганди Шелли, – дунёнинг тан олинмаган қонун яратувчиларидир».

Альбер Камю, «Исёнкор одам» эссесидан

Европа адабиётида ўз қонунларини ярата олган Жойс, Кафкадан сўнг Марсел Пруст билан ўрин талашиб келадиган Альбер Камюнинг болалик ҳаёти уч замондошидан кескин фарқ қилади. Кафка ва Пруст бой хонадонда туғилишган, улар болалик даврида моддий қийинчилик нималигини билмай улғайишган. Гарчи қашшоқ яшашган бўлса ҳам, Жойснинг ота-онаси ҳаёт эди ва улар ўзларини қурбон қилиб бўлса ҳам фарзанд­ларининг эртаси учун қисматга ва йўқчиликка қарши дадил курашишганди. Камю эса тақдирнинг бешафқат измига ташлаб қўйилган оилада дунёга келди.

Аслини олганда, Камюни ҳаётнинг ўзи ҳам файласуф, ҳам адиб бўлишга мажбур қилди. Бир ёшга етмай отасидан етим қолди. Оғир жудоликка чидолмаган онасининг қулоқлари кар бўлиб қолди. Уларнинг ҳаётида қашшоқлик, бир бурда нонга зор давр бошланди. Отаси учун бериладиган бир йиллик нафақа акаси ва Камюга бир жуфтдан пойабзал олишга зўрға етарди. Бувисиникига кўчиб ўтишгач ҳам ҳаётлари ўнгланмади. Бувиси қаттиққўл ва қаҳрли аёл эди, набираларини эркалашни ёқтирмас, устига-устак, уларнинг дардисар бўлганини бот-бот таъкидлаб турарди. Қашшоқлар маҳалласида яшаётгани учун ҳам синфдошлари унга айрича, камситувчи муносабатда бўлишарди. Камю ақлини таний бошлаганда атрофида ўзи каби минглаб тақдир қулига айланган оилаларни кўрди. Бувиси қазо қилгач, оила деярли парокандаликка юз тутди, тоғаси алоҳида яшаш учун чиқиб кетди. Шу кўргилик устига Камюнинг сил юқтириб олгани аниқланди ва унга алоҳида парвариш зарур бўлгани учун, ниҳоят, холаси ўзи билан олиб кетди. Бу пайтда онаси деярли ногирон бўлиб қолганди. Ана шуларнинг ҳаммаси Камюга таъсир қилди. У оила пешонасига битилган тақдирга қарши курашиш ва ана шу фожиалар ичида ўзига йўл топиш, ҳаёт йўлини ўзи белгилаши учун ўқувчилик йилларидаёқ фалсафа ва адабиёт томон интилди. Унга фақат адбиётгина тақдир маҳкумлигини енгиб ўтиш, ўзини исботлай олиш имконини бериши мумкиндай туюлди.

У ўз мақсадини амалга оширишга жиддий киришди. Шу пайтдан бошлаб орзуларию ҳаёти ҳам фалсафий тус олди.

Камюнинг адабий ва фалсафий қарашлари шаклланишида фалсафа ўқитувчиси, ёзувчи Жан Грененинг таъсири катта бўлди. Айнан шу устозининг ундови ва ёрдами билан аввал лицейда, кейин университетда С.Кьеркегор, Л.Шестов, М.Хайдеггер, К.Ясперс, А.Мальро асарлари ва ғоялари билан яқиндан танишди, улар ҳақида дастлаб талабалар давраси, кейин адабий журналлар учун эсселар ёзди. Айнан шу йиллардан Альбер Камю унга хўрлик ва ҳақорат ичида яшашни раво кўрган Жазоирга, кейин бутун дунёга ўзининг мавжудлигини исботлашга киришди.

Адибнинг биринчи жиддий асари «Сийрат ва сурат» («Ботин ва зоҳир») эсселар тўплами бўлди. Бу китобда Камю ўзининг фалсафий-ахлоқий қарашларини баён қилди.

