Абдулҳамид Нурмонов. Cўз мулкига сайр

http://n.ziyouz.com/images/erkin_vohidov1.jpgТалабалик ва аспирантлик йилларимизда Эркин Воҳидовнинг номи ёшлар ўртасида жуда шуҳрат топган, шоирнинг, айниқса, “Ўзбегим” қасидаси эл ўртасида оғиздан тушмайдиган бўлиб қолган эди. Шу даврларда мен Эркин Воҳидов қиёфасида, нимагадир, Алишер Навоийни тасаввур қилардим. Ғазалларининг пурмаънолиги, оҳангининг сержилолиги Навоийни эслатаверар эди.

Мана, орадан ярим аср вақт ўтибдики, тасаввурим алдамаганининг гувоҳи бўлиб турибман. Бугун “Ёшлик девони”ни ўқиб, “Ғаройиб ус-сиғар”ни, “Сўз латофати”ни варақлаб, “Муҳокамат ул-луғатайн”ни хаёлимга келтираман. Бу икки шеърият даҳоси ўртасида қандайдир туташ нуқталарни кўриш қийин эмас. Алишер Навоий “туркийда гўзал асарлар ёзиш мумкин эмас”, деган ақидага ўзининг “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” сингари асарлари билан чек қўйган бўлса, Эркин Воҳидов “ғазал ўз умрини ўтаб бўлди, ҳозирги воқелигимизни бу жанр орқали ифодалаб бўлмайди”, деган ақидани ўзининг девони билан чиппакка чиқарган эди.

Форсигўйлик таъсири ва анъанаси туфайли туркийзабон шоирлар ҳам форс тилида ижод қилаётган, натижада туркий тил латофати яширин қолаётган бир пайтда, Алишер Навоий бу тилнинг нафосатини ўз бадиий асарлари билан амалда намойиш қилиб берган ва туркий тилнинг форсийдан кам эмаслигини, ҳатто кўп ҳолларда ифода имкониятлари кенгроқ эканини “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида асослаб берган бўлса, Эркин Воҳидов шўролар юритган тил сиёсати натижасида ривожланиш имкониятлари чекланган тилимизнинг ғамхўри сифатида майдонга чиқди ва бизни қуршаб турган оламнинг турфа рангларини ифодалаш учун беқиёс катта имкониятлари мавжудлигини “Сўз латофати” асари орқали ёритиб берди.

Тил – миллат қалби. Тил бор – миллат яшайди. Шундай экан, миллатини севган ҳар бир инсон тилининг тақдирига бепарво қараб туролмайди.

Тилимиз хазинасининг сергак посбонлари қатор изланишлари билан уни қўриқлаб, такомили учун курашиб келганлар. П.Қодировнинг “Тил ва эл”, А.Рустамовнинг “Сўз хусусида сўз”, Н.Маҳмудовнинг “Тилимизнинг олтин сандиғи”, Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси”, Эшқобил Шукурнинг қатор мақолалари ана шундай асарлар сирасига киради. Бугунги ўзбек назм гулистони андалиби Э.Воҳидовнинг ушбу асари эл билан тил ҳақида эл тилида тиллашиши, тил жумбоқларини жонли тил билан ечиб беришга уриниши билан ажралиб туради.

Асар дур маржони доналаридек тизилиб турган 37 мақоладан иборат. Шулардан 28 мақола тилимизнинг хилма-хил муаммоларига, 9 таси ғазаллар таҳлилига бағишланади.

Алишер Навоий сўзни дуру гавҳарга, сўзловчини ғаввосга қиёслаган ҳолда, дарё­дан гавҳар ғаввос воситаси билан жилва намойиш қилиши ва ғаввоснинг баҳоси гавҳарига кўра белгиланиши, сўз дури нотиқ воситаси билан сайқал топиши ва нотиқнинг маҳорати ҳам сўзни жилвалантириш қобилияти билан белгиланишини, гавҳар қиймат жиҳатидан турли даражаларга – бир дирамдан юз тумангача бўлингани каби, сўз дури ҳам турли даражага эга бўлишини баён қилган бўлса, Э.Воҳидов сўзни забаржад, гавҳар, олтинга, шоирни заргарга қиёслайди. Заргар олтинни ҳавас билан кафтига олиб, ундан машаққатли меҳнати натижасида гўзаллик яратса, шоирлар сўзга меҳр қўйгандагина, таъсирчан мисралар ярата олади.

Сўз – гавҳар, олтин,

Заргарликнинг машаққати кўп.

Сўзни байтга қадашдан олдин

Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!

Сўзнинг пайдо бўлиши ҳақида антик даврдан буён баҳс-мунозаралар тўхтамайди. Қадимги юнон олимларининг бу масалада икки қарама-қарши гуруҳга бўлинганликлари, бири ном билан у ифодалаган нарса ўртасида боғлиқлик мавжудлиги ғоясини илгари сурса, иккинчи гуруҳ эса, аксинча, ҳеч қандай алоқа йўқлигини, шунинг учун бир нарса турлича номланишини баён қиладилар.

