Петр Яковлевич Чаадаев (1794-1856)

Рус мутафаккири П.Я.Чаадаев дворян оиласида дунёга келди. Болалигиданоқ тўғри ва қатъий феъл-атвор эгаси бўлган Чаадаевда ўз қадрини билиш ҳисси кучли эди.

П.Чаадаев Москва университетини тамомлаган. Университетда ўқиб юрган кезлари А.Грибоедев, Н.Тургенев, И.Якушин каби ёзувчилар билан дўстлашган.

Ҳарбий хизматга кирган Чаадаев 1812 йили Бородино жангида иштирок этиб, кўрсатган жасорати учун IV даражали Анна ордени ҳамда Темир крест билан мукофотланган.

Тарихчиларнинг ёзишича, уруш тугагач Чаадаевни катта давлат лавозимига (шоҳ Александр I нинг адъютанти вазифасига) таклиф этишган. Бироқ Чаадаев ҳеч бир иккиланишсиз бу мансабни тарк этган ва истеъфога чиққан.

Чаадаевнинг бундай терс, кутилмаган қарори тезда ҳамманинг оғзига тушган ҳамда шоҳ Александр I томонидан салбий баҳоланган.

Чаадаев декабристлар билан яқин муносабатда бўлган, лекин уларнинг орасида руҳий эҳтиёжларини қондиролмаган.

Файласуф оила қурмай бўйдоқ яшаган. Бунинг сабаби ҳамон номаълум.

Чаадаев ижтимоий тараққиёт назариётчиси бўлган. У жаҳондаги сиёсий жараёнларга таъсир ўтказа оладиган ва ўтказаётган йирик давлатлардаги ҳаётни ўзгартириш йўллари, йўналишлари ҳамда воситалари ҳақида фикр юритган.

Чаадаевнинг қуйидаги асарлари маълум: «Фалсафий мактублар», «Телбанинг мадҳияси» (1837 йилда ёзилган, 1862 йилда эълон қилинган), «Ҳикматлар», «Сарлавҳасиз мақола» (1843), «Қишлоқ руҳонийсининг якшанба суҳбати» (1848).

Чаадаев ёшлигиданоқ Пушкин билан дўст бўлган. Пушкин ўзининг энг яхши шеърларидан бирини Чаадаевга бағишлаган.

Чаадаев 1856 йил 14 апрель куни Москва шаҳрида вафот этди.

* * *

Ватанга муҳаббат – ажойиб туйғу. Лекин унданда теранроқ бир туйғу борки, у ҳақиқатга бўлган муҳаббатдир. Ватан ишқи қаҳрамонларни дунёга келтиради. Ҳақиқатга бўлган муҳаббат эса инсониятга донишмандларни, мурувватпешаларни туҳфа этади. Ватан муҳаббати халқларни бир-биридан ажратади, миллий адоватни юзага келтиради ва гоҳо ерни мотам либосига буркайди. Ҳақиқат ишқи эса оламга илм нурларини сочади.

* * *

Суюкли одамларни севишдан осон иш йўқ. Аммо севимли бўлмаган одамларни ҳам бир оз яхши кўрмоқ керак.

* * *

Мен Ватанимни танқид қилишим, камситишим ва унга озор беришим мумкин, лекин ҳеч қачон уни алдамайман.

* * *

Заиф душман энг яхши дўст, ҳасадгўй дўст эса энг ёвуз душмандир.

* * *

Бизнинг эркинлигимиз – тобелигимизни англамаслигимиздан ўзга нарса эмас.

* * *

Ишонинг, мен ўз Ватанимни ҳар бирингиздан кўра кўпроқ яхши кўраман. Унга шон-шуҳрат тилайман, халқимнинг юксак фазилатларини қадрлайман… Бироқ мен Ватанни кўзни юмиб севишга ўрганмаганман.

* * *

Инсоният анъаналарининг буюк хазинаси бўлмиш Шарқни ўрганинг.

* * *

Бошқаларнинг ортидан қувишимизга ҳожат йўқ. Биз ўзимизни ошкора баҳолаб, кимлигимизни тушуниб олмоғимиз, ёлғондан воз кечиб, ҳақиқат йўлини маҳкам тутмоғимиз керак. Шунда олға босамиз ва бошқалардан кўра илдамроқ қадам ташлаймиз. Чунки биз ўзгалардан ортда қолиш асносида илгари ўтганларнинг бутун тажрибаси ҳамда асрий заҳматларидан бохабар бўламиз.

* * *

Қулликдан орланмайдиган халқнинг толеи пастдир. Бундай халқ қуллик учун яратилган.

* * *

Мукаммалликка яқинлашишни ягона мақсад қилиб олганларгина унга эриша оладилар.

* * *

Сўз фақат шафқатли қалбдагина жаранглайди.

* * *

Сиз бахтли бўлишни истайсиз-ку, ахир. Бас, шундай экан, шахсий фароғатингизни имкон қадар озроқ ўйланг-да, ўзгалар учун қайғуринг. Биттага мингта қарши чиққан ҳолда гаров ўйнаб айтишим мумкинки, шунда сиз бу оламда мавжуд бўлган энг юксак даражадаги саодат лаззатидан баҳраманд бўласиз.

* * *

Тарих халқни тушуниш калитидир.