Муҳаббат ва бевафолик ҳақида мақоллар

Айрилиқ ўлимдан қаттиқ.

Бевафо дўстдан таёқ яхши,
Бебаҳра гулдан — япроқ.

Бевафо ёр — жонингга дор.

Бевафо ёрдан вафодор ит яхши.

Бевафо ёрдан осилган дор яхши.

Бевафода ҳаё йўқ,
Ҳаёсизда риё йўқ.

Бевафонинг асли кўнгли бегона,
Бевафога кўнгил қўйган девона.

Билдингки, бевафодир,
Кўнгил қўймоқ хатодир.

Бир этикка икки оёқ сиғмас,
Бир юракка — икки муҳаббат.

Бирга вафо — мингга вафо.

Биров парини севибди,
Биров — қурбақани.

Вафо қилган вафо топар,
Жафо қилган жафо топар.

Вафоли қул — жафоли қул.

Вафосизга берилма,
Вафолидан айрилма.

Вафосизда ҳаё йўқ,
Ҳаёсизда вафо йўқ.

Ваъда — вафоси билан гўзал.

Ваъдага — вафо,
Вафосизга — жафо.

Гул — баҳона, дийдор — ғанимат.

Гул — ҳаёт безаги,
Севги — инсон безаги.

Гулга боқ, тиканни кўр,
Ёрга боқ, жафони кўр.

Гулсиз булбул — ёрсиз булбул.

Давосиз дард — муҳаббат.

Дарди йўқ — кесак,
Ишқи йўқ — эшак.

Ёлғизликда ёр яхши.

Ёрим бор деб ёрилма,
Ҳақиқий ёр бўлмаса.

Ёшликда берган кўнгил,
Айрилмас бало бўлур.

Икки ёрнинг урушгани — ўйнашгани.

Икки пичоқ бир қинга сиғмас,
Икки севги — бир кўнгилга.

Икки суюк бир кўнгилга сиғмас.

Инсон бўлсанг вафо қил,
Вафосизлик — хато, бил.

Инсон севги билан тирик.

Интизорлик ўлимдан ёмон.

Ип кийса ҳам вафодор бўлсин.

Ит — вафо, хотин — жафо.

Ишқ билан ўйнашиб бўлмас.

Ишқ бошқа, ҳавас бошқа.

Ишқ — муқаддас ўт,
Ҳавас — лойқа сув.

Ишқи бор ўйнар,
Дарди бор йиғлар.

Ишқи борнинг имони бор.

Ишқсиз кўнгил — эгасиз уй.

Ишқсиз кўнгил — ўтсиз ўчоқ.

Куйган ўланчи бўлар,
Суйган — лапарчи.

Кўз қариса ҳам, кўнгил қаримас.

Кўнгил гулини севги суви суғорар.

Кўнгил кўнгилдан сув ичар.

Маъшуқ қайда бўлса,
Ошиқ шунда бўлар.

Муҳаббат — бир сўз, маъноси — дунё.

Муҳаббат — битта, кўз — тўртта.

Муҳаббат бойликка боқмас.

Муҳаббат — дил меваси.

Муҳаббат ёш танламас.

Муҳаббат кетса, нафрат келар.

Муҳаббат муҳаббатни туғдирар.

Муҳаббат — уй пойдевори,
Вафо — устуни.

Муҳаббат чирой танламас,
Уйқу — жой.

Муҳаббат ҳусн танламас,
Уйқу — ўрин.

Муҳаббатнинг кўзи — кўр.

Муҳаббатсиз умр — ўт олмас кўмир.

Олтин зангламас,
Севги қаримас.

Очлик ош танлатмас,
Ошиқлик ёш танлатмас.

Ошиқ билан ўйнасанг,
Ошиғингга ўт тушар.

Маъшуқ билан ўйнасанг,
Қошингда тутлар пишар.

Парвона — ўз ошиғининг қурбони.

Пўлат оловда, севги ҳижронда синалар.

Рашкнинг кўзи — кўр.

Севган билан қўшилиш —
Дуторга тор таққандай.

Севмаган билан қўшилиш —
Заҳарли илон чаққандай.

