Афтондил Эркинов. “Олтин бешик” афсонаси ва Дақоиқий Самарқандийнинг “Бахтиёрнома” асари

“Олтин Бешик” афсонаси халқимизга азалдан яхши маълум. Унга кўра, Бобур ракибларидан қочиб, Фарғона ерларини ташлаб кетаётганида эндигина туғилган ўғлини шароит оғирлигидан йўлда ташлаб кетишга мажбур бўлади. Уни Фарғона водийси маҳаллий аҳолиси топиб олади. Бола олтин бешикда ётган эди. Шу боис чақалоққа Олтин Бешик деб исм қўядилар. Унинг келиб чиқишига кўра олий сулоладан эканлигини ҳис қилиб, Олтин Бешикни авайлаб-асраб катта қиладилар, таълим ва тарбия берадилар, кейинчалик ўзларига подшо қилиб кўтарадилар. Бу боладан Қўқон хонлари сулоласи (1710 – 1876) бошланади. Яъни, Қўқон хонлиги ҳукмдорлари Олтин Бешик шахси орқали Бобур авлодлари ўлароқ тарихда ном чиқарадилар. Қўқон хонлиги тарихчилари Амирий тахаллуси билан шеърлар битган Қўқон хони Умархон (1810 – 1822) давридан бошлаб мазкур афсонани ўз тарихий асарларида келтириб, Қўқон хонларини Бобур орқали Темурийлардан келиб чиқишини таъкидлаб ўтганлар. Ўз вақтида улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳам Амир Умархон тарихига қизиқиб, бу сиймо ҳаёт йўли ҳақида роман ёзмоқчи бўлганлиги кўплаб манбаларда қайд этилган. Балким ушбу асар ёзилганда Амир Умархон даври тарихи, у ҳукмронлик қилган даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида янада тўлиқроқ, мукаммалроқ тасаввурга эга бўлармидик деган бир фикр кўнгилдан кечади. Балким Қодирий ҳам бу хонликнинг келиб чиқиш тарихи, ҳозиргача турли баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган айрим масалаларга ўз муносабатини, асосли қарашлари ва мулоҳазаларини баён этармиди. Нима бўлганда ҳам тарих биздан анча олисда. Унга бўйлашганинг, қаърига чўмганинг сари ғалати ҳақиқатларга дуч келаверасан. Мазкур мақоламизда худди шундай масалалардан бири “Олтин Бешик” афсонаси нима учун айнан Умархон даврида қоғозга тушганлиги, аниқроғи, мазкур афсона вужудга келишига қайси бадиий асар манба ролини ўйнаганлигини кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

 

Олтин Бешик афсонаси – тарихий асарларда

XIX аср боши Қўқон саройи тарихчиси Мушриф Исфарагий форс тилида ёзилган ва Умархонга бағишлаган “Шоҳномаи Умархоний” номли тарихий асарида биринчи марта “Олтин Бешик” афсонасини келтирган. Шу асардан бошлаб Қўқондаги бошқа тарихчилар ҳам мазкур афсонани ўз асарларида келтира бошлайдилар. Умархон 1810 йилда тахтга чиққач, сулоласи ва ўз салтанати тарихини ёзишни Фазлий Намангонийга топширади. Айни шоир ва тарихчи бизга Умархон саройи шоирлари шеърлари жамланган “Мажмуаи шоирон” шеърий тўпламини тартиб берувчилардан бири сифатида яхши маълум. Фазлий Умархон буйруғини бажариб, “Умарнома” номли тарихий достон яратади. Қўқон хонлиги тарихий асарларини ўрганган олимлар фик­рига кўра, Умархоннинг айни “Умарнома”дан кўнгли тўлмаган. Сабаби, бу достонда Қўқон хонлари сулоласи, гарчи, Бобур орқали Темурийлардан келиб чиқиши таъкидлаб ўтилган бўлса-да, Олтин Бешик воқеаси сингари Темурийларга Қўқон хонларини боғловчи, халқни Қўқон хонлари сулоласи улуғлигини тан олишига қаратилган асос келтирилмаган эди. Айни вазифани Фазлийдан кейин “Шоҳномаи Умархоний” тарихий асарини яратган Мушриф Исфарагий мувафаққият билан амалга оширган: “Олтин Бешик” афсонасини ўз асарида келтирган. Шу йўл билан у Қўқон хонларининг келиб чиқишини Темурийларга боғланишини халқ учун гўёки “исботлаган”.