Альбер Камю мавжудлигини исботлади: дунё адабиёти ва фалсафасини «Бегона», «Таназзул», «Ўлат», «Бахтли ўлим», «Биринчи одам» романлари, «Калигула», «Қамал ҳолати», «Мавҳумлик» каби пьесалари, «Сийрат ва сурат», «Сизиф ҳақида асотир», «Никоҳ», «Немис дўстга мактуб», «Исёнкор одам», «Таъқиб ва салтанат», «Ижод ва эркинлик» каби эсселар китоби билан бойитди.

Адиб учун «мавжудликни исботлаш» масаласи адабий ва фалсафий асарларининг бош концепцияси ҳи­соб­ланади. «Мавжудлик» критерияси унинг барча асарларида бўртиб, уларни бирлаштириб туради.

Сил билан оғриган икки буюк адибнинг дунё, адабиёт ҳақидаги қарашлари ҳам яқин бўлса-да, Камюнинг адабий концепцияси ҳам, ижодий услуби, ҳаётга қараши ҳам Кафкадан кескин фарқланади. Камю адабиёт воситасида тушкунлик ва имконсизликни эмас, ундан халос бўлиш йўлларини таҳлил қилди. Ижодини абсурд ижод деб аташса-да, абсурд мавзусини ижодининг бош мавзуси сифатида танлаган бўлса-да, Камю асарлари ва фалсафий кредоси билан охир-оқибат абсурдни енгиб ўтишни, уни ижод ва санъат завқига айлантиришни, инсонни ўз тақдирининг соҳиби бўлишга рағбатлантиришни бош мавзу сифатида танлади.

