Аҳмадхоннинг шоира қизи

Тошкентда биринчи марта жазирама иссиқ, салқин жой, жилдираган сув ними эканлигини билдим. Яна инсон меҳрини ҳам ўша ерда англадим.

Анна Ахматова

1944 йил, май, Ленинград шаҳри

Семён Израилевич Липкин: “Мен нима учундир Амир Темурнинг: “Олам илон ва чаёнларга лиқ тўла олтин сандиққа ўхшайди” деган сўзларини эслаб қолдим. Бу сўзлар Анна Ахматовага жуда ёқди, лекин у бошқа мавзуда гапира бошлади: “Катта бувим — Ахматова князь Юсуповга қариндош бўлган. Юсуповлар эса Амир Темур шажарасининг шохларидан биридир. Темурнинг ўзи эса Чингизхон авлоди, демак, Чингизхон менинг катта бобом ҳисобланади”, деди. Мен, бундай эмас, деб изоҳ бердим. Эртасига В.Панованинг туркчадан русчага ўгирган Темур таржимаи ҳоли ва изоҳларини олиб келдим. Унда изоҳчи Темур Чингизхоннинг набираси эканлигини рад этган эди. Анна Андреевна бу далилларга кўнар экан: “Амир Темур авлоди бўлиш ундан ҳам шарафли-ку!” деди.

Анна Ахматова ўн бир ёшидан шеър ёза бошлаган. “Отам Горенко: “Сен шеър ёзиб менинг номимни булғама”, деганидан сўнг она аждодим Олтин Ўрда хони Аҳмадхон номини ўзимга тахаллус қилиб олганман”, деб ёзади Анна Ахматова. У аввал шеърларига “Анна Г.” деб имзо чеккан бўлса, 1911 йилдан Анна Ахма­това деб қўя бошлайди. 1912 йилда “Оқшом” номли илк шеърий тўплами ушбу тахаллус билан 300 нусхада “Шоирлар цехи” нашриёти томонидан чоп этилади. 1926 йилда исми-шарифини расмий равишда Анна Ахматова деб ўзгартиради. 1939 йилда совет ёзувчилари уюшмасига қабул қилинади.

Ахматованинг катта бувиси қизлик фамилияси Прасковья Федосеевна Ах­матова (турмушга чиққач Мотовилова) бўлиб, 1837 йили вафот этган. Прасковья Федосеевнанинг ота томони XVI асрдаги князь Чиғатоевларга (Чагадаев) бориб тақалса, она томони XVII асрдан руслашган Ахматовлар сулоласига боради.

Анна Ахматованинг тақдири ўта фожиали кечган. Унинг энг яқин уч одами репрессияга учраган: биринчи эри, ёлғиз ўғлининг отаси Николай Гумилёв 1921 йили халқ душмани сифатида большевиклар томонидан отиб ташланган; учинчи эри, Николай Пунин ҳам халқ душмани сифатида уч бора қамоқ жазосини ўтаган. 1953 йили қамоқда ҳалок бўлган; ўғли Лев Гумилев халқ душмани си­фатида 10 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган. “Халқ душмани”нинг беваси ва онаси бошидан кечирган қайғу Ахматованинг “Реквием” поэмасида тасвирланган.

Ахматованинг: “Мен бу болани қамоқ учун туққан эканман!” деган гапи одамлар орасида машҳур бўлиб кетган. Биринчи марта, Лев Николаевич 1935 йили қамоққа олинади, иккинчи марта 1938 йили, учинчиси, 1949 йили. Лев Колоднийнинг ёзишича, ўғлини қутқариш учун шоира ўз шаънини қурбон қилган. Руҳий азобланган, хўрланган Анна Ахматова “Тинчликка шон-шарафлар бўлсин!” номли шеърини “тинчлик курашчиси”га бағишлаб ёзади. Кейинчалик Ахматова бу шеърини тўпламига киритмасликни васият қилиб қолдиради. Ахматованинг бу қурбонлигини Сталин қабул қилмайди. Ўғлини қайтиб бермайди. Ўша давр қотилларидан Абакумов 1950 йилнинг 14 июнида “Ахматовани қамоққа олиш ҳақида” буйруқ чикаради. Лекин Ахматова ўғлини қутқариб олиш учун сўнгги қадамини қўйган — Сталин туғилган кунга аталган “21 декабрь 1949 йил” номли ода нашрдан чиққан эди. У бундай бошланарди:

Бу кун дунё ёдида қолиб кетажак абад,

Бу он муҳрлангайдир мангуликка, эҳтимол.

