Оила ва қўшничилик ҳақида мақоллар

Авлиё ҳам қўшнисини қўллар.

Аёлнинг сариштаси —
Рўзғорнинг фариштаси.

Аёлнинг сунбули — йигитнинг дили.

Бева хотинга Бухородан ит ҳурар.

Беш бола устига борсанг бор,
Кундош устига борма.

Бир келин олдим, ўтирдим,
Икки келин олдим, тик турдим,
Уч келин олдим, югурдим.

Бир қизга етти қўшни — ота-она.

Бир қинга икки пичоқ сиғмас,
Бир уйга — икки хотин.

Биянинг югуриги яхши,
Хотиннинг — эпчили.

Бой амр этмаса,
Бовча хамир этмас.

Бола суйсанг — бешикда,
Хотин суйсанг — тўшакда.

Болага тегма, балоси чиқар,
Хотинга тегма, қасоси чиқар.

Болали уй — бозор,
Боласиз уй — мозор.

Болали уй — жаннат,
Боласиз уй — миннат.

Болали уй — хандон,
Боласиз уй — зиндон.

Болали уйда гап ётмас.

Болали уйда жанжал бўлса ҳам,
Ғурбат бўлмас.

Болали уйда сир ётмас.

Болали уйда ўғрилик йўқ.

Болали уйда ғийбат йўқ.

Болали уйда ғурбат йўқ.

Бош икков бўлмай,
Мол икков бўлмас.

Бошим икки — молим икки.

Бўз яктак қичитар,
Яхши хотин тинчитар.

Бўлдирадиган ҳам хотин,
Ўлдирадиган ҳам хотин.

Бўри ҳамсоясига ола қарамас.

Гилам сотсанг, қўшнингга сот,
Бир четида ўзинг ўтирасан.

Дўстинг ҳам — эринг,
Душманинг ҳам — эринг.

Эр — қуёш йўлдоши,
Хотин — умр йўлдоши.

Эринг қумчалиш бўлсин,
Хотининг — ғарчалиш.

Ёмон хотин олганнинг ёви уйида,
Икки хотин олганнинг дови уйида.

Ёмон хотин эрига дўзах қилар.

Ёмон хотин ўлса, кенг тўшак қолар,
Яхши хотин ўлса, меҳнат-ғам қолар.

Ёмон хотин ҳайитда эридан чиқар.

Ёмон хотиннинг ўйнаши кўп.

Ёмон қўшни ёвдан ёмон.

Ён қўшни — жон қўшни.

Ёғмас булут элни алдар,
Ёмон хотин — эрни.

Жон куйдирмасанг, жонона қайда,
Хотин олмасанг, қайнона қайда.

Икки сигир олганнинг айрони бор,
Икки хотин олганнинг вайрони бор.

Икки хотин олибсан,
Бир балога қолибсан.

Икки хотинликнинг қулоғи тинмас,
Эшак минганнинг — оёғи.

Иноқ оилада бешик бўшамас.

Итнинг ёви — девона,
Келиннинг ёви — қайнона.

Итнинг ёмони тўшакдагидан умид қилар.

Йигитнинг кўнгли қолса — ўлгунча,
Хотиннинг кўнгли қолса — туққунча.

Катта — келин уйда,
Кичик келин — тўйда.

Келин билан қайнона — ўт билан сув.

Келин бўйини яширар,
Товушини товдан оширар.

Келин бўлдим — қайнонамга ёқмадим,
Қайнона бўлдим — келинимга ёқмадим.

Келин ёмон эмас,
Келин келган ер ёмон.

Келин келағон бўлди,
Овул кезағон бўлди.

Келин келса узоқдан,
Арба-арба ош келар.
Келин келса яқиндан,
Арба-арба сўз келар.

Келин кимхоб кияр,
Қайнона қарғаб куяр.

Келин кирган уйга нур кирар.

Келин — қайнона супургиси.

Келиним бор деб керилма,
Иш буюрса, эринма.

Келиним элакли бўлди,
Элаги — тилакли бўлди.

Келинимнинг йиғлагани —
Эшагимнинг ҳанграгани.

Келининг битта бўлса, ўтириб ейсан,
Иккита бўлса, туриб ейсан,
Учта бўлса, юриб ейсан,
Тўртта бўлса, йўрғалаб ейсан.

Келининг яхши бўлса, берди худо,
Келининг ёмон бўлса, урди худо.

Келининг қаерлик бўлса,
Меҳмонинг шу ерлик.

Келиннинг тили йўқ
Қайнонанинг — имони.

Кумуш хотин кунда — касал,
Олтин хотин ойда — касал.

Кунда уруш бўлсин десанг, кундош қил.

Кундош бошингда — тош,
кўзингда — ёш.

Кундош хотин кунда оғриқ.

Кундошинг бўлса-бўлсин,
Кундошбаччанг бўлмасин.

Кундошли уйда кунда уруш.

Кундошли уйда тўзим йўқ.

Кундошлик — кўнгил ғашлик.

Кундошликка кун туғмас,
Туғса ҳам, бутун туғмас.

Кундошнинг кули ҳам кундош.

Кундошнинг кули ҳам уришар.

Кундошнинг оти қурсин,
Саксовулнинг ўти қурсин.

Кўча севгиси уйни барбод этар.

Овул айлоғи балан,
Бўта тайлоғи билан.

Овулга айтсанг, ошар,
Қўшнига айтсанг, қўшар.

Овулдошимнинг оти ўзгунча,
Ҳамсоямнинг тойи ўзсин.

Оила тинч — юрт тинч.

Оила — қўш устунли айвон.

Олис йўл отни синар,
Оғир кун — хотинни.

Оловга тегсанг, ўчар,
Қўшнингга тегсанг, кўчар.

Оналик уйнинг ори бор,
Оталик уйнинг — зари.

Онанг ўлди — отанг ўлди.

Оппоқ бўлган оқ уйим,
Ош-нони йўқ қоқ уйим.

Ора турдинг — бера турдинг.

Ота — ақл, она — идрок.

Ота — билак, она — юрак.

Ош ўрнига — айрон,
Кундошли уй — вайрон.

Ошсиз уй бор-у жанжалсиз уй йўқ.

Оя куйди, моя куйди,
Ўртада ҳамсоя куйди.

Оқбошдан ўтин бўлмас,
Ўйнашдан — хотин.

Рўзғор зийнати — ўтин,
Уй зийнати — хотин.

Рўзғор тушди бошга,
Қўл тегмади ошга.

Рўзғор ўлчов билан,
Бойлик тежов билан.

Рўзғор, ўттиз икки оғзи бор.

Рўзғор — ғор.

Рўзғори каттанинг ташвиши ҳам катта.

Рўзғорнинг нимаси йўқ — бўздан халтаси.

Сариштали уй — фариштали уй.

Туздаги билан эмас, уйдаги билан бўл.

Уйга жиҳоз ярашар,
Хотинга — ҳбос.

Уйинг тор бўлса,
Дунёнинг кенглиги билинмас.

Уйланган — ўғил-қизига қувонган.

Уйни уй қилган эрнинг топиши-ю
Хотиннинг — кўрпа иши.

Улуғ уйга не керак,
Кичик уйга шу керак.

Умр савдоси — қийин савдо.

Хотин — бўйин, эр — бош.

Хотин олсанг, ўтин ол,
Бир қучоғин ортиқ ол.

Хотин — уй безакчиси,
Эр — уй кўмакчиси.

Хотин — уйнинг зийнати,
Эр — меҳнати.

Хотин — уйнинг чироғи.

Хотин — умр йўлдоши.

Хотин эр орқасидан — хотин,
Хоним хон орқасидан — хоним.

Хотин — эрга ойина.

Хотин — эрнинг вазири.

Хотин яхши — эр яхши.

Хотининг яхши бўлса, ёқанг оқарар,
Хотининг ёмон бўлса, соқолинг оқарар.

Хотининг яхши бўлса, тўйга бормоқ не ҳожат,
Хотининг ёмон бўлса, азага бормоқ не ҳожат.

Хотинли рўзғор гулдир,
Хотинсиз рўзғор чўлдир.

Хотиннинг ёмони — умрнинг эгови.

Хотиннинг ёмони эр қаритар.

Хотиннинг ёмони — эрнинг заволи,
Хотиннинг яхшиси — эрнинг камоли.

Хотиннинг зўри — эрнинг шўри.

Хотиннинг отини етим чиқарар,
Етимнинг отини — хотин.

Хотиннинг чиройи — эрдан.

Хотиннинг яхши-ёмони меҳмон келганда билинар.

Хотиннинг қақилдоғи — тегирмоннинг шақилдоғи.

Хотинсиз уйни кўр — қаро ерни кўр.

Чала довруққа чол йиқилар,
Хотинни сўксанг, обрў тўкилар.

Чолимнинг топганини яйраб ейман.

Ўғлимнинг топганини инграб ейман.

Эговни эгов дема, ёмон хотинни де.

Эр — авра, хотин — астар.

Эр вазири — хотин,
Рўзғор оғири — ўтин.

Эр — даладан, хотин — уйдан.

Эр-хотин уришар,
Эси кетган бўлишар.

Эр-хотин уришар,
Ўртага аҳмоқ тушар.

Эр-хотин — қўш ҳўкиз.
Эр-хотин — қўшқанот.

Эр-хотиннинг уриши — дока рўмолнинг қуриши.

Эр-хотиннинг уриши — ёз кунининг ёғиши.

Эр қаерда бўлса, хотин ҳам шу ерда.

Эрдан — садоқат, хотиндан — итоат.

Эрдан — хато, хотиндан — узр,
Хотиндан — хато, эрдан — жазо.

Эринг суйди — элинг суйди.

Эрингга ёқдинг — элингга ёқдинг.

Эрни эр қиладиган ҳам хотин,
Қаро ер қиладиган ҳам хотин.

Эрники — ташдан, хотинники — ичдан.

Эрнинг ёши икки ўттиз,
Биттасини урдик биз.

Эрнинг отини хотин чиқарар,
Хотиннинг отини ўтин чиқарар.

Эрнинг топганига хотинники қўр бўлар.

Эр-у хотин урушар,
Ўртага нодон тушар.

Эшик кўрган юрт бузар,
Бешик кўрган юрт тузар.

Эшик кўрганни эмас,
Бешик кўрганни ол.

Югурук отга ёл битмас,
Тоқ йигитга мол битмас.

Янгамнинг шўрвасини ширин қилган
Акамнинг масаллиғи.

Яхши бўлсанг, номинг чиқар,
Ёмон бўлсанг — хотининг.

Яхши келин — келин,
Ёмон келин — ўлим.

Яхши кўрсанг боласин,
Иззат қилгин онасин.

Яхши отга қамчи урсанг,
Чопар авайлаб.

Ёмон хотин ишин қилар
Ҳамиша пойлаб.

Яхши рўзғор — жаннат,
Ёмон рўзғор — дўзах.

Яхши тўн — тўй савлати,
Яхши хотин — уй зийнати.

Яхши хотин арпа унни кабоб қилар,
Ёмон хотин буғдой унни хароб қилар.

Яхши хотин белгиси —
Бухори қилар терини,
Мулло қилар эрини.

Ёмон хотин белгиси —
Шалдироқ қилар терини,
Бақироқ қилар эрини.

Яхши хотин белгиси — хиром қилар терини,
Ёмон хотин белгиси — ерга букар эрини.

Яхши хотин — бетидан семирар,
Ёмон хотин — кетидан.

Яхши хотин жун қарз олар,
Ёмон хотин ун қарз олар.

Яхши хотин ишлик бўлар,
Ёмон хотин — тишлик.

Яхши хотин йигит номин кўтарар,
Ёмон хотин йигит номин йўқотар.

Яхши хотин йўқ нарсангни бор этар,
Ёмон хотин кенг уйингни тор этар.

Яхши хотин йўқни йўмзаб тўйдирар,
Ёмон хотин ёлғиз отни сўйдирар.

Яхши хотин келмасдан бурун кулдирар,
Ёмон хотин ўҳнасдан бурун ўлдирар.

Яхши хотин кўпга қўшар,
Ёмон хотин кўпдан чиқарар.

Яхши хотин олиб берсанг йигитга,
Минг куни бир кун бўлиб ўтар.

Ёмон хотин олиб берсанг йигитга,
Бир куни минг кун бўлиб ўтар.

Яхши хотин — уй бўстони,
Ёмон хотин — зимистони.

Яхши хотин — уй зийнати,
Ёмон хотин — тўй зийнати.

Яхши хотин — уйнинг гули.

Яхши хотин — умр боли,
Ёмон хотин — жон заволи.

Яхши хотин — хазина.

Яхши хотин эрини элга бош қилур,
Ёмон хотин эрини гадо қилур.

Яхши хотин эрини яшартирар,
Ёмон хотин эрини тез қаритар.

Яхши хотин эрта туриб чарх йигирар,
Ёмон хотин эрта туриб ўчоқ кавлар.

Яхши хотин юзида ой кўринар,
Ёмон хотин қовоғидан қор ёғилар.

Яхши хотин — ярим ризқ.

Яхши хотин — ҳамиша баҳор.

Яхши қўшни — ота-она,
Ёмон қўшни — бошга бало.

Яхши қўшни узоқ қариндошдан яхши.

Яхши қўшнига ялингунча,
Ёмон уйингни ахтар.

Яхши ҳамсоя гулдир,
Ёмон ҳамсоя чўлдир.

Яхши ҳамсоя орасидан
Қисир эчкининг қили ўтмас.

Яхшининг кетидан қолма,
Ёмоннинг қизини олма.

Ўз уйим — ўлан-тўшагим.

Ўз уйимнинг хушлиги —
Оёқ-қўлимнинг бўшлиги.

Ўзим ҳисобласам, қулунли бия,
Отам билан ҳисобласам, бўтали бия.

Ўзинг суйганни олгунча,
Ўзингни суйганни ол.

Ўзинг ўйда бўлсанг ҳам, ўйинг уйингда бўлсин.

Ўнта ўғлим бўлгунча, битта чолим бўлсин.

Ўнқир эди, чўнқир эди — уйим эди,
Айиқ эди, сайиқ эди — эрим эди.

Ўргимчак ҳам ўз уйим дейди.

Ўроқ тутиб отанг қолгунча,
Ўймоқ тутиб энанг қолсин.

Ўрта йўлда отинг ўлмасин,
Ўрта ёшда — хотининг.

Ўтиннинг яхшиси — янтоқ,
Хотиннинг яхшиси — қалмоқ.

Ўтинсиз қозон қайнамас,
Хотинсиз уй яйрамас.

Ўғлимнинг илик ошидан
Эримнинг урган тоши яхши.

Ўғлинг аҳмоқ бўлса ҳам,
Келининг доно бўлсин.

Ўғлинг боқсин, келининг соғсин.

Ўғлинг ёмон бўлса, келинингдан кўр,
Қизинг ёмон бўлса, куёвингдан кўр.

Қайнона қайнайди,
Келин айнайди.

Қайнона қўлидан ёғлик чўзма егандан
Она қўлидан қулоқ чўзма еган яхши.

Қайнонага тош отсанг, тош оласан,
Қайнонага ош берсанг, ош оласан.

Қайнонам — қайнонам,
Қайин эгачимдан қўрқаман.

Қайнота ҳам — ота, қайнона ҳам — она.

Қалмоқ олган қаримас,
Арғумоқ минган ҳоримас.

Қиёмат куни — қўшнидан.

Қиз олмаган йигит қиздан сулув.

Қизгинамнинг боласи —
Қандак ўрик донаси.
Ўғилгинамнинг боласи —
Ҳай-ҳай унинг онаси.

Қизига жони ачиган келинини сақлар.

Қизим сенга айтаман,
Келиним сен эшит.

Қизимнинг қайнонаси ёмон,
Ўзимнинг келиним ёмон.

Қизинг бўй етса, қизи яхши билан қўшни бўл,
Ўғлинг эр етса, ўғли яхши билан қўшни бўл.

Қозон олсанг, қоқиб ол,
Хотин олсанг, боқиб ол.

Қозонда жиз-биз,
Кўрпада сиз-биз.

Қора тутни қоқманг,
Неварани боқманг.

Қоронғида қичқирсанг,
Ҳамсоянг товуш берар.

Қудали хотин қуйруқ ер,
Эрли хотин — калтак.

Қудангдан қарз сўрама.

Қудангдан қўй сўрама,
Қўшнингдан уй сўрама.

Қурбақанинг тириклиги кои билан,
Хотиннинг тириклиги эл билан.

Қўшни девор тагини кавласанг,
Ўзингга дарча очилар.

Қўшни келди — кўмак келди,
Эт келди — суяк келди.

Қўшни оши — қўшнига қарз.

Қўшни қўшнидан эрта туришни ўрганар.

Қўшни — қўшнининг бозори.

Қўшнига қарама, ўнгишига қара.

Қўшнига қасд этма, баст эт.

Қўшнига қўшнининг товуғи кўркли кўринар.

Қўшнида пишар,
Бизга ҳам тушар.

Қўшнимнинг билгани — ҳамманинг билгани.

Қўшнинг ёмон бўлса, ёмонлик келар,
Қўшнинг яхши бўлса — омонлик.

Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис.

Қўшнинг яхши бўлса, кўр қизинг ҳам эрга тегар.

Қўшнингга ёмонлик соғинма.

Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар,
Қурбинг етса кўмаклаш, эшигингни боғ этар.

Қўшнининг миннатли ошидан
Чумчуқнинг сояси афзал.

Қўшнининг оши — тотли.

Қўшнининг оши — ғавғонинг боши.

Қўшнининг товуғи ғоз кўринар,
Келинчаги — қиз.

Қўшниси яхши қаримас.

Ғоз аччиғи — қарғага,
Қиз аччиғи — янгага.

Ҳар ким ўз уйида подшо.

Ҳовли олма, қўшни ол.