Камю эсселари ва асарларида худди Кафка каби ҳаётнинг ва дунёнинг абсурд ҳамда маъносиз эканлигини таъкидлайди, ана шу маъносизлик ва абсурдни таҳлил қилишга киришади. Адиб учун ҳаётнинг маъносизлиги, дунёнинг абсурдлиги бор ҳақиқат. Ҳар қандай одам мазкур ҳақиқатни тан олиши, англаши керак. Бу фалсафанинг биринчи масаласидир. «Ана шу масалани ҳал қилмай туриб, – дейди адиб, – фалсафанинг бошқа масалаларини ҳал қилиб бўлмайди». Дунё бошиданоқ абсурд бўлган ва абсурдлигича давом этяпти. Абсурд шароитда инсоннинг мавжудлиги тан олинмайди, у мавжуд ҳисобланмайди. Қисматнинг энг катта адолатсизлиги ҳам ана шунда. Ҳаёт азалдан шундай қурилган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Сизиф тепаликка тошни думалатиб чиқишга маҳкум этилган. Бу ерда у мавжуд эмас, аксинча, унинг пешонасига битилган тақдир битиги мавжуд, холос. Тош яна пастга думалаб тушаверади. Сизиф яна тошни тепага думалатиб чиқаверади. Унинг тошни думалатиб чиқишида ҳеч қандай маъно йўқ. Маъбудлар унинг қисматига ана шу азалий тақдирни абадият қадар битиб қўйишган. Бу думалатишдан маъно излашнинг ўзи маъносизликдир. Аммо Камюнинг фикрича, абсурдни ана шу хулоса билан тўхтатиб қўйилса, бу абсурд фалсафасининг, дунёни англашнинг нотугаллигини, абсурдга ва тақдирга қул бўлганликни билдиради. Абсурдга бўйсуниш, унга бош эгиш инсоннинг энг катта фожиа­сидир. Абсурдни енгиш учун унга исён қилиш, яъни унинг моҳиятини англаш, инсон ўзининг кимлигини англаши керак бўлади. Камю Сизиф тепаликка тош думалатиб чиқиши тақдири эканини билгач ва уни англагач абсурднинг энг муҳим босқичи бошланади дей­ди. Бу босқичда Сизиф айнан тепаликка тош думалатиб чиқишга маҳкумлигини англаши унинг абсурддаги биринчи исёни, бу ҳолат ўзининг мавжуд эканини исботлашга ҳозирланишдир дейди. Бу исён одамнинг олам ва ҳаётда тутган ўз ўрнини англашидир. Ана шу англашдан сўнггина энди тошни думалатиб чиқишдан завқ олиш, уни ижодий шавққа ва ҳаётий қувватга тўлдириш, яъни қисмат маънисизлигини маънога, мавжудсизликни мавжудликка айлантириш даври бошланади. Сизиф ўзининг маҳкумлигини ўзгартиролмайди, унинг учун бошқа йўл йўқ, аммо унда ўз тақдирини пешонасига битилганига қасдма-қасд ўз хаёл ва тасаввурлари, орзу-умидлари, завқ-шавқлари, мавжудлигини билдиришга уринишлари билан тўлдириш имконияти бор. Сизиф тошни тепага думалатиб чиқар экан, энди унда шу думалатишдан ўзини, менини англаш ва бу думалатишни ўзининг фойдасига ҳал қилиш, Камю тили билан айтганда, маҳкумликни ижодга айлантириш, яъни тошни тепаликка ўзи хоҳлагандай, ўзининг мавжудлигини билдириб, ўзи танлаган усул ва услубда думалатиб чиқиш имкони бор. Яшаш учун кураш ўзи учун яратилган ҳаётни ва дунёни ўз ақли ҳамда тафаккури билан тартибга солиш, ўзининг мавжудлигини исботлаш дегани, мавжудлигини исботлаш эса азалий ҳаёт тартибларига исённи англатади. «Мен ўзимнинг мавжуд эканлигимни исботлаш учун исён қиламан!» – дейди Камю. Чунки бу ҳаракат билан инсон қаршисидаги абадий маънисизликни ўзига бўйсундиришга киришади, бошқача айтганда, унга маъно ва мавжудлик бағишлашга ўтади. Абсурдни англаб уни ўзгартириш, унга ўзгача тартиблар бериш учун қилинган ҳар бир ҳаракат исёндир, исён эса ижоддир дейди адиб.

Камю шундай деган: «Ижод – ваҳдат ул-вужудга интилиш, шу билан бирга, мавжуд оламдан қочиш, уни инкор қилиш ҳамдир. Бироқ у оламни ўзлигини тополмагани, бу олам ўзлигига мос келмагани учунгина инкор қилади. Бу инкор моҳиятан ибтидога, тарих занжирининг илк ҳалқаларига, олам эзгулик ва ёвузликка бўлинаётган паллаларга қаратилади. Исён олам бўлинишидан бошланган. Шу сабабли санъат исённинг моҳиятини бизга тўла очиб бера олувчи восита бўлиши ҳам мумкин… Воқеликдан устун бўлган гўзаллик яратаётган санъат воқеликнинг ўзини мутлақ гўзалликка айлантирсагина ўзининг бош вазифасини бажарган бўлади…. Шу маънода исён янги дунё қуришга интилишдир. … Исён ўз олдига, очиқроқ айтганда, эстетик талаблар қўяди. Барча исёнкор фикрлар, кўриб чиққанимиздек, ёки даъватларда, ёки янги дунёни рамзлаштирган образларда намоён бўлади… ҳаммаси бир бутунликни, ягоналикни ва унга бўлган иштиёқу майлларни ифодалайди. Мана шу тасвир этилган дунёни одам тезроқ англаши мумкин: англанган дунё янгиланаётган дунёдир».