Бизни не-не ўлимдан асраб қолган донишманд

Афсонага айланди, афсонаки, безавол…* (Мақоладаги шеърларни Ойгул Суюндиқова таржима қилган.)

Ахматова яна бир марта жаллод оёғи остига ўзини ташлади. Бу билан у шоирлик номини қурбон қилди. Қурбонлик ўғлини озод этмаса-да, ўзини қамоқдан асраб қолди. Яна 16 йил ҳаёт ва ижод давом этди.

Анна Ахматова ёзади: “Ежовчилик йилларида, мен Ленинград қамоқхоналари остонасида 17 йил давомида навбатда турганман. Бир куни кимдир мени таниб қолди. Ўшанда номимни ҳеч қачон эшитмаган, орқамда турган аёл барчамизга хос мудроқ ҳолатидан уйғонди-да, қулоғимга шивирлаб (у ерда ҳамма шивирлаб гапирарди):

— Сиз буни тасвирлай оласизми? — деб сўради.

— Эплайман, — дея жавоб бердим.

Шунда табассум каби бир ҳолат унинг қачонлардир юзи бўлган жойдан сирпаниб ўтди”.

1922 йилдан бошлаб Анна Ахматова китобларига цензура тузатишлар киритиб борган. 1925 йилдан 1939 йилгача эса шеърлари мутлақо нашр қилинмаган. Л.К.Чуковская айтишича, ўша йилларда ёзилган кўплаб шеърлар кўч-кўчлар пайтида йўқолиб кетган. Ахматова 1965 йили чиққан “Ўзим ҳақимда” номли асарида: “Йигирманчи йиллар ўрталаридан янги шеърларимни нашр қилмай қўйишди, эски шеърларимни эса қайта бостиришмади”, деб ёзади. 1964 йилгача унга чет элларга чиқиш қатъий тақиқланди. Олег Хлебников маълумотида: “Шо­ира А.А.Ахматова ҳақида олинган материаллар унинг совет ҳокимиятига фаол душман эканлигига далолат қилади”, дея ахборот берди. Ҳатто айбланувчининг фамилияси ҳам Чингизий, аждоди мусулмон босқинчисига тўғридан тўғри туташади, деган айбларни ҳам қўйиб юборди.

Олтин Ўрда хони Аҳмадхонга Москва князлари тўғридан-тўғри бўйсунган. Аҳмадхон Ҳусайн Бойқаронинг синглиси Бадиъа Жамолга уйланган. Хоразм Темурийлар томонидан фатҳ этилган. Хуросон султони Ҳусайн Бойқаро эса у ерларни Аҳмадхонга Бадиъа Жамолнинг келинлик сепи сифатида туҳфа қилган эди. Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон 1468 йили вафот қилгач, Аҳмадхон Хоразмни қайтиб олиш тадбирини кўра бошлаган. Мақсади йўлидаги барча тўсиқлар олиб ташланган пайтда акаси Маҳмудхон оламдан ўтади. Аҳмадхон сиёсий ўйинлар олдини олиш учун шошилинч Олтин Ўрдага қайтишга мажбур бўлади. Волга бўйига келгач, Абулхайрхоннинг Ўзбек хонлигига (Олтин Ўрдага) даъвогар набиралари Муҳаммад Шайбоний билан Маҳмуд султон Ҳожитархонда (Астраханда) Аҳмадхоннинг жияни Қосимникига қўнганидан хабар топади. Аҳмадхон ва Шайбонийхон ўртасидаги тортишув узоққа чўзилади. Ниҳоят, Шайбонийхон Ўзбек хонлиги учун курашни ташлаб, Сирдарё ва Амударё томон юриш қилади. Шундан сўнг Аҳмадхон шарққа юришларини тўхтатади. Хонликнинг ғарбий муаммоси Қрим билан шуғуллана бошлайди. Акасидан мерос қолган Қрим, охир оқибат, Ўзбек хонлигини ҳалокатга олиб келади. Аҳмадхон 1681 йили жосус томонидан ўлдирилади. Аҳмадхоннинг Рус князи Иван III га юборган ёрлиги ва турк султони Маҳмуд II га юборган хати сақланиб қолган.

