Гўзаллик ва хунуклик ҳақида мақоллар

Ақлли хотин — уй кўрки,
Чиройли хотин — кўча кўрки.

Бозорга — баққол,
Йигитга — соқол.

Боғ кўрки — бодом,
Дунё кўрки — одам.

Боғ чиройи гул билан.

Боғ ўзини тоғ айлар,
Тоғ ўзини — боғ.

Гул ўсса — еминг кўрки,
Қиз ўсса — элнинг кўрки.

Гулнинг тўни — қирқ ямоқ, аммо хушбўй.

Гулнинг ҳам тикани бор.

Гўзал кўриш — кўзга савоб.

Дарахт — ер зийнати,
Кийим — эр зийнати.

Дарахтнинг ҳусни — барги билан меваси.

Дидсиз ўтирган ерини ҳам чангитар.

Етмиш гўзалликнинг биттаси — меҳнат.

Инсон қўли — гул.

Ипор иси сандиқдан кетмас.

Ипор исини яшириб бўлмас.

Ит деса, қуйруғи йўқ,
Сигир деса — мугузи.

Йигит кўрки — от-яроғ.

Йигит чиройи — арғумоғи,
Келин чиройи — чақалоғи.

Йиртиқ тўнга — зар ямоқ.

Кал бошига — шамшод тароқ.

Камтарлик ҳам ҳусн.

Капалак гулни дейди,
Булбул — куйини.

Кийикли тоғ — суюкли тоғ.

Кийиминг жанда бўлса ҳам, ганда бўлмасин.

Кир кўйлакка — жун ёқа.

Кишининг чиройи юзида.
Кулги чеҳра ёритар.

Кўзга яқин — кўнгилга яқин.

Кўра-кўра кўркам бўлар,
Юра-юра чечан бўлар.

Кўса қариганини билмас.

Майдон кўрки — ёғиш,
Гилам кўрки — нақш.

Нозсиз хотин — ёлқинсиз ўтин.

Нотавон кўнгилга — қўтир жомашов.

Одамга — лафз, гўсалага — дум.

Одамга — либос, эшакка — тўқим.

Одамнинг юзи қуёшни уялтирар.

Ой сулуви — нур, Сой сулуви — сув.

Ойда ҳам доғ бор.

Ойдинда оқ кийган,
Кўланкада кўк кияр.

Олмоқнинг кўрки — бермоқ.

Онангни отангга бепардоз кўрсатма.

Отни яхши кўрсатган —
Туёқдаги тақаси.

Тўнни яхши кўрсатган —
Енги билан ёқаси.

Оқ кўнгилликнинг юзи кўркам.

Пардоз қилган чиройли
Аммо ҳусни бир ойли.

Пардозлини уйда кўр,
Хотинингни тўйда кўр.

Пардозни пардоз бузар.

Пес ҳам ўз йўлига,
Ҳусн ҳам ўз йўлига.

Созли тордан — нозли садо.

Сулув сулув эмас,
Суйган — сулув.

Сулувидан жилуви яхши.

Сумбул тақимда,
Йигит кўзи унда.

Супурги ернинг ҳусни,
Камтарлик — эрнинг.

Суқма бўлса ҳам йўл яхши,
Сўқир бўлса ҳам қиз яхши.

Сўз кўрки — мақол,
Гузар кўрки — баққол,
Йигит кўрки — соқол.

Сўқир кўзга сурманинг кераги йўқ.

Ташига қарама, ичига қара.

Терак ҳам боғ зийнати.

Товус танасига қараб яйрайди,
Оёғига қараб йиғлайди.

Тоз — танишдан,
Қўтир — қамишдан.

Тоғнинг кўрки — лола билан,
Уйнинг кўрки — бола билан.

Турқ бошқа-ю, кўрк бошқа.

Уйга палос ярашар,
Хотинга — либос.

Умр ўзар, ҳусн тўзар.

Хол — жойида азиз.

Хотинга мол берма, хол бер.

Хунукдан худо безор.

Хушхулқлик — жамол,
Камтарлик — камол.

Чирой тўйда керак.

Чирой ҳусн-у жамолда эмас, фазл-у камолда.

Чиройга нон ботириб еб бўлмас.

Чиройли қизнинг нози бор.

Чиройлилик мурод эмас,
Хунуклик уят эмас.

Чопмасанг ҳам от яхши,
Қучмасанг ҳам қиз яхши.

Чўлда ўсган гиёҳ ҳам — чўлга ҳусн.

Чўтирнинг ҳам ўз ҳусни бор.

Шаҳарда бир хотин бўлса,
Заргар очидан ўлмас.

Эгри бўлса ҳам йўл яхши,
Қари бўлса ҳам қиз яхши.

Эшакка — тўқим, одамга — либос.

Юз — ўтдан иссиқ.

Яхши қиз — ёқадаги қундуз,
Яхши йигит — кўкдаги юлдуз.

Яхши қомат — ярим омад.

Яхши ҳусн — ярим бахт.

Яхшининг юзи офтобни илитар.

Яхшининг юзида зулук ҳам хол бўлиб кўринар.

Ўзига боқмаган ўзгага ёқмас.

Ўйида бор-у, бўйида йўқ.

Ўйин соз билан,
Қиз — ноз билан.

Ўрдак ўзига оро берса ҳам, оққуш бўлолмас.

Қари бўлса ҳам қиз яхши,
Ачиган бўлса ҳам — қимиз.

Қиз бола — гул-лола.

Қиз бола — уй зийнати.

Қиз бола эрда яхши,
Эр олмаса гўрда яхши.

Қиз бор — қирғиз қовоқли,
Қиз бор — қарчиғай қанотли.

Қиз қилиғи билан иссиқ.

Қиз ҳусни — юрагида.

Қизни ким севмас.

Қимизни ким ичмас.

Қизнинг иси — гулнинг иси.

Қизнинг кўзи — қизилда,

Ёшнинг кўзи — яшилда.

Қизнинг қилиғи яхши,
Сутнинг — илиғи.

Қирққача кўса яхши,
Қирқдан сўнг ўлса яхши.

Қози ришвасиз бўлмас,
Қиз ишвасиз бўлмас.

Қозон қайда — сув шунда,
Сулув қайда — кўз шунда.

Қори бўлмаса, қиш хунук,
Ёри бўлмаса — қиз хунук.

Қулоқ сўз учун,
Олам кўз учун.

Ҳавонинг тафтига боқ,
Одамнинг афтига боқ.

Ҳар боғнинг — гули,
Ҳар чорбоғнинг — булбули.

Ҳар гулнинг ҳиди бошқа.

Ҳар гўзалнинг бир айби бор.

Ҳар кимнинг диди бошқа.

Ҳар нарсанинг ярашиғи бор.

Ҳар қушнинг қаноти ўзига яраша.

Ҳусн гоҳ бахт келтирар,
Гоҳ — кулфат.

Ҳусн — ярим давлат, ярим офат.