Бу ерда адиб исён маъносини кескин ажратиб таҳлил қилишга киришади. Адиб назарида, шу пайтгача одам одамга, эзилувчи эзувчига қарши қилган исёни ҳақиқий исён эмас, абсурд исён одамга қарши қаратилмайди, бу исёнда одам ўлдиришга даъват қилинмайди. Шу сабабли инсоният бошидан кечирган исёнларнинг, бугун инқилоб деб аталаётган ҳаракатларнинг абсурд исёнга алоқаси йўқ, улар шунчаки қўзғолон ёки тўнтаришлардир. Ҳақиқий исён инсоннинг ўз моҳиятини ўзгартириш сари, ўзгартириш йўлида қилган ботиний исёнидир. Ана шу ҳақиқий инқилобдир. Қолган исён деб аташаётганларининг ҳаммаси хунрезликдан бошқа нарса эмас. Инсон ўз моҳиятини ўзгартиришга, ўз «мен»ини излаб топишга, «мен»ини исботлашга, уни камол топтиришга киришар экан, ҳаётига ва тақдирига маъно кирита бошлаган бўлади, бу эса ўз мавжудлигини исботлашга уриниш ва абсурд моҳиятига исёндир. Камю эсселарида яшаш абсурдни тадқиқ ва таҳлил қилиш, унга қарши курашиш дегани дея адабий ва фалсафий кредосини қатъийлаштиради. «Мен абсурдни учта ҳолатга – эркимга, исёнимга ва завқимга айлантираман», – дейди Камю. Абсурднинг босимини одам ўз тафаккури, ҳаракати ва ишончи билан енгиши мумкин. Ўзининг абсурд ҳаётидан устун келиб, абсурдни енгганларни адиб «ғолиблар» (музаффарлар) деб атайди. Ўз абсурдидан устун келганлар ва уни енгганлар – ғолиблар Камю учун инсон деган номга ҳар томонлама муносиб. «Ғолиблар» шуниси билан таҳсинга сазоворки, улар ўз ҳаётининг маъносизликка маҳкум эканини билишади ва буни яшириб ўтиришмайди, аммо улар ана шу маъносизликни эркинлик ҳамда ижодий шавқнинг манбаига айлантира олади. Бундай одамлар абсурд ҳаётдан баланд кўтарила билган алоҳида шахслардир. «Ўзининг исёнга бўлган ботиний эҳтиёжини қондириш учун у талаб қилаётган бирдан-бир нарса барча зарурий нарсалар билан бирга пировардида гўзалликка ва тенгликка олиб борадиган турмуш асосларини бунёд қилишдир. Ҳар қандай тарихни инкор қилиш мумкин, бироқ барибир ўша инкор қилинган жойда ўзимиз яшашимизга тўғри келади», – дейди Камю. Адиб бу хил қарашлари билан Шарқ тасаввуф фалсафасига жуда яқинлашади ва хулосаларда жуда кўп умумийликлар келиб чиқади. Камюнинг ўз тақдири ва қисматидан ғолиб келган одам тушунчаси тасаввуфдаги комил инсон тушунчасига анча яқин. Тўғри, тасаввуфдаги комиллик – илоҳий эътиқод билан боғлиқ тушунча. Камю эса абсурдни илоҳий эътиқод билан эмас, инсоннинг моҳияти билан боғлайди, аммо хулосада бу икки қараш бир-бирига уйғун келади. Камюнинг назарида, абсурдни енгишнинг, инсон мавжудлигини исботлашнинг энг мақбул йўли ижоддир. Фақат ижодгина абсурднинг – маъносизликнинг қиёфаси ва моҳиятини ўзгартира олади, унга маъно бағишлай билади. Ижодда одам мавжуд абсурд дунёга қасдма-қасд тарзда ўзининг дунёсини яратади, унга ўзи истагандай қонунлар киритади, бу дунёдаги тартибларни ўзи битади, танлаш имконига эга бўлади, ўз ҳаётига гўзаллик ва нафосат бағишлай олади. Шу сабабли абсурд ижод исёнлар ичидаги энг катта ва мукаммал исёндир. Ижод қилиш дунёни ўзи истагандай кўриш ва уни ўзи истагандай бекаму кўст яратишга, ўзининг мавжудлигини исботлашга уринишдир.