Анна Ахматова Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Ленинградда эди. 1941 йилнинг 28 сентябрида Москвага, сўнгра Қозонга кўчирилади. У ердан Тошкентга жўнатилади. Яков Захарович Черняк: “Ахматовани Ленинграддан самолётда олиб кетишди. Йўл-йўлакай самолёт махфий бир аэродромга қўнди. Ахматова қоронғи зулматда самолётдан чиқди: “Бизлар қаердамиз?” — деб машина олдида ўралашиб юрган, ғира-шира шарпалардан сўради. Унга ҳеч ким жавоб бермади. “Биз қаердамиз?” — дея ўзини йўқотган ҳолда, ваҳима билан саволини такрорлади. Яна сукут. Ахматова йиғлаб юборди”. Маргарита Иосифовна Алигер: “Ленинграддан ваҳимали хабарлар келиб турарди. Иложи борича у ердан аҳолининг кўпроқ қисмини олиб кетишга ҳаракат қилинарди. Сентябрь охирларида кимдир аэродромга Шостаковични кутиб олиш учун борди ва ўша куни бир соат аввал Анна Ахматова етиб келганини айтди”.

Тошкентда шоиранинг шеърий тўплами нашр қилинди. Анна Ахматованинг Ўзбекистонда ёзган барча шеърлари, асосан, Ленинградга бағишланган эди. Чунки шоира у ерда узоқ йиллар давомида ҳам севилган, ҳам хору зор қилинган. Йиқилган курашга тўймас қабилида у умрини, яқинлари, халқи ҳаётини оёқости қилганлар билан ўзи билганича шеър воситасида курашни давом эттирган. Лекин оғир уруш йилларида нон-тузини аямаган ўзбек халқига ҳам шеърлари орқали қалб тўридан жой ажратган:

Изтиробда уйқуга кетсанг,

Сўнг ошиқ мисоли уйғонсанг,

Қара, гўзал лолақизғалдоқ,

Қайлардадир зулмат бағрига

Ёриб кирди ногаҳон қудрат!

Кичик ҳовли, ёниқ манқаллар,

Тутаб ётар ҳамон қайғулар,

Унда баланд бўйли тераклар…

Чиқиб кела бошлар боғ аро

Шаҳризода…

Мана, қандай Шарқ экансан, о!

Ёки:

Осиё, қадалдим қароқларингга,

Ичимга киргандай кўринди ичинг.

Сукунатнинг олис қучоқларига

Сочилди ўйларим ҳавасла, қизғин.

Термиз саратони каби ёлқинли,

Хотиралар оқди идрокларимда.

Карвонлари оғир, қадимий, жонли

Парчаланган вулқон ирмоқларидай.

Кўксимдан. отилган бўзларимни жим,

Ўзгалар кафтида ичгандай бўлдим.

Ёлғизликда яшаётган шоирани фақат Тошкентдаги қўни-қўшниларигина эмас, балки нотаниш одамлар ҳам қўллаб туришган.

“Тошкентда бир қария сут олиб келарди. У ўта тавозели, Анна олдида қўлларини қовуштириб турар эди. Бир сафар столдаги кўзгуни олди-да, Анна Андреевнанинг юзига тутди, сўнг кўзгуни ўпди…” (Лев Озеров).

Ўзбекистонга бағишланган шеърида:

Етти юз йил келмадим, бу ер

Ўзгармабди ҳеч қанча, бироқ…

Оқаётир Илоҳий меҳр

Хаёл етмас чўққиларда оҳ.

Юлдузлару сувлар жўровоз,

Қорамтир кўк гумбази ҳамон.

Соврилади донлар елда, соз

Она куйлар бир қўшиқ омон.

Менинг пишиқ уйим — Осиё,

Андуҳ чекма, мен ҳали-ҳануз

Қайтгум. Гуллар, панжара аро

Тўлиб турсин энг тоза ҳовуз.

“Етти юз йил келмадим, бу ер” деган сатрлари билан ўзининг улуғ аждодларига ишора қилади. Узоқда қолган танишларига йўллаган мактубларида Ўзбекистон ҳақида: “Менга ким бу ер жаҳолатга ботган дейишга ботина олади?!” деб ёзади.

