Абдумажид Мадраимов. Навоийнинг ҳиндистонлик мухлислари

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий фахрия сифатида ёзган эди:

Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Ҳаётда эса унинг ижоди мухлислари Волга бўйларидан то Нил дарёсигача бўлган ҳудудда, ҳатто Ҳиндистон мамлакатида ҳам кўп бўлганлиги маълум. Машҳур хаттот Султон Али Машҳадий “Хамса” ва “Терма девон”[1]дан нусхалар кўчирган бўлиб, ушбу ноёб қўлёзмаларга Бобурнинг набираси Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ (1556-1605) ва чевараси Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир (1605-1627) саройи кутубхонасида хизмат қилган атоқли ҳинд рассомлари Дҳарамдас, Лаъл, Маноҳар, Мукунд, Говардхан ва Марказий Осиёдан Ҳиндистонга бориб қолган Фаррухбек нафис мўъжаз расмлар ишлаган. Шарқ китобат санъатининг мазкур шоҳ асарлари бугунги кунда Англиянинг Виндзор саройидаги қироллик кутубхонасида сақланмоқда. Бу суратлардан намуналар профессор Ҳамид Сулаймон ва олима Фозила Сулаймонова 1982 йили чоп этган “Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар”[2] номли альбомдан ўрин олган эди.

“Хамса” қўлёзмасининг ўн саҳифаси, қўш зарварақ, тўрт достоннинг унвони нақшлари ҳамда тўртта расм чоп этилган. Унда олтита расм мавжуд.

Чоп этилган расмларнинг биринчиси (альбом, 81-расм) “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Сўз таърифи”га бағишланган 14-бобга ишланган бўлиб, бунда рассом буюк мутафаккирнинг жамият ҳаётидаги сўз ўрнига оид фикрларини юксак бадиий маҳорат билан очиб берган. ХVI аср охирида яшаган ҳиндистонлик рассом шоир ғояларини батафсил, еттита жуфт ёшлар воситасида тасвирлайди. Бу расмни ўша давр дунёқараши бўйича, орзудаги жаннат боғининг тасвири деб аташ мумкин.

Иккинчи расм (83-расм) рассом Дҳарамдас томонидан чизилган бўлиб, унда Алишер Навоий Султон Ҳусайнга “Хамса”ни тақдим этаётгани тасвирланган. Бу воқеа очиқ майдонда, улкан чинор дарахти тагига тикилган шомиёна гилам остидаги тўртбурчак чодирда, улкан гилам тўшалган супада, сарой аъёнлари, созандалар, хорижий либосдаги элчи, совға учун тайёрланган тулпорлар, ов қуши, милтиқ ушлаган икки аскар ва бошқалар иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Учинчи расм (85-расм) ҳам “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Вафо боби”га илова қилинган икки вафодор дўстнинг жанг майдонидаги фидойилигига бағишланган қиссага ишланган. Бу икки дўстнинг ўзаро садоқатини кўрган Амир Темур шаҳар аҳолисининг ҳаётини уларга бағишлайди.

Қўлёзмадаги расмларнинг бири (20-а варақда) асли балхлик, тож-тахтдан воз кечган машҳур тасаввуф вакили Иброҳим Адҳам ва Биби Робия қиссасига бағишланган. Навоий “Иброҳим Адҳамнинг Каъбага намоз била борғони ва Робиаи Адвияға Каъбанинг ниёз била келгони” сарлавҳаси остида машҳур қиссанинг шеърий талқинини келтиради. Маълумки, Иброҳим Адҳам ҳаж амалини адо этишни ният қилиб, ўн тўрт йил давомида ҳар қадамида икки ракаат намоз ўқиб, йўл юриб, Маккага бориб кўрсаки, Каъба ўрнида йўқ.

“Чекти фиғонким, “Бу недур, ё Илоҳ?
Ҳотифе ун бердиким: “Эй пири роҳ,

Бодия қатъида дурур бир ажуз,
Шавқи муҳаббат юкидин қадди гўз.