Камю шундай деган: «Ижод ягона ҳолатда: шакл ва мазмун, инкор ва эътироф мувозанатини сақлаган ҳолатдагина тараққиёт билан уйғунлашади. Агар бу мувозанат бузилса, диктатура ё анархия, ташвиқот ё сафсата ҳукмронлик қилади. Моҳиятан ақл-идрок ҳурлиги бўлмиш ижод ҳар иккаласига ҳам тоқат қилолмайди. Мабодо у фақат жимжимаю бошқотирмадан иборат пуч хаёлотга ва шуҳратпарастликка ёки қамчи зўрлигида яратилган қўпол ҳамда жўн воқеанависликка ён берса, унда замонавий санъат, шубҳасиз, мустабидлар ва қуллар санъатига айланиб қолади, ижодкор санъати бўлолмайди…

Исённинг ижодий, жўшқин жиҳати ҳам асардаги услуб ва мақсаднинг ўзаро уйғунлигида яққол кўзга ташланади. Санъат – ушалмас талаблар ўртага ташланадиган саҳна. Дилни вайрон қилувчи фарёдлар ва норозиликлар қатъий сўз шаклини олгач, исён ўзининг бирламчи хусусиятини йўқотади ва унинг ўзи яратувчи ижодий кучга айланади. Моҳият-эътиборан давримиз санъатининг жўшқин услуби энг олий ижодга даъватни ифода этишдир».

Камю тили образ ва метафораларга бой бўлганлиги сабабли ҳам, унинг эсселаридаги фикрни бирдан илғаб олиш анчайин мураккаб. Аммо бир нарсани аниқ ажратиб олиш керак. Камю назарда тутган исён ва мавжудлик инсоннинг ўз «мен»ини топиши, ўз «мен»ини намоён қилишидир. Бу исён ва мавжудликда бугун кўпчилик тушунадиган ижтимоий маъно йўқ. Камю ўзи назарда тутган «исён»нинг ижтимоий маъносига эмас, маънавий-фалсафий маъносига суяниб гапиради. Камю одамнинг ўзини ўзгартиришга, ўзининг инсон сифатидаги қиёфасини, ўзлигини англашга, маънавий камолотини яратишга бўлган исёнини ва мавжудлигини таҳлил қилади. Камю тилидан образлилик, мажозий ўхшатишлар олиб ташланса ва тасаввуф тилига айлантирилса, адиб назарда тутган «исён», «мавжудлик» тушунчалари Фаробийнинг комил инсон ҳақидаги қарашларига анча яқин келиб қолади. Шу сабабли Камю қарашлари ва таҳлил услубини Шарқ, хусусан, тасаввуф фалсафаси билан қиёсловчи тадқиқотлар ҳам мавжуд.

Камюнинг эсселари, рисолалари азал ва абад, тақдир, олам, инсон, инсоннинг ботини, ижод ва ижодкор миссияси, эстетиканинг вазифаларини англаш ва тушунишда фалсафа ва эстетика фанига улкан улуш қўшди, бу фанларнинг замона билан, давр билан, ХХ аср одами билан ҳамнафас қадам ташлаш, уни англаш йўлларини кўрсатиб берди.

Камюнинг бадиий асарлари ҳам унинг фалсафий қарашларини тасдиқловчи ва айни мавжудлик концепциясига қурилган асарлар сирасига киради.

Машҳур «Бегона» қиссасининг сюжети ҳам, ғояси ҳам адибнинг фалсафий концепциясига бўйсундирилган. Бу асарни баъзи тадқиқотчилар «роман» деб ҳам аташади.

