Стендаль (1783-1842)

Француз адиби, файласуф ва инсоний эҳтирослар назариётчиси Стендаль Франциянинг Гренби шаҳрида туғилиб ўсди. Унинг ҳақиқий исми Анри-Мари Бейль эди. Стендаль 1800-1812 йилларда Бонапарт қўшинида хизмат қилган. Бородино жангларининг гувоҳи бўлган.

Бонапарт инқирозга учрагандан кейин Италияга жўнаб кетади. 1821 йилда эса яна Францияга қайтади.

1831 йилда Франция консули сифатида Италиянинг Чивитавеккья шаҳрига кўчиб ўтади. Унинг биринчи асари «Рим, Неаполь ва Франция» (1817) деб номланган.

Замондош одамларнинг севишга қодир эмаслиги – Стендаль романларининг етакчи мавзуси эди.

Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Италия тасвирий санъати тарихи» (1817), «Севги ҳақида (1822), «Арманс ёки 1827 йилдаги Париж салонидан лавҳалар» (1827) (Стендалнинг мазкур биринчи романи эътиборсиз қолган), «Қизил ва қора» (1831), «Люсьен Левен» («Қизил ва оқ») (1836), «Парма ибодатхонаси».

Стендаль 1842 йилда «Ламель» номли сўнгги романини ёзиб тугатолмай миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этди.

Стендалнинг «Севги ҳақида» номли асари етарли муваффақият қозонмаган бўлса-да, муаллиф томонидан узоқ йиллар мобайнида йиғилган севгининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисидаги фикрлар ҳамон ўз қимматини йўқотмаган.

* * *

Бой берилган нарса тўғрисидаги хотира келажакдан кутишимиз мумкин бўлган нарсадан доим устун туради.

* * *

Аскар касалхона тўғрисида ўйламагани каби ёзувчи ҳам танқид ҳақида ўйламаслиги керак.

* * *

Сабр-тоқат ҳамда ғазабни жиловлай олиш қобилиятидан маҳрум кишини сиёсатчи деб бўлмайди.

* * *

Туйғулар оламида фақат биргина қонун – ўзинг учун севимли одамга бахт ато этмоқ қонуни ҳукмрондир.

* * *

Дўст учун ўзни ҳар куни ва пинҳона қурбон қилмоқ муайян бир вазиятда унинг учун жон фидо этмоқликдан аълороқдир.

* * *

Дунёда икки бахтсизлик бор: эҳтироснинг қондирилмай қолиши ва ҳаддан ортиқ ғам-андуҳ чекиш.

* * *

Гўзаллик – бахт ҳақидаги бир ваъда, холос.

* * *

Ҳусн севгининг пайдо бўлишида пешлавҳа каби зарурдир.

* * *

Санъат учун бироз ғамгин ва етарли даражада бахтсиз одамлар керак.

* * *

Умри давомида фақат бир марта севганларни енгил-елпи одамлар деб ҳисоблайман. Уларнинг садоқати, доимийлиги – шунчаки одат ёки тасаввурнинг йўқлиги белгиси, холос.

СЕВГИ ТАЖРИБАСИ ТЎҒРИСИДА

… Мен юксак эҳтиросдан холис бўлишга ва совуққон файласуф сифатида эркин фикр юритишга ҳаракат қиламан. Қуйида севги деб аталмиш дард босқичлари виждонан ва аниқ тасвир этилган:

1) севги-эҳтирос;

2) севги-майл.

Севги-эҳтирос бизни манфаатларимизни қурбон қилишга мажбурлаган бир пайтда, севги-майл бунга мослашишга ундайди;

3) жисмоний севги;

Инсоннинг феъл-атвори қанчалик совуқ ва қуруқ бўлмасин, у 16 ёшида шу йўлга қадам қўяди;

4) севги шуҳратпарастлик.

Тарк этилган ошиқ манманлик ва ғамгинлик аламини тортади, романларда тасвирланган тимсоллар уни ҳаяжонга солади ва у ўзини соғинч ўртаётган ошиқ деб билади. Чунки шуҳратпарастлик доимо юксак эҳтирос бўлиб кўринишга иштиёқманддир.

* * *

Севги! Сен бизни бу дунёдаги қандай телбаликлардан завқланишга мажбур этасан-а?!

* * *

Замин бўйлаб ёйилган ҳар қандай севги айни бир қонуниятга амал қилган ҳолда туғилади, яшайди ва ўлади.

* * *

Ишқ безгакка ўхшайди, у иродага боғлиқ бўлмаган тарзда пайдо бўлади ва сўнади.

* * *

Мен қалб тубида рўй бераётган нарсалар тўғрисида сўзлашни истайман.