Заъфдин ул бўлмиш эди, нотавон,
Каъба анинг тавфиға бўлди равон.

Айлади ҳайрон ани бу воқиа,
Боқса кейин кўрди келур Робиа.

Дедиким: “Эй Арш матофинг сенинг,
Каъба қилиб азми тавофинг сенинг.

Кўрки, жаҳон ичра солибсен не шўр!”
Робиа деди ангаким: “Қилма зўр!

Шўр сенингдур бори оламда бил,
Бодия қатъи учун ўн тўрт йил”.

Бу воқеа хулосаси сифатида Алишер Навоий Робия номидан ёзади:

“Сенга самар берди, намозу риё,
Бизга бу бар берди ниёзу[3] фано”[4].

Айни шу воқеа “Ҳайрат-ул аброр” достонининг 25-бобида келтирилган бўлиб, унда чин ихлос намоз ва риёдан афзал кўрилади. Бешинчи рукн ҳажни адо этишда умид, ўтинч ва ёлвориш, ҳар қадамда риё билан намоз ўқиб боришдан афзал эканлиги таъкидланади.

Бу воқеага ҳиндистонлик рассом Говардхан сурат ишлаган. Расмнинг пастки қисмида Оллоҳга мурожаат қилаётган оқ саллали, кўк қабо кийган Иброҳим Адҳам қўллари Робия томонга чўзилган. Юқорида эса, қизил тошдан ишланган масжид ичида Каъбанинг тош асоси, қўллари дуога очилган оқ кийимли Биби Робия тасвирланган.

Юқорида келтирилган қиссадан одам кўнглидаги ихлос билан ибодат қилгани афзалроқ, деган ҳисса келиб чиқади. Бу ибратомуз мазмундаги расмни рассом юксак маҳорат билан ишлаган[5].

Инсонларни эзгуликка чорлаган бу расмнинг пастдаги ҳошиясида “Амали Говардхан” ёзуви бор. Говардхан Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳи Жаҳон даврида яшаб, баракали ижод этган, унинг олтмишдан ортиқ асарлари бизгача етиб келган. У рассом Бҳавонидас ўғлидир. Ўз имзоларига “хоназода” сўзини қўшиб қўйгани подшоҳ хонадонида тарбия топганига ишорадир[6]. Навоийнинг “Хамса” асари қўлёзмасига ишланган расмлар Жаҳонгир ҳукмронлиги даврига, яъни 1605-1627 йилларга тўғри келади.

Альбомдаги тўртинчи (87-расм, 35-а варақ) расм Султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўша давр йирик олими Фахр Розий билан ҳаммомдаги тасодифий учрашувига бағишланган. Султон олимдан охиратда одамлар қай аҳволда бўладилар деб сўраганда, ҳаммомдаги каби, шон-шавкат, қимматбаҳо кийимлар ташқарида қолиб, инсон фақат ўзининг эзгу ишлари ва билими билан бўлади, яъни инсон бу дунёда ўзига керакли нарсаларга эга бўлса, унга ана ўшалар асқотиши мумкин дея жавоб беради. Расмнинг пастдаги ҳошиясида “Амали Говардхан” ёзуви бор. Демак, бу расмдаги кишилар қиёфасини Говардхан Ҳиндистонда қайта ишлаб чиққан.

Хаттот Султон Али Машҳадий томонидан XV аср охирида Ҳиротда кўчирилган “Терма девон” Виндзор қироллик саройи кутубхонасида “Бухоро қўлёзмаси“ номи билан юритилади. Унда еттита расм мавжуд бўлиб, чоп этилган бештасида ҳиндистонлик рассомлардан Фаррухбек, Лаъл, Маноҳар ва Мукунд номлари битилган.