Қисса икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Мерсо (француз тилида «мерсо» – «денгиз» ва «қуёш» сўзларининг қўшилмаси, бу ерда ёзувчи исмда тақдири азал ҳукмини рамзлаштирмоқчи бўлган) онасининг ўлимини эшитиб бу хабарни ўта хотиржам қабул қилади. Онасининг таъзиясида ҳам йиғламайди, ғам чекмайди. Таъзиядан қайтибоқ ўзининг кундалик ишлари билан ўралашиб кетади. Кейин денгиз бўйида дам олиб ётишганда дўсти билан айтишиб қолган арабни киприги қилт этмай отиб ташлайди.

Иккинчи қисмда Мерсо қамоқхонада ётиб ўзининг ким бўлганини ва қандай яшаганини кўз олдига келтиради. Биринчи қисмдаги воқеалар яна бошқатдан, энди англанган ҳолатда кўз олдидан ўтади. Шунда бир нарсага, биринчи қисмда ўзининг номи билан ҳаракат қилган кимса ўзига мутлақо бегона, ёт киши бўлиб кўринади. Асарнинг хулосаси ана шу ёт ва бегоналикни англаш билан якун топади. Қаҳрамон қатлга ҳукм этилади.

Биринчи қисм абсурд шароит, абсурд одам ҳақида. Иккинчи қисм эса абсурдни англаган ва англашга, унга қарши курашишга интилаётган одам тўғрисида. У ўзининг кимлигини, ҳаётнинг бемаънилигини, бошидан кечирган воқеаларнинг ҳам бемаънилигини ҳис этади. Камюнинг бу образи дунё адабиётида ўзининг ахлоқий қарашларига кўра янги образ эди. Тўғрироғи, Мерсо адабий образдан кўра фалсафий рамзга яқин туради.

«Ўлат» романида ҳам Камю образларни ва воқеликни фалсафийлаштиришда давом этади. Энди бу романда мажоз биринчи ўринга чиқади. Тадқиқотчилар асар ўлат тимсолида фашизмни ва унга қарши курашни мажозлаштирган деб ҳисоблашади. Роман қурилиши ва фабуласида шу мажоз ётганини инкор этиб бўлмайди, аммо мазкур асар ҳам Камюнинг абсурд ва мавжудлик концепцияларига тўлиқ бўйсундирилган.

Беш қисмдан иборат романнинг биринчи қисмида Оран шаҳрини каламушлардан юққан ўлат босади. Бу фожиани аҳоли турлича кутиб олади. Кимдир шаҳарни ташлаб кетади, кимдир ароққа ружу қўйиб ўзининг ажалини бош эгиб кутиб олишга, вазият билан келишишга, унга қул бўлишга киришади. Бу эса ўлатнинг авж олишини янада тезлаштиради. Романнинг учинчи қисмида ўлат ўзининг энг юқори босқичига чиқади: у шаҳарнинг барча уйларини забт этади. Ўлатга фақат доктор Рие ва унинг дўстлари қатъий чоралар билан кураша бошлашади. Асар якунида ушбу романни сўзлаб бераётган ровий доктор Рие экани маълум бўлади. Бешинчи қисмда, ниҳоят, барча ўлатга қарши якдил курашиш кераклигини англайди ва кураш бошланади. Шундан сўнг ўлат шаҳарни тарк эта бошлайди. Романнинг асосий фалсафий хулосаси ана шу нуқтада ўзини кўрсатади. Абсурд фожиа оммавий равишда англанади ва унга қарши оммавий кураш бошланади, яъни одамлар абсурдга қарши ўзларининг мавжудлигини исботлашга киришади ҳамда ўлат устидан ғалаба қилинади. Асар огоҳликка ундов билан, яъни «ўлат микроби ҳеч қачон ўлмайди, ҳеч қачон йўқолмайди, ўзининг пайтини пойлаб ётади» деган жумла билан якунланади. Камюнинг огоҳлантиришича, ҳозирча шаҳарлик­лар мавжудликларини исботлашди. Аммо, адиб барча асарларида таъкидлаганидек, абсурддан қочиб ёки уни мутлақо йўқ қилиб бўлмайди. У ҳамиша ўзининг пайтини пойлаб туради. Агар унга қарши курашилмаса, яна ўзига қул ва муте қилиши тайин. Бу Камюнинг инсоният учун янграган ўзига хос огоҳлантириши эди.