Бунинг Умархонга нима кераги бор эди? Ҳамма гап шундаки, Умархон тахтга ўтиргандан сўнг Қўқон хонлиги ҳар жиҳатдан анча кучаяди ва Бухоро хонлигига тобеликдан узоқлашиб, мустақил эканлигини кўрсатишга киришади. У кўп хайрли ишларни амалга оширади: масжид ва мадрасалар, йўллар қурдиради, ариқлар қаздириб, мамлакат ободонлиги учун хизмат қилади. Жумладан, 1811 йили Умархон буйруғига биноан Фарғонада Сирдарё дарёсига уланувчи канал қазилади; шу ерда Шаҳрихон (яъни, “хон шаҳри” маъносида) шаҳри барпо этилади (1814 йил); 1813 йилда Қўқонда сарой қурилади. Айни саройда етмишдан ортиқ шоирлардан иборат адабий муҳит вужудга келади. Уларга Амирий тахаллуси билан шеър ёзган Умархоннинг ўзи бошчилик қилади. Айни шоирлар шеърларини ўз ичига олган “Мажмуаи шоирон” баёзи тузилади. “Муҳаббатнома” шеърий мажмуаси тартиб берилади ва у Қўқон элчилари орқали Усмонийлар саройига ҳадя сифатида жўнатилади…

Бундан ташқари, тарихдан маълумки, ҳокимият устида ҳукмронлик қилаётган бирор бир сулола сиёсий жиҳатдан кучая бошлаши билан ўз ҳокимияти асоси, қиёфаси, ўзига хослиги – идентификацияси, келиб чиқишини (шажара, генеалогия) излашга ва агар у мавжуд бўлмаса, уни тузишга киришади. Мазкур жараёнларда маданий соҳадаги фаолиятини кучайтиришга интилади ёки ўтмишдаги намунавий сулолаларга тақлид асосида ўзлигини намоён қилишга уринади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Умархон ҳукмронлиги даврида Темурийларга, хусусан, Ҳусайн Бойқаро (1469–1506) салтанати замонига тақлид вужудга келган эди. Қўқондаги мазкур жараёнларда Қўқон хонлигининг Бухоро амирлигидан (1747–1920) узоқлашиб, алоҳида давлат сифатида ўз қиёфасини топишга бўлган интилиши катта аҳамиятга эга бўлган.

Қўқон хонлиги 1710 йили ташкил топган. Бобурнинг Мовароуннаҳрни бутунлай ташлаб кетиши 1512 йилга тўғри келади. Орадаги икки юз йил бўшлиқни тўлдириш, айни вақтда, Қўқон хонлиги сулоласини исботли асос билан Темурийларга боғлаш эҳтиёжи асосли далилларни талаб қилади. Айни бўшлиқни “Олтин Бешик” афсонаси, аниқроғи, Олтин Бешикдан бошлаб давом этиб келаётган Бобур орқали Темурийлар сулоласига қон-қардошлик асоси тўлдириб берарди.

 