Расмларнинг биринчиси (92-расм) “Хазойин-ул маоний” тўпламининг иккинчи девони “Наводир-уш шабоб”га кирган “сайд” (ов) радифли ғазалга бағишланган бўлиб, расмнинг юқорисида қуйидаги уч байт битилган:

“Билгай ул кофир анга телмурмагимни, билсаким
Не тазаллум бирла қотилни қилур наззора сайд.

Муршиди жозиб тилаб, топмай гум ўлдим, войким,
Бўлди бу саҳрода саййод иста-ю овора сайд.

Телба қушдекдир Навоий кўнгли савдо даштида,
Они то сен айламишсен, эй парий рухсора, сайд”[7].

Расмда саҳродаги шер ови тасвирланган бўлиб, унинг марказида кўк тусли қабо кийган ёш шаҳзода Салим қўнғир рангли от миниб турибди. У эндигина камонидаги пайконини отиб бўлган. Рўпарасида, сал пастроқда ярадор шер. Қўлида ов қушини ушлаган мулозим ҳайрат бармоғини тишлаган. Расм пастида тасвирланган кўкимтир кийимдаги овчининг чап қўлини шер тишлаган. Овчи узун ханжари билан шерни яраламоқда, ўнгроқдаги икки овчи эса унга ёрдамга шошилмоқда. Расмдаги кишилар кийими ХVI аср охири Ҳиндистонга хос. Расм юқорисида, жадвал орасида рассомлар Лаъл ва Мукунд номлари битилган.

Иккинчи расм (93-расм) шоирнинг тўртинчи девони “Фавойид-ул кибар”га кирган 138-ғазал матнига ишланган. Расм остида ғазал матлаъси ва яна бир байт битилган:

“Парвона қаноти ароким, доғ ила қондур,
Ҳажр ўтию ғам яросидин икки нишондур.

Сориқ, қизил алвон била хилъатларинг эй гул,
Раънолиқ эрур улки, либосингда аёндур”[8].

Аммо расм “Фарҳод ва Ширин” достонидаги лавҳага ишланган. Ариқ қазиётган Фарҳоднинг ишини кўришга келаётган Шириннинг оти ботқоқда юролмай қолганда, қаҳрамон гўзални оти билан бирга кўтариб, балчиқдан ўтказиб қўяди. Расм марказида от устидаги Ширин ҳайрат бармоғини тишламоқда. Фарҳод дадиллик билан гўзал ва унинг отини кўтариб шахдам қадам ташлаб кетмоқда. Шириннинг канизаклари ҳам турлича ҳайрат ҳолатида тасвирланган. Расмнинг пастида рассом номи Фаррух деб битилган.

Тўртинчи расм (94-расм) учинчи девон “Бадоиъ-ул васат”даги 230-ғазални безаши керак эди. Расм пастида ғазалнинг қуйидаги уч байти битилган:

“Айлаган қадду юзинг борида сарву гул ҳавас,
Даҳр бўстонида андоқ бўлмағай бир бул ҳавас.

Нозанин қаддинг ниҳоли бирла рухсоринг гулин,
Кўргали не сарв қилдим орзу ва не гул ҳавас?

Сарвинозим бошида то кўрди мушкин кокилин,
Шамъ айлабтур муанбар дудидин кокил ҳавас.

Кўрди то сарв қаду гулдек юзингни боғбон,
Гулшан ичра қилмади шамшод ила сунбул ҳавас”[9].

Ушбу ғазалнинг охирги байти – мақтаъсида шоир ёзган эди:

“Айлади бир холи ҳинду рўзгоримни қаро,
Эй Навоий, тонг йўқ, этсам Ҳинд ила Кобул ҳавас”[10].

