Аҳмаджон Мелибоев. Шоир, тутгил одил йўлни…

Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев дилбар қўшиқлари, халқона самимий сатр­лари, бетакрор, мўлжалга нақд бориб етадиган таъсирчан иборалари билан мухлислари орасида машҳур эди. Маҳмуд Сатторов уларни “айтимлар” деб атаб, қизиқарли тадқиқот мақола ёзди, Наримон Ҳотамов шоир ҳақидаги туркум хотираларга муаллифлик қилди.

Нормурод аканинг ошна-оғайниси, таниш-билиши, мухлислари ҳаддан зиёда эди. Тўй-томошаларда танишу нотанишлар уни ўраб олар, давраларига чорлар, бирга суратга тушишар, шоир эса улар билан худди минг йиллик қадрдонлардай самимий мулоқот қилар, “Сизни кўрган кўзларимдан ўргилай”, дея кўнгилларини кўтарарди. Таниш, аммо ўзи билан ўзи бўлиб кетганганларга: “Шоир керакми, ўзи?” дея беозор танбеҳ берса, танимаганларга: “Нормурод Нарзуллаев мен бўламан, билиб қўйинг – шоир кўп, Нарзий битта”, дея лутф қиларди. Баъзан мутлақо нотаниш кишилар Нормурод аканинг олдига келиб, тўйга ёки учрашувга таклиф қилишса, соғлиғи кўтармаса ҳам, йўқ демасди, бундай қилаётганига ажабланиб қараётганларга: “Майли, бу ҳам бир шоирчилик-да”, деярди-қўярди.

Нормурод ака дўст-қадрдон танлашда одамларнинг мартабасига қарамасди – тўйларда рестораннинг димоғдор мудири билан ҳам, шу ерда хизмат қилиб юрган оддий ходим билан ҳам танишиб, “Набираларнинг тўйини, худо хоҳласа, ўзим ўтказиб бераман”, деб ваъда берар ва, албатта, сўзининг устидан чиқарди. Дас­турхонга тансиқроқ таом олиб келган официант йигитга: “Шоирнинг ҳурмати бор-да, яшанг, албатта ўсасиз”, деб қўярди. Эрта баҳордан то кеч кузгача ёнида бир даста таклиф қоғозлари бўлар, бирортасини ҳам эътиборсиз қолдирмас, бориб, келин-куёвга атаб ёзган шеърини ҳаяжон билан ўқиб берарди. Учрашувларга борганимизда оддий касб эгалари – деҳқонлар, чўпон-чўлиқлар, йўл ёқасидаги қўлбола дўконларнинг шу чоққача “тирик шоир”ни кўрмаган ёш сотувчилари билан астойдил танишар, уларга янги китобини совға қилар, шеър ўқиб берарди. Одамларнинг кўнглини кўтаришдан чарчамасди.

Шоирни байрам тадбирларига, турли танловларга, маҳалла ёки ўқув юртларидаги учрашувларга тинимсиз таклиф этишарди. Йўқ дейишни билмасди. “Шоир бўлганингдан кейин мухлисларинг билан учрашувга бормасанг бўлмайди-да”, дерди. Буни Жуманиёз Жабборов тўйхат шеърида жуда аниқ ифодалаган: “Ҳам гўзаллар ҳуснига шайдо бўлар, Қайга борса бир яхшилик пайдо бўлар. Гарчи Назрий, аслида Нарзийдир ул, Ҳар нечук ҳурматга ҳам арзийдир ул…”.

Шоир умрининг сўнги кунларигача эл орасида, мухлислари даврасида бўлди. Шеърларидан бирида: “Мен келганман яхшилик деб дунёга, азизларим, яхшилик деб яшайман…” деганидай, бу одатини сўнгги нафасигача тарк этмади. Нормурод аканинг бундай одати баъзиларга ёқмасди. “Кап-катта шоир, бу нима юриш”, дегувчилар ҳам учраб турарди. Нормурод ака бу гапларга парво қилмас, ўша машҳур “шоирчилик” деган айтимини яна бир такрорлаб қўярди, холос. Унинг яна бир одати – ҳеч кимни ғийбат қилмасди, бирор киши тўғрисида ёмон гап гапирмасди. Кимдир суҳбат мавзусини ғийбат кўчасига бура бошласа, ўрнидан даст туриб, “Ака, эшитинг, сизга бир шеър ўқиб берай”, дерди-да, давра ҳавосини янгилаб юборарди.

Кўп тадбирларга бирга борардик. Шеърлари менга ёд бўлиб кетганди. Янги-янги танишлар даврасида, гоҳо ҳаяжон босиб, баъзи сатрлар ёдига келмай қолса, мен эслатиб юборардим. Бир куни шоир Эркин Неъматни туғилган куни билан табриклашга бордик. Қўлимизда чиройли гулдаста. Янги тураржой массивларидан бирига яқинлашдик. Нормурод ака тўрт қаватли уй олдида тўхтаб: “Мана топдик, янглишмасам, учинчи подъезд, биринчи қават”, деди-да, гулни қўлимдан олиб, йўл бошлади. Йўлакка кириб, чап томондаги эшик қўнғироғини босдик. Хушрўйгина бир жувон, эшикни очиб, салом берди.

– Ассалом алайкум…

– Э, алайкум ассалом, яхшимисиз, келин, шоир керакми ўзи сизларга, – Нормурод ака жувоннинг қўлига гулдастани тутқазди. Кейин менга ўгирилиб:

– Кираверинг, шоирнинг уйига шунақа бостириб кирилади, – деди.

– Киринглар, киринглар, – жувон юзидаги нимкулгию ажабланишни билдирмасликка ҳаракат қилаётганини сезиш қийин эмасди. Чоққина коридорчага кириб, туфлиларимизни ечаётганимизда, Нормурод ака аёлдан сўради:

– Шоир қаерда? Кўринмаяптиларми?

