Адҳамбек Алимбеков. Эзгуликка чорловчи “Олтун Ёруғ”

Таниқли олим Насимхон Раҳмоннинг қадимги туркийдан ўзбекчага табдилида “Олтун ёруғ”нинг биринчи (“Фан” нашриёти, 2009) ва иккинчи китоблари (“Мумтоз сўз” ­нашриёти, 2013) чоп этилди. Ҳар қандай қадимий китоб табдили, унга изоҳлар бериш мураккаб ижодий иш бўлиб, теран билим, машаққатли меҳнатни талаб қилади. Айтиш мумкинки, Насимхон Раҳмон бунинг уддасидан чиққан. “Олтун ёруғ”нинг ­биринчи китоби ҳақида матбуотда илиқ фикрлар айтилган эди. Табдил муаллифи мана шу тажрибалардан келиб чиққан ҳолда матнга янада жиддий ёндашгани иккинчи китобда сезилиб турибди.

“Олтун ёруғ” асарининг қадимги туркийдаги тўлиқ номи — Олтин рангли, ёруғ, ялтироқ, ҳамма (нарса)дан устун турадиган нўм подшоҳи номли нўм битиги” дея номланган, ҳозиргача “Олтун ёруғ” деб аталиб келинади. Асарнинг санскритча номи “Суварнапрабхаса”дир. “Олтун ёруғ” “олтин сингари нур” демакдир. Қадимги турк­чадаги матни 710 саҳифани ташкил этади. Хитой тилидан Сенги Сели Тудунг ўгирган. Асар қўлёзмасини 1913 йили рус олими С.Малов Хитойнинг Гансу вилояти Виншгу қишлоғидаги бир ибодатхонадан топган.

Инсониятни тўғри йўлга, комилликка даъват қилувчи бу асар милодий I асрдан бошлаб ХVIII асргача хитой, мўғул, тибет, япон каби бир қатор Шарқ халқлари тилларига таржима қилинган, туркий тилда қайта-қайта кўчирилган. “Олтун ёруғ” судурлардан ташкил топган. “Судур” санскритча сўз бўлиб, “панд-насиҳат, ўгит” маъноларини билдиради. Бу асарни қадимги туркийдан ҳозирги ўзбек тилига профессор Насимхон Раҳмон бир неча йил давомида табдил қилиб, дастлаб “Ўзбек тили ва адабиёти”да, сўнгра журнал вариантини қайта ишлаб, икки китоб ҳолида чоп эттирди. Ҳар икки китобга таниқли тилшунос олим, профессор Ҳамидулла Дадабоев масъул муҳаррирлик қилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Олтун ёруғ” — умумтуркологик ёдгорлик, аммо жаҳон туркийшунослигида мукаммал тарзда, изоҳлар ва каттагина сўз боши билан илк бор Ўзбекистонда чоп этилди. Бу адабиётимиз, умуман, маданиятимиз тарихига қўшилган катта ҳиссадир.

“Олтун ёруғ”ни варақлар эканмиз, буддавийликнинг ақидалари илк бор пайдо бўлган даврда, жонзотларнинг ҳаммаси ҳам улуғ ва шарафлидир, деган бир ўгитни туямиз. Шу ўринда бир далилни алоҳида таъкидлашни истар эдик: буддавийлик милодий II асрда Жанубий Ўзбекистон ҳудудига кенг ёйилган ва қадим аждодларимиз маънавиятининг камол топишига хизмат қилган.

Асарнинг ҳар бир сатрида инсон ҳар доим яратилган қонун-қоидалардан оғишмай яшаса комилдир, деган ақидага дуч келамиз. Шу билан бирга, комилликка эришишнинг шартлари тангрилар тангриси Будда хоннинг саволларга берган жавобларида баён этилади. Бу жавоблар, айтиш мумкинки, “Олтун ёруғ”нинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Будданинг жавоблари унинг юксак инсонпарварлик ғояларига асосланган: жонли мавжудотларга ҳеч қандай зарар етказмасликка ваъда бераман; агар ўз хоҳиши билан бермаса, ҳеч кимдан ҳеч нарса олмайман; эр-хотин ўртасидаги вафодорликка раҳна солмайман; ёлғон гапиришдан ўзимни тияман; ўз устимдан назоратни йўқотмаслик учун маст қилувчи ичимликлардан ва гиёҳвандликдан сақланаман; мечкайликдан воз кечаман ва гарчи мумкин бўлса ҳам кўп таом емайман ва ҳоказо.

“Олтун ёруғ”нинг сўз бошисида Н.Раҳмон муҳим масалаларни ўртага ташлаган. Шулардан бири “Авесто” ва “Олтун ёруғ”нинг яратилишида милоддан олдинги 2 минг йилликда Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга кўчиб борган орийларнинг роли ҳақидаги ўринли фикрлардир. У далилларга таянган ҳолда “Авесто”, “Олтун ёруғ” ва ҳиндларнинг “Ригведа”си алоқалари ҳақида далиллар келтиради. Бу чинакам изланиш, катта илмий баҳсларга ва аждодларимизнинг жаҳон маданияти ва маънавияти ­тарихига қўшган ҳиссасини муносиб баҳолаш учун ҳам бир туртки бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Қадимги матнлар билан ҳозирги матнларнинг гап тузилишида фарқлар катта ва бу табиий. Аммо табдилда мазмун тўлиқ етказилиши шарт. Акс ҳолда матн ва унинг мазмуни моҳиятини йўқотади. Н.Раҳмон мутахассис сифатида “Олтун ёруғ”нинг туб мағзини кенг оммага етказишни мақсад қилиб қўйган ва бу мақсадига эришган, деб ўйлаймиз. Ўзбекча табдилда қўшилган сўзлар шундан далолат беради. Табдилни ўқиганимизда қоқилмасдан, узоқ ўйланмасдан ­силлиқ ўқиймиз.