Тақдир тақозоси билан улуғ шоир девонининг ушбу ноёб қўлёзмаси Кобул орқали Ҳиндистонга келиб қолган. Подшоҳ Жалолиддин Муҳаммад Акбар ёки шаҳзода Султон Салим (бўлғуси подшоҳ Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир) ўз саройидаги мусаввирларга буюриб, бу ғазални безаш учун аввал яратилган расм асосида кишиларни ХVI аср муҳитига мос кўринишда акс эттиришган. Бу расмда Ҳирот услубидаги бино саҳнида созанда, ҳофиз ва қўлида китоб ушлаган улуғ ёшли шоир Алишер Навоийнинг рамзий тасвири. Очиқ бино ичида шаҳзода ва соқий. Улар олдида ҳам китоб. Бино устида икки гўзал аёл тасвири.

Бу расм таъкидланганидек, аввалги нусхаси асосида ижод қилинган бўлиб, унда бино нақшларига ўзгартириш киритилмаган. Аммо инсонлар қиёфаси, осмон, Ҳиндистонга хос иккита дарахт тасвири киритилган.

Шоир лирик қаҳрамонини таърифлар экан, рассом, шаҳзода ва соқийни ёш ва чиройли йигитлар сифатида юксак маҳорат билан тасвирлаган. Тақдир тақозоси билан “Хамса” ва “Терма девон” қўлёзмаси Ҳиндистонга келиб қолиб, унга ўз даври подшоҳлари Акбар ва Жаҳонгир расмлар ишлатгани ажиб бир ҳолдир.

Девондаги бешинчи расм (95-расм) юқорисида “Бадойиъул васат” девонидаги “мараз” (касаллик) радифли 278-ғазалдаги учинчи байтдан бошланиб қуйидаги беш байт битилган:

“Гар маразнинг лозими дард ўлди, билмон, эй кўнгул,
Дардманд этгайми оз дилситонимни мараз.

Садқаси айланг мени мардудни, эй дўстлар,
Ким заиф этмиш улустин тонлағонимни мараз.

Дардлиғ кўнглум ҳалокин истарамким куйида,
Ёқмиш ул овораи бехонумонимни мараз.

Юз туман мендек куҳан пир ўлса онинг садқаси,
Қилмасун озурда, ё Рабб навжавонимни мараз.

То мариз ўлмиш нигорим – қон тўкар гирён кўзим,
Эй Навоий, дей олурман – тўкти қонимни мараз”.

Ушбу шеърнинг остига сулс ёзувида адхалаллоҳу алжанната” деб битилган. Бу ғазалнинг матлаъси ва иккинчи байти қуйидагича:

“Қилган эрмиш нотавон сарви равонимни мараз,
Зор ўларменким, қилибтур зори жонимни мараз.

Чу топар озор жононим мараздин, йўқ ажаб,
Айласа озурда жони нотавонимни мараз”.

Расмда биз шаҳзода султон Салим, дўсти ва унинг севгилиси тасвирини кўрамиз. Гўзал аёл ўнг қўлини кўксига қўйиб шаҳзода ишқида мараз – касал бўлганини намойиш этмоқда. Бу рассомнинг шеър руҳиятини жуда яхши тушунганини кўрсатади. Улкан дарахт яқинида шаҳзода ўз суҳбатдоши билан ёй ва камон тўғрисида сўзлашаётгандай кўринади. Ўнг томонда эса ўз дарди – касаллигини изҳор қилаётган маъшуқа. Расм пастида нилуфар гуллар қийғос очилган, икки жуфт ўрдаклар тасвирланган.

Олтинчи расмда (96-расм) “Ғаройиб-ус сиғар” девонидаги 355-ғазалнинг охирги беш байти битилган:

“Токи сайдингмен, ишинг невчун ғазабдур чун мудом,
Қуш гирифтор ўлса кўнгли хуш бўлур сайёднинг.

Ўлмоғимни боқма ҳижронингда, эй султони ҳусн,
Қатл ҳукми қилса шоҳ не эрки бор жаллоднинг.

Рокеъ эрдим, чанг уни келди саҳаргоҳ, оҳким,
Борди мутриб нағмасиға ҳосили авроднинг.