1957 йили Камюга инсон қалбини ёрқин ифодалагани учун Нобел мукофоти берилди. У Нобел нутқида яна бир марта ижод ва ижодкор масъулиятига алоҳида тўхталди; токи зулм, таҳқир, зўравонлик, инсон қалбига таҳдид бор экан, ижодкор жим турмаслиги ва ҳар қандай вазиятда ўзининг, ижоднинг мавжудлигини билдириши шарт деб таъкидлади.

Моддий жиҳатдан бирмунча эркинлашган Камю 1958 йили узлатга кетишни ихтиёр қилди ва Париждан 755 км узоқликда жойлашган Лурмарен шаҳарчасига кўчиб ўтди.

Инсон манфаатини, инсон «мен»ини, шахс ва ижодни ҳар қандай мафкурадан устун деб билгани учун Камю ва унинг асарларини ҳар бир тузум ўзидан келиб чиқиб баҳолади. Коммунистлар уни капиталистларга ён бергани, синфийликни тан олмагани учун «майда буржуа адиби» деб атади. Капиталистлар эса мустамлака халқларнинг озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлагани боис уни «партиясиз коммунист» сифатида баҳолади. Адабиёт одамга ва тизимга қарши исённи эмас, ботиний, маънавий исённи таҳлил қилиши керак, ҳар ким ўзини тарбияламай туриб жамиятни тарбиялаб бўлмайди деган фикрлари учун ҳатто маслакдоши Сартр билан ҳам келишмай қолганди.

У пойтахтдан ва ижтимоий ҳаётдан ўзини четга олиб «Биринчи одам» асари устида иш бошлади. Аммо ёзувчининг ўлимидан сўнг оиласи романни нашр этишдан бош тортди, асар яшириб келинди, шу сабабли романга нисбатан узоқ вақт ёзилмаган, Камю улгурмаган деган қараш ҳукмронлик қилди. Унинг кундаликларида тилга олинган ва «Биринчи одам» деб ўзи томонидан ном берилган асар орадан 34 йил ўтгач, 1994 йили, қизи Катрина Камю томонидан нашр этилди. Асар шуниси билан қимматли эдики, охирги романи ҳам мавзу, ҳам руҳ, ҳам ровийлик, ҳам абсурд ва мавжудлик мавзуси талқинига кўра Камю ижодининг ибтидосидаги илк асар – «Сийрат ва сурат» билан деярли бир хил, умумий жиҳатлари кўп эди. Ёзувчи гўё бу асари ижодининг интиҳоси бўлишини билиб яратгандай эди.

1960 йили Парижга бориш учун йўлга чиққан Камю автомобил ҳалокати туфайли 46 ёшида вафот этди.

«Эҳтимол, инсоният умрининг ҳудуди бордир, бироқ бизнинг вазифамиз интиҳога эмас, балки янги ҳаёт, янги ижодий имкониятдан дарак берувчи ибтидога интилишдир. …Биз ўзимиз яшаётган дунёни гўзаллик билан ёнма-ён туриб тарихий жараёнларнинг кўпиги бўлган яроқсиз ақидаларга эмас, санъаткор яратган ижодий оламни ўзида мужассам этган, нафратимизга сазовор дунёга янги ном, янги моҳият бера оладиган ИЖОДКОРга суянгандан сўнггина бошланажак улуғ уйғониш кунига замин ҳозирлаймиз».

Альбер Камю, «Исёнкор одам» китобидан

Назар Эшонқул