Бу тупроқ қадимдир, қақроқ, йўқ ҳоли,

Яна уйдаман…

Зулмат ичра куйлар хитой шамоли,

Таниш кўйдаман…

Янги келганида бегонасираб юрган Анна Ахматова ўзбекларни ўзига ўта яқин ва азиз эканлигини англайди. Кўп ўтмай бегонасирашдан асар ҳам қолмайди.

Англаб бўлмас кенглик, ястанади Шарқ,

Ғанимдай гурсиллар даҳшатлар олис.

1942 йил 23 февралида Анна Ахматова Тошкентда ёзган “Жасорат” шеъри яшин тезлигида фронт бўйлаб тарқаб кетади. Бундан ташқари, Тошкентда Ахма­това етмишдан ортиқ шеърлар ёзади.

Тошкентдаги Анна Ахматова музейи директори Альбина Маркевич: “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби Ҳамид Олимжон Ахматованинг “Прав­да” газетасида “Жасорат” шеъри босилиб чиққач, рус ҳарбий лирикасининг ноёб намунаси, деб атаган. Бу шеър Тошкентда жуда машҳур бўлган”.

Светлана Сомова бундай эслайди: “Бозорлар ўз ҳаёти билан яшарди. Туялар ковуш қайтарар, саллали қария анор кесар, бармоқларидан қизил анор шарбати томиб турарди. Жулдур кийимли бола Ахматовага яқинлашиб, писка билан чўнтак кесмоқчи бўлди. Мен уни қўлини ушлаб олдим-да: “Эй, нима қиляпсан? Бу ахир, оч қолган ленинградлик-ку!” дея шивирладим. Бола жим туриб қолди. Кейинроқ, ўша бола яна бизга рўпара келди. “Бизга ёпишиб олди, боя милицияга бериб юборсам бўларкан”, деб ўйладим. Шу пайт у Ахматованинг қўлига кир латтага ўралган гуммани тутқазди-да: “Е буни”, деб кўздан ғойиб бўлди. Анна: “Наҳотки, ейиш керак бўлса?” дея менга қаради. “Албатта, ахир у сиз учун ўғирлаган-ку!” дедим. Менимча, у ҳеч қачон бу бебаҳо гуммани унутмаган бўлса керак”.

Ахматова бир неча марта Самарқанд зиёратига боради. Оғир бетоб бўлиб, иситмалаб ётганида алаҳсираб қуйидаги сатрларни ўқийди:

Атиргуллар ўлкаси абад

Самарқандда ўлмоқ учун, юр…

Анна Ахматова Ленинградга қайтганидан сўнг ҳам тушларида Осиёдаги уйи гавдаланади ва шеърга тушади:

Ёддан чиқмас юлдузли гўша,

Нурли, шонли, ўша ва ўша

Кичик-кичик ширин кулчалар

Ёш қўлларга ярашар бу кун

Бу қорасоч оналар дуркун.

Ёки

Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,

Раҳмат ва хайр! — сизга, азизлар.

Дуррачамни силкийман кулиб,

Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий!сизга азизлар.

Раҳмат, Тошкент!кечир, мени кечиргил,

Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.

Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,

Ёш ва дилбар қора сочли оналар,

Ширин кулчалар тутган болалар,

Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!

Саккиз юз куниммўъжизавий сас,

Шу мовийранг чексиз осмон остида,

Шу ложувард тубсиз уммон остида

Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,

Эй, оташин боғ

* * *

Садафлару ақиқдан,

Димиб кетган ойнакдан,

Ногоҳ қия бир ёқдан

Тантанавор ойдин ҳис —

Гўё “Ойдин соната

Кесиб ўтди йўлимиз.

Анна Ахматова: “Бу шеърлар Тошкентники ва мен уларни ўз Ватанига жўнатаман”, деган эди.

