Абдулахат Қаҳҳоров. Маърифат осмонидаги юлдуз

Ўрта асрлардаги буюк Шарқ мутафаккири, ўз ижоди билан ижтимоий фалсафа, тилшунослик, мантиқ, адабиётшунослик, шеърият, ижтимоий лингвистика, табиатшунослик ривожига улкан ҳисса қўшган, бой мероси жаҳон фани тараққиётига жиддий таъсир кўрсатган Маҳмуд Қошғарийнинг таваллуд топганига минг йил тўлди.

Фавқулодда иқтидор соҳиби Маҳмуд Қошғарийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб асарлар ва мақолалар ёзилган.

Мутафаккир юбилейи эса унинг ажойиб таржимаи ҳоли ҳамда жаҳон маданияти ривожидаги ролини қайта кўриб чиқишга даъват қилади.

Маҳмуд Қошғарий XI асрда туркий Қорахонийлар даврида яшаб, ижод қилди. Тахминан 400 йилга яқин ҳукм сурган Қорахонийлар даври Марказий Осиё ва ён- атрофдаги халқлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қорахонийлар давлатида X асрда халқнинг миллий онги ривожланиши ва ўсиши асносида илм-фан ва адабиёт ҳам равнақ топди. Ҳудудда шу даврнинг машҳур олимлари — Хоразмий, Хўжандий, Юсуф Хос Ҳожиб, Ал Фаробий, Ибн Сино, Беруний яшаб, ижод қилди. Бу каби донишманд, иқтидорли ва юксак маънавиятли олимлар пайдо бўлиши шундан далолат берадики, Марказий Осиёда Уйғониш даври Европа Уйғониш даврига нисбатан бир неча аср аввал бошланган. Хусусан, Қошғар, Хотан, Боласоғун, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч, Термиз, Марв ниҳоятда гўзал шаҳарларга айланиб, тобора кенгая бошлагани ҳам фикримиз далилидир.

Қорахонийлар пойтахти — Қашғар юксак маданиятига кўра бутун Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллар эди. У бутун дунёга ўқув юртлари, бетакрор меъморий мажмуалари, карвонсаройлари билан танилган эди. Халқаро савдо йўллари (Буюк Ипак йўли)нинг асосий чорраҳаси Қорахонийлар ҳудудида жойлашган эди. Шарқдан ўарбга ва ўарбдан Шарққа йўл олган карвонлар ва элчилар Қашғар, Хотан, Боласоғун, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч, Термиз шаҳарлари орқали ўтган, янги халқаро савдо йўли қадим замондан буён туркий халқлар назорати остида эди. Ўзаро савдо муносабатлари ҳунармандчиликни ривожлантириш билан бир қаторда, маданий алмашинувларга ижобий таъсир кўрсатди.

Қорахонийлар давлати ҳукм сурган тўрт аср мобайнида Марказий Осиё халқлари нисбатан тинч-осуда ва фаровон яшади. Бунинг оқибатида барқарор вазият ҳукм суриб, илм-фан ва маданиятнинг равнақ топиши учун имкониятлар вужудга келди. Натижада улуғ аждодларимиз – файласуфлар, тарихчилар, астрономлар, шоирлар самарали ижод қилишди. Туркий олимлар араб ва форс тилларини, бинобарин, ғарб ижодкорларининг юнон тилидан арабчага ўгирилган асарларини мукаммал билишган ва туркий ислом маданиятини яратишда улардан фойдаланишган.

Қорахонийлар даври юқори даражали маданиятдан буюк Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достони билан қиёсланиши мумкин бўлган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим») – фалсафий-дидактик достони ва Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит турк” асари чинакамига гувоҳлик беради.

Буюк тилшунос олим Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит турк” асари Қорахонийлар даврининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. У ўлмас обида сирасига киради ва ўзида давр тили, адабиёти, тиббиёти, тарихи, географияси, этнографияси, ҳунармандчилиги ва астрономияси хақидаги билимларни қамраб олган.