“Олтун ёруғ” матни худди туркий достонлар, жумладан, ўзбек халқ достонлари матни каби тузилишга эга. Насрий ва шеърий парчалар алмашиниб келади. “Олтун ёруғ”нинг шеърий парчаларини Н.Раҳмон баҳоли қудрат шеърий табдил қилган, “мадҳия”, “шеър” каби адабиётшунослик терминлари қўлланган ўринларда шу ҳолни кузатамиз.

Қадимги туркий матнларни табдил ва бошқа тилларга таржима қилиш мураккаб жараён. Ҳатто В.Радловдай йирик туркийшунос ҳам “Олтун ёруғ”ни олмон тилига таржима қилиб, аммо таржимада хатолар кўплиги учун чоп эттирмаган экан. В.Радлов бундай катта асар олдида масъулиятни ҳис қилгани учун ҳам шундай йўл тутган бўлиши мумкин. Албатта, бундай табдиллар ғайрат, меҳнат, мақсад ва билим орқали юзага келади.

“Қадимги туркийча матнни айнан ағдариш ёки сўзма-сўз таржима қилиш билан натижага эришиб бўлмайди. Матн тайёрлаш учун ўша давр тилини, маданиятини, дини ва бошқа кўп жиҳатларини, айниқса, замон кишилари руҳиятини яхши билиш тақозо этилади. Матн мазмуни бугунги китобхонга тўлароқ етиб бориши, тушунарли бўлиши учун табдилда мазмунига қараб сўзлар, жумлалар ­Н.Раҳмон томонидан тўлдирилган. Бу ерда олимимиз ўзининг соҳада етук мутахассис эканлигини намойиш эта олган”, деб ёзади Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али “Олтун ёруғ”нинг биринчи китоби ҳақидаги “Олтин ёруғ” шуълалари” мақоласида (Муҳаммад Али. Танланган асарлар. Иккинчи жилд. “Шарқ” НАМК Бош таҳририяти, 2012). Бу фикрни қувватлаб, уни иккинчи китобга ҳам татбиқ этиш мумкин. Мана, иккинчи китобдан бир мисол: “… жамики жонзотларни ҳурсанд қиладиган бурхонлар (алоҳида) ажратиб олган иш-амаллари келажак замонларнинг бошидан (ва) охирига етгунча бутунлай йўқолмайди, барҳам топмайди”.

“Олтун ёруғ” фақат ёзма ёдгорлик бўлиб қолмай, балки инсониятнинг соғлом ҳаёт кечириши учун йўл-йўриқлар кўрсатадиган панд-насиҳатлар жамланган китобдир. Очкўзлик, худбинлик ва парокандаликка олиб келадиган иллатлардан ҳам жисман, ҳам руҳан тийилиш инсонийликдир. Ғазабнинг олдини олиш, кўнгил кирларини кетказиб, руҳан покланиш, мушоҳадалилик, қонунга итоаткорлик инсониятнинг безагидир, дея уқтирилади асарда. “Олтун ёруғ” моҳияти ҳақида олимларимиз тадқиқотлар олиб борадилар, китобнинг оммавий нашрлари ҳам яратилади, деб умид қиламиз. Ана шунда асарнинг маъноси, мазмуни яна ҳам теранроқ очилади. Бу асар туркий тилга таржима қилинган илк асарлардан бири сифатида ҳам адабиётимиз тарихи учун аҳамиятли бўлса, иккинчидан асар яратилишида туркий қавмларнинг ҳам ҳиссаси борлиги ҳақидаги Н.Раҳмоннинг қарашлари янги изланишларга асос беради. Учинчидан, “Олтун ёруғ” ўша давр маданий муҳити ҳақида ҳам маълумот берувчи қимматли манбадир. Мазкур нашрларнинг муваффақияти яна шундаки, Н.Раҳмон матнни уйғурча ва туркча нашрлари билан қиёслаб, изоҳлар берган.

Матн яратиш — сермашаққат иш. Агар йиғма ёки танқи­дий матн яратиладиган бўлса, меҳнат яна икки баробар ортади. Бу соҳа заҳматкашлари камлиги боиси ҳам шу. ­“Олтун ёруғ”нинг ўзбекча табдилида айрим ғализликлар учрайди. Масалан, ­Н.Раҳмон аслиятдан узоқлашмаслик мақсадида табдилда ҳам айрим нотабиий парчаларга йўл қўйган. Келгусида “Олтун ёруғ”нинг оммабоп ­нашрида ғализликларга барҳам берилар, деб ўйлаймиз.

Адҳамбек Алимбеков,

ЎзМУ доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 21-сонидан олинди.