Лао Цзи (м.а. 579-499)

Хитойлик файласуф Лао цзи Чу подшоҳлигининг фуқароси бўлиб, асл исми Ли Эр эди. Лао цзи «устоз Лао» деган маънони англатади. Лао эса лақаб бўлиб, «қария» деганидир.

Лао цзи Чжоу саройида архив ходими бўлиб хизмат қилган. Конфуций билан учрашган. Лао цзи Чжоу салтанатининг инқирозга юз тутганини кўриб, «истеъфога» чиқади ва тарки дунё қилиб, ғарбга қараб йўл олади. Чегарага етиб келганда чегара бошлиғи ундан ўз ватанига нимадир қолдириб кетишни сўрайди. Ли Эр чегара бошлиғига 5000 белгидан иборат қўлёзмани топширади. Бу тарихда «Даодэцзин» («Эзгулик йўли ёки Куч ва ҳаракат ҳақидаги китоб») номи билан машҳур китоб эди. Бу китобда Дао таълимотининг моҳияти ҳақида сўз боради. Дао иероглифи икки қисм: «Шоу» — бош ва «Цзоу» — бормоқ деган сўздан иборат. Бу «одамлар юрадиган йўл», деган маънони билдиради. Ҳозирга келиб «Дао» қонуният, қонун деган кўчма маънони англатади.

* * *

Дао замин ва осмоннинг илдизидир. Дао ҳамма нарсанинг онаси, оламнинг асосидир.

* * *

Даонинг на сийрати, на овози, на шакли бор. Унга қарайсан, аммо кўрмайсан. Қулоқ тутасан-у, эшитмайсан. Қувлайсан-у, тутолмайсан.

* * *

Осмон остидаги ҳамма нарса омонатдир.

* * *

Мустаҳкам ва кучли нарсалар ўлим хизматкорларидир.

* * *

Оҳ, бахтсизлик! У бахтнинг таянчидир. Оҳ, бахтиёрлик! Унда бахтсизлик яширин.

* * *

Буюк ишлар, албатта, майда ишлардан бошланади.

* * *

Мўрт ва ожиз нарсалар мустаҳкам ва кучли нарсалар устидан ғалаба қозонади. Ер юзида сувдан юмшоқроқ ва заифроқ ҳеч нарса йўқ. Аммо у мустаҳкам ва кучли нарсаларга ҳужум қилади. Ҳеч қандай куч уни енголмайди.

* * *

Билгувчи сўзламайди, сўзлагувчи билмайди.

* * *

Нафратга яхшилик билан жавоб қайтармоқ керак.

* * *

Ғанимни тўғри баҳолай билмасликдан кўра оғирроқ кулфат йўқ.

* * *

Мени қанча кам билсалар, шунча қадрлиман. Шy туфайли доноликда комил одамлар қалин, дағал либосларга бурканиб, қўйнида яшма тошни яширган одамга ўхшайдилар.

* * *

Одамлар ортингдан эргашишини истасанг, уларнинг ортидан юр.

* * *

Ўз хоҳиш-истакларининг чегарасини билмасликдан ортиқ бахтсизлик бўлмайди.

* * *

Фикрларингизга эҳтиёт бўлинг — улар қилмишларингиз ибтидосидир.

* * *

Буюк тўғрилик эгриликка, буюк заковат аҳмоқликка ўхшайди.

* * *

Одамлар гўзалликни англаган ондан бошлаб хунуклик пайдо бўлади.

Бани башар эзгулик нелигини англаган лаҳзаларда эса ёвузлик ҳам мавжудлигини тушунди. Демак, борлик йўқликни, мушкулот енгилликни юзага келтиради. Юксаклик ва тубанлик бир-бирига қайишади, узунлик ва қисқалик бирини-бири тўлдиради. Товушлар ўзаро қўшилиб уйғунликни ҳосил қилади. Ўтмиш ва келажак ўзаро ўрин алмашади. Шу боис доно одам фаолиятсизликни афзал кўриб, сукутда мутолаа билан машғул бўлади.

* * *

Инсон илк бор дунё юзини кўрганда — нозик ва заиф, ўлими олдидан эса саботли ва кучлидир. Барча тирик мавжудотлар ва ўсимликлар мавжудликнинг илк палласида нозик ва заиф, ўлим лаҳзаларида эса қуруқ ва чиркиндир. Демак, бардошлилик ва кучлилик ўлим нишонаси, нозиклик ва нимжонлик эса ҳаёт белгисидир. Шу боис қудратли қўшин зафар қучолмайди ва бақувват дарахт нобуд бўлади. Демак, нозиклик ва заифлик доим куч-қувватдан устундир

* * *

Буюк донишмандлар ҳукмронлик қилган юртда фуқаролар уларнинг борлигини сезишмайди. Қаердаки буюк бўлмаган донишмандлар ҳоким бўлса, омма уларга қаттиқ боғланган бўлади ва уларни шарафлайди. Қаердаки пастроқ донишмандлар ҳукумронлик қилишса, халқ улардан қўрқади. Янада заифроқ донишлар ҳоким бўлган жойда эса халқ улардан ҳазар қилади.