Масъулият ва масъулиятсизлик ҳақида мақоллар

Бекор отнинг боши ўтлар,
Боғлиқ бўлса, яхши ўтлар.

Бекор ўтиргунча, бекор ишла.

Бепарво дўстдан ёғоч яхши.

Бир нафаслик муҳаббат,
Бошга келтирар офат.

Болага иш буюр,
Орқасидан ўзинг югур.

Бошлиқ бўлиш осон,
Бошламоқ қийин.

Боқ отингни арпа билан,
Боқар қази-қарта билан.

Бугун оёғинг тўртта бўлса,
Эртага тузли халта елкангда.

Бўлар-бўлмасга уринма,
Охирида суринма.

Дунёда бир кўнгилчак ўлар,
Бир — эринчак.

Дуторчи дуторчини кўрса, қўли қалтирар.

Дўстинг дўст бўлсин,
Ҳисобинг дуруст бўлсин.

Емакнинг қусмоғи бор.

Енгил оёқ узоққа қўшар,
Енгил бош тузоққа тушар.

Етим юриб етилган ўзар.

Интизомли лашкар енгилмас.

Йўли олис тиним билмас.

Катта бошнинг оғриғи ҳам катта.

Киссасида пули йўқ,
Кисавурдан ғами йўқ.

Киши тўни — кирчил,
Киши оти — терчил.

Кўз — тарози,
Кўнгил — қози.

Кўзи йўқнинг ўзи йўқ.

Кўнмасга кўп берсанг, кўнади.

Майдонга кирган манглайини қашир.

Мастлик — ростлик.

Мендан айб ўтмас,
Тилим тойиб кетмас.

Нарвонга чиқсанг, шошмай чиқ,
Ўз ҳаддингдан ошмай чиқ.

Нотиқ маҳмадана бўлса,
Мажлиснинг бурди кетар.

Омонат иш овора қилар.

Омонат, омонатга қилма хиёнат.

Осилсанг, баланд дорга осил,
Йиқилсанг, майдонга йиқил.

Осон ерда ош қайда.

Осон ишнинг оҳи бор.

От минган олисни кўзлар.

Отни синаш осон,
Одамни синаш қийин.

Оқма қулоққа айтсанг, оқиб кетар,
Қуйма қулоққа айтсанг, қуйиб олар.

Оғиз — бир, қулоқ — икки,
Бир сўзлаб, тингла қирқ икки.

Ур, деганга зўр келмас,
Урганга зўр келар.