Афлотун ҳар икки гуруҳнинг фикри бир ёқлама эканига танқидий ёндашган ҳолда, ном билан у ифодалаган нарса ўртасида табиий муносабат ҳам, шартли муносабат ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

“Ибтидо” мақоласида ҳам ана шу азалий ва абадий муаммо ўзбек тили материаллари асосида қизиқарли бир шаклда кўтарилади. Муаллиф узум, ғужум, қултум, ютум, тузум қурум; тувак, чапак, қарсак, юрак, кўкалдош сингари ясама сўзларда ясаш учун асос билан ясовчи қисм ўртасида мазмуний мувофиқлик, сабабийлик муносабати мавжудлигини тўғри таъкидлайди. Туб сўзлар нима учун шундай дейилиши, нима учун кўриш органини туркийлар кўз, араблар айн, форслар чашм, руслар глаз номлари билан юритиши, нега тошни бизнинг аждод тош дегани, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлигини баён қилиб, бу сир-синоат олами экани, у олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверишини яна бир бор тасдиқлайди ва кейинги мақолаларда ўқувчини сўзнинг сирли оламига сайр қилишга етаклайди.

Муаллиф сўзнинг шакли ва маъноси ўртасидаги муносабатнинг умуман эркинлигини маъқуллаган ҳолда, ундов ва тақлид сўзлар ҳамда улардан ясалган сўзларда бу икки томон ўртасида боғлиқлик мавжудлигини ишонарли далиллар билан исботлайди. Бу билан тилнинг пайдо бўлишида ундов ва тақлидларнинг маълум даражада роли борлигини, тилнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ундов, товушга тақлид назариялари тамоман пуч назария эмаслигини кўрсатиб беради.

Китобда баён қилинишича, қадимги аждодларимиз тоғдан шовуллаб тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганини шаршара деб атаганлар. Қушларнинг лак-лак қилгани лайлак (аслида, лаклак), қағиллагани қарға бўлган. Чуғурчуқ, олашақшақ, какку, ғулғул (курка), булбул сингари қуш номлари; тўқмоқ (тўқиллаб ургани), тақа (туёқ остида тақиллагани), занг (зангиллаган қўнғироқ) сингари буюм номлари; данғ (донг) (донғиллаган садо), данғиллама (донг чиқарган) сингари сўзлар ҳам товушга тақлидга боғланади.

Гарчи асар бошида адиб муқаддас китобларда баён қилинган аввал кун “бўл” сўзи яралган, деган фикрни келтирса ҳам, муаллиф кейинчалик тақлид назариясига шу қадар берилиб кетадики, неандертал одам, яъни росмана инсонга айланмаган ибтидоий онг эгасининг биринчи сўзи тошни тошга уриб чақ этган товушга тақлидан чақ деган сўз бўлган, деган фикрни айтади. Адибнинг фикрича, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғоқ чаққан, боласига ҳам чақ!.. деб буюрган. Бора-бора тошдан ўт чиқариб уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам чақ бўлди. Кейинчалик чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди. Чақанинг ўзи бир неча маънода қўлланилди: тош бир-бирига урилганда учган ери чақа, тошга қоқилганнинг оёқ бармоғи чақа, кўп гапирганнинг тили чақа.

Тош майдалаб чақа деган инсон учун ҳамма майда нарсалар чақа бўлди. Пул майдалаб чақа деди. Майда боласини бола-чақа деди. Энг майдаси чақалоқ бўлди.

Тараққиёт инсонга ақл-заковат берди. Заковатли инсон тош чақишдан гап чақишга ўтди, тошдан учқун чиқарган бўлса, гапдан ўт чиқарди. Чақимчи, чақмачақар, чақимчилик, чақ (1) илоннинг тишлагани, чаённинг найза санчиши; 2) гугурт чўпини ёндириш; 3) сўз мағзини тушуниш), чақув, чақчақлашув сўзлари ҳам ана шу ибтидоий чақдан келиб чиққанлиги айтилади.

Бу сўзларнинг ҳаммасида мазмуний боғланиш мавжудлиги кўрсатиб берилади. Ўзбек тилидаги чақ сўзи билан мазмунан боғлиқ бўлган барча келтирилган сўзлар юзасидан билдирилган фикрларга қўшилиш мумкин. Лекин бу сўзни ибтидоий одамнинг биринчи сўзи бўлган, деган фикрини шоирнинг шахсий фантазияси, муболағалаштириш натижаси сифатида баҳолашга тўғри келади. Чунки ибтидоий одам дастлаб дунёнинг қайси тилида сўз айтган? Бу масала шу кунгача ечиб бўлмайдиган жумбоқ саналади. Бир вақтлар академик Н.Я.Марр инсоннинг дастлабки фонетик тили сомий тиллар (тўғрироғи, ўзи мансуб бўлган кавказ тиллари)даги тўрт элементдан (сал, бер, йон, рош сўзларидан) иборат бўлган, деган фикрни олға ташлаган эди. Агар ибтидоий одамнинг илк сўзи чақ бўлган деган шоир фикрига қўшилсак, дастлабки инсон ўзбек бўлган экан-да, деган хулосага келинади.