Йўл қоронғудир, талаб ноқис, қадам не нав урай,
Ёрумай комил дамидин машъали иршоднинг.

Эй Навоий, неча булбулдек фиғон ул гул учун,
Йўқ анга таъсири чун бу нолау фарёднинг”[11].

Расмда Ҳирот услубидаги бино саҳнида кўнгил очаётган Хусрав сиймоси ёки Ҳиндистон шаҳзодаси султон Салим. Унинг икки тарафида аъёнлари ва мулозимлари. Пастроқда созанда ва хонандалар. Рассом шоир ғазалидаги дардини шундай ифодаламоқдаки, айшу базм ҳам унинг ишқи дардини пасайтира олгани йўқ.

Рассом Фаррухбек номи яна бир миниатюра[12] тагига ёзилган бўлиб, унинг ҳошиясига настаълиқ хатида Алишер Навоийнинг “Эрур” радифли ғазалидан қуйидаги ўн байт битилган:

“Ваҳ не сарвидурки то, хилъат кийибдур савсаний,
Чок ўлуб гул хилъати, булбул иши вайрон эрур.

Савсану сарви агар йўқтур дамимдин боғ аро,
Ўртанибон сарву савсан хулласи барбод эрур.

Айни иффатдин ўшул покиза гавҳар жисмида,
Хилъат эрмаским нақш эткан каби пўлод эрур.

Шоми ғам кўнглум узору хулласин ёд айлабон,
Меҳр ўти ҳар ён бинафш этган булутдин ёд эрур.

Қозғони ғам Бесутун тоғин Навоий илкида,
Ваҳки савсан барги эрмас, тешаи Фарҳод эрур”.

Бу байтлар шоирнинг “Хазойин-ул маоний” тўплами тўртинчи девони “Фавоид-ул кибар”даги 194-ғазалдан олинган[13].

Китобдаги ва миниатюра ҳошиясидаги ғазал матни солиштирилганда, миниатюрадаги учинчи байт нашрда йўқ эканлиги маълум бўлди.

Миниатюра ўртасида қийғос гуллаган савсан дарахтлари олдида, бинафша рангли, булутларнинг рамзий нақши туширилган – устида “савсаний” – бинафша рангли халъат – тўн, ичидан сариқ қабо кийган, елкасига сочиқсифат мато ташлаган, катта салла ўраган, қуюқ қошли, қулоғига сирға таққан ёш йигит тасвирланган. Дарахт шохларидаги гуллар кўркамлигидан хониш қилиб, “иши барбод” бўлаётган бешта булбул турли ҳолатларда нақш этилган. Орқадаги тўқ сарғиш дала ва узоқдаги оппоқ осмоннинг юқори қисмида “ҳар ён бинафш этган” мовий булут тасвири.

Расмнинг ўнг қисмида “Амали Фаррухбек, етмиш ёшида чизган” деган йирик, дағалроқ настаълиқ хатидаги қайд мавжуд.

Бу расм кейинчалик катта зийнатланган лавҳага ўрнатилган бўлиб, пастки ҳошиясига “Амали Фаррухбек” деган настаълиқ хатида битик киритилиб, ҳошиясига ҳинд услубида турли гуллар тасвири билан безак берилган.

XVI асрнинг иккинчи ярми – ХVII аср бошларида Ҳиндистонда жуда машҳур бўлган рассомлардан бири Фаррухбек аслида ким эди?

Мовароуннаҳрлик бўлган Фаррухбек 1585 йилда Акбар саройига келиб, “Тасвирхона”да ўз ўрнини топган.

Фаррухбек Акбарнинг вазири, тарихчи олим Абулфазл Алломийнинг “Акбарнома” ва “Ойини Акбарий” асарларида қайд этилган икки рассомдан биридир. Фаррухбек номи Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгирнинг “Тузуки Жаҳонгирий” асарида ҳам қайд этилган бўлиб, рассом ўз асари учун икки минг рупий мукофот олгани ёзилган.