Г.Л.Козловская: “Тошкентга келганларнинг аксарияти қайтиб кетишган бўлса-да, Ахматова Тошкентни мутлақо ташлаб кетишга шошилмас, Владимир Гаршин деган таниши: “Сенга уйланмоқчиман”, деб кетма-кет телеграммалар жўната бергач, Ленинград томон йўлга чиқади. Гаршин кимлар томонидандир уюштирилганлиги сабабми, вокзалдаёқ Анна Ахматовага “Тушимда марҳум хотиним сенга уйланмаслигим ҳақида мендан талаб қилди”, дея жуфтакни ростлаб қолади. Анна Андреевна буни жуда оғир қабул қилади, тўй ҳақида ҳаммага маълум қилган эди-да. Ҳаётнинг аёвсиз зарбаларини кўп тотган Анна Ахматова: “Бизлар темирданмиз. Темир бўлмаганлар, аллақачон, ҳалок бўлиб кетишди. У мени танк эканлигимни хаёлига ҳам келтирмайди”, дея ўзини юпатади.

* * *

— Қачонлардир мен пьеса ёзганман. Уни 1944 йил 11 июлда ёқиб юборганман. Пьесамни камида ўн беш одам ўқиган эди.

— Нега энди у асарингизни ёқиб юбордингиз? — дея сўраймиз.

— Шундай қилишим керак эди. У пьесани мен Тошкентдалигимда ёзган эдим. У ерда, биласизми, ой жуда ҳам улкан… Пьесамда ҳам ой бор эди…

Ахматова столида доимо “Минг бир кеча” эртаги ва унинг ичида шеърлари, қоғозлари турар эди. У одатда Инжил, Пушкин, Данте, Шекспир, Достоевскийларни асраб юрар, сафарда бошқа китобларни тарқатиб юборарди. “Минг бир кеча”ни ҳам бир жилдини қолдириб, қолганини кимларгадир бериб юборган бўлса керак.

Анна доим қийинчиликда яшаган. 1942 йил ёзида адабиётшунос Яков Захаро­вич Черняк Ахматованинг Тошкентдаги уйини бундай тасвирлайди: “Бир кунлик, бир кечалик шароит… У эса бу ерда 1941 йилнинг 11 ноябридан бери турибди. Анна Ахматовани Тошкентнинг Жуковский кўчаси 54-уйга кўчириб ўтказишди. Марказдан кимларнидир розилигини олишди. Анна Ахматова янги уйида 1942-1944 йиллар мобайнида яшади. Бу уйда Абдулла Қаҳҳор, Тимур Фаттоҳ, Влади­мир Луговской, Ксения Некрасова, Лидия Чуковская ва бошқа шоир, ёзувчилар ҳам истиқомат қиларди”.

Фаина Георгиевна Раневская, театр ва кино артисти: “Бизлар Тошкент кўчаларида доимо пулсиз сайр қилардик… Бозорда узум, шафтолини завқ билан томоша килардик. Бизлар учун бу nature morte эди. Анна Андреевна узоқ пайт мевалар уюмига тикилиб қаради, айниқса, бинафша ранг узум ғужумларидан завқланди. Бизларнинг калламизга буларни сотиб олиб ейиш келмаган ҳам эди. Яқин дўстлари ичида Е.С.Булгаковани жуда яхши кўрарди ҳамда менга кўпинча: “У доно, у фазилатли! У латофатли”, дерди. Тошкентда мен кўпинча уникида тунаб қолардим. Жойимни полга солардим ҳамда Булгаковнинг “Мастер ва Маргарита”сини тинглардим… У овоз чиқариб ўқир, қайта-қайта: “Фаина, бу — доҳиёна, у гений!” дерди.

Светлана Александровна Сомова: “Ахматованинг тоби қочиб қолди, маълум бўлишича касали ичтерлама экан. У жойида тўлғанар, юзи қизариб кетган: “Бегоналар, атрофда ҳаммаси бегоналар!” дея алаҳсирарди. Атрофда эса, қандайдир, рангпар, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган аёллар… Мен Бусселга югурдим. Буссель Григорий Аронович тиббиёт фанлари доктори, Тошкентдаги бир касалхонани бошқарарди. У Ахматовани кўриб бўлгач, касалхонасига олди. Анна Андре­евна касалхонадалигида қатор оғир шеърлар ёзди”.

Сильва Соломоновна Гитович: “Бир куни оёқларини дўпиллатиб касалхона завхози кириб келиб эшик олдида тўхтагач: “Ахматова қаерда ётибди?” дея ба­ланд овозда сўради, сўнгра унинг жойи олдига бориб жимгина лампани ёқди. Маълум бўлишича, Сталин Фадеевдан, Ахматова қандай яшаяпти, деб сўраган экан, у ўз ўрнида Тошкентга қўнғироқ қилган, натижада, ғамхўрлик пайдо бўлиб, Ахматова жойи устидаги лампочка ёнган экан”.