Севган севганини дейди,
Севмаган кимни дейди.

Севганга — султонсан,
Севмаганга — ултонсан.

Севганинг — олтиндан азиз.

Севганингга севгингни бер,
Истаганга — этингни.

Севги бозорда сотилмас.

Севги — бир, макон — икки.

Севги деган икки кўзда.

Севги ёрдамчи тиламас.

Севги пулга сотилмас,
Кўнгил пулга топилмас.

Севги қаримас, асл чиримас.

Севгида зорлик бор,
Зўрлик йўқ.

Севгинг оз — умринг оз,
Севгинг соз — умринг соз.

Севгинг тоза — умринг тоза.

Севгининг аслини булбулдан сўра,
ГуЛзор қадрини — гулдан.

Севгининг баҳори билан шодланма,
Ёз-у қиши ҳам бордир.

Севгининг кўзи айб кўрмас.

Севгисиз кўнгил — вайрона.

Севдим деб мақтанма,
Севилдим деб мақтан.

Севимсиз ёрдан кезимлик от аъло.

Севикли қул секирар.

Синадингми — сев,
Синамадингми — қўй.

Синалган севги букилмас,
Букилса ҳам сўкилмас.

Соф севги сотилмас,
Ё кесакдек отилмас.

Сохта ошиқ ишқ-севгидан лоф урар,

Ой ўтмасдан мушт ўқталиб, дўқ урар.

Сочингни кунда тара,
Ёрингга кунда қара.

Сувсиз ҳаёт бўлмас,
Вафосиз — оила.

Суйган ёрдан кўз кетмас.

Суйганимнинг кўнгли учун
Суймасимни суярман.

Суйганимнинг кўнгли учун
Суймас ошни ичарман.

Суймаганга суйканма.

Сулув бўлган билан ёр бўла олмас,
Туя бўлган билан нор бўла олмас.

Тоғ тоғ билан қовушмас,
Одам одам билан қовушар.

Тоғнинг кўрки қор билан,
Эрнинг кўрки ёр билан.

Тутунсиз ўт бўлмас,
Ёрсиз — йигит.

Тўй ўпкасиз бўлмас,
Ёр — фироқсиз.

Тўғри гапнинг ажжиси йўқ,
Бевафонинг — сужжиси.

Чин севгининг тилл бўлмас.

Чиройинг борида чинорингни топ.

Чиройли чиройли эмас,
Суйганинг — чиройли.

Эр севмаса, эл севмас.

Юрак юракка дарак берар.

Юрт севганни қиз севар.

Яхши ёр ёддан чиқмас.

Ўз суйганинг ўзингга сулув.

Ўзи келган ёр-ёр,
Ўзи кетар ёр-ёр.

Ўнтанинг ёр-ёри бўлгунча,
Биттанинг вафодори бўл.

Ўчоқдаги ўт бошқа,
Юракдаги ўт бошқа.

Қалбга қаримоқ йўқ,
Севгига — ўлим.

Қарз — муҳаббатнинг қайчиси.

Қизил гул экканнинг хирмом бўлмас,
Яхшини суйганнинг армони бўлмас.

Қизинг кимни суйса, куёвинг шу.

Қизни ким севмас,
Қимизни ким ичмас.

Қизни ошиғига бер.

Қизни танлаганга бер.

Қимиз кимники — ичганники,
Қиз кимники — суйганники.

Қолган кўнгил — чиққан жон.

Қуш учади қаноти билан,
Йигит яшайди вафоси билан.

Ҳамма дардга бор даво,
Ошиқлик дарди — бедаво.

Ҳар ким беёрдир — бемордир.

Ҳар дилнинг севгиси бор.

Ҳар ким суйган ошини ичар.

Ҳар ким — суйганининг қули.

Ҳар кимники ўзига
Ой кўринар кўзига.

Ҳар ошиққа беш кун давр.

Ҳақиқий ошиқлик — икки ёқдан.

Ҳусн тўйда керак,
Муҳаббат — кунда.

Ҳўкиз ҳўпда семирар,
Қиз — қучоқда.