Топиб олинган боланинг подшоликка кўтарилиши – қадимий афсона

Дарҳақиқат, гап фақат “Олтин Бешик” афсонасидагина эмас. Муҳими, унинг асосини ташкил қилувчи топиб олинган ташландиқ боланинг ке­йинчалик подшоликка кўтарилиши билан боғлиқ мотив қадим тарихга эга бўлиб, унга дунё адабиётидан мисоллар топиш мумкин.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, “Олтин Бешик” афсонаси Фарғона водийси туркий қавмлари, хусусан, минг уруғи вакиллари орасида тарқалган экан, унинг манбасини ҳам улар муҳитидан излаш керак бўлади. Айни жиҳатдан Қўқон тарихи бўйича китоблар ва мақолалар муаллифи қозоғистонлик олим Темур Бейсембиев қарашларига диққат қилиш керак бўлади. Унинг фикрига кўра, “Олтин Бешик” афсонаси сюжети қадимий бўлиб, у туркий қавмлардан бўлмиш буркас номли уруғ ҳақидаги ривоятга ўхшаб кетади. Буркас уруғининг асосчиси Темур Тўғлихон исмли кишининг ўғли ҳисобланган. Уни Исиқ Исмоил исмли киши чақалоқлигида топиб олиб катта қилади. Ўз фикри исботи учун Т.Бейсембиев буркас уруғи ҳақидаги ривоятга диққатни тортади: салар элатида Темур Тўғлихон ва Исиқ Исмоил исмли кишилар бўлган экан. Кунлардан бирида Исиқ Исмоил кетаётиб, Темур Тўғлихон ўтови олдидан ўтиб қолибди. Бу пайтда Темур Тўғлихон бошқа жойга кўчиб ўтаётган экан. У кетгач, Исиқ Исмоил ўтов ўрнида бирор нарса қолиб кетмадимикан, дея ўша ерга борибди. Бу жойни қараб чиқаётганида ўчоқ турган ерда бир ўғил бола чақалоқ ётганини кўрибди. Исиқ Исмоилнинг ўғли йўқ экан. Шу боис бу болани ўзи асраб олиб, унга Буркас исмини қўйибди. Бутун буркас элати ана шу бола авлодлари экан.

“Олтин Бешик” афсонаси генезисини туркий халқлар оғзаки ижодидан излаш ўзини мантиқан оқлайди. Масалан, Чингиз Айтматов “Оқ кема” қиссасида қирғиз халқи уруғларидан бирининг келиб чиқиши ҳақидаги афсонани келтиради. Унда айтилишча, шохдор она кийик Энасой дарёси бўйларида яшаган ва душманлар билан олишувда барча яқинларидан айрилган болалар – бир ўғил ва бир қизни ўзи билан олиб кетади. Шохдор она кийик етимчаларни Иссиқкўлга олиб боради. Болалар улғайгач, турмуш қуриб, ўғил фарзанд кўрадилар. Бола туғилганидан кейин ўша она кийик уларга ўз шохида келтирган бир бешикни совға қилади. Ёки яна бошқа бир мисол: Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош ерида Бешикбўз деган жой мавжуд. Бу жой номи ҳам бешик билан боғланиб келган. Лекин гап фақат бешик образи билан боғлиқ афсоналар ёки туркий халқлар адабиётидагина эмас. Дунё адабиётида “Олтин Бешик” афсонасига ўхшаш тарздаги анъанавий мотивлар учраб туради: топиб олинган ташландиқ боланинг ке­йинчалик подшоликка кўтарилиши қадимги даврлардан бери мавжуд. Масалан, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида подшо Файлақус овдан қайта туриб, ташландиқ жойда дунёдан ўтган аёл ва унинг ёнида ётган янги туғилган чақалоқни учратади. Файлақус чақалоқни ўзи билан олиб кетади. Унга Искандар деб исм қўйиб, тарбиялаб катта қилади. Кейинчалик у отаси ўрнига подшо бўлади. Бу ҳукмдор машҳур Искандар Зулқарнайн эди. Худди шундай воқеа тасвири Низомий Ганжавийнинг “Искандарнома” достонида ҳам мавжуд.

Ёки масалан, “Инжил”да келтирилишича, чақалоқ Мусони онаси унинг ҳаётига хавф солувчи шароит вужудга келганида, ўғлини қутқариб қолиш йўлини топади. Сув ўтмайдиган бир сават ясаб, унга боласини солиб, Нил дарёси бўйидаги қамишзорда қолдириб кетишга мажбур бўлади. Дарёга чўмилишга келган Фиръавннинг қизи болани тасодифан кўриб қолади ва асраб олади. Натижада, Мусо маликанинг ўғлига айланади. Кўриниб турганидек, қийин шароит туфайли тақдир тақозосига ташлаб кетилган чақалоқ топиб олиниб, бегоналар қўлида ўстирилиши ва кейинчалик унинг улуғлик мартабасига эга бўлиш мотиви дунё адабиёти намуналарида учраб турар экан. Лекин айни лавҳа айнан қай тарзда “Шоҳномаи Умархоний” асарига киритилган экан?

