Мелисс (м.а. V аср)

Қадимги юнон файласуфи Мелисс Жанубий Италиянинг Элея шаҳрида туғилиб ўсган. Файласуф Парменид қўлида таҳсил олган. У: «Нарсаларнинг чексиз даражада кўплиги бир бутунлик демакдир», деган ғояни исботлашга уринган. Мелисснинг «Табиат ҳақида» асари бизгача етиб келмаган. Бу асар ундан кейин яшаган муаллифлар асарларида келтирилган айрим парчалар орқали маълум, холос.

* * *

Мелисс шундай таълим беради: «Ибтидоси ва интиҳоси мавжуд нарсалар ҳеч қачон мангу ва ҳадсиз бўлолмайди…»

* * *

Сув, ер, олов ва ҳаво деб аталмиш тўрт унсурнинг замирида пайдо қилиб ҳам, йўқотиб ҳам бўлмайдиган бир умумий моҳият борким, уни муштараклик деб атамоқ жоиздир.

БЎШЛИҚ ЙЎҚ ЭКАНЛИГИГА ИСБОТ

Бўшлиқ умуман йўқ нарса. Чунки бўшлиқ ҳеч нарсадир. Ҳеч нарса эса мавжуд бўлолмайди.

БОРЛИҚ МАНГУ ЭКАНЛИГИГА ИСБОТ

Агар борлиқни пайдо бўлган деб ҳисобласак, унда у пайдо бўлгунига қадар умуман мавжуд бўлмаган. У мавжуд бўлмаган экан, демак, ҳеч нарса бўлмаган. Ҳеч нарсадан борлиқнинг пайдо бўлиши мумкин эмас.

БОРЛИҚ ЧЕКСИЗ ЭКАНЛИГИНИНГ ИСБОТИ

Агар борлиқ чексиз бўлмаганда, у ўзидан фарқли нима биландир чегарадош бўларди. Борлиқдан фарқ қилувчи нарса нима бўлиши мумкин? У йўқлик, яъни бўшлиқдир. Бўшлиқ эса йўқдир.

ҲАРАКАТ ЙЎҚ ЭКАНЛИГИГА ИСБОТ

Агар бўшлиқ мавжуд эмас экан, демак, ҳаракат ҳам йўқ. Чунки борлиқнинг ўзи ҳамма ёқни тўлдирган, у ҳеч қаерга сурилмайди. Бас, шундай экан, борлиқ учун ҳаракат қилишга эҳтиёж қолмайди.