Тил – бир уммон. У шевалардан, бошқа тиллардан оқиб келган жилғалар ҳисобига тўлиб-тошиб туради. Шунинг учун тилнинг луғат таркиби очиқ система, дейилади. Жамият тараққиётида янги-янги тушунчаларнинг дунёга келиши билан тилда уларнинг номлари ҳам пайдо бўлади. Ёки бир нарсанинг турфа номлари майдонга келиб, ифода имкониятларини кенгайтиради. Э.Воҳидов “Уч дарёдан сув ичган денгиз” мақоласида тилимизнинг ички ва ташқи омиллар асосида ривожланиб бориши ҳақида фикр юритади. Адиб “ўзбек тилининг буюк денгизи уч буюк дарё – туркий, арабий ва форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, ҳинд, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳраманд бўлган”ини тўғри таъкидлайди.

Ана шу дарёлардан сув ичган ўзбек тилининг лексик имкониятлари ғоят кенглигидан адиб фахрланади. Хусусан, биргина “осмон” тушунчасининг ўндан ортиқ номининг камалак рангларидек товланиб туришини таъкидлайди. Масалан, осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк, арш, даввор, мину ва бошқалар.

Дарҳақиқат, бошқа тиллардан сўз олмаган бирорта тил йўқ. Барча тиллар ўзининг ички имкониятлари билан бирга, ташқи омиллар ҳисобига ҳам бойиб боради. Тилимизга кириб келган арабий, форсий сўзларни соҳалар бўйича тасниф қилар экан, муаллиф диний, илмий, ижтимоий атамаларнинг кўпи араб тилидан, бир қатор иш қуролларимиз, жомадон, ҳокандоз, дастшў, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандчиликка оид сўзларимиз, шунингдек, юксак шеърий услубга хос суханлар форс тилидан олинганини, айрим сўзларнинг ўзбекчаси ҳам, форсчаси ҳам тилимизда баробар ишлатилишини баён қилади. Масалан, арабча Оллоҳ, форсча худо, ўзбекча тангри; ўзбекча юрак, арабча қалб, форсча дил; арабча исм, форсча ном, ўзбекча от; арабча лисон, форсча забон, ўзбекча тил каби. Буларнинг барчаси ўзбек тилидан мустаҳкам ўрин олиб, ўзимизники бўлиб кетган. Шу сабабдан тилимиз бой ва рангин экани, ҳеч бир бошқа тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати – туюқ ўзбек тилида борлиги, ҳеч бир бошқа тилда йўқ аския, сўз ўйини бизда мавжудлиги таъкидланади.

Ўзбек тили, умуман туркий тиллар бошқа тиллардан сўз олиши билан бирга, бошқа бир қатор тилларга сўз ҳам берган. “Ой фарзанди” мақоласида туркий сўзларнинг дунё кезгани ҳақида фикр юритилади.

Келиб чиқиши можар бўлган америкалик турколог олим Андраш Бодроглигетти номини ўзбек тилшунослари яхши билади. Гарчи бу фамилия туркийчадан анча узоқ кўринса ҳам, Андраш домланинг ўзи Эркин Воҳидовга фамилиясининг соф туркча Бадр (ой) огли гетти сўзлари бирикувидан ҳосил бўлганини айтади. Шу насаб орқали туркий сўзларнинг дунёнинг тўрт тарафига тарқалгани ва туркий сўзларнинг тил эгалари билан биргаликда бошқа юртларга ёйилгани ҳақида файласуфона мушоҳада юритилади.

“Бадр ўғли кетди” насабини эшитиб, хаёл шоирни минг йиллар нарида Итил ва Ёйиқ соҳилларида яшаган, кейин Волга ва Урал деб аталадиган дарёлардан сув ичиб, бепоён кенгликларда от сурган ўзбеклар юртига олиб кетади. Халқимизнинг татар, булғор, можар, ўрус эллари билан елкадош кун кечирган яйловлари кўз олдига келади. Хаёлан ўн минг йиллар олисда Сибирдан Аляскага кўчган туркий қабилаларнинг қўшиқларини эшитади. Арабча бадр, форсча моҳ, ўзбекча ой бўлади. Бадр ўғли, Моҳ ўғли, Ойбек арабий, форсий, туркий маънодаги сўзлар эканини таъкидлаган ҳолда, инг­лиз адиби Редярд Киплингнинг Ҳиндистон мавзусида ёзган асарининг бош қаҳрамони Маугли номини ҳам адиб маҳ ўғлига боғлайди. Бир қарашда, бундай боғланиш ножоиздай кўринади. Лекин муаллифнинг тарихий, лингвистик ва мифологик асосларини ўқисангиз, бу боғланишда асос борлигига ишонч ҳосил қиласиз ва шоир фантазиясига қойил қоласиз.