– Эркин акани сўраяпсиз, шекилли, улар нариги подъездда туришади, – деди жувон кулимсираб.

Нормурод ака гапни тўғрилаб юборди:

– Ие, адашибмизми, йўғ-е, адашмадик, сиздек ажойиб синглимизга гул совға қилмасдан ўтиб кетолмадик-да. Майли, уйингиз ҳамиша гулга тўлсин, ҳозир мен сизга бир шеър ўқиб бераман, кейин шоирни бирга табриклаймиз…

Бир гал Андижон сафаридан Нормурод ака, мен, Муродилла Абдуллаев қайтаётганимизда Қамчиқ довонида қизиқ воқеа юз берган. “Танга топди” деган жойга келганимизда, йўл ёқасидаги қўлбола бозорчага тўхтаб, туршак, асал, қурут олмоқчи бўлдик. Нормурод ака сотувчи қизларга: “Мени танийсизларми, шоир Нормурод Нарзуллаев бўламан”, дейиши билан, сотувчилар акани ўраб олишди. Шеър­хонлик бошланиб кетди. Ёши элликлардан ошган бир опахон шоирнинг “Сўроқлар” номли машҳур қўшиғидан бир-икки сатрни ўқиб берувди, Нормурод аканинг кўнгли тоғдай кўтарилиб, яйраб кетди. Опа билан қучоқлашиб кўришиб, у кишига ҳам бир неча шеър бағишлаб юборди. Мен эса бу ҳолатни дарҳол қоғозга туширдим:

“Бу қишлоқнинг номи эрур Танга топди,
Шу қишлоқда шоир Нарзий янга топди.
Тангасини билмадим-у, янгаси кўп –
Шоир акам ўзигаю манга топди…

Қиз-келинчаклар билан ҳазил-мутойиба қилиб, туршак, қурут, олма харид қилиб, хурсанд ҳолда йўлга тушдик. Оҳангарондан ўтганимиздан кейин маълум бўлдики, тангатопдилик қақажонлар харидларимизнинг пулини учовимиздан ҳам олишган экан…

“Шоирчилик”да бундай кулгили, аммо самимий воқеалар кўп бўлган.

Нормурод ака халқ ичидан чиққан, халқ ичида юрадиган шоир эди. Бировдан ўпкаланмоқчи бўлса: “Гуноҳи не эрди бу тилла бошнинг?” дерди. Ҳамма иш рисоладагидек бораётган бўлса: “Кадрлар жой-жойига қўйилган”, “Халқим, сен билан қалбим”, дерди. Радиода қўшиқ бошланиб қолса, мажлисми, жиддий бир муҳокамами, “Кетди, бизнинг қўшиқ кетди”, деб юборар, ўзи ёзган қўшиқни ўзи биринчи марта эшитаётгандай, завқ билан тингларди. Ёзган қўшиқлари, бир қарасанг­из, жуда жўн туюларди: “Ёғочсиз ўтин бўлмас, оловсиз тутун бўлмас”, “Эговлашиб умрини, бошларини едилар. Ўлдиришиб ахийри, ошларини едилар”, “Ўнг кўзингиз қайси, чап кўзингиз қайси? Излаб бориб тополмадим, адресингиз қайси?”. Аммо бу сатрлар қўшиққа айланганида тингласангиз эди… Нормурод аканинг шеърлари бастакорларнинг қўлига, ҳофизларнинг тилига тушиши билан уларга жон кирарди, мисралар қанот боғлаб, завқ-шавққа тўлиб, тингловчи қалбини забт этишга ошиқарди. Биргина “Сўроқлар” қўшиғи ёки “Ялла” ансамбли учун ёзилган тарона, мана, ўттиз йилдирки, тинг­ловчиларни ром этиб келади. Бу қўшиқни Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг илтимосига биноан ёзиб берганига ўзим гувоҳман.

Нормурод ака “Янги аср авлоди” нашриётида ишлар экан, кўплаб ёш шоирларнинг пешонасини силаб, устозлик қилди, биринчи китобларини нашрга тайёрлашдан чарчамади. У бағрикенг ноширларимиздан эди.

Шу сатрларни қоғозга тушираётганимда радиодан “Сўроқлар” янграб қолди:

“Шоир тутгил одил йўлни, йўлдан адашма,
Гар адашсанг бир кун сени виждон сўроқлар…

Шоир билан сўнгги мулоқотимиз дала ҳовлимизда бўлди. Кейинги икки-уч йилда оғир дард азобини тортаётган, шу дард боис ўнғайсиз бир аҳволга тушиб қолган бўлса-да, бу тўғрида ҳеч кимга оғиз очмас, тўй-томошаларда, шеърхонлик кечаларида аввалгидай ҳайқириб, ўзи завқланиб, бошқаларни ҳам завқлантириб шеър ўқирди, ўзини содиқ дўстлари, мухлислари даврасига урарди. Ўша куни Нормурод ака мени бағрига босиб: “Энди беш мучал бўлибсиз, ҳали ҳаммаси олдинда”, дея самимий табрик­лади. Кейин эса, бироз чарчаганини айтиб, узр сўради…

Вафотидан уч-тўрт йил ўтгач, таҳририятга келган бир шоир кутилмаганда… Нормурод аканинг соғлиғини сўраб қолди. “У дунёда ҳам шеър ўқиб, ҳаммани хурсанд қилиб юрган бўлсалар керак”, деган эдим, беихтиёр “оҳ”лаб юборди:

– Шундай қувноқ одам-а?

Бундай ҳайратни ҳали-ҳануз эшитиб тураман…

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 10-сон