 

Умархон кутубхонасидаги “Бахтиёрнома” асари – “Олтин бешик” сири очилиши асоси

Кўриб ўтганимиз “Олтин Бешик” афсонасига асос бўлиши мумкин бўлган топиб олинган чақалоқ лавҳасининг келиб чиқишини туркий халқлар оғзаки ва ёзма ижодидан ташқари, ўзбек адабиётига катта таъсир ўтказган форс адабиётидан ҳам қидириш натижа берар деган умидда камина турли манбаларга мурожаат қилдим. Аввало, Қўқон хонлиги бадиий асарлари ёки Умархон саройи муҳитидаги адабий манбалар балки керакли натижага олиб келар деб, уларга диққат қаратдим. Шу муносабат билан Умархон шахсий муҳри қўйилган қўлёзмаларни кўриб чиқдим. Бундай қўлёзмалар Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалари хазинасида бир нечта экан. Улар ичида ноёб қўлёзмалар ҳам бор эди. Масалан, Алишер Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девонининг Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган ноёб нусхасини шулар жумласига киритиш мумкин.

Уларни Умархон кутубхонасидан бизгача етиб келган китоблар деб аташ мумкин. Айни қўлёзмаларга Умархоннинг уч турдаги муҳри қўйилган. Уларда Умархон ўз исмини қуйидагича келтирган: Амир ул-муслимин Саййид Муҳаммад Умар ибн Норбўтахон. Муҳрлардан бирида эса 1811 йил санаси кўрсатилган. Ҳозиргача Умархон 1816 йилдан кейин, Туркистон шаҳрини эгаллаганидан сўнггина амир ул-муслимин унвонини олган дейиларди. Демак, айни унвонни у олдинроқ – 1811 йилда, яъни Қўқон тахтига ўтирганидан кейиноқ олган бўлиб чиқади. “Амир ул-муслимин” унвонини Умархон Бухоро амирининг амир ул-мўминин унвонидан фарқ қилиш ва ундан қолишмаслигини исботлаш учун олган эди. Бундан ташқари бу маълумот Қўқон хони Умархоннинг амир ул-мўминин унвонига эга Бухоро амири билан тахтга ўтиришидан кўп ўтмай – 1811 йилдаёқ рақобатга киришишга бошлаганлигини кўрсатади.

Айни вақтда бу муҳр қўйилган Умархон саройи китобларидан бири биз учун кутилмаган, ҳозиргача фан учун жумбоқ бўлиб келаётган “Олтин бешик” афсонаси сири очилишига хизмат қилди: Умархоннинг ўша 1811 йил санаси билан муҳри форс тилида ёзилган “Бахтиёрнома” асарига эга қўлёзмага қўйилган. Бу насрий асар шарқда яна “Даҳ вазир” (ўн вазир) номи билан ҳам машҳур бўлиб, XII–XIII асрларда яшаб ўтган Дақоиқий Марвазий-Самарқандий қаламига мансуб. Унда қолипловчи воқеа ичида ўнта ҳикоя берилган. Ана шу қолипловчи воқеада ота-онаси томонидан мажбуран ташлаб кетилган чақалоқнинг кейинчалик отаси ўрнига подшога айланиши тасвирланган. Фикримизча, бу асар “Олтин Бешик” афсонасига асос бўлган. Бунга исбот ҳосил қилиш учун қолипловчи воқеа мазмунини қисқача кўриб ўтамиз: Сейстонда Озодбахт исмли подшо бўлиб, у ўз сипоҳсолорининг қизини севиб қолади ва қизнинг отасидан берухсат унга уйланади. Натижада, подшо ва сипоҳсолор душманга айланадилар. Бундай шароитда Озодбахт қўшин тўплаш учун хотини билан ўз шаҳрини ташлаб қочишга мажбур бўлади. Йўлда хотини ўғил туғади ва шароит оғирлиги учун чақалоқни туғилган жойида мажбуран ташлаб кетадилар. Чақалоқни ўғрилар гуруҳи топиб олади. Гуруҳ бошлиғи чақалоққа Худойдод исмини бериб, тарбиялаб, катта қилади. Худойдод улғайгач, ўғрилар қаторида, тасодифан, бу вақтга келиб подшоликка кўтарилган отаси қўлига тушади. Подшо Худойдодга нисбатан қандайдир ички муҳаббат ҳис қилади ва унга Бахтиёр исмини қўйиб, саройига хизматга олади. Худойдодни катта қилган ўғрилар бошлиғи подшога бу боланинг топиб олиниши воқесини гапириб берганида, подшо Озодбахт Бахтиёр – Худойдод ўз ўғли эканлигини билиб қолади. Бахтиёрни подшо қилиб кўтарадилар.