Тарихий асос шундаки, муаллиф Жавоҳарлал Нерунинг Марказий Осиёликлар дастлаб Ҳиндистонга тўрт минг йил муқаддам кўчиб кела бошлаган, деган фикрига таяниб, туркий қавмлар ҳам улар орасида бўлган, бу қавмларнинг қадимий ривоятлари, достонлари ҳам Ҳиндистонга борган, деган хулосага келади.

Лингвистик асос шундаки, туркий ой, арабча бадр, форсча моҳ дейилади. Адиб фикрича, ой ёнида бадр ҳам, моҳ ҳам ишлатилган. Маҳ ўғли сўзидаги ҳ ундоши тушиб қолиб, Маугли деб талаффуз қилинган, деган ғояни илгари суради.

Мифологик асос шундаки, ривоятлар турк наслини бўри зотига боғлайди, она бўри эмизиб катта қилган, дейилади. Бошқирд шоири Мустай Карим ҳам ўз халқининг номини Бош қурд, яъни Бош бўри деб ишонч билан айтганини, Мауглига ҳам бўри оналик қилганини, демак, боғланиш борлигини баён қилади.

Муаллиф “Исмияминнинг исми Яминми?” мақоласида ҳам исм-насаблар этимологияси ҳақида фикр юритишда давом этади. Унда ҳазрати Яъқуб алайҳиссалом Роҳила исмли хотинидан кўрган фарзандининг исмини иброний тилида “ўнг қўл” маъносини берувчи Бенямин деб қўйгани, бу номни Қуръони Карим тафсирларида Ибн ямин шак­лида ифодалангани, Ғарбга бу ном Бенжамин шаклида тарқалгани, ўзбекчада Ибниямин, Эмниямин, Исмиямин шаклида ишлатилгани тўғри кўрсатилади.

“Кенгуру ва Белмес” мақоласида ҳам бошқа тилларга туркийдан ўтган сўзлар ҳақидаги фикр давом эттирилади. Унда инглиз сайёҳи Жеймс Кук Австралияда ўзига номаълум ҳайвоннинг номини сўраганда, улар инглиз тилини тушунмай бир-бирларига қараб кенгуру дейишгани, бу сўз, аслида, “тушунмадим” маъносини билдиргани, Кук эса бу ҳайвоннинг номи кенгуру экан деб дафтарига ёзиб олгани, натижада бу ном дунёга тарқалгани баён қилинади. Худди шунга ўхшаш ҳодисалар туркийлар билан руслар ўртасида ҳам мавжуд бўлганини балбес сўзи орқали очиб беради. Муаллиф рус тилидаги балван, ералаш, кавардак, пост, караул, есаул, калпак, штаны сингари бир қанча сўзларнинг туркий эканини, уларнинг асл маъноларини тўғри ёритиб беради.

Асарда сўз маъноси, ундаги мазмуний ўзгаришлар ҳақида жуда қизиқарли материаллар берилади. Хусусан, “Маош ва ош” мақоласида ўзбек, араб, форс, ҳинд тилларида учрайдиган жаҳонгашта сўзларнинг қисмати, улардаги маъно ўзгаришлари ҳақида фикр юритилади. Мақолада таъкидланганидек, маош деганда биз бугун ойлик, иш ҳақини тушунамиз. Аслида, бу сўзнинг маъноси “тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқ” эканини, Алишер Навоий ҳам “Маош айламоқ аждаҳо комида”, дея бу сўзни худди шу маънода қўллаганини баён қилади. Маош сўзининг ҳозирги ўзбек тилидаги “иш ҳақи” маъноси асл “ҳаёт кечириш, яшамоқ” маъносининг тараққиёти, унинг ҳосиласи экани таъкидланади. Муаллиф фикрича, қадимдан давлат хизматидаги кишиларга маош тайинланган, яъни тирикчилиги таъминланган. Шу асосда Э.Воҳидов маош сўзининг “ҳаёт кечириш, тирикчилик” маъноси билан “иш ҳақи” маъноси ўртасида боғлиқлик мавжудлигини очиб беради. Бу сўз билан ўзакдош бўлган “яшамоқ” маъносидаги маишат сўзи бугун ўзбек тилида “айш-ишрат” маъносини билдиришини, урду тилида сўзлашувчи ҳиндлар эса бу сўзни “иқтисод” маъносида қўллашини баён қилади.

