Лутфи Заде: дунёни ўзгартирган олим

Асли озарбойжонлик математик Лутфи Заде жаҳонда довруқ қозонган олимлардан бири саналади. Унинг номи Исаак Ньютон, Альберт Эйнштейн, Эрнест Резерфорд, Блез Паскал каби атоқли олимлар қаторида тилга олинади. Қолаверса, унга тириклигидаёқ ўз номи билан аталган илмий марказ очиш насиб этган.   

Сунъий интеллект соҳасида улкан кашфиётларга қўл урган олим 1921 йил 4 февралда Озарбойжоннинг Боку шаҳрида таваллуд топган. Болалигидаёқ илм-фанга муҳаббат қўйган.

1932 йили Совет Иттифоқида Эрон фуқаролари саналган озарбойжонлар ҳақида резолюция қабул қилинади. Бунга кўра, улар Россия фуқаролигига ўтиши, акс ҳолда, мамлакатни тарк этиши лозим эди. Шу боис Лутфининг отаси Раҳим Алиаскарзаде оиласи билан Эронга кўчиб боради. Лутфи Заде Теҳрондаги Америка мактабда ўқишни давом эттиради. Ўша кезларданоқ у Америка илм-фани, маданияти хусусида маълумот олиб, таҳсилни океанортида давом эттиришга аҳд қилади. Мактабдан кейин ўқишни Теҳрон университетида давом эттиради.  

1944 йили Лутфининг болалик орзуси ушалиб, Америкага кўчиб боради. Дастлаб нуфузли Массачусетс техника институти магистратурасини, кейин Колумбия университети докторантурасини тамомлайди. Муваффақиятли тарзда докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.  Шу тариқа у бирин-кетин математиканинг турли соҳаларида улкан кашфиётларга қўл уради. Илм-фандаги ютуқлари эътирофи сифатида 1959 йилдан Беркли университетига ишга таклиф этилади.

Лутфи Заде тоқ логика назариясининг муаллифидир. Мазкур назария математикада ўзига хос инқилоб дея эътироф этилган. Олимнинг илмий қарашлари нафақат назарий, катта амалий аҳамият касб этди. Дунёнинг етакчи компания ва фирмалари Лутфи Заде назарияларидан унумли фойдаланди. Масалан,  “Hitachi”, “Matsusita”, “Misubishi”, “Sharp”, “Nissan”, “Canon”, “Fuji”, “Toshiba”, “Daewoo”, “Goldstar”, “Samsung”, “Honda”, “General Motors”, “Motorola”, “Kodak” каби юзлаб номдор ширкатлар олимнинг илмий қарашларига таяниб улкан иқтисодий муваффақиятларга эришди. Унинг назарияси асосида яратилган маҳсулотларга дунё бўйлаб 50 мингдан ошиқ патент берилди.

Лутфи Заденинг илм-фандаги ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилган. У дунё давлатларининг Хонда (1989), Кампе де Ферье (1992), Окава (1996), BBVA Foundation Frontiers of Knowledge Awards (2012) каби мукофотлари, Ричард Хэмминг (1992) Руфус Ольденбургер (1993), IEEE (1995), Эглестон (2007), Бенжамин Франклин (2009) каби медаллари билан тақдирланган. Бир қатор академияларнинг аъзоси ва фахрий аъзоси этиб сайланган.  

Олимнинг ютуқлари ўзи туғилиб ўсган Озарбойжонда ҳам юксак баҳоланган. Илм-фан ва миллатлараро тотувликка қўшган ҳиссаси учун у Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Узоқ йиллик танаффусдан кейин Лутфи Заде 2008 йили киндик қони тўкилган Озарбойжонга келади.

“Бокуни тарк этганимдан 10 яшар бола эдим. Ҳозирги ҳаяжонимни сўз билан ифодалаш мушкул. Яқин дўсту қадрдонларим даврасида эканимдан ғоят шодман. Озарбойжондаги сўнгги ўзгаришларни ижобий баҳолайман. Мамлакатда фан ва маданиятга катта эътибор қаратилмоқда. Озарбойжон олға интилмоқда ва унинг келажаги порлоқ”, деган эди олим ОАВга берган интервьюсида.

95 ёшли Лутфи Заде айни вақтда  Беркли университети профессори ва  Soft Computing институти директори сифатида фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бирга, у ўз номи билан аталган (Institute Zadeh – ZIFT) илм даргоҳига ҳам раҳбарлик қилади.

Собир Салим