Айни воқеа кўп жиҳатдан “Олтин Бешик” афсонасига ўхшаб кетади. Масалан, ҳатто бош қаҳрамонга исм қўйилиш услубигача. “Олтин Бешик” да Бобурнинг ташлаб кетилган ўғлига Олтин Бешик исмидан ташқари яна Оллоҳберди исми ҳам берилади. “Бахтиёрнома”да ўғрилар чақалоққа Худойдод исмини қўядилар. Иккала исм – Оллоҳберди ва Худойдод ўзбек тилига таржима қилинганда “Яратган томонидан берилган” маъносини англатади. Фикримизча, Мушриф Исфарагий Умархонга бағишланган “Шоҳномаи Умархоний» асаридаги Олтин Бешик афсонасини келтириб, Умархон шажарасини Бобурийларга боғлашда ўзи хизмат қилаётган саройдаги Умархон кутубхонасига тегишли қўлёзмадаги Дақоиқий Самарқандийнинг “Бахтиёрнома” асари қолипловчи ҳикоясига суянган. Қарашимизни асослаш учун “Бахтиёрнома”даги қолипловчи воқеа ва “Олтин Бешик” афсонаси матнларидан ўхшаш асосий лавҳаларни қиёслаш йўлидан борамиз. Булар қуйидагилардир:

  1. Ҳукмдор ва рафиқасининг душманлар таъқибидан қочиши.

“Бахтиёрнома”:

Қиз айтди: Маслаҳат улдирким, бу ўлкадан тез чиқиб, бошқа ўлкага борайлик. Бошқа подшоҳ ҳимоясига қочиб, ундан мадад сўрайлик. Подшоҳ деди: Яхши айтдинг, энди шуни муносиб кўрмоқдаманким, Кирмон томонга борсак, негаки Кирмон подшоҳи замоннинг карамли зотларидандир. Алқисса, подшоҳ саройида саҳрога олиб чиқадиган ерости бир эшик бор эди. Шоҳ буюрди, иккита махсус отни эгарладилар. Подшоҳ қуролланиб, қиз билан бирга йўлга отланди.

“Олтин Бешик”:

… Ҳиндустон томонида паноҳ топсин. Бу фикр нажот манзилига ҳидоят этгудек бўлганлиги сабабли, кеча-кундуз тўхтовсиз манзилларни босиб ўтиб, Фарғона ўлкасига етиб келди.

  1. Рафиқанинг қийин вазиятдаги ҳомиладорлиги.

“Бахтиёрнома”:

Қисматни қарангки, подшоҳнинг хотини ҳомиладор бўлиб, кун-соати етганди. Уч кундан сўнг суви қаттол заҳардек аччиқ бўлган бир қудуқ лабига етиб келдилар. Ўша қудуқ бошида подшоҳ хотинини тўлғоқ тутди. Ҳаво иссиқ эди, ташналикдан лаблари қуруқшаб, ҳаётдан умидларини узган эдилар. Хотини подшоҳга айтди: Мени шу ерда қолдириб, Худога таваккал қил; бошқа йўл юришга тоқатим қолмади.

“Олтин Бешик”:

Ушбу ўлканинг биёбонида хос хотинлардан бирини тўлғоқ тутди.

  1. Қочиш йўлида ойюзли ўғилнинг туғилиши.

“Бахтиёрнома”:

Шу алфозда сўзлашиб тургандиларки, подшоҳнинг хотини жамоли нуридан қуёш хижолат тортадиган бир ўғил туғди.

“Олтин Бешик”:

Ундан Мангу Дўст – Аллоҳнинг инояти ила чеҳраси қуёшдек порлоқ, давлат қуёши зиёси ва бахт-саодат ойи унинг кўзларидан чароғон, подшоҳлик нури пешонасида ҳувайдо, жаҳонгирлик қуввати билагида пайдо бўлган бир ўғил дунёга келди.

  1. Ўғилнинг мажбурликдан ташлаб кетилиши.

