Ҳайвонлар ва қушлар ҳақида мақоллар

Бедана тезотар бўлса,
Ўз бошини ўзи ер.

Бедананинг «вит» дегани — қочгани.

Бўри бўронда қутурар.

Бўрининг озиғи — бурнида.

Зағизғон соғлигидан ўлмас, суқлигидан ўлар.

Зағизғон чақиб тўқ бўлмас.

Зағча сигирдан қўрқмас.

Итда жиян йўқ,
Бақада — қайин.

Итдан суяк ортмас,
Мушукдан — без.

От — йигитнинг йўлдоши.

От — йигитнинг қаноти.

От олсанг, ҳўкиз қориндан ол,
Ҳўкиз олсанг, от қориндан ол.

Тишини кўргунча, ишини кўр.

Той отга етказар,
От — муродга.

Той отга эргашар,
Қўй — серкага.

Тойни той деб хўрлама,
Эрта-индин от бўлар.

Тоғ бўрисиз бўлмас,
Тўқай арслонсиз бўлмас.

Тоғига қараб қулони,
Сувига қараб — илони.

Туя силкинса, эшакка юк чиқар.

Туя тўпиғи ҳам тўпиқ,
Қўй тўпиғи ҳам тўпиқ.

Тўнғизни ботқоқда бос.

Чопқир от — ўткир пичоқ.

Чўпон бўлсанг, қўйни боқ,
Мойи тошсин чорадан.

Ит боққанда сиртлон боқ,
Қўй олдирмас қўрадан.

Эл тинса ҳам, ит тинмас.

Эл қўнмай, ит тинмас.

Этик кийсанг, эр бўласан,
Отга минсанг, шер бўласан.

Этнинг яхшиси — қази,
Итнинг яхшиси — този.

Эчки бўлса, қўйга йўл очилар.

Эчки қўй бўлмас,
Эшак — той.

Эшак минганнинг оёғи тинмас.

Эшак урган билан от бўлмас.

Эшакка пашмакдан хашак яхши.

Юввош ит ҳурмай тишлар.

Юввош отнинг тепкиси қаттиқ.

Юввош туя юмушга яхши.

Яхши от ёд қолдирар,
Ёмон от лат қолдирар.

Яхши от жонга шерик,
Ёмон от — молга.

Яхши от — кўпники.

Яхши от оёғидан озар.

Яхши от тўрвасини орттирар,
Ёмон от — қамчисини.

Қалмоқи от қоқилмас,
Қоқилса ҳам, йиқилмас.

Қарға келди — қиш келди.