Ёзма манбаларда Фаррухбекнинг илк ижоди ва ҳаётининг сўнгги йиллари тўғрисида маълумот учрамайди. Рассом Эрондаги сафавийлар ва Мовароуннаҳрдаги шайбонийлар даври ижодкорларининг замондоши эди. У ўз ижодини даставвал Кобул шаҳрида, Ҳумоюн Мирзонинг иккинчи ўғли Мирзо Муҳаммад Ҳаким ҳомийлигида бошлаган бўлиб, яна бир Фаррух Ҳусайн номли рассом билан бирга ижод қилган. Муҳаммад Ҳаким Мирзо вафот этгач, Акбар саройига таклиф этилган.

Бизгача Мирзо Муҳаммад Ҳаким ва унинг хизматкори Ҳожи Ёқут тасвири етиб келган. Бу сурат Фаррух Ҳусайн томонидан ҳижрий 998 йили яратилган бўлиб, Жаҳонгир тузган машҳур “Мураққаъи гулшан” асаридан ўрин олган.

“Мураққаъи гулшан”да Фаррухбек яратган ёш йигитлар ва нуроний мўйсафидларнинг ажойиб расмлар туркуми ҳам сақланиб қолган.

Рассомнинг Акбар тасвирхонасида яратган расми Низомийнинг “Хамса” асари қўлёзмасига ишланган. Китобда ўттиз олтита расм бўлиб, шулардан камида еттитаси Фаррухбекка тегишли. Улардан иккитасини бир ўзи яратган, қолганларини яратишда ёш рассомлардан Дҳарамдас (198-б ва 205-а вв.), Дҳанраж (203-а в.) ва Беҳзод (Хожа Абдуссамаднинг иккинчи ўғли) (209-а, 249-б вв.) иштирок этган. Бу расмларни 1586-1588 йилларда яратилган дейиш мумкин.

Фаррухбек расмларининг тарҳлари Жомийнинг 1556-1565 йиллари яратилган “Ҳафт авранг” асарига ишланган расмларга яқин. Улар ўз ўрнида Алишер Навоийнинг “Девони” расмларига ўхшашдир. Фаррухбек шаҳзода Салим тасвирхонасида хизмат қилган Оқа Ризо, Абулҳасан ва Вишнудаслар каби қайтариқлар чизмайди, балки ҳар бир расм учун алоҳида, ўзига хос тарҳ топишга ҳаракат қилади.

Барча рассомлар учун умумий хусусиятлар шаклланиши уларнинг ижодий ҳамкорлигига боғлиқ, аммо Фаррухбек бундан истисно тариқасида, кейинчалик яратилган асарларини бир ўзи тугаллашга ҳаракат қилганини кузатамиз.

Фаррухбек иштирок этган расмли қўлёзмалардан яна бири “Бобурнома” бўлиб, унинг варақларидан ўн саккизтаси Лондонда, Англиянинг Виктория ва Альберт музейида сақланмоқда. Булардан учтаси 1912 йили Генри Вевер мажмуасида бўлган, ҳозир эса Вашингтондаги Артур М.Саклер галереясида сақланади.

Рассом умри давомида Акбар, сўнгра Жаҳонгир ва кейинчалик Шоҳи Жаҳон хизматида бўлди. Унинг етмиш ёшлигида ўзини бир мўйсафид сифатида тасвирлаган расми бор. Сурат тагига Шоҳи Жаҳон ўз қўли билан “мусаввир Фаррухбек асари ва ўз расми” деб ёзган. Унинг номи тарихчи Абулфазл Алломийнинг “Акбарнома” ва қомусий характерга эга бўлган “Ойини Акбарий” асарида эслатилгани диққатга сазовордир.