“Бахтиёрнома”:

Она ўз фарзандини бағрига олди ва бир парча мато билан ўраб-чирмаб, бегона кўздан яшириб эмизди. Шоҳ айтди: билки, бу манзилда фарзандга кўнгил қўйиб бўлмас. Маслаҳат шудирким, ушбу мавзеда фарзандимизни Худои таолога топширайликким, барчани сақлагувчи унинг ўзидир, у ўзининг бениҳоя фазли ва ғоятсиз карами билан карим ва раҳимдир. Унинг ўзи боламизни асрагай. Иккаласи бу гапга рози бўлдилар.

“Олтин Бешик”:

Ул водийда бу ноёб гавҳарнинг ухлаб-ором олиши учун бешик ва бошқа керакли нарсалар йўқ эди. Устига-устак, шунчалик латофати билан янги туғилган чақалоқни кўтариб юриш имкон йўқлигидан от устидагиларга оғирлик қиларди. Шу сабабдан бу қимматбаҳо гавҳарни ўша ерда қолдириб кетишдан ўзга чора топмади.

  1. Чақалоқни зарбоф кийимларга ўраб қимматбаҳо тошлар билан қолдириш.

“Бахтиёрнома”:

Азиз фарзандларини зарбоф тўнга чирмаб, бир нечта марвариддан унга мунчоқ ясаб, билагига боғлаб қўйдилар.

“Олтин Бешик”:

Онанинг белига боғлаб қўйилган лаълу гавҳар билан безатилган тилларанг бир матони чиқариб, ул ягона гавҳар ва ул қимматбаҳо дурдонани зарнигор пардага ўраб, ўша водийда Осмон ва Ерларнинг Эгаси, инсу жоннинг Холиқи, бекасларнинг додига етувчи Зотнинг ҳифзи ҳимоясига топширишдан бошқа иложиси қолмади.

  1. Ота-онанинг фарзанд билан алоқалари узилади.

“Бахтиёрнома”:

Сўнг уни Яратганга топшириб, отга миниб йўлга тушдилар. Кўнгилга пайванд фарзанд фироқида кўзларидан ҳасрат ёши ёқарди. Сабр ва чидамни ўзларига шиор этиб йўл босардилар.

“Олтин Бешик”:

Меҳрибон она паришонлик ва изтиробда қон йиғларди ва ҳасрат тупроғини ғусса ғалвири билан бошига сочиб, нола ва афғони фалакка ўрларди. Бобур султон ўзининг мардоналик, ботирлик ва донишмандлиги қуввати билан бало ҳужумига сабр ва таҳаммул айлаб айтарди… Фалакнинг тўққиз тоқи тагида кўп кишининг бошига фурқат мусибати тушиб, салтанат тожи ва шавкат ривожи ундан кетиб, иззат тахтидан ҳорлик тупроғига тушганлар қанча. Ўзи, қайси бағир фарзанд фироқидан надомат ҳалининг чўнтагидек чокидан сўкилмаган?!

  1. Чақалоқни бегона одамлар топиб олишади.

“Бахтиёрнома”:

Бир тоифа ўғрилар ўша қудуқ бошига келдилар. Ўғрилар бошлиғининг исми Фаррухсавор эди.

“Олтин Бешик”:

Ўша соатда ҳаял ўтмай, аймоқларнинг тўртта улуғи – буларнинг бири санакларнинг улуғларидан, иккинчиси қозоқларнинг бошлиғи, учинчиси қипчоқларнинг амалдорларидан, тўртинчиси қирқ уруғининг каттаси эди – йўлга чиқишди. Бу тўрт киши ўз аймоқлари учун суви сероб ва яйлови кенг жой излаб чиққандилар. Илоҳий иноят ва раҳматнинг ҳидояти билан ул бахтли фарзанднинг ётган жойига етиб келдилар. Кўрдиларким, айтганимиз гўдак ўша парча матога чирмалган бир тиконли бутанинг соясида йиғлаб ётибди, аммо бахт-саодатнинг ҳомийси бўлмиш ҳумо қуши ул гўдак бошига соя солиб, қуёш нуридан унга паноҳ бўлиб турганди.

  1. Боланинг зотли оиладан эканлигини ҳис қилиш.

“Бахтиёрнома”:

Фаррухсаворнинг кўзи ул гўдакнинг қуёшмисол нурафшон жамолига тушиб, бунақа гўзал чеҳрани ҳаётида биринчи марта кўрганлиги боис ҳайратланди. Фаррухсавор отдан тушиб, гўдакни бағрига олди.

“Олтин Бешик”:

Туркийлар якдиллик билан қарор этдиларким, бу гўдак улуғ бир хонадоннинг зурриёдидир, балким бобурийлар дуржининг қимматбаҳо гавҳаридир.

  1. Бегоналар болани ўғил қилиб олишади.

“Бахтиёрнома”:

Аллоҳ таборак ва таоло бу фарзанд меҳрини унинг кўнглига солди. Фарзанди йўқлиги боис уни фарзандликка олди.

“Олтин Бешик”:

Бу гўдакнинг борлигини Тангри таолонинг берган неъматларидан билиб, хурсандчилик билан катта иззат ва икром билан кўтариб, ўз манзиллари томон шошилдилар.

  1. Ўғилга қўйилган исм.

“Бахтиёрнома”:

Унинг отини Худойдод қўйди.

“Олтин Бешик”:

Бу жамоатнинг бир гуруҳи болага Олтун Бешик исм қўйдилар… бошқа бир жамоат бу ноёб дурдонани Аллоҳнинг инъоми деб билгани учун Оллоҳберди деб исм қўйдилар.

  1. Бегоналар болага тарбия берадилар.

“Бахтиёрнома”:

Уни ўз ватанига олиб келиб, тарбиясини меҳрибон бир энагага топширди.

“Олтин Бешик”:

Бу қимматбаҳо гавҳар энаганинг оғушида униб-ўсарди.

  1. Бола ўқиб-ўрганиб, малака ҳосил қилади.

“Бахтиёрнома”:

Катта бўлгач, хат-савод ва адаб ўрганиши учун уни мактабга берди. Қисқа муддатда шундай даражага етдиким, уд, барбат ва шу каби нарсаларни чалишда ўз асрида унга тенг келадигани йўқ эди. Ўн бир ёшга етгач, от миниш ва қурол билан муомала қилишни ўрганди ва ботирлиги шу даражада эдиким, беш юз киши билан бир ўзи уруша оларди.

“Олтин Бешик”:

Худонинг лутфу инояти ила оқ-қорани ажратиш ёшига етгач, қанча элат ва қабилалар орасида азиз ва мукаррам бўлди. Устозлардан илм ва адаб ўрганиб, от чопиш, чавгон ўйнаш, ўқ отиш каби ҳунарларни ҳам камолот даражасига етказди. Подшоҳлик ва жаҳонгирлик шартлари бўлмиш ушбу ҳунарларни тўлиқ ўзлаштиргандан сўнг, кўпинча қулон, жайрон, буғу, арслон ови билан машғул бўлди. Мардлик ва жасорат нишонаси унинг фаолиятидан кўриниб турарди, қисқа бир муддатда олам аро машҳур бўлди, ҳар бир анжуманда унинг ахлоқи ва шукуҳи ҳақида афсоналар тўқиларди. Халқ айтардики, бу йигит халққа йўлбошчи ва подшоҳ бўлишга лойиқ ва муносибдир.

  1. Ота-она фарзандлари тақдири ҳақида ҳеч нарса билмайдилар.

“Бахтиёрнома”:

Кўнгилларида қудуқ бошида қолдирган фарзандларининг ҳасратидан ўзга бирор ғашлик йўқ эди. Ўзларига айтардилар: Оё, тупроққа қоришиб, ваҳший даррандаларга емиш бўлмадимикан?!

“Олтин Бешик”:

(Бобур) бир куни салтанат тахтининг устида давлат соқийсининг қўлидан шароб ичардиким, тўсатдан ул кўз қорачиғининг нури ва қалбининг ул суруриким, идрок ҳислари ақл қўли билан уни ҳофиза қўлига топширган эди, хотирига тушди.

  1. Ҳукмдор ота бошқа кишилар воситасида ўғлини топади.

“Бахтиёрнома”:

Бир куни саратон ўз тафтига олган маҳал саҳродан ўтаётган эдим. Бир қудуқ бошига етдим. Зарбоф бир парча матога ўралган бир гўдакни кўрдим. Ўша матодан бугун у тўн қилиб кийибди. Яна ўн дона марваридни унинг бўйнига мунчоқ қилиб осибдилар. Гўдакни кўтариб, уйимга олиб келдим ва тарбия қилдим. Улғайиб, подшоҳнинг яқин кишисига айланди. Бугун эса қаҳри қаттиқ фалак уни шу кўйга солмиш. Подшоҳ буни эшитиб, айтди: Зарбоф тўнни менга бер, маликага олиб кириб кўрсатаман. Фаррухсавор тўнни подшоҳга берди. Подшоҳ тўнни олиб ҳарамга кириб кетди. Маликанинг кўзи зарбоф тўнга тушиб, оҳ уриб, беҳуш йиқилди. Ҳушига келгач деди: Ўғлимдан хабар олиб келдингизми? Подшоҳ деди: Эй малика, билгилки, Бахтиёр бизнинг фарзандимиз экан. Подшоҳ чиқиб, Бахтиёрнинг қўлидан тутди ва ҳарамга олиб кирди. Маликанинг кўзи Бахтиёрга тушиб, уни бағрига босди. Юзини юзига суртиб, беҳисоб бўсалар оларди.

“Олтин Бешик”:

Бобурхон элчилардан шавкатли ва давлатли, аржуманд жигарбандининг саломатлигининг хабарини эшитгач, ичида ловуллаб турган фироқ олови алангаси пасайди ва таскин топди.

  1. Бола (шаҳзода) улғайгач, отаси ўрнига ҳукмдор бўлади.

“Бахтиёрнома”:

Подшоҳ буюрдиким, Бахтиёрни ҳаммомга олиб бориб, шоҳона кийим кийдирсинлар. Шундай ҳам бўлди – Бахтиёрни ҳаммомга олиб бориб, шоҳона кийимлар кийдирдилар, шоҳона бир тожни бошига кийгазиб, салтанат тахтига ўтирғиздилар.

“Олтин Бешик”:

(Бобур) ҳар замон ифтихор тожини осмонга етказардиким, менинг фарзандим Туронзамин подшоҳидир, гоҳида эса, фироқ ўти шиддатидан кўзлари қон ёшга тўларди, баъзида иштиёқ тўфони туғёнидан кўзёшлари Жайҳундек оқарди. Мухтасар айтадиган бўлсак, Бобурхон ҳаёт бўлган пайтларида ўз фарзандининг саломатлиги ва давлат соҳиби эканлигидан ишрат шароби симирарди ҳамда ундан жудолиги андуҳидан ғам оғусидан сипқорарди.

Лавҳалар қиёсидан кўриниб турганидек, икки воқеадаги келтирганимиз парчалар анча ўхшаш. Бу тасодифий ҳол эмас. Шунга кўра Умархон саройи кутубхонасида сақланган, Умархон муҳри қўйилган қўлёзмадаги “Бахтиёрнома” асари асосида “Олтин Бешик” афсонаси “Шоҳномаи Умархоний”да матний кўринишга келтирилган. “Олтин Бешик” афсонаси Умархондан аввалроқ ҳам вужудга келиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин дунё адабиётида қадим даврлардан мавжуд бўлган топиб олинган боланинг кейинчалик подшоликка кўтарилиши воқеаси Қўқон хонлиги учун расмийлашган ҳолатига, яъни “Олтин Бешик” кўринишига, “Бахтиёрнома” асосида келтирилган. Бу тарихий асардаги “Олтин Бешик” афсонасининг муаллифи айнан ким – Мушриф Исфарагийми, Умархонми ёки яна бошқа бир шахсми? Ҳозирча бу бизга қоронғу. Муҳими шуки, “Олтин Бешик” афсонаси биринчи марта айнан Умархон давридаги “Шоҳномаи Умархоний” тарихий асари таркибига киритилган. Мақсад Қўқон хонларининг ўз келиб чиқишлари – шажараларини Темурийларга боғлашларидан иборат бўлган. Бу эса ўз навбатида Қўқон хонлари сулоласининг халқ назаридаги обрўсини оширишга, Темурийлар авлодлари ўлароқ тан олиниш ва ҳурмат қилинишига хизмат қилиши керак эди.

Афтондил Эркинов

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 4-сон