Умид ва умидсизлик ҳақида мақоллар

Ахтарган топар.

Бир қиз эрга тегса,
Қирқ қиз туш кўрар.

Бирни берган юзни ҳам берар.

Бирни эксанг, ўнни оласан.

Бу йил изи бўлса,
Келар йил ўзи бўлар.

Бугун — юпун, эртага — бутун.

Бухоро узоқ бўлса ҳам, пойгоҳи яқин.

Водий суви кечиксиз бўлмас.

Гадо бир кечада неча бойир.

Дард берган дармонини ҳам берар.

Дард — бошқа, ажал — бошқа.

Дарё балиқсиз бўлмас,
Тоғ — кийиксиз.

Единг, ўламан дема.

Ёв кетса, ёвон очилар.

Ёзга чиқсанг, жон ўлмас.

Ёмон кун яхши бўлар,
Ёмон одам яхши бўлмас.

Ёмон кун яхши бўлар,
Уялмаган — бахши.

Ётиб қолгунча, отиб қол.
Жони борнинг умиди бор.

Икки орзу бир топилмас.

Кулдан тепа бўлмас,
Қумдан — қўрғон.

Кўрнинг тилаги — икки кўзи.

Мозорга ўлик келмаса,
Гўрков кетмонни чалар.

Мол топмас йигит бўлмас,
Ўғил топмас аёл бўлмас.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса,
Ўн беши — ёруғ.

Олдирган отасининг қўйнини ахтарар.

От босганни той босар.

От ўрнини той босар,
Ота ўрнини — ўғил.

Отаси қулон отолмаганнинг
Боласи қуён отолмас.

Отим кетса, тойчам бор,
Тўним кетса, парчам бор.

Очилган — сўлар, йиғлаган — кулар.

Пойгачининг кўзи — ғовда.

Пули йўқ ҳамён тикар.

Сувда оққан хасга ёпишар.

Сувсаганга сароб сув бўлиб кўринар.

Сувсоқнинг ўйи — сувда.

Талабли эрга нур ёғар.

Тирмашган тоғдан ошар.

Тилак бўлса, билак чидайди.

Туя ҳаммомни ҳавас қилар.

Туққан туққандан умид қилар.

Уйида йўқ гўжалик,
Кўнгли тилар хўжалик.

Умид ўрга тортар,
Умидсизлик — гўрга.

Умид қилдим — етдим,
Ноумид бўлдим — йиқилдим.

Умиди йўқнинг имони йўқ.

Умидингни узма,
Кўнглингни бузма.

Умидли — дунё,
Умидсиз — шайтон.

Умидли иш умидсиз бўлмас.

Умидсизлик уйин бузсанг,
Умидингга етарсан.

Хотини ўлган қизли овулга қараб йиғлар.

Чиқмаган жондан умид.

Чўкаётган чўпга ёпишар,

Эгачим элакли бўлди,
Элаги тилакли бўлди.

Эр йигитнинг кўнглида
Эгарланган от ётар.

Эшак оёғи остини кўзлар,
От олти ойлик йўлни излар.

Эшак миниб туёқ тагини кўрма,
Туя миниб олис-олисни кўзла.

Яхши ният — ярим давлат.

Ўзим пасманда бўлсам ҳам,
Кўнглим — осмонда.

Ўлимни ўйлаган уй қурмас.

Қаноти синиқ мусича ҳам баланд уя орзусида.

Қиз кўнгли — қизиган тандир.

Қизли уйга отлиқлар кулиб боқар,
Туялилар — букилиб.

Қизли уйга қирқ от боғланар.

Қизли уйни шоҳ ҳам сўратади, гадо ҳам.

Қизни ким сўрамас,
Қимизни ким ичмас.

Қора сигир тушида кунжара кўрибди.

Қуёш ботса, яна чиқар.

Қулга қочмоқ бир армон.

Қулнинг мақсади — қочмоқ,
Чўрининг мақсади — кўчмоқ.

Ғарибнинг кўнгли — тангрининг уйи.

Ғознинг ўзи — чўлда, кўзи — кўлда.

Ҳавас бўлса, анқонинг тухуми ҳам топилар.

Ҳавас қилсанг, етасан.

Ҳар ерда элак бор,
Элакда тилак бор.

Ҳар кимнинг бир ўйи бор,
Хаёлида минг қўйи бор.

Ҳар кимнинг нияти — ўз йўлдоши.

Ҳар кимнинг ҳар дарди бор,
Кал қизнинг эр дарди бор.

Ҳар кўнгилда бир гавҳар.