Фаррухбек Алишер Навоийнинг “Мажолис-ун нафоис” тазкираси матни лавҳаси битилган варақ ўртасига китоб ўқиётган қора мўйлабли ёш йигит тасвирини ишлаган бўлиб, четда майда настаълиқ хатида “шабиҳи Шоҳ Таҳмосиб, подшоҳи Эрон” деб ёзиб қўйилган. Расм ҳошияси бўлган меҳробий нақш ичида эса қуйидаги ёзув мавжуд: “Икки матлаъ битилур, бири буким:

“Ишқи ту ки, сармояи мулки ду жаҳон аст,
Алминнату лиллаҳки, маро бар дилу жон аст”.

Яна бири буким:

“Риндему ошиқему жаҳонсўзу жома чок,
Бо давлати ғами ту зи фикри жаҳон чи бок”.

Бу фақир аввал назмеким, ўрганибмен, бу сўнгги матлаъдур. Ҳамоно уч ёш била тўрт ёшнинг орасида эрдим. Азизлар ўқимоқ таклифи қилиб, баъзи ҳайрат изҳори қилурлар эрди. Ва маснавийлари ҳазрат мавлоно Жалолиддин (қуддиса сирриҳу) маснавийларининг вазнидаким, “рамали мусаддас”[14] сўзида тугайди.

Бу варақдаги матн Алишер Навоийнинг “Мажолис-ун нафоис” тазкирасидаги шоир ва сўфий Амир Қосим Анвор тўғрисидаги маълумотнинг айнан ўзидир.

Иккинчи рассомнинг ўз расми четидаги меҳробий нақш ичида яна шу тазкирадан қуйидаги матн лавҳаси чиройли настаълиқ хатида битилган:

“…дерлар воқеъ бу турурким, мисраъким:

“Буд дар Табриз саййидзодае”

Андин, гўёки мақсуд ўзларидур ва таржеъларининг банди ва байтдурким:

Туи асли ҳама пинҳону пайдо,
Ба афъолу сифоту зоту асмо.

Ва ул ҳазратнинг муборак марқади Жом вилоятида Харжард қасабасидадур. Фақир ҳам ул остона жорубкашларидинман. Вафотлари санаи хамса ва салосина ва самона миада воқе бўлубдур. Зеро батарки…”

Ўз вақтида ХVI аср тарихчиси Қози Аҳмад Қумий ўзининг “Гулистони ҳунар” китобида “Мажолис-ун нафоис” тазкирасининг Султон Али Машҳадий хатида битилган расмли қўлёзмасини кўрганини ёзиб қолдирган эди. Бу ноёб қўлёзманинг бир варағи АҚШ мажмуаларидан бирида сақланиб қолган бўлиб, Ҳиндистонда у қўлёзманинг баъзи варақларига Фаррухбек расм ишлаган экан.

Бизнинг тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Алишер Навоий давридаги юксак маданият кейинчалик бобурийлар даврида давом эттирилган, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари яратган анъаналар Ҳиндистон заминида Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳи Жаҳон томонидан ҳомийлик қилиниб, давом эттирилган, бунда эса буюк бобокалонимизнинг учта асари – “Хамса”, “Терма девон”, “Мажолис-ун нафоис” тазкираси алоҳида ўрин тутган. Навоий асарларига Ҳиндистоннинг машҳур рассомлари Фаррухбек, Лаъл, Дҳарамдас, Мукунд, Говардхан, Маноҳарларнинг ажойиб расмлар ишлагани қувончли ҳолдир. Бу мумтоз миниатюраларни Ўзбекистон ва Ҳиндистон дўстлигининг ноёб обидалари деб баҳолаш мумкин.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 4-сон

Абдумажид Мадраимов. Тарих фанлари доктори, профессор. 1946 йилда туғилган. “Расмларда Бобур ҳаёти”, “Камолиддин Беҳзод” (О.Усмонов билан ҳаммуаллифликда) рисолалари, “Камолиддин Беҳзоднинг Шарқ маданияти тарихида тутган ўрни”, “Шарқ миниатюра мактаблари” тўпламлари муаллифи, уч жилдлик “Шарқ миниатюралари” номли каталог (инг­лиз тилида), “Тарихий манбашунослик”, “Манбашунослик” дарсликларини яратган. Қатор халқаро анжуманлар иштирокчиси, бир нечта илмий археографик экспедициялар қатнашчиси.


[1] “Терма девон”, хаттот Султон Али Машҳадий, Ҳирот, XV аср охири. Виндзор қироллик кутубхонаси, “Бухоро қўлёзмаси“ деб аталади; уларда ҳиндистонлик рассомлар Фаррухбек, Лаъл, Маноҳар ва Мукунд; “Хамса”, Ҳирот, хаттоти Султон Али Машҳадий, 897/1491-1492 йй. Виндзор қироллик кутубхонаси, Рақами MS. 65 (А8), расмларнинг бирида Дҳарамдас, бошқасида Говардхан номлари битилган.

[2] Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар. Альбомни тузувчи ва сўз боши муаллифлари Ҳамид Сулаймон ва Ф.Сулаймонова. – Тошкент: Фан, 1982. Бундан буён альбом.

[3] Ниёз – ёлвориш, ўтинч, умид.

[4] Алишер Навоий. 10 жилдлик. 6-жилд. “Ҳайрат-ул аброр”. Тошкент, 2012, 102-103-бетлар.

[5] Milo S. Beach. Govardhan: “Servant of Jahangir /Mughal Masters. Further Studies. Edited by Asok Kumar Das. Mumbai. Marg publication.vol. 49 No. 4.1998. 134-145 pp. 2 ill.

[6] Mughal Painters and their works. S.P.Vеrmа. Dehli, 1994, 160-167 pp.

[7] Алишер Навоий. 10 жилдлик. 2-жилд. “Хазойин-ул маоний”, “Наводир-уш шабоб”. Тошкент, 2011, 119-ғазалдан, 124-бет.

[8] Алишер Навоий. 10 жилдлик. 4-жилд. “Хазойин-ул маоний”, “Фавойид-ул кибар”. – Тошкент, 2012, 138-ғазалдан, 143-бет.

[9] Алишер Навоий. 10 жилдлик. 3-жилд. “Хазойин-ул маоний”, “Бадойиъ-ул васат” – Тошкент, 2012, 230-ғазалдан, 235-бет.

[10] Ўша жойда. 11 Алишер Навоий. 10 жилдлик. 3-жилд. “Хазойин-ул маоний”, “Бадойиъ-ул васат”. – Тошкент, 2012, 278-ғазалдан, 283-бет.

[11] Алишер Навоий. 10 жилдлик. 1-жилд. “Хазойин-ул маоний”, “Ғаройиб-ус сиғар”. – Тошкент, 2012, 355-ғазалдан, 376-бет.

[12] The Library of Chester Beatty. A Catalogue of the Indain Miniatures by Th.W.Arnold/ vol.London? 1936. p.25, Pl.64; Ashok Kumar Das: Farrukh Beg: Studies of Adorable Youths and Ventrable Saints / Mughal Masters. Further Studies. Edited by Asok Kumar Das. Mumbai. Marg publication.vol. 49 No. 4.1998. p.105, pl.7.

[13] Алишер Навоий. “Хазойин-ул маоний”, “Фавойид-ул кибар”. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймон. Тошкент: Фан, 1960, 199-бет, 194-ғазал.

[14] Ashok Kumar Das: Farrukh Beg: Studies of Adorable Youths and Ventrable Saints / Mughal Masters. Further Studies. Edited by Asok Kumar Das. Mumbai. Marg publication.vol. 49 No. 4.1998. p.107, pl.10; Алишер Навоий. “Мажолис-ун нафоис”. 10 жилдлик. 9-жилд. – Тошкент, 2012, 292-саҳифа.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!