Деҳқончилик ва чорвачилик ҳақида мақоллар

Арпа ётса, омбор сол.

Арпага — ўрим,
Буғдойга — кўрим.

Бедов бойловда семирар,
Қўй-қўзи — яйловда.

Бир йил тариқ эксанг, бир йил шудгор қил.

Бир йил тут эккан киши
Қирқ йил гавҳар терар.

Боғбон боғини тузар,
Деҳқон даласин сузар.

Боғбон бўлсанг, сархар қил,
Деҳқон бўлсанг, шудгор қил.

Боғни қишда кўл қил,
Ёзда чўл қил.

Буғдой оламан десанг, қовун полга эк,
Пахта оламан десанг — жўхори полга.

Буғдой эксанг, кузда эк,
Яхши ҳайдаб, бўзга эк.

Бўлса агар оқлигинг,
Билинмайди йўқлигинг.

Деҳқон бўлсанг, рошида бўл,
Чўпон бўлсанг — қошида.

Деҳқон бўлсанг, шудгор қил,
Мулла бўлсанг, такрор қил.

Деҳқон бўлсанг, қошида бўл,
Сипоҳ бўлсанг — бошида.

Деҳқон деҳқондан қолса, бир йилда етар,
Чўпон чўпондан қолса, қирқ йилда етар.

Деҳқон — ер султони,
Чўпон — яйлов султони.

Деҳқон ёққанда тинар,
Чўпон — ўлганда.

Деҳқон ишлаб дон сочар
Элга ризқ йўлин очар.

Деҳқон одам дон сочар,
Эл-юртига нон сочар.

Деҳқон экканини ейди,
Чўпон — боққанини.

Деҳқон қорда тинар,
Чўпон — гўрда.

Деҳқоннинг ризқи ер билан кучига боғлиқ.

Деҳқоннинг уйи куйса-куйсин,
Ҳўкизи ўлмасин.

Деҳқоннинг ўзи касал бўлса ҳам,
Ҳўкизи касал бўлмасин.

Деҳқоннинг хазинаси — ер,
Калити — тер.

Деҳқончилик — чилик-чилик,
Бўлмаса — қуруқчилик.

Ер бойлиги — эл бойлиги.

Ер деганинг олтин қозиқ,
Ғажиб есанг, тугамас.

Ер — деҳқон хазинаси.

Ер — дон, деҳқон — хазинабон.

Ер ичида олтин бор,
Қазий берсанг, топасан.
Боғ ичида кумуш бор,
Кавлайберсанг, топасан.

Ер ола — юрт ола.

Ер олган — эр,
Ер сотган — қора ер.

Ер очганнинг бахти очилар.

Ер сийлаганни эл сийлар.

Ер-сув — битмас кон.

Ер текис — ҳосил текис.

Ер тўйдирар,
Ўт куйдирар.

Ер тўймагунча, эл тўймас.

Ер — хазина, сув — гавҳар.

Ер — хамир, ўғит — хамиртуруш.

Ер чарчаса, ҳосил бермас.

Ер эл билан обод,
Ел ер билан обод.

Ер қудрати — деҳқон қуввати.

Ерга берсанг — ер,
Бермасанг, қора ер.

Ерга меҳр — элга меҳр.

Ерга ошатсанг, ош битар,
Ошатмасанг — тош.

Ерга рош ярашар,
Қизга — қош.

Ерга сочсанг, ер беради,
Елга сочсанг — эл.

Ерга тушган гул бўлар,
Ўтга тушган — кул.

Ерга қарасанг, боғ бўлар,
Кўнгил очилиб, чоғ бўлар.

Ери бойнинг — эли бой,
Эли бойнинг — ери.

Ери семизнинг — эли семиз.

Ерини алдаган оч қолар.

Ерни боқсанг, боқади.

Боқмай қўйсанг, қоқади.

Ерни боқсанг, элни боқар.

Ерни бузадиган ҳам сув,
Тузадиган ҳам сув.

Ерни тўйдирсанг, тўйдирар,
Чиройини очсанг, кийдирар.

Ёмон деҳқон — ер қўрир,
Ёмон хотин — эр.

Ёмон чўпон тиконга берар,
Яхши чўпон — дўконга.

Жавдар жойига тушса, буғдой бўлар,
Буғдой жойига тушмаса, жавдар бўлар.

Жўхори чангда битар,
Тариқ — балчиқда.

Жўхори эксанг, тагига кўза ботсин.

Зар бўлмаса, заргар — хароб,
Ер бўлмаса, деҳқон — хароб.

Кариз суви — жон суви.

Катта хирмон қизил бўлса, чори чиқмас.

Косиб тикканини мақтар,
Деҳқон экканини мақтар.

Косибнинг қўлидан деҳқоннинг оёғи ҳалол.

Куркурак кўрмай, ток очма.

Овчининг зўри шер отар,
Деҳқоннинг зўри ер очар.

Омоч сени тўйдиргай,
Омборингни тўлдиргай.

Омоч чиқди — кўмоч келди.

Омочнинг ўн боргани —
Моланинг бир боргани.

Пахтага соя ҳам керак эмас,
Ҳамсоя ҳам.

Пахтадан эчки ўтсин,
Жўхоридан — туя.

Пилла — тилла.

Пишган қовун палакда ётмас.

Роса эккан соз олур,
Ола эккан оз олур.

Сада соя берар,
Тол — хода.

Сада эксанг, сояси бор,
Макка эксанг — пояси.

Саккиз сигир асрагунча,
Бир говмиш асра.

Сара уруғ — ҳосили бўлуғ.

Семиз қўй ўзини канорада кўрар.

Семиз қўйнинг умри калта.

Сен ерни ер қилсанг,
Ер сени шер қилар.

Сигир олсанг, соғиб ол,
Сутин-мойин татиб ол,

Сигири бор оч қолмас.

Сигирли уйда сил бўлмас.

Сигирнинг елинига қарама, емига қара.

Синамаган сигирни соғиш қийин.

Сув — зар, сувчи — заргар.

Сув келди — нур келди.

Сув қатраси — дур қатраси.

Сув — ғўзанинг жони,
Ўғит — унинг дармони.

Сувдан — қатра, офтобдан — зарра.

Сувнинг кўриниши мулойим,
Бағри — тош.

Сувнинг ози ҳам бир бало,
Кўпи ҳам бир бало.

Сувсиз ер — жонсиз жасад.

Сут бермаган сигир этга сўйилар.

Тани — тупроқдан, ҳосили — кетмондан.

Тарвуз — даво, қовун — сабо.

Теракнинг сояси тагига тушмас.

Токни қирқмасанг,
Қашқарга етар.

Тол эксанг, тагини ҳўл қил,
Узум эксанг, тагини чўл қил.

Томири очиқ дарахтга ҳамма шамол хавфли.

Тошсиз тоғ бўлмас,
Кўчатсиз боғ бўлмас.

Туя тилини карвон билар.

Туяли бой — дунёли бой.

Туяли ерда тут бўлмас.

Тўқсонга борсанг ҳам, ток эк,
Юзга етгунча, узумини ейсан.

Уйпанг жойда ўт битар,
Унга етгунча, мол кетар.

Уйқу касал чақирар.

Уруғ сепмай, экин ўрмас.

Уруғ эксанг, намга эк,
Намга экмасанг, томга эк.

Уч ойлик кўкча — бойлик.

Уютқисиз қатиқ уюмас,
Ачитқисиз — қимиз.

Хотин чиройи — эрдан,
Ҳосил чиройи — ердан.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас.

Чўпонга — суҳбат ҳаром.

Чўпоннинг таёғи — отлининг оёғи.

Шафтолидан боғ қилма,
Эчкидан мол қилма.

Шишак сўйдим — пишак сўйдим.

Шўрали ерда экин битмас.

Эга қўли эм бўлар,
Сийпаласа, ем бўлар.

Экин эккан текин ер.

Экин экмоқ осон,
Сув келтирмоқ қийин.

Эккан ўрар, қилган топар.

Эксанг терак, элга керак.

Эл ҳаёти ер билан,
Ер ҳаёти сув билан.

Элда юрган эл танир,
Чоида юрган ер танир.

Эрта эккан бутун олар,
Кечга қолган — ўтин.

Эрта эккан хирмон қилур,
Кеч эккан армон қилур.

Эчки боққан чорвадор бўлмас,
Шафтоли эккан — боғбон.

Эчкиси кўпнинг сўзи кўп.

Эшак мунчоқ тож бўлмас,
Ит узуми ток бўлмас.

Юнг оламан десанг, жайдари,
Бой бўламан десанг, ҳисори.

Янтоқдан ёғ чиқмас,
Жангалдан — боғ.

Яхши гўшт — яхши шўрва,
Яхши сут — яхши қаймоқ.

Ўрмонга шер ярашар,
Деҳқонга ер ярашар.

Қавсда эккунча, қовурмоч қил.

Қалпоғингни қайтоқи қилгунча,
Қўйларингни бўрдоқи қил.

Қаровсиз боғ бўлмас,
Қорсиз — тоғ.

Қирқ кун ёққан ёғиндан,
Елиб ўтган сув яхши.

Қовун эккан қовоқ олмас.

Қор ернинг — кўрпаси,
Ёмғир — ернинг шўрваси.

Қуруқ ёғоч ёнар, сўнар,
Ҳўл ёғочдан ҳосил унар.

Қўзининг сараси узоқдан билинар.

Қўзичоқдан қўй бўлар,
Қулунчадан — той.

Қўй керак бўлса, сунбулада қирқ,
Жун керак бўлса — мезонда.

Қўй семизи — қўйчидан.

Қўй семирса, қовурғаси кичраяр.

Қўй туғар, қўзи бўлар,
Йил ўтмай ўзи бўлар.

Қўй қассоб қўлида ҳалол.

Қўйни боқсанг, қўзилар,
Молни боқсанг, бузоқлар.

Қўйни ўт ичидан ўтказма,
Ўтни қўй ичидан ўтказ.

Қўйни қўй, Эчкини сўй.

Қўш ҳайдаган хўп билар,
Ўз ишини кўп билар.

Ҳосилинг кам бўлса,
ҳаводан кўрма.

Ҳосилнинг отаси — сув,
Онаси — ер.