Ёшлик ва қарилик ҳақида мақоллар

Аввал — баҳор, охир — хазон.

Аёлнинг ўттизга киргани —
Ўтин бўлгани.

Алдашга бола яхши,
Худо урсин момони.

Арслон қариса, қуйруғини ўйнар.

Бешик боласи — бек боласи.

Бешикдаги беш турланар,
Қаёққа бурсанг, шунга ўрганар.

Бир болани катта қилгунча,
Бир шаҳар пайдо бўлар.

Бир шаҳарни бир бола бузар.

Бола — ширинликнинг адойи,
Қария — ширин сўзнинг гадойи.

Бургут қариса, япалоққуш бўлар.

Бўри қариса, итга кулгу бўлар.

Дард ёмон,
Дарддан қарилик ёмон.

Етмиш, етмишдан кейин кетмиш.

Ёш билмайди,
Катта қиймайди.

Ёш келса — ишга,
Қари келса — ошга.

Ёш кетаман деб қўрқитар,
Қари — ўламан деб.

Ёш чоғим — олтин чоғим.
Ёши етмай, иши етмас.

Ёшинг ошгач, ёдгорлик қўй.

Ёшни худо сақлар,
Қарини — овқат.

Ёшлик — бебошлик.

Ёшлик ёшга қарамас,
Қарилик — сочга.

Ёшликда билгани — тошга ёзгани,
Қариликда билгани — музга ёзгани.

Ёшликда эксанг, қариликда ўрасан.

Ёшликда ўрганган ҳунар,
Ўзингга ўлжага қолар.

Ёшликдаги ғайрат — кексаликдаги роҳат.

Ёшликнинг ели кучли,
Кексаликнинг — ақли.

Ёшнинг ҳурмати — қарз,
Қарининг ҳурмати — фарз.

Ёш-у қарининг жони бир,
Ориқ-семизнинг имони бир.

Ит қариса, този бўлар,
Қиз қариса, қози бўлар.

Ит қариса, қополмас,
От қариса, чополмас.

Йигит кетардан,
Қари ўлардан қўрқитар.

Йигитга оғир нарса ҳам енгил туюлар,
Кексага енгил нарса ҳам оғир туюлар.

Йигитлик — бир гулистон,
Қарилик — бир зимистон.

Йигитлик елиб ўтар,
Қарилик — чопиб.

Йигитлик — мастлик,
Қарилик — сустлик.

Йигитлик — умр гулшани.

Йўтал — кексанинг ҳамроҳи.

Кампир ўламан деб қўрқитар,
Келин — кетаман деб.

Кексалик — кўприк.

Кексанинг ёшини  сўрама, ишини сўра.

Кичикдан — хато,
Каттадан — ато.

Кичикдан — қусур,
Каттадан — узр.

Кичикларнинг каттаси бўлгунча,
Катталарнинг кичиги бўл.

Кичикни мақта, каттани сақла.

Косиб қариса, ямоқчи бўлар,
Отин қариса, ювуқчи бўлар.

Нодон бош бўлмас, кўпик ош бўлмас,
Қарилик қайтиб, қайта ёш бўлмас.

Ноз қизга ярашар,
Кампирга бало борми.

Одам қариб, йўлдош бўлар,
Дарахт қариб, қуш қўнар.

Олти яшар йўлда бўлса,
Олтмиш яшар йўлдан чиқсин.

Олти яшар йўлдан келса,
Олтмиш яшар кўргани келар.

Олти яшардан сўрама,
Олтмиш яшардан сўра.

Олтмишга кирган отадан ош сўрама.

От қариса — охурда,
Ит қариса — чуқурда.

Сувсиз ерда тол бўлмас,
Қаримаган чол бўлмас.

Туя қариса, бўтасига эргашар.

Узоқ бўлса ҳам, йўл яхши,
Қари бўлса ҳам, қиз яхши.

Чои суҳбати — чол билан.

Эр қариса — эл ичида,
Шер қариса — ғор ичида.

Эр қариса, эрки кетар,
Хотин қариса, кўрки кетар.

Юк йиғилиб, тойлоққа қолар.

Ўзбекнинг кичиги бўлгунча,
Кучуги бўл.

Ўт тутунсиз бўлмас,
Йигит — ёзиқсиз.

Қари бор уйнинг зари бор.

Қариси бор уйнинг париси бор,
Париси бор уйнинг бариси бор.

Қари уйнинг фариштаси,
Саранжоми, сариштаси.

Қарида хислат кўп.

Қариларни қарғатма,
Ёш жонингни оғритма.

Қарилик — болалик.

Қарилик — давосиз дард.

Қарилик даври — қишдай,
Ёшлик даври — ёздай.

Қарилик уй — қайғули уй.

Қариликни донолик безар,
Ёшликни — камтарлик.

Қарини кафтда сақла,
Ўлигини ҳафта сақла.

Қарининг кўзи — қозонда.

Қарининг қарғиши — қаттиқ.

Қарчиғай қариса, чумчуққа майна бўлар.

Қарға қағиллаб ғоз бўлмас,
Кампир шингқиллаб қиз бўлмас.

Қирқида сумайчи бўлган, ўлганда чалар.

Қирқида қўлига соз олган,
Қиёматда қулоғини бурар.

Ҳар кексадан бир нақл.

Ҳар кимнинг жони ўзига ширин.

Ҳўкизга туққан кун,
Бузоққа ҳам туғади.