Эпчиллик ва ношудлик ҳақида мақоллар

Абжир бўлса фарзандинг,
Чўлдан нон терар.
Ялқов бўлса фарзандинг,
Ердан дон термас.

Байтал чопиб, пойга олмас.

Балақ турилмай, балиқ тутилмас.

Бебарорлик бўлмаса,
Келин тушда гапирмас.

Биламан — дедим, тутилдим,
Билмайман — дедим, қутулдим.

Билган одам қўли билан қуён овлар.

Билмаганга бит ўлдириш қийин.

Бир шалтоқнинг ишини
Йигирма эпчил эплай олмас.

Бозор билган оч қолмас,
Йўл таниган кеч қолмас.

Бурга тутиш учун ҳам бармоқни ҳўллаш керак

Бурга қочар оёққа,
Бит қолади таёққа.

Бўлмаганга — бўлишма.

Гадойчиликка ҳам уқув керак.

Дарё чопар,
Чаққон топар.

Дуд демоққа дудоқ керак,
Сирка тиламакка — усул.

Дум тилаб, қулоқдан ажрабди.

Ер юзини бахмал олса ҳам,
Анқовга тақиялик тегмас.

Ё эшакни юкка элт,
Ё — юкни эшакка.

Ёмон даллол ёнидан тўлар.

Ёмон косиб бигиз танлар.

Ёнмаса, ўтин ёмон,
Ёқолмаса — хотин.

Ётган ётар, қидирган топар.

Ёғоч қозон таги куяр.

Ёғочнинг юмшоғини қурт ер,
Одамнинг юмшоғини — ит.

Жумуш ўкириб бийик бўлмас,
Эчки югуриб — кийик.

Жўгидан жузъя.

Замонинг тулки бўлса, сен този бўл.

Замонинг қандай бўлса,
Бўркингни шундай кий.

Ит бўлиш учун ҳам бир қарич қуйруқ керак.
Иш билмасанг, гап бил.

Иш билган — тузар,
Билмаган — бузар.

Йиқилсанг, олиб тур,
Чўнтагингга солиб тур.

Йўрға отнинг йўли бўлар,
Жўртоқининг шўри бўлар.

Йўқни бордай қил,
Борни болдай қил.

Киши қўли билан ип эшилмас.

Кураш билмаган отасини йиқитар.

Кучанган билан қўл қавармас,
Бақирган билан бир иш битмас.

Кўнгиллаган чўпон такадан сут соғар.

Кўп бўлса сеплаб кўр,
Оз бўлса — эплаб.

Мерган овда билинар,
Сўзчи — довда.

Мол йўқотган энасининг қўйнини излар.

Молни боқсанг, тўқ бўлар,
Боқолмасанг, йўқ бўлар.

Молни топганга боқтир,
Ўтинни чопганга ёқтир.

Нўноқ мерган оқсоқ қуён излар.

Ов олган този бурнидан маълум.

Овни отсанг, билиб от,
Дол нишонга қўйиб от.

Овчи овчиликни қанча билса,
Айиқ ҳам қочишни шунча билар.

Олдинги берсин сазасин,
Кейинги берсин жазосин.

Ортиқ қиламан деб, тиртиқ қилма.

Пазанданинг гўжасидан ош чиқар,
Ношуднинг паловидан тош чиқар.

Подачи кўп бўлса, мол ҳаром ўлар.

Пул отанг ким, онанг ким демайди.

Пулни пул топар,
Кетмонни аҳмоқ чопар.

Пухта бўйнидан илинар,
Гўл — оёғидан.

Савдолашув — савдонинг ярми.

Сандиғи тўла сепи бўлгунча,
Юраги тўла эпи бўлсин.

Сатанг бир иш қилолмайди,
Қилса ҳам кўп билолмайди.

Сепли бўлгунча, эпҳ бўл.

Сеплини олма, эплини ол.

Сигир ўғирлаган қутулди,
Арқон ўғирлаган тутилди.

Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам.

Сонсиз хотиннинг уйига сон кирмас.

Сочиб қочгунча, олиб қоч.

Судралган калтак ер.

Суза билмаган ўз ҳовузида ғарқ бўлар.

Сўз билмаган кишидан
Ҳура билган ит яхши.

Сўрай-сўрай, билиб олибди,
Уяла-уяла, қуруқ қолибди.

Сўқолмаган сўйил кўтарар.

Таваккал тоғни йиқар.

Таваккал — эрнинг йўлдоши.

Тариқни еган — чумчуқ,
Балога қолган — бедана.

Тариғи пишганнинг товуғи бўл.

Тақлид билан тонг отмас.

Тентак ўйлангунча,
Таваккалчи сувдан ўтар.

Тирик бўлиб бозорда йўқ,
Ўлик бўлиб — мозорда.

Тоз тарангунча, тўй тарқар.

Тош келса, кемир,
Сув келса, симир.

Тулкининг минг бир ҳунари бор,
Ҳаммасидан охиргиси улуғвор.

Тулкининг ҳийласи кўп,
Яхшиси — қочмоқ.

Туриб ўлгунча, уриб ўл.

Туя — катта,
Яғрини — ундан ҳам катта.

Туя ўйин тушса, қор ёғар.

Туялига бостирма,
Итликка қоптирма.

Туянинг каттаси кўприкда таёқ ер.

Туғулуқ сўрамоқнинг ҳам аъмоли бор.

Тўкилгандан ялаб қол.

Тўн — кийганники,
От — минганники.

Тўркини яқиннинг тўшаги йиғилмас.

Уддасидан чиқмасанг, уринма.

Узоқдан аравалагунча,
Яқиндан тўрвала.

Ура билмаган узун косов кўтарар.

Ура билмаган ўқлов кўтарар.

Уринган хотин ўғил туғар.

Урушиб ўтир, ушлашиб ўтир.

Уялган буюргандан қуруқ қолар.

Уялган йигит қиздан қуруқ қолар.

Уқуви бор улғаяр,
Уқуви йўқ сарғаяр.

Чаққон чора топар,
Бепарво — баҳона.

Чивин ҳам анқовнинг оғзини пойлар.

Чўлоқ бўлсанг ҳам, нўноқ бўлма.

Элак сўрашга ҳам оғиз керак.

Эланмасанг, эл қайда,
Ялинмасанг, пул қайда.

Эмини қилгунча, эпини қил.

Эплаган икки ошар.

Эплаганни эр бил,
Яна қайтиб шер бил.

Эплашга эп керак,
Боғлашга— ип.

Эпли хотин уйни тутар ораста,
Эпсизда уй тўри латта-путта.

Эпли қиздан қолма,
Сепли қизни олма.

Эпсиз созанда созин чўзар.

Эпчил хотин қор қалаб,
қозон қайнатар.

Эринчоқнинг иши битмас,
Эпсизнинг — ҳожати.

Эт ейдиган қуш ҳам бор,
Этини ейдиган қуш ҳам бор.

Эшикни кейин кирган ёпар.
Эчки югуриб ланг бўлмас.

Юмшоқ ёғочга қурт тушар.

Ютганнинг томоғига қарама,
Юрганнинг — оёғига.

Яхши бузоқ икки онани эмар.

Яхши хотин гўшт қуритар,
Ёмон хотин гўшт саситар.

Ўзига ёл бўлмаган,
Ўзгага дум ҳам бўлолмас.

Ўзинг учун ўл етим.

Ўзлари ойдай,
Қилган ишлари лойдай.

Ўйчи ўйига етгунча,
Таваккалчи бориб келар.

Ўйчининг ўйи битгунча,
Таваккалчининг тўйи битар.

Ўн марта шап-шап дегунча,
Бир марта шафтоли еган яхши.

Ўнгмаганнинг ити
Ўғри кетгандан сўнг ҳурар.

Ўнгмаганнинг ўқи қия кетар.

Ўргимчакдек ўрмала,
Беданадек йўрғала.

Ўрни келса, ўроқ ўр.

Ўти чиққаннинг оти юрмас.

Ўткир суқулганни тешар.

Ўчоқдаги ўтим ўчмасин десанг,
Қўри борида ҳаракат қил.

Ўғил бўлсин, қиз бўлсин,
Қўл-оёғи тез бўлсин.

Ўғил туғмас хотин бўлмас,
Мол топмас йигит бўлмас.

Ўғри қутулар,
Тўғри тутилар.

Қамишни бўш тутсанг, қўлингни қияр.

Қараган топмас, сўраган топар.

Қари қиз овга чиқар,
Кетидан ғавғо чиқар.

Қари қиз ясангунча, тўй тарқар.

Қатиқ ичган қутулар,
Хурмача ялаган тутилар.

Қирқ, юзнинг боласи
Ўн тўртида бош бўлар.

Чийирлининг боласи
Ўн саккизда ёш бўлар.

Қозон ўғирлаган қутулар,
Чўмич ушлаган тутилар.

Қочган қуён ётган қуённи ола қочар.

Қочган қутулар,
Турган тутилар.

Қош қўяман деб, кўз чиқарма.

Қуён отолмаганнинг боласи арслон отибди.

Қўйдек юввош бўл,
Отдек — югурук.

Қўли калтанинг тили қисқа.

Қўли суст косибдан оёғи илдам гадой яхши.

Ғат-ғат қилган карнайчи,
Балога қолган сурнайчи.

Ҳура билмаган ит қўрага бўри келтирар.

Ҳўкизга кучи етмаган аршинини тўбалар.