Вячеслав Всеволодович Иванов: “Олтмишинчи йилларда Анна Андреевна Тошкентда ёзган, 1944 йили ўзи ёқиб юборган пьесасини тиклаш билан овора бўлди. Пьеса “Энума элиш” дея номланиб у вавилионликларнинг оламни барпо бўлиши ҳақидаги афсонасидан олинганди. Ахматова уни “Сўнгра юқорида”, Шилейко эса “Юқорида бўлганда” дея таржима қилишганди. Анна Андреевна менга бу пьесасини қандай ёзганлигини ҳикоя қилиб берган. У ичтерлама би­лан оғир ётганда, касалликнинг оғир даври ўтиб, тузалиш олдидан юз берган алаҳсирашида моғор босган каби доғлари бўлган деворни кўрган. Ушбу доғлар ортидан пьесанинг асосий саҳнаси очилади: суд бўлмоқда, унда муаллифнинг содир этган ва этмаган гуноҳлари учун айблашмоқда. Алаҳсираши мобайнида кўрганларини пьеса кўринишида ёзиб бўлганидан сўнг, Ахматова ўзига ўзи қайта-қайта: “Аҳмоқона башорат доим рўёбга чиқади”, дейди. Фалокатни башорат қилганини сезиб қолади. Ҳамда ваҳима остида пьесасини ёқиб юборади”.

Светлана Александровна Сомова: “Бу воқеа ёз бошида, эҳтимол, 1944 йилнинг май ойида бўлган эди. Тошкентдаги Ёзувчилар уюшмаси биноси ичидаги йўлакдан бўз рангли костюм, паст пошнали туфли кийган Ахматова борарди. Унинг олдидан Ғафур Ғулом чиқди. Ахматовага яқинлашди-да: “Сизни Анна деб аташади, ўзбекчада бу Эна — Она дегани. Юринг мен билан қишлоққа — Янгиерга, у жойда эртага далаларга биринчи сув берилади”, деди. Ахматова қўли билан рад ишорасини қилди, лекин Ғафур ушбу қўлни тирсагидан ушлади-да: “Она сифатида, сиз боришингиз керак”, деди. Ахматова миннатдорона табассум қилди-да: “Лекин мен ўзбекча билмайман. Қандоқ бўларкин?” деганида, Ғафур Ғулом Саида Зуннуновани чақирди: “Мана сизга таржимон, у сизга ёрдам беради, ҳамма нарсани ҳикоя қилиб беради”, деди. Чўл шамоли яқинлашиб юзларимизни эшиги очиқ қолган печка олови каби куйдиргудек бўлар эди. Ғафур эса шодланарди. У ҳар доим хушчақчақ эди, ҳаммани бу билан ҳайратга соларди. Форс тилида Умар Хайём шеърини ўқиди. Ахматова таржима қилиб беришини илтимос қилди. Ғафур яна бир бора қайтадан ўқиди, Саида эса ҳар мисрани русчага ағдарарди. Бир пайт, Анна Ахматованинг лаблари товуш чиқармай шивирлай бошлади. Буни Саида сезиб жим қолди, Ғафур ҳам орқасига ўгирилди-да қулоқ солди. Бу мўъжиза эди — уч шоир ўз ҳиссиётлари билан тўртинчи шоирнинг шоирона тўлқинини илғаб олишган эди. Анна бир нарсалар дея шивирлар экан бирданига:

Если пьешь ты вино, только с умным дели его, друг.

Иль с красавицей тюльпаноликой, стыдливою, друг.

Много лучше не пей и грехов своих не открывай,

Пей один, пей тайком эту чашу счастливую, друг

— дея ушбу форсий тўртликни рус тилида шеърга солиб овоз чиқариб ўқий бошлади. Бу ҳайратланарли ижодий ҳамкорлик эди. Мен буни илҳомий дўстлик деб атайман. Қофияли, жарангдор, оҳанги гўзал рубоий Саида Зуннунованинг ўзбекча урғули русча тилида ва, ниҳоят, юмшоқ, шарқона узун, майин рус лисонида Ахма­това таржимаси маъно ва қофия жиҳатидан Хайёмдаги каби аниқ кўриниш олди. Сўнгра ўзбекларнинг пахса уйида бўлдик… “Салом алайкўм Анахон” ва ҳоказо.

