Шамфор Никола Себастиан Рок (1741-1794)

Француз файласуфи Шамфор клермонлик руҳонийнинг фарзанди бўлиб, коллежда тарбия олаётган чоғидаёқ зукколиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Шамфор коллежни битиргач, аббатлик мартабасига эга бўлган, аммо бу уни заррача қувонтирмаган.

Файласуф муҳтожлик нималигини жуда эрта англаб етди. У 1761 йилдан бошлаб Кёльнда, кейинроқ Парижда аслзода хонадонларда ўқитувчилик қилган. Гарчи бошлаган иши катта руҳонийлик мартабасига эришиш учун муносиб бўлса-да, Шамфор ёзувчиликни маъқул кўрган.

У битган қасидалар, қувноқ қиссалар, фожиа асарлар аслзодалар жамиятига йўл очди: Франция қироли ва қироличасининг илтифотига кўра, унга маош тайинланди. Шаҳзода эса Шамфорга котиблик лавозимини таклиф этди. 1781 йилда Шамфор Франция академиясига аъзо бўлди. Бора-бора киборлар жамиятининг чин вакилига айланди. Саройнинг эътиборли кишилари файласуфга ҳурмат билан қарашган.

Шамфорнинг бахтли, ғам-ташвишсиз ҳаёти узоқ чўзилмайди. Франция инқилобининг таъсири уни ҳам четлаб ўтмади.

На муайян тартибга эга жамият, на ўз қарашлари ва юмушига эга бўлган одамлар ўткир ақл соҳиби Шамфорни инқироздан асрай олишди.

Ҳурфикрлиги ва теран киноялари Шамфорнинг ишсиз қолишига сабаб бўлиб, турма остонасига етаклаб келди. У оғир яраланиб ҳалок бўлгани туфайлигина иккинчи марта қамалишдан қутулиб қолди. Шамфорнинг асосий асари «Ҳикматлар ва фикрлар, доно иборалар ва латифалар» деб номланади.

* * *

Агар одамлар ўзларида эзгуликка муҳаббат ва мақтовга лоқайдлик, меҳнатга ташналик ва шуҳратга бепарволик каби қарама-қарши сифатларни жамлай олганларида жуда яхши бўларди.

* * *

Жиддий ишлар чоғида одамлар ўзларини қандай лозим бўлса, шундай тутадилар. Майда ишларда эса уларнинг асл қиёфаси кўриниб қолади.

* * *

Тарбия икки нарсага: ахлоққа ва мулоҳазакорликка таянмоғи керак. Ахлоқ эзгуликка тиргак бўлса, мулоҳазакорлик ёмонликдан асрайди. Агар сиз фақат ахлоққа суянсангиз, анқов ва жафокашларни, фақат мулоҳазакорликка таянсангиз, ўзига пишиқ худбинларни тарбиялаб етиштирасиз.

* * *

Эзгу ишимиз учун мукофотлаш асносида савобни биздан тортиб олишади.

* * *

Биз кўпчилик орасида эмас, ёлғизликда бахтиёрроқмиз. Бунинг боиси танҳоликда жонсиз нарсалар ҳақида, одамлар орасида эса улар тўғрисида ўйлаганимиздадир, балки?

* * *

Ҳаддан ортиқ юксак фазилатлар ҳам баъзан инсонни жамият учун яроқсиз ҳолга келтириб қўяди. Зотан, бозорга ҳам катта олтин ёмби билан бормайдилар. У ерда танга, айниқса, майда чақалар керак бўлади.

* * *

Ёмонлиги билан жамиятни бездирган одамни тузатиш арзирли ишми? Бунинг ўрнига унга дуч келган одамлардаги кўнгил синиқлигини даволаш осонроқ эмасми?

* * *

Олижаноблик — олийҳиммат қалбнинг ҳамдардлигидан ўзга нарса эмас.

* * *

Донишмандларга нисбатан тентаклар кўп. Ва ҳатто донишмандларнинг ўзида ҳам доноликка нисбатан тентаклик мўлроқдир.

* * *

Ўз душманларидан нафратланиш учун инсоннинг ақли етарли бўлиши керак.

* * *

Табиат шундай йўл тутганки, хомхаёллик нафақат телбаларга, балки донишмандларга ҳам хосдир. Акс ҳолда, донишмандлар ўз донолигидан қаттиқ азият чеккан бўлишарди.

* * *

Биз атрофдагиларга кулгили кўринмаслигимиз учун қанча ақл кераклигини ҳатто тасаввур ҳам этолмаймиз.

* * *

Ақлли, аммо кучли феъл-атворга эга бўлмаган одамга қийин.

* * *

Камбағал, аммо эркин одам ўз эҳтиёжи учун фақат ўзига-ўзи югурдаклик қилади. Бадавлат, аммо қарам одам эса ўзга одамга ва ҳатто бир йўла бир неча кишига югурдак бўлади.