“Девони луғатит турк”даги географияга оид маълумотлар ғоят муҳим аҳамият касб этади. Сабабики, асарида туркий халқлар жойлашган ҳудудлар таърифини келтирган ва у муаллиф дунёдаги энг қадимий туркий харита муаллифи ҳисобланади. Ушбу харита XI асрдаги Осиёнинг энг қадимий ва аҳамиятли харитаси бўлиб, унда геометрик аниқ шаклларда тоғлар, кўллар ва дарёлар кўрсатилган, энг муҳим шаҳарлар ва қабилалар қайд этилган.

Ер юмалоқ экани ҳақидаги қарашлар қадимдан пайдо бўлганини биласиз. Маҳмуд Қошғарий бу борадаги фикрларни илмий асосда ривожлантирган. Ер юмалоқлигини тасдиқловчи у яратган харита ўз даври учун ғоятда қадрли ҳисобланади.

Ваҳоланки, Европада XVI асрдагина Коперник (1473—1543) Маҳмуд Қошғарий ҳақлигини – ер юмалоқлиги, ўз ўқи атрофида айланишини исботлаб берди.

Маҳмуд Қошғарий Қорахонийлар давлати ҳукмдори Юсуп Қодирхоннинг эвараси эди. Бу ҳакдаги хабар “Девони луғатит турк”да учрайди.

Қорахонийлар даврида туркий тилдаги адабиёт жадал тараққий этди. Маҳмуд Қошғарий туркий тиллар шеваларини тадқиқ қилувчи асари орқали мумтоз туркий адабиёт ва шеърият, халқ оғзаки ижоди равнақи учун замин ҳозирлади, туркий халқлар адабий тилини ишлаб чиқди, унга сайқал берди. Натижада туркий шеъри-ятнинг асосий жанрлари шаклланди, ривожланган шеърий лексикага эга истиоралар тизими ва нутқ воситалари туғилди. Маҳмуд Қошғарий жаҳонда туркий тилнинг ижтимоий лингвистикаси асосчиси, деб тан олиниши бежиз эмас.

Янада муҳими шундаки, “Девони луғатит турк” асарида ўша даврнинг илғор кишиларини ўйлантирган ҳамда туркий халқларнинг туб манфаатларини акс эттирган фикрлар ва ғоялар жамланган, шахс ва жамиятнинг янада ижтимоийлашуви йўллари белгилаб берилган. Кўп босқичли фалсафий-ахлоқий муаммолар, бинобарин, бойлик ва билимнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги фикрлар чуқур ифодаланган.

Бошқача айтганда, илк ўрта асрлар олими ва ижтимоий файласуфининг қарашлари олам, халқ тақдири, инсон, маданият, ижтимоий адолат тўғрисидаги мушоҳадаларга йўғрилган эди.

Билим ва бойлик гўёки атиргул ва наргис каби

Гулламайди гар турсалар ёнма ён.

Кимдаки бойлик бисёр, унинг билими йўқдир,

Кимдаки билим бўлса — бойлиги йўқ ҳисоби.

 

Қадимий туркий шеъриятда тилга олинган ушбу муаммо – билим ва бойликнинг бир-бирига зидлиги тўғрисидаги тушунча ўша давр учун долзарб аҳамиятга эга бўлган. Бу масала шарҳи ўрта асрлардаги кўплаб шоирлар, олимлар, мутафаккирлар меросида учрайди. Айни пайтда у туркий тил ва адабиётининг асосчиси — Маҳмуд Қошғарий асарларида алоҳида ўрин эгаллайди.

Маҳмуд Қошғарий воқеликни жонли бў ёкларда акс эттиради, унумли ҳаёт кечириш, инсофли бўлиш, илм эгаллаш, барча қувончлардан баҳраманд бўлишга даъват этади.

“Девони луғатит турк” ниҳоятда юксак тарихий ва бадиий аҳамиятга эга, айни пайтда у туркий халқлар ва умуман туркий оламнинг ижтимоий-маънавий ҳаётига кучли таъсир кўрсатди.

Тарихий ва тарихий-адабий манбаларда Маҳмуд Қошғарий ҳаёти ҳақида ниҳоятда кам маълумот сақланиб қолган. Маълумки, у 1008 йилнинг бошида Қошғар шаҳри яқинидаги Опал қишлоғида туғилган. 1105 йилда 97 ёшида оламдан ўтгач, Опалда дафн этилган. Мақбараси Муқаддас устоз сағанаси, дея ном олган бўлиб, унга беҳисоб зиёратчилар ташриф буюришади ва мутафаккир хоки олдида бош эгишади.

Маҳмуд Қошғарий бутун Шарққа машҳур бўлган Сонгра мадрасасида таҳсил олиб уни тахминан 1055 йилда тамомлади. Сўнфаўқишини Бухоро ва Нишопурда давом эттирди. Таҳсил даврида фалсафа, мантиқ, адабиёт, ҳуқуқшунослик, тарих, илоҳиёт, математика, астрономия, тиббиёт фанларини пухта ўзлаштирди. Туркий тилдан ташқари араб ва форс тилларини мукаммал эгаллади, уларнинг грамматикасидан хабардор бўлди ва ҳақиқий қомусий билим соҳибига айланди.

“Девони луғатит турк” асарини яратиш учун Маҳмуд Қошғарий туркий қабилалар яшайдиган кўплаб шаҳарлар ва қишлокларни кезиб чиққан. 14 йиллик (тахминан 1057 йилдан 1071 йилгача) сафари давомида кенг кўламли тарихий материалларни тўплади. Буюк олим ўз китобида 6800 дан зиёд туркий сўзни гуруҳлаштирди, (110 ҳудуд, кўл ва дарё, 40 элат ва қабила номлари), туркий тилда изоҳлар келтирди. Китобдан 242 та шеър, 262 та мақол ва матал ўрин олган. Ҳайратланарлиси шундаки, у қўллаган 875 та сўз, 60 та мақол ва матал бирон-бир ўзгаришсиз замонавий туркий тилимизга кириб келган.

Ушбу асар илк филологик тадқиқот ва туркий сўзлар этимологияси келтирилган биринчи қиёсий луғатдир. Айни пайтда бу асарни фақат луғат деб ҳисоблаш нотўғри, унда Марказий Осиё халқларининг халқ оғзаки ижоди намуналарига хос кўплаб ноёб маълумотларни кузатамиз.

Кириш сўзида Маҳмуд Қошғарий шундай ёзади: “Мен Фалак туркийлар заминида давлат яратганини кўрдим. Фалак бу халқларни «туркий» дея атади ва уларни давлат бошқарувига қўйди. Ҳукмдорлар туркийлар эди ва ҳокимият уларнинг қўлида эди, улар одамларни бошқарди. Одамлар ўз ҳукмдорларининг адолатли ишларини қўллаб-қувватларди, улар билан ёнма-ён курашар эди ва туркийлар ёмон ишлардан сақланишга қодир эди. Туркийлардан сакланиш учун ҳар бир оқил киши уларга эргашмоққа интиларди. Туркийлар қўллаб-қувватлашлари учун уларнинг тилида сўзламоқ керак”.

Ушбу фикрлар XI асрда ташкил топган Қорахонийлар давлати тўғрисида айтилган эди.

Чиндан ҳам “Девони луғатит турк” қомусий асардир. У туркий исломий маданиятни янада бойитиб, юксак поғонага кўтарди.

Маҳмуд Қошғарий қонун ва тартибга риоя қилишга даъват этиш билан бирга ҳаётни бебаҳо неъмат сифатида қадрлашни уқтирди, қайта-қайта илмни улуғлади. Бир сўз билан айтганда “Девони луғатит турк” бутун маънавий бадиий хусусиятлари билан бетакрор обидага, туркий халқлар тарихи тўғрисидаги достонга айланди.