Эдуард Бабаев: “Анна Ахматова Тошкентдан кетаётганида унинг хонаси кузатувчилар билан лиқ тўла эди, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Владимир Лип­ко, Алексей Козловский — ҳамма кузатгани келган эди. Тошкетда доимо баҳорда бўлгани каби, чанг, сирен, ёмғир ҳиди анқир эди. Улкан булутлар баланд терак томон сузиб борарди. Мен машина эшигига яқинлашдим-да:

— Хайр, Анна Андреевна! — дедим.

— Хайр! Сени яратганни Ўзи асрасин! — деди. Мен ҳеч қачон бундай сўзларни эшитмаган эдим”.

Эдуард Григорьевич Бабаев: Мен Анна Ахматованинг қўлёзмаларидан унинг “Қаҳрамонсиз поэма”сини кўчирар эканман, уни “Менинг антологиям” дея номладим. Менимча ҳозир ҳам поэманинг кейинги қўшимча ва тушунтиришлар берилган нусхасидан кўра “тошкент нусхаси” кўпроқ камолига етган ҳамда “тоза” эди. Бирда мен бу ҳақда Анна Андреевнага айтдим. У маъқуллаб бош силкитиб қўйди-да, мени тушунганини билдириб:

— Менинг барча тошкентлик дўстларим шундай ҳисоблашади, — деди”.

Наталия Александровна Роскина: “Анна Ахматовани Уюшма аъзолигидан ўчириб, карточкадан маҳрум қилишганида, унинг аҳволи ниҳоятда абгор бўлди. Дўстлар Ахматовага сирли ёрдам жамғармасини ташкил қилишди. У давр учун бу ҳақиқий қаҳрамонлик эди. Анна Андреевна менга бу ҳақда кўп йиллар ўтганидан сўнг ҳикоя қилиб берар экан, ғамгин қўшимча қилиб: “Улар менга беморни кўргани боргандек апельсинлар ва шоколад сотиб олишарди, мен эса росманасига оч эдим”, — деди.

Надежда Яковлевна Мандельштам: “Умрини охиригача у уй-жойсиз, қўнимсиз, якка дайди эди. Шоирларнинг тақдири шундай бўлса керак-да. Унинг ўзи ҳам ўз тақдирига ҳайрон бўлар: “Ҳамманинг ҳарқалай нимасидир бор — эри, фарзандлари, иши, кимидир, нимасидир… Нега менинг ҳеч нарсам йўқ? — дер ва хафа бўларди”.

Лев Адольфович Озеров: “Умрининг охирги бир неча йилида Анна Андреевна Ахматованинг атрофида одамлар бир мунча кўпайиб қолди. Булар эски қадрдонлари Ф.Г.Раневская, Н.А.Ольшевская, Л.К.Чуковская, В.М.Жирмунский, Э.Г.Герштейн, Н.Я.Мандельштам. Улар қаторига “охирги чақириқ дўстлари” ҳам қўшилди. Улар ичида унга жуда садоқатлилари ҳам бор эди. Улар шоирани тушунишар, унга ёрдам бергилари келарди. Лекин Аннага мутлақо бегона, жамият эътиборини тортиш учунгина: “Биз ҳам Анна Ахматова билан мулоқотда бўлганмиз”, дейишга интилганлар ҳам бор эди. Улар овозини плёнкага ёзишар, суратини олишар, сийқаси чиққан, бир пулга қиммат саволлар беришар эди. Бундай шароитдан чарчаган, анча кексайиб қолган Анна Ахматова бир сафар шундай деган эди:

“Бу мўъжиза каби тирик қолган, бир вақтлардаги акмеисткага нисбатан алангаланиб кетган қизиқишларда қандайдир ғалати, баъзан эса шубҳали ҳолатни кўраман. Бу менга унча ёқмайди. Мен ўзимнинг ёлғизлигимда тинчроқман ва бунга ўрганганман, мен уни ҳар бир бурчагини яхши биламан…”.

Наталия Роскина: “Бу йиллар мобайнида уни олдига бормаган одам қолмади! Чет элликлар сони беҳисоб ортиб борарди.