Муаллиф дунёнинг турли тилларига тарқалган жаҳонгашта сўзларнинг ҳар қайси тилда бир-бири билан боғлиқ, лекин бошқа-бошқа маъно ифодалашига жуда қизиқарли фактлар келтиради. Жумладан, ҳинд тилида камина сўзи “тубан”, “пасткаш” маъносида, муҳбир сўзи “айғоқчи”, “жосус” маъносида, таклиф сўзи “кулфат”, ифлос сўзи “қашшоқ” маъносида ишлатилишини, ифлос, муфлис сўзлари мумтоз адабиётимизда ҳам “фақир”, “йўқсил” маъносида қўлланилганини таъкидлайди. Ўзбек тилида “парҳез” маъносида ишлатилувчи диета, аслида, юнон тилида “таом” маъносини билдирганини, қадимги Юнонистонда энг юқори давлат органи бўлган халқ мажлиси аъзоларига бериладиган иш ҳақи ҳам диета дейилганини баён қилади. Адибнинг мушоҳада доирасига тан бериш керакки, у ўзбек тилига кириб келган ва мазмунан тилимизда бир-биридан анча узоқ бўлган келиб чиқиши юнонча диета сўзи билан асли арабча маош сўзи мазмуний мундарижасида умумийликни кўради. Юнонча диета сўзининг “ҳаёт кечириш” маъноси ҳам, “тановул” маъноси ҳам, “маблағ” маъноси ҳам арабча маош сўзининг маъноларига мувофиқ келишини кашф этади.

“Бўйинбоғ десанг ўлармидинг”, “Зимистон”, “Қойил” сингари мақолаларда ҳам жаҳонгашта сўзларнинг ана шундай маънолари ҳақида фикр юритилади.

“Бўйинбоғ десанг ўлармидинг” мақоласи мазмунан Жалолиддин Румийнинг маънони тушунмасдан сўз шаклига қараб ўзаро ихтилофга киришган турли тил вакиллари ҳақидаги ҳикоятини эслатади. Бу мақолада ўзбек тилидаги “ётишга хосланган уй анжоми” маъносидаги крават сўзи турк тилида “галстук” маъносида қўлланилиши, бир сўзнинг икки тилдаги икки хил маъносини тушунмаган ўзбек ва турк тили вакиллари бу сўз орқали жанжал қилиш даражасига борганини жуда қизиқарли ҳикоят билан баён қилиб беради.

“Зимистон” мақоласида форсча “қиш” маъносидаги зимистон сўзининг қандай қилиб ўзбек тилида “қоронғулик, зулмат” маъносига ўтиб қолиши ҳақида гап боради. Қиш қандай қилиб қоронғуга айланганидан, бу икки сўз тамоман бошқа-бошқа тушунчаларни билдиришидан ҳайратга тушган адиб унинг сабабини қидиришга бел боғлайди ва жавобини:

Ялдо кечаси бирдур, бир йилда бир ялдо,

Ё раб, бу нечук ялдо? Бир йилда икки ялдо! – деган чистондан топади. Чистоннинг маъноси: Ялдо кечаси бир йилда бир келади. Лекин бир ойда икки ялдо бор. Чистонга шоир шундай жавоб беради: Ёрнинг юзи – ой, икки ўрим сочи қоралиги ва узунлиги билан – ялдо кечаси. Бир ой юзли икки ўрим сочини ташлаб қўйса, бир ойда икки ялдо бўлади. Шундан адиб хулоса чиқарадики, қиш кечасининг узун ва қоронғулиги учун зулматли тун, зимистон қоронғуси дейилган, яъни қиш қоронғуси. Зулмат қоронғусининг қандай қилиб зимистон бўлиб қолганини тилда мавжуд бўлган сўзларнинг товуш томонини тежашга интилиш тамойили асосида тушунтиришга ҳаракат қилади.

Дарҳақиқат, инсон ўз амалий фаолиятида кам куч сарфлаб кўпроқ натижага эришишга интилади. Ана шундай интилиш тилда фонацион воситаларни тежашда кузатилади. Сўзда ёки гапда маъно сақлангани ҳолда, товуш томони қисқартирилади. Масалан: 1. Муҳаммад шариф→Мамашариф→Машариф; 2. Ўқиган одам – олим, ўқимаган одам – золим→Ўқиган – олим, ўқимаган – золим. Келтирилган мисолларнинг биринчисида товушлар, иккинчисида сўзлар маънога таъсир этмаган ҳолда тушиб қолган. Тушиб қолган сўзнинг маъноси олдидаги сўзда сақланган.

Адиб тилдаги ана шу қонуният асосида зимистон қоронғуси бирикмасидан қоронғуси сўзи тушиб қолиши натижасида унинг маъноси зимистон сўзига юкланганини айтади.

Асли “совуқ” маъносини ифодаловчи хунук сўзининг ҳозирги ўзбек тилида “кўрксиз”, “бадбашара” маъносига ўзгариб қолишини ҳам худди ана шу тежаш тамойили асосида тушунтириб беради. Муаллифнинг фикрига кўра, аввалда хунук сўзи “совуқ” маъносида тўғри ишлатилган. Турқи совуқ одамни турқи хунук дейилган. Кейинчалик турқ сўзи тушиб қолиб унинг маъноси ҳам совуққа юкланган.