Асар бош ғояси битта фалсафий фикрга йўналтирилган. Олим юртни улуғлаш, туркий халқларни бирлаштириш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш муҳимлигини таъкидлайди.

700 саҳифадан иборат “Девони луғатит турк” асари жаҳон маданияти ва илм-фани ривожига қўшилган улкан ҳисса хисобланади. Қўлёзманинг ягона ва энг қадимги нусхаси 1226 йилга оид бўлиб, Туркия Миллий кутубхонасида сақланади.

Маҳмуд Қошғарий шуни исботладики, туркий тилнинг аҳамияти араб тилиникидан кам эмас. Тил ва адабиётнинг қадимий обидаси – “Девони луғатит турк” яратилганидан буён ўн асрдан ошиқ вақт ўтди. У ҳамон туркий халклар тарихини ўрганишда бетакрор манба ҳисобланади. Буюк олим, туркий лексикограф, грамматист ва диалектолог Маҳмуд Қошғарий номи туркий халқлар тарихига қизиқувчи барча инсонлар учун қадрлидир.

Кўрамизки, Маҳмуд Қошғарий ўз давридан ўзиб кетган қомусий билим ва иқтидорга эга инсон бўлган, дунёда ўхшаши йўқ нодир луғат яратган. Замонавий туркологияни бу асарсиз тасаввур этиш мушкул. Ўзига хос хусусияти шу билан изоҳланадики, у биринчи тарихий-қиёсий тадқиқотдир. Жаҳон китобхонлари ҳамон бу асарга катта қизиқиш билан қарашади. Унинг тўлиқ таржимаси Туркияда амалга оширилган. Айни пайтда асар инглиз, немис, француз, уйғур, қозоқ, озарбайжон, туркман, ўзбек ва рус тилларига ўгирилган. Материалларининг кўп қисми Германияда босилган қадимий турк тиллари луғатида фойдаланилган. Ўтган асрда чоп этилган “Қадимий туркий луғат” асари катта шуҳрат қозонган бўлиб, унга “Девони луғатит турк” асари асос бўлиб хизмат қилган.

Ўзбекистонда Маҳмуд Қошғарийнинг ижодий мероси муфассал ўрганиб келинмоқда. Хусусан, Республика Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти олимлари “Девони луғатит турк” асарига таянган ҳолда қуйидаги қимматли маълумотларни тўплашди:

луғат бойлиги, маълум турдаги лексика;

туркий халқлар жойлашган ерлар ҳақида маълумотлар;

туркий тилларнинг гуруҳлаштирилиши;

тарихий фонетика ва грамматика ҳақида маълумотлар;

туркий шеърият, фольклор ҳақида маълумотлар;

қиёсий тилшунослик ҳақида маълумотлар;

туркий ижтимоий лингвистика асослари тўғрисида маълумотлар ва ҳоказо.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, институт олимлари профессор С.Муталлибов раҳбарлигида бу асарни ўзбек тилига ўгириб, тўрт томда нашр қилдиришди. (Тошкент, “Фан” нашриёти, 1967 йил). Айни пайтда ушбу мавзуда бир қатор илмий мақолалар ва рисолалар чоп этилган. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Маҳмуд Қошғарий ижодига мансуб қўлёзмалар сақланмоқда.

Маҳмуд Кошғарий буюк устоз, шоир, олим, мутафаккир сифатида ардоқланади. Юбилейи туркологик тадқиқотлар анъаналари ривожланган Германия ва Францияда, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, ХХРнинг Шинжон Уйғур автоном туманида тантана қилинмоқда. У туркий оламнинг буюк алломаси бўлиб, орадан минг йил ўтса-да, ҳамон биз билан ёнма-ён яшамоқда. ЮНЕСКОнинг фан ва маданият бўйича халқаро ташкилоти Маҳмуд Қошғарийнинг 1000 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилгани бежиз эмас.

Абдулахат Қаҳҳоров,
социология фанлари доктори, профессор
«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил 1-сонидан олинди.