Абдуллатиф Турдиалиев. Янглиш тасаввур (Яна Муҳйи тахаллусининг ёзилиши ҳақида)

Кейинги йиллари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида адабиётшунослик, хусусан, мумтоз адабиётимиз тарихига доир қизиқарли мақолалар эълон қилинмоқда. Бу мақолаларнинг айримларида муҳим илмий янгилик ҳақида хабар берилса, айримларида эса адабиётимиз тарихидаги баъзи мунозарали мавзулар ҳақида фикр юритилиб, баҳсга чорланади. Жумладан, тадқиқотчи Абдусаттор Жуманазарнинг ўтган йилги газета саҳифаларида эълон қилинган мақолалари айни шундай қизиқарли мақолалардир.

Газетанинг шу йилги 26 июл сонида “Муносабат” рукнида босилган “Муҳйи эмас, Муҳий?” сарлавҳали мақола ҳам баҳсга чорлади. Мақола муаллифи филология фанлари номзоди Абдураҳмон Пиримқулов XIX асрнинг II ярми — XX аср бошидаги Қўқон адабий муҳитининг забардаст вакилларидан бири шоир, муаррих ва хаттот Муҳйи Ҳўқандий(1836 — 1911)нинг тахаллуси “Муҳйи” тарзида ёзилишини нотўғри ҳисоблаб, бу шоир ҳақида махсус тадқиқот яратган А.Муҳаммадиев билан баҳсга киришади ҳамда мазкур тахаллус “Муҳий” тарзида ёзилса тўғри бўлади, деган фикрни исботлашга уринади. Аммо муаллиф Муҳйи ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий адабиётлардан яхши хабардор эмаслиги сабабли янглиш тасаввурга борган. Мақола аввалида у, жумладан шундай деб ёзади: “Кейинги йилларда тадқиқотчилар томонидан XIX аср Қўқон адабий муҳитида “Тож уш-шуаро”, “Шоҳи шоирон” деб эъзозланган зуллисонайн шоир, муаррих ва хаттот Муҳиддин Муҳаммад Ризо охунд ўғли Муҳий Хўқандийнинг адабий тахаллусини “Муҳйи” шаклида ёзиш урфга айланмоқда. Бу урф, менингча, адабиётшунос Н.Зоҳидовнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида (1994 йил, 3-сон) эълон қилинган мақоласидан бошланган”.

Аввало, шуни айтиш керакки, шоир тахаллусининг “Муҳйи” шаклида ёзилиши “кейинги йилларда” эмас, балки бундан салкам олтмиш йил аввал, яъни Қўқон адабий муҳити илмий ўрганила бошлаган XX асрнинг 50-йилларидан бери илмий муомалада. Таниқли адабиётшунос олимлар — Ҳоди Зарифов “Муқимий” (1955), Ҳошимжон Раззоқов “Завқий” (1955) китобларида, Ғулом Каримовнинг Муқимийнинг икки томли асарлар тўплами(1960)га ёзган сўзбошисида, “Муқимий” монографияси (1970) ва Ўзбекистон халқ шоири Собир Абдулланинг “Мавлоно Муқимий” (1965) асарларида ҳам бу тахаллус “Муҳйи” шаклида берилган. Фақат бу муаллифлар ўз тадқиқотларининг объекти Муҳйи бўлмаганлиги боис бу тахаллуснинг келиб чиқиши, луғавий маъноси ҳақида тўхталиб ўтирмаганлар. Шўролар даврида Муҳйи “реакцион, сарой шоири” деб қаралгани учун бунга алоҳида эътибор берилмаган. Шоир ҳаёти ва ижодини чинакам илмий ўрганиш фақат мустақиллик йилларида бошланди. Бу борада “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган мақолалар диққатга сазовордир. Бу газета саҳифаларида атоқли адабиётшунос олим профессор А.Ҳайтметовнинг Муҳйига бағишланган “Тақдир ва таҳсинга лойиқ” (1992 йил, 6 октябр), профессор И.Абдуллаевнинг “Шоир қадри” (1993 йил, 5 март), профессор Ш.Юсуповнинг “Муқимий ва Муҳйи” (1996 йил, 21 ноябр) сингари жиддий мақолалари чоп этилди. Буларнинг барчасида шоир тахаллуси “Муҳйи” шаклида тўғри ёзилган. Зеро, бу атоқли олимлар мумтоз адабиётимизнинг, араб-форс тилларининг билимдонлари эдилар. Профессор А.Абдуғафуровнинг шу газетада эълон қилинган “Муҳйининг суддан ҳам олдин чиқарган ҳукми” (1997 йил, 5-сон) мақоласида ҳам “Муҳйи” деб ёзилган.

А.Пиримқуловнинг янглиш тасаввури “Муҳйи” сўзининг ўзагини “муҳ” деб билганидан келиб чиққан. У мақоласида шундай деб ёзади: “Боз устига ўзаги “ҳ” билан тугайдиган тахаллуслар туркий адабиёт тарихида жуда кўп учрайди. Аммо уларнинг бирортасида “йи” қўшимчаси кўзга ташланмайди. Мабодо шундай ҳол жорий ёзувдаги номларда учраса, билингки, у табдилчи-ноширнинг жузъий хатосидир”. Биринчидан, “Муҳйи” сўзининг ўзаги А.Пиримқулов ўйлаганидек, “муҳ” эмас. Ўзак — сўзнинг асосий маъноси билдириб, бошқа маъноси қисмларга бўлинмайдиган энг кичик маъноли қисм, демакдир. “Муҳ” ўзагида ҳеч қандай маъно йўқ. Аслида “Муҳйи” арабчадан олинган бўлиб, араб тилидаги “аҳйа” (жонлантириш, тирилтириш) феълидан ҳосил бўлган. “Муҳйи дегани “жонлантирувчи, тирилтирувчи” демакдир. Муҳйиддин — динни тирилтирувчи, жонлантирувчи деган маънони англатади. Иккинчидан, бу сўздаги “йи” тахаллус қўшимчаси эмас, балки сўзнинг таркибий қисмидир. “Муҳйи” сўзи икки томлик “Персидско-русский словарь”нинг иккинчи томи(Москва, 1983, 478-бет)да ҳам шу шаклда берилиб, “оживляющий, животворный” (жонлантирувчи, тирилтирувчи), деб таржима қилинган. Хуллас, “Муҳйи” тахаллуси “Муҳий” тарзида эмас, олтмиш йилдан бери қандай ёзилиб келинган бўлса, шундай ёзилиши керак. Чунки бу илмий жиҳатдан тўғридир.

Абдуллатиф Турдиалиев,

филология фанлари номзоди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 46-сонидан олинди.