1960 йили инглиз журналистининг: “Революциядан сўнг одамлар бахтлироқ бўлди, деб ҳисоблайсизми?” деган саволига Ахматова: “Мен бахтга оид масалада билимдон одам эмасман, бу ҳақда яна бошқалардан ҳам сўраб кўриш керак. Лекин бир нарсани биламанки: бизларда одамлар бир-бирига кўпроқ ёрдам беришни ўрганишди”, дея жавоб беради”.

1966 йил, 4 март, Москва яқинидаги Домодедово санаторийси. Кундалик дафтаридаги охирги ёзув. Оқшом ухлашга ётар экан ўзи билан Инжилни олмаганига афсусланади.

1966 йил, 5 март, эрга билан соат ўн бирда Анна Андреевна Ахматова вафот қилади.

Лев Владимирович Горнун: “9.III.1966. Ўликхонадан мурда бугун соат ўн бир­да олиб чиқилди. Ахматованинг тобути Шереметьев аэродромига олиб борилди, у ердан самолётда соат ўн бешу ўн беш дақиқада Ленинградга жўнатилди. Тобутни Вениамин Каверин ва Арсений Тарковскийлар кузатиб боришди”.

Сталиннинг ўлими — 1953 йил, бешинчи март. Лидия Чуковскаянинг эслашича, Ахматова: “Эндиликда қамоқдагилар қайтади ва икки Россия — қамалганлар ҳамда қамаганлар, бир-бирларининг кўзларига қарайди. Янги давр бошланади”, деган тарихий сўзларини айтади.

Лекин Ахматованинг кўкрагига шабада тегишига яна бирмунча йиллар керак бўлади. 1962 йили Нобель қўмитаси Ахматовани мукофотга номзод сифатида танлайди. 1963 йили Анна Ахматова Халқаро адабий мукофот “Этна-Таормина”га тавсия қилинади. Ниҳоят, Ахматова ижодига муносиб машҳурлик етиб келди. Шеърлари нашриётларда босила бошлайди, ижодий кечалари ўтказилади.

1964 йил декабрида Италия сафарида бўлади. Шеърият маликаси у ерда жаҳон адабиётининг дипломатик корпуслари Ахматова ижодига тан берганлари, қойил қолганларини кўради.

Дмитрий Николаевич Журавлёв: “Қасрнинг рицарлар юрадиган зинапояларини кўриб, у врачлар тавсиясини эслади. Зинапоя юраги учун ҳавфли. Бошқа илож йўқ. Ахматова айтади: “Наилож? — дея ўйладим мен. — Жуда бўлмайдиган бўлса, мен Данте ерида ўламан! Буни кўрингки, мени ҳаттоки нафасим хам қисмади…”

1964 йил, 30 май, Москвадаги Маяковский музейида Анна Ахматованинг 75 йиллигига бағишланган тантанали кеча ўтказилади.

1965 йил, Анна Ахматовани Оксфорд университета фахрий дипломи билан тақдирлайди.

Анна Ахматованинг ёшлик йиллари XIX аср охирига улангани сабаб, у Пушкин яшаган аср этаги учига илиниб қолгани билан ҳаёти сўнггида кўп фахрланиб юрарди. Мана, ниҳоят, рус адабиёти вакиллари бу йилги Россия адабиёти логотипига уч улуғ сиймо — Пушкин, Гоголь ва Ахматова профилини танлади. Бу йил Ахматова Пушкин назми каби юксак даражадаги шеърлари билан яна бир бора ўзини маълум қилмоқда.

Ғафур Ғулом Аннанинг тирсагидан ушлаб: “Она сифатида, Сиз боришингиз зарур”, дегани ҳақида ўқир эканман, устоз шоир ўз сўзи билан тарихий воқеалар ипини топиб ушлаганини ҳамда томирларида улуғ боболаримиз қони оқиб турган, тарих тақозоси билан Тошкентга келиб қолган сиймони бежизга “Она” демаган, деб ўйлайман. Буюкларнинг фикри ҳам сўзи ҳам буюк бўлади. Мен ҳам шоир сўзларини давом эттириб, Анна Ахматовани буюк шоир дегим келди. Шоира эмас шоир, чунки бизнинг Анна ўзини шоир дейишларини жуда-жуда истар эди.

Мансурхон Тоиров

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон