Адолат, инсоф ва инсофсизлик ҳақида мақоллар

Адоват эмас, адолат енгар.

Адолат қиличи кесган қўл оғримас.

Адолат қиличи кескир бўлар.

Арзон бўлса, олувчидан инсоф кетар,
Қиммат бўлса — сотувчидан.

Бир хотир, икки хотир,
Учида уриб қотир.

Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор.

Бировни қарғасанг, ўзингга урар.

Бойнинг гапи — ўнг,
Йўқнинг гапи — тўнг.

Бузилган уйдан булович олма.

Виждондан кечган йиқилар.

Даъвогар суст бўлса,
Қози муттаҳам бўлар.

Даъвогаринг хон бўлса,
Арзингни оллога айт.

Етим-етим демангиз,
Етим ҳақин емангиз.

Етимни йиғлатма.

Жабига сабр чидамас.

Жаллоб — турган-битгани қаллоб.

Жангал ўзини боғ айлар.

Жон берганга жой бер,
Жой беиганга жон бер.

Жон куйдирмасанг, жонона қайда,
Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда.

Замонанинг озгани —
Отдан эшакнинг ўзгани.

Зар ҳам зўрники,
Зан ҳам зўрники.

Инсоф — сари барака.

Инсофи борнинг баракати бор.

Инсофи йўқнинг имони йўқ.

Инсофли ошини ер,
Инсофсиз — бошини.

Иш битди,
Эшак лойдан ўтди.

Йиқилганни тепиб ўтма, суяб ўт.

Кетмон олсанг, занглатма,
Эгасини қатнатма.

Кимнинг моли, пули бўлса,
Авлиёнинг ўғли шул.

Дунё, моли бўлмаса,
Томни тешган ўғри шул.

Кулни ўз кумочингга тортма.

Кўмирни ўғирлаган темирчи,
Балога қолган кўмирчи.

Кўпирсанг ҳам, тупурма.

Кўр бўлсанг ҳам, кўмамак бўлма.

Кўрган кунингни унутма,
Хом чориғингни қуритма.

Ноинсофга эрк берсанг, элни талар.

Ноинсофни тузконда кўр.

Ношукурда шукур бўлмас,
Нонкўрда — узр.

Ноҳақ қон ерда ётмас.

Одил киши ойдай,
Оқиб турган сойдай.

Отанг — тарози, онанг — тарози.

Отган қолмас балога,
Айтган қолар балога.

Отдан бўлган ўт ейди,
Итдан бўлган эт ейди.

Палла-палла — шу палла,
Адолатда — бир калла.

Пора дўзах эшигини очар.

Пора канда бўлмаса, пароканда бўласан.

Порахўр — бойимас,
Ўғри — койинмас.

Порахўр беш қўлини оғзига тиқар.

Порахўр — ҳаромхўр.

Порахўрнинг тавбасидан қўрқ,
Муғомбирнинг — йиғисидан.

Порахўрнинг қўли тўртта,
Кўзи — бешта.

Семиз — «кўркам»,
Бой — «чечан».

Сотувчи саккизга сотмайди,
Олувчи олтига олмайди.

Сув келтирган — хор-у зор,
Кўза синдирган — азиз.

Тегирмон навбати билан.

Томоша — кўрники,
Замона — зўрники.

Тош қўйган тош олар,
Ғишт қўйган ғишт олар.

Тоғдаги келиб боғдагини қувибди.

Туркистонда қўй бир сўм,
Кела-кела ўн бир сўм.

Тўнғиздан ўқ аяма.

Тўяр-тўймас оши,
Чарчагунча иши.

Хатонинг йўлдоши — жазо.

Юрибсан бу сўқмоққа,
Чидарсан бу тўқмоққа.

Юрсанг саёқ,
Ерсан таёқ.

Яхшига ипак илашур,
Ёмонга тикан илашур.

Яхшига кун йўқ,
Ёмонга — бало.

Яхшига тиним йўқ,
Ёмонга ўлим йўқ.

Яхшига яхши бўл,
Ёмонга — ёмон.

Ўл, десанг кампирга ҳам ёқмас.

Ўлмоқнинг жазоси — кўммоқ,
Ёмоннинг жазоси — урмоқ.

Ўт берган ўтини олар,
Сув берган — сувини.

Ўтники — ўтга,
Сувники — сувга,
Ёнга қолди қатиқнинг пули.

Ўқлоқ ўқталганга тўқмоқ ўқтал.

Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсофли бўл.

Ўғрининг уйи кўп,
Тўғрининг уйи йўқ.

Қарз, қарзни бериш фарз.

Қашқир тумшуғидан илинар.

Қовуннинг сарасини ит ер,
Олманинг сарасини — қурт.

Қўйни ҳам ўз оёғидан осарлар, эчкини ҳам.

Ҳар ерда хўроз бир хил қичқирар.

Ҳар ким феълига яраша олар.

Ҳар ким қазиган чуқурга ўзи йиқилар.

Ҳақ жойда қарор топар.

Ҳақ ишни халқ қўллар.    

Ҳақ ноҳақ бўлмас.

Ҳақ эгилар, ноҳақ синар.

Ҳақ эгилса ҳам, синмайди.

Ҳақ ўз дўпписининг тагида.

Ҳақ ўтар, ҳақлик ютар.
Ҳақ — ҳамиша ғолиб.

Ҳақ ҳаққа чиқар,    
Ноҳақнинг бўйни синар.

Ҳақиқат — осмонда,
Нарвони — ҳамёнда.

Ҳақиқат ўтда ҳам куймас,
Сувда ҳам чўкмас.

Ҳақиқат қилни қирқ ёрар.

Ҳақиқатнинг юзи — ёруғ, қўли — узун.