Асли “истак, хоҳиш” маъносини ифодаловчи таманно сўзининг ҳозирги ўзбек тилида “нозу карашма”, “танноз” маъносини ифодалашини ҳам фонацион энергияни тежаш тамойили асосида таманно аёл “Истаги кўп аёл” бирикмасидан аёл сўзининг тушиб қолиши натижаси эканини изоҳлаб беради.

Ҳозирги ўзбек тилидаги “ювилган, артилган, пок” маъносидаги тоза сўзи асли “янги” маъносини, ҳозирги “уқувли, маънили” маъносидаги тамиз(ли), “уқувсиз, маънисиз(одам)” маъносидаги бетамиз сўзлари, аслида, “пок, ювилган” (тамиз), “ювуқсиз, нопок” (бетамиз) маъноларини билдирганини баён қилади. Бу фикрлар адибнинг сўзга, унинг маъно тараққиётига нақадар синчковлик билан эътибор берганининг, нозиктаъб шоирлик билан синчков сўзшунослик қобилияти омухта бўлганининг ҳосиласидир.

Сўз маъносининг ўзгариши ҳақидаги фикрлар ранг сўзи мисолида ҳам давом эттирилади. Ҳозирги ўзбек тилида “хийла” маъносидаги найранг сўзининг ҳам ранг сўзига боғлиқлиги форс тилида “ҳар ранг” маъносидаги не ранг араб ёзувидаги “ёй” ҳарфининг икки хил ўқилиши боис найрангга айланиши, бу сўзнинг “ҳар ранг” маъносининг “хийла, алдов” маъносига ўтишида “кўзни алдаб ҳар рангда тусланиш” белгиси асос бўлгани баён қилинади.

Ҳозирги тилимизда “олов” маъносидаги алвон сўзи асли араб тилида “ранг” маъносидаги лавн сўзининг кўплигидан юзага келганлигини таъкидлаб, ранг сўзининг турфа маънолари хақида баҳс юритади.

Муаллиф Навоий асарлари луғатида бу сўзнинг фақат бешта маъноси кўрсатилганини баён қилган ҳолда, ўзи форс тилида ёзилган “Канзул луғот”, “Мунтаҳобул луғот”, “Бахрул жавоҳир”, “Луббул албоб”, “Кашфул луғот”, “Фирдавсул луғот” сингари ҳали Респуб­ликамиз олимларининг қалами етмаган ўттиздан ортиқ луғатлар хазинасидан ранг сўзининг ўттиз бир маъносини топади. Бу билан шоир ноёб шарқшунослик қобилиятини ҳам намоён қилади.

Адиб ҳозирги луғатшунос олимлар олдига аждодларимиз қолдириб кетган ана шундай нодир луғатларни нашр этиш ва улар бағрида яшириниб ётган, лекин бугунги кун воқелигини ифодалаш учун жуда зарур бўлган юзлаб сўзларни истифодага киритишдек долзарб вазифани қўяди.

Адиб пул сўзи форс тилида “кўприк” маъносини ифодалагани, унинг ўзбек тилидаги “қимматли қоғоз, купёр” маъноси билан форс тилидаги “кўприк” маъноси ўртасидаги боғлиқликни ҳам очиб беради: кўприк қирғоқларни туташтирса, қимматли қоғоз одамларни бирлаштиради.

Сўз маънолари тараққиётида бир сўзни тамомила қарама-қарши маънода ишлатиш ҳам тилимизда кўп учрайди. Бундай ҳодисага тилшуносликда энантиосемия дейилади. Мазкур ҳодиса туркий тилларда қадимдан мавжуд бўлиб, Маҳмуд Кошғарийнинг ҳам диққатини жалб қилган эди. У сучик сўзини илгари “аччиқ” маъносида, кейинчалик “мазали” маъносида қўлланганини, ўр “чуқурлик” маъносини билдириши билан бирга “тепалик” маъносини хам ифодалаганини кўрсатган эди.

Адиб худди ана шундай ҳодисани қалб сўзида кўради. Унинг фикрича, тилимизда “икки қалб бор”. Улар шу даражада бир-биридан узоқки, туташмоғи сира мумкин эмас. Бири – инсон юраги, поклик, тўғрилик, олийжаноблик тимсоли бўлган қалб. Бошқа бири – қалбаки, қаллоб сўзларининг ўзаги, яъни эгрилик, алдамчиликни ифода қилувчи қалб. Муаллиф ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” асаридаги ғазаллар таҳлили орқали қалб сўзининг яна “қўшин маркази” ва “кофир” маъноларида ҳам қўлланганини аниқлайди ва юрак нима учун қалб дейилган, унинг қаллобликка, ёлғончиликка нима алоқаси бор? – деган саволга шундай жавоб беради: “Инсон онги шакллангандан бери ақл ва юрак ўртасидаги баҳс тугамаган. Одамзодни ҳиссиёт кўп алдаган. Ҳамма халқларда: “Кўнгил кўчасига кирма”, деган мазмундаги ҳикмат бор. Демак, юрак кўчасига кириб алданган одамлар унга қалб дея ном қўйибдилар.

