Ҳалоллик ва текинхўрлик ҳақида мақоллар

Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр.

Берсанг — ейди, урсанг — ўлади.

Бир деҳқон омоч билан,
Еттовлон чўмич билан.

Бировнинг қўли билан тикан юлиш осон.

Давлат*нинг иллати бор.

Дили покнинг иши — пок.

Дили покнинг йўли — пок.

Ерга боққан иш қилмас,
Иш қилса ҳам, тинч қилмас.

Ишлаб еган зоғоранг
Танангга ёғдек ёқар.

Ишлаб топганнинг оши — лаззатли.

Ишлаган эр, тишлаб ер.

Ишламай еган оғримай ўлар.

Камбағалнинг пули — пешона тери.

Ким ишлайди, ким тишлайди.

Кишининг зари кишини бузар,
Зарни кўрган занжирини узар.

Кўнгил тортган ош — ҳалол.

Манглай теринг билан топилган мол,
Танингга ҳалол.

Ошинг ҳалол боиса, кўчада ич.

Оқар сувнинг ҳароми йўқ.

Оғзингдан чиққан тупрук,
Ерга тушса, макруҳ.

Оғиз еса, кўз уялар.

Пора дўзах эшигини очар,
Ўзини билган ундан қочар.

Пора еган пона ер.

Пора канда бўлмаса,
Пароканда бўласан.

Порахўр бойимас,
Ўғри койинмас.

Порахўр беш қўлини оғзига тиқар.

Порахўр — текинхўр.

Порахўр — ҳаромхўр.

Порахўрнинг кўзи бешта,
Қўли — тўртта.

Порахўрнинг тавбасидан қўрқ,
Муғомбирнинг — йиғисидан.

Текин бўлса, мих ют.

Текин гўштнинг суяги бурун йиртар.

Текин еган — кўзга тикан.

Текин егунча, экиб е.

Текин ема, тешади,
Сим бўлсанг ҳам, эшади.

Текин томоқ одамнинг тузоғи,
Едириб айтади: Аммамнинг бузоғи.

Текин томоқ тиш синдирар.

Текин томоқ тотлик келар.

Текин томоқнинг таъми бошқа,
Еганларнинг боши қашқа.

Текин томоқнинг тиканаги тиқилар.

Текин топган мол ёмон,
Охири қўймас омон.

Текин тўн қимматга тушар.

Текиндан томоқ бўлса,
Қирқ кун ётмоқ керак.

Текиннинг миннати кўп,
Меҳнатнинг — зийнати.

Текинхўр бойимайди,
Бойиса ҳам юқмайди.

Текинхўр соясидан қўрқар.

Текинхўр — сувсиз ариқ.

Текинхўр қопиб ейди,
Меҳнаткаш топиб ейди.

Текинхўрга тенг келма, қопади,
Ўз айбини текин пулга ёпади.

Текинхўрга шафқат йўқ.

Тиканнинг заҳри ёмон,
Текинхўрнинг қаҳри ёмон.

Томоғининг йўли тоза,
Иши бўлар покиза.

Тотли томоқ тамуққа туширар.

Узум тилаганга узиб-узиб бер,
Қовун тилаганга — қон ялатиб.

Халқ молини еган ҳалқумидан илинар.

Шароб текин бўлса, ҳамма ичар,
Текинхўр виждонидан кечар.

Ширафурушнинг шираси бор,
Ортиш-тортиш кираси бор.

Экканда йўқ,
Тикканда йўқ,
Хирмонда ҳозир.

Элдан ош есанг, элга ош бер.

Эшак Маккага бориб ҳалол бўлмас.

Эшакнинг гўшти ҳаром,
Меҳнати — ҳалол.

Юлғич борнинг молин юлқар,
Йўқнинг номин булғар.

Юлғич юлади,
Юлиб олгач, кўмади.

Юлғич юлиб тўймас.

Юлғич юлиб тўймайди,
Қирғич қириб қўймайди.

Ўроқда йўқ,
Машоқда йўқ,
Хирмонда ҳозир.

Ўзи ўлган қўй қурбонликка кирмас.

Ҳалол иш — лаззатли емиш.

Ҳалол ишла, ҳалол тишла.

Ҳалол меҳнат ерда қолмас.

Ҳалол меҳнат — мўл даромад.

Ҳалол молнинг қулфи ўзида бўлар.

Ҳалол пишиб чиқар,
Ҳаром тешиб чиқар.

Ҳаракатинг эрта бўлса,
Кузда эрта ўрасан.

Меҳнатингни ҳалол қилсанг,
Ҳузурини кўрасан.

Ҳаром егин тўйгунча,
Калтак егин ўлгунча.

Ҳаром иш тез қаритар.

Ҳаром ҳаромни чақирар.

Ҳаромдан келган ҳаромга кетар.

Ҳаромдан минг танга,
Ҳалолдан бир танга.

Ҳаромзода буғдой кўрсатиб, арпа сотар.

Ҳаромзода сувдан ҳолва пиширар.

Ҳаромзоданинг қуйруғи — бир тутам.

__________
* Давлат — бу ерда ҳаром топилган бойлик маъносида.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!