Қалб сўзи ифодалаган қарама-қарши маънолар ўртасидаги бундай алоқадорликни топиш учун фақат Эркин Воҳидовча фикрлаш, Эркин Воҳидовдек мумтоз адабиётимиз сирларини англаш керак бўлади.

Муаллиф тилимиздаги асл маъноси ўзгарган сўзларга шунчалик синчковлик билан ёндашадики, меҳнат, фуқаро, мард, мағиз, фан, пул, сиёҳ сингари юзга яқин ана шундай сўзларни топади ва “Адаш, дедим, адашдим” мақоласида уларнинг рўйхатини беради.

Ҳозирги тилшуносликда сўзнинг товуш ўзгаришлари қаторида товуш алмашиниши ҳодисасига алоҳида эътибор қаратилади. Тилимиздаги бу ҳодиса ҳам адиб назаридан четда қолмаган. “Тескари тушган товушлар” мақоласида айлан-айнал шаклларида қўлланадиган сўз асли айлан экани, кифт, қулф, авф, бўйра, киприк, ёмғир, сўзлари, аслида, китф, қулф, афв, бўрё, киприк, ёғмир бўлганлиги, ҳозирги тилимиздаги ёғмоқ, ёғин ёғмур билан ўзакдош экани, турпоқ тупроқ сўзидан, ўргилай ўгрилайдан, ўғирлик ўғриликдан, Искандар Иксандардан, жўналиш, йўналиш йўланишдан, тескари терскаридан келиб чиққани баён қилинади.

Ҳар бир тилда халқнинг руҳи, миллий маданияти, ўзига хос дунёни кўриши, идрок этиш тарзи намоён бўлиш билан бирга, тиллар ўртасида образ яратишдаги шундай умумий жиҳатлар борки, улар умуминсоний тафаккур маҳсули сифатида юзага чиқади. Китобдаги “Инсон ва қорачиқ” мақоласида баён қилинган фикрлар бунга ёрқин мисол бўла олади. Муаллиф мардум сўзининг “инсон” ва “қорачиқ” маънолари ўртасидаги боғлиқликни очиб бериш учун инглиз, рус, араб тили материалларига мурожаат қилади ва бу тиллар ўртасидаги ўхшашликдан ҳайратга тушади.

Адибнинг баён қилишича, араблар кўз қорачиғини инсонул айн (кўзнинг инсони) дейдилар ва бу тилда ҳам қорачиқ ва инсон бир сўз билан ифодаланади. Мардум сўзида “инсон” маъноси ҳам, “халқ” маъноси ҳам бор. Рус тилида (В.Даль луғатида) зрачок, зеница қаторида человечек, мальчик сўзлари ҳам бор. Бу маънолар ўртасидаги алоқадорликни адиб одамзоднинг кўзида унга тикилиб қараган одамнинг акси намоён бўлиши орқали изоҳлаб беради.

Муаллиф тилимиздаги Меҳмон отангдан азиз, Устоз отангдан улуғ сингари қиёсий қурилмаларни Меҳмон отангдай азиз, Устоз отангдай улуғ шаклидаги ўхшатиш қурилмалар билан алмаштириб ишлатилаётганини тил қонуниятидан келиб чиқиб, ҳақли равишда танқид қилади.

“Баркамол соддалик” мақоласи тилимизнинг баркамоллигини бошқа тилларга қиёслаган ҳолда ёритиб беришга бағишланади. Муаллиф тўғри таъкидлаганидек, тилларнинг баркамоллиги қоидаларнинг аниқ ва изчиллиги, истисноларнинг камлиги, ифода имкониятларининг кенглиги билан белгиланади. Ана шундан келиб чиқиб, мақолада ўзбек тилининг барча сатҳларида аниқ қоидаларнинг мавжудлиги ва бу қоидалар асосида минглаб нутқий ҳосилаларни яратиш мумкинлиги аниқ мисоллар орқали очиб берилади. Масалан, сўз ясалиши сатҳида қўшма сўзларнинг икки ва ундан ортиқ ўзакларнинг қўшилиши асосида ясалиши мумкинлиги (сопол товоқ, кумуш қошиқ, тахта кўприк, темирйўл) ва бунинг афзал томонлари рус тилига қиёсланган ҳолда ёритилади. Хусусан, инглиз тилида ҳам худди ўзбек тилидагидек ясалган футбол сўзи ўзбек тилида оёқ ва тўп сўзларини бирлаштириш орқали транслитерация қилиниши мумкинлиги, лекин рус тилида нога сўзи билан мячь сўзи тўғридан-тўғри боғлана олмаслиги, уларни қўшиш учун ногани сифатга айлантириш, бунинг учун эса у боғланаётган сўзнинг род(жинс)ини билиш лозим бўлиши, бунинг эса аниқ қоидаси йўқлиги, охирида юмшатиш белгиси бор сўзларнинг ярми музаккар, ярми муаннас экани (день сўзи мужской, ночь – женский род, октябрь – мужской, осень – женский ва бошқалар) айтилади.

Ўзбек тилида [от+чи] қолипида касб-ҳунар эгаси маъносини билдирувчи минглаб янги сўзларни ҳосил қилиш имконияти мавжуд бўлса, рус тилида бундай шахс номлари ясашнинг аниқ қолипи йўқлиги, рабочий, писатель, лесник, моляр сингари сўзларнинг ҳар қайсиси алоҳида-алоҳида сўз ясалиш қолипи асосида ясалганини далиллайди.

Ўзбек тили грамматик маънони ифодалаш учун ҳам аниқ бир шаклга, масалан, йўналиш маъносини ифодалаш учун битта жўналиш келишиги шаклига эга бўлса, рус тилида бу маънони ифодалаш учун бир неча шаклдан фойдаланилади. Масалан, Киевга сўзи в Киев, Украинага сўзи на Украину, уйга сўзи домой шаклларидаги сўзлар орқали ифодаланиши баён қилинади.

Алишер Навоий диққатини тортган ва “икки мафъуллик феъл” сифатида таърифланган феълнинг орттирма нисбат шакллари, хусусан, киймоқ кийдирмоқ рус тилида фарқланмаслиги, ҳар икки ҳолатда ҳам одевать шакли ишлатилиши айтилади.

Ўзбек тилининг яна бир фазилати – маънодош сўзларга бойлиги, муқобили йўқ сўзнинг ўзи йўқлиги, бу эса сўз қайтарилишларининг олдини олишга; шаклдош, кўпмаъноли сўзларга бойлиги сўз ўйини, аския санъатининг, шеъриятда туюқ жанрининг ривожланишига имконият яратишини баён қилади.

Бу айтилган фикрлар Эркин Воҳидовнинг қиёсий тилшуносликнинг ҳам чуқур билимдони эканидан далолат беради.

Ҳозирги кунда фанлар тизимида гендерология алоҳида ўрин эгалламоқда. Бу тилшуносликка ҳам таъсир қилиб, гендеролингвистика йўналиши пайдо бўлмоқда. “Хотин тили” мақоласи ана шу янги йўналиш бўйича ўзбек тили материаллари асосида маълумот бериши билан қимматлидир. Унда фақат хотинлар тилида ишлатиладиган бир неча сўзлар, иборалар келтириладики, ўзбек лингвогендершунослигининг бундан кейинги истиқболи учун туртки бўлиб хизмат қилади.

Кишини тилнинг сирли оламига етаклайдиган, ўйлашга, чуқур мушоҳада қилишга чорлайдиган бундай кўпқиррали асарда айрим хаёлотга берилган ўринлар, баҳсталаб жиҳатлар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, муаллиф: “Кўксимизда уриб турган юрак, аслида, юракми ёки уракми? Юрак урадими ё юрадими? Мен ўзимча, урак дегим келади. Мантиқан шундай бўлиши керак. Лекин “Девону луғатит турк”да юрак дейилган”, деб адибнинг ўзи юр ўзаги фақат “юриш”ни англатмаслиги, умуман “ҳаракат” (шамол юрди, ишимиз юрди, соат юрди, қон юрди каби) маъносини билдиришини тасдиқлайди. Бизнинг назаримизда, туркий тилларда журак – юрак – урак, жип – йип – ип , жилан – йилан – илон сингари сўзлар бошқа-бошқа сўзлар эмас, балки бир сўзнинг туркий тилларнинг қипчоқ – қарлуқ – ўғуз гуруҳларидаги фонетик қонуниятини ўзида намоён қилишидир. Туркий тиллардаги бу қонуният ҳақида Маҳмуд Кошғарий шундай ёзган эди: “(Қарлуқларда) ﮞ билан бошланган от ва феълларни ўғуз ва қипчоқлар “алиф”га ёки “жим”га айлантирадилар … Масалан, турклар (яъни қарлуқлар) йилиғ сув десалар, улар (ўғузлар) илиғ сув дейдилар”. Демак, юрак, урак турли ўзакли сўзлар эмас, балки турли туркий қавмлар тиллари ўртасидаги фонетик фарқланиш (жур – йур – ур)га эга бўлган бир сўзнинг кўринишларидир.

Умуман, мазкур китоб миллатимизга, унинг тилига чексиз муҳаббатнинг рамзидир. У нафақат сўз санъатига қадам қўяётган ёш қаламкашларга сўз қадрига етишда ибрат мактабини ўтайди, балки тилшуносларни ҳам сўз этимологияси, сўз маъноларининг кўчиши сингари бир қатор масалалар бўйича баҳс-мунозарага чорлайди. У тилимизнинг тилла сандиғидаги дуру гавҳарларни қўлга олиб, салмоғини ўлчаб, ҳар бирининг пешонасидан ўпиб, улардан нутқимизда ўринли фойдаланишга ёрдам берадиган ва ҳар бир ўзбек хонадонининг китоб жавонидан